• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Менга доктор керак!

Кўчанинг бўйида турибман. Аксига олиб ҳеч машина тўхтамаяпти. Ярим соатдан ўтди, кўчанинг бўйи одамга тўлиб кетган. Уйдан чиқаётганда «Абетгача битираман», деб хомхаёллар билан чиққан эканман. Кейин билсам, йўлда лицензияга туришибди экан, ичида ҳайдовчидан бошқа одам бўлса, тўхтатишяпти экан.

Сал кейинроқ борадиган жойимга гадойтопмас йўллардан олиб борган таксист айтиб берди: униям ушлашибди. Қанақадир қўрқинчли рақамлардан иборат жаримага тортишибди. Энди йиғламсираб, қарғаб кетяпти:

– Ука, мен шопир одамман. Ўша лицензияси сал бўлсаям реалний нарса бўлганда мана, мен биринчи олардим. Ҳеч иложи йўқ. Фойда қолмайди, минусга ишлайсан.

Мени ўзига тортган жиҳати — у айнан уни жаримага тортган ДАН ходими билан солиқ вакилини қарғаяпти. Айнан ўша одамларга лаънат ўқияпти.

Кейин ўйлаб қолдим. Одамлар ростдан ҳам шунақа. Гўштнинг нархи ошса, уни сотаётган қассобни айбдор қилади. ДАН ходими тўхтатиб, лицензия сўраса, айнан уни айбдор қилади. Уннинг нархи ошса — дўкончи; картошканинг нархи ошса — дўкончи; шакарнинг нархи ошса — дўкончи; Сергеев гол уролмаса — Сергеев айбдор бўлади.

Зўр-а? Қорахатни олиб келган почталён айбдор бўлган аввалдан — айнан уруш ташкилотчилари эмас.

Монополия тизимини ташкил қилган одамлар айбдор бўлмайди. Улар кимлигини ҳам билмай қолади халқ. Менгаям қизиқ-да, монополиянинг эгалари қанақа одамлар эканлиги.

Балки у одамлар жуда яхши одамдир ҳаётда. Болаларига жудаям тўғри тарбия берар. Болалариям жуда бир ҳавас қиладиган одамлар бўлиб катта бўлишаётгандир. Балки 2-3 та қўшнисига ёрдам ҳам бергандир. Қўшнилари, ён-атрофдагилар учун ўрнак бўладиган оилалардир. Ҳаж амалини олтинчи марта адо қилиб, масжидларда биринчи қаторда ўтиришар?

Зўр-ку! Ҳеч кимга ёмонлик қилмаяпти-ю? Шунчаки, қанақадир бизнеси бор. Ўша бизнесини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, тиш-тирноғи билан ёпишади. Лекин ёмон одаммас. Бировга ёмонлик қилмайди. Шунчаки уларнинг бизнесини деб халқ озгина қийналади. Озгина навбатда туриб, шакар олади. Озгина нархи ошган ун олади. Овқатга озгина камроқ картошка қўшишади.

Бу вақтда эса улар кимгадир ёрдам қилаётган бўлади. Чевараси учун участка қуришни бошлаворган бўлади. Қандай яхши бобо! Қандай ғамхўр бобо!

Ҳаёт бир текис эмас. Уларнинг ҳам ўзига яраша ғам-ташвишлари бор. Базида эконом классда учишга мажбур бўлиб қолишади. Айфон 8 чиққанига икки ой бўляпти, лекин невараси ҳалиям Айфон 7 ишлатади. Базида улар танлаган тарвуз ҳам хом чиқади. Начора, бир кам дунё…

Бу пайтда эса акасидан қолган сумкани учинчи йилдирки мактабга тақиб кетаяпти, қайсидир ўзбекнинг боласи. Бунинг нима алоқаси бор тепадаги бойга? У айбдорми? Ростданам нима алоқаси бор. Нималарни ёзяпман?

Шопирнинг гапларидаям жон бор. Лицензия билан кира қилса, минусга ишларкан. «Демак, нимадир қилиш керак. Лицензиянинг шартларини соддалаштириш керак. Бошқа давлатларда қанақа экан, ўшалардан намуна олиш керак. Нархларни одамлар топаётган пулдан келиб чиқиб қўйиш керак», деб фақатгина сиз билан мен ўйлаймиз.

Кабинетда бунақа қарор қабул қиладиганлар эса кўчада такси тўхтатмайди. Уларнинг ташқарисидан ичкариси кўринмайдиган машиналари постлардаги махсус, учинчи йўлакчалардан ўтиб кетади. Кўчада таксига ўтириб, шопирнинг дардини эшитмаганидан кейин қаердан билсин? Улардаям айб йўқ.

Келинг, энди вазиятга солиқчиларнинг кўзи билан қараймиз. Куз. Пахта мавсуми. Эрталаб. Ҳамма автобуслар далага теримчиларни ташишга бириктирилган (Ўзи автобуслар фақатгина Тошкент шаҳрида қониқарли даражада йўлга қўйилган. Вилоятларда биринчиси билан иккинчисининг орасидаги вақтда бемалол пиёда етволса бўлади манзилга.). Вазиятдан унумли фойдаланиш учун идеал вақт-ку, ҳозир. Айнан мана шу вақтда лицензия талаб қиламиз. Кўчада автобус йўқ. Одамлар ишга, ўқишга бориши керак. Ҳамма таксига минади. Биз эса кутиб оламиз ўлжаларни. Ҳаммаси қўлга тушади. Биттаям қолмайди.

«Ҳей барака топкур, шопирларни босишга босармиз, лекин одамлар кўчада қолиб кетади-ю? Ишига, ўқишига кечикади-ю?» — деб ўйлашмайди. Уларнинг мияси унақа чуқур ўйлашга мўлжалланмаган. Ёки шунчаки ўйлагиси келмайди. Тўғри-да, ундаям план бор. Планни бажариши керак. Ўзидан тепадагининг мақтовини эшитиб «заряд» олади. Статистика яхшиланади. Газетада расми чиқади.

Бозорни ёпиш, қишлоқ жойларда дўконларни ёпиш, кўчаларни ёпиш, паркларни ёпиш, светни ўчириш, тўйхоналарга босим ўтқазиш… Буларнинг қаторига энди «лицензия»ни қўшсак ҳам бўлар а? Ажойиб.

Буларнинг ҳаммаси сиз азизлар пахтага чиқишингиз учун қилиняпти. Лекин битта жойи ёпишмаяпти — пахтага чиқишимга свет ўчишининг, бозор ёпилишининг нима алоқаси бор? Чиқмайдиган одам бозорни ёқворсаям чиқмайди-ку! Мантиқ қани?!

«Мунисанинг қўшиқларидан мантиқни излаш энг оғир нарса», деб ўйлардим. Йўқ, мана шу «запрет»лардан мантиқ излаш ундан ҳам мушкулроқ экан…

Манба: rokkker.blogspot.co.uk

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>