• Бугунги сана: Shanba, Iyun 24, 2017

Мен ўқитувчи бўлганимда, уни кечирардим…

Бошланғич синф раҳбари Малика опа адабиётдан бугун иншо ёздиришни режа қилган. Болалар “иншо” сўзини эшитиб, диққатларини жамлаб, яхшилаб ўрнашиб олишди. Ўқитувчи иншо мавзусини иштиёқ билан тушунтира бошлади. Ҳамманинг кўзи устозда. Шу пайт эшикнинг аста ғичирлаши болалар диққатини бўлди. Мухтор келган эди. У доимий кечга қолувчилардан эмас, аммо бугун негадир бошқача кўринарди.

Синфда ғала-ғовур бошланди.

– Кеч қолиб, дарсни буздинг! – дея зарда билан қўлини столга урди ўқитувчи.

Мухтор индамади. Негадир хаёли паришон, беписанд турарди. Ўқитувчи бу “қаҳрамон”га қандай жазо беришни ўйлаб, бир оз жимиб қолди. Сўнг Мухторнинг тартибсиз уст-бошига разм солди-да:

– Иншо мавзуси ўзгарди, – деди.

Кейин доскага катта ҳарфлар билан: “Зараркунанда Мухтор” деб ёзиб қўйди.

Болалар ёзишга тушиб кетишди. Қўнғироқ чалингач, дафтарлар йиғиб олинди.

Эртаси куни дарс олдидан ўқитувчи дафтарларни стол устига қўйиб, нигоҳларини деразага қадаганча ўйчан ўтирарди, негадир битта дафтар очиб қўйилган, ундаги иншо эса жуда қисқа эди:

Мухторни кечирардим…

“Мухтор менинг яқин ўртоғим эмас. Лекин бугун унга раҳмим келди. Олдин кеч қолганларни кўрсам, бундай бўлмасди. У ўзини оқламади. Кечирим ҳам сўрамади. Фақат ерга қараганча жим тураверди. Унинг нимадандир қаттиқ хафа эканини сездим. Ким билсин, балки онаси касал бўлиб қолгандир? Мухтор укаларига қараб турганида дўхтирга бориб келгандир? Балки укалари бетоб бўлиб, туни билан йиғлаб чиқишгандир? Бизнинг олдимизда устозга тўғрисини айтишга уялгандир? Эҳтимол, бошқа жиддийроқ сабаби бордир.

Мен ўқитувчи бўлганимда, уни кечирардим…”

Гулчеҳра Абдулазиз қизи
“Ирфон” тақвимидан олинди

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>