• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

“Барон”: мен нимага ишондим-у, нималарга ишонолмадим

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида режиссёр Рустам Саъдиев томонидан суратга олинган “Барон” фильми ҳали экранларга чиқмасиданоқ томошабинларда катта қизиқиш уйғотди, жамоатчилик ўртасида шов-шувга сабаб бўлди. Ўзбек киноси тарихидаги энг йирик бюджетли (1,5 миллиард сўм), блокбастер йўналишидаги мазкур кинокартика ҳақида бир қатор сайтлар, блоглар, газета-журналларда, шунингдек, ижтимоий тармоқларда кўплаб фикрлар билдирилди. Жумладан, самарқандлик журналист, сценарийнавис (“Ота” ва “Жийда гули” фильмлари сценарийси муаллифи), “Бекажон” газетаси адабий муҳаррири Каримберди Тўрамурод ҳам миллий кинематографимизнинг ютуғи сифатида баҳоланаётган “Барон” фильми ҳақида ўз муносабатини билдирди. Киносаноатга бегона бўлмаган ушбу инсоннинг ҳам эътироф, ҳам танқиддан иборат мулоҳазаларини сизларга ҳам илиндик. 


Мен ҳам кўрдим, ниҳоят! Интернетдаги кўплаб сайтлар, турли ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлганидан сўнг, ниҳоят, мен ҳам “Барон” фильмини томоша қилдим. Ва бир-иккитагина фильмга сценарий ёзган киши сифатида ўзимнинг мулоҳазаларим билан ўртоқлашгим келди.

Фильм ҳақида ижобий фикрларни ҳам ўқидим, мана буниси ютуғи, деб аниқ ёзган кишини кўрмадим. Салбий фикрларни ҳам ўқидим, мана бу ери чатоқ, деган аниқ мулоҳазани ҳам ўқимадим. Мен фикрларимни фильмнинг аниқ саҳналари билан асослаб, мушоҳадаларимни баён этмоқчиман.

Аввало, эл қатори фильмнинг муваффақиятлари ҳақида тўхталсам. Биринчи муваффаққияти — фильм намойишидан олдин унинг яхшигина шов-шув қилиниши. Гарчи фильм ўша шов-шув даражасида бўлмаса ҳам шу туфайли кинога қизиққан одам борки, бир кўриш истагида бўлди.

baron-5Иккинчи ютуғи, бу режессёрнинг ютуғи, албатта, актёрлар гулдастаси. Ҳадеб кўравериб, “кўзимиз безиб қолган” актёрлар ўрнига “кўзларимиз соғинган” актёрлар жалб қилиниши, шунингдек, гарчи ўзимизникилар ҳам қойил қилиб ўйнашлари мумкин бўлса-да, айрим ролларга четдан актёрлар таклиф қилиниши дуруст иш бўлибди.

Учинчи ютуғи, ҳаммаси дея олмайман, аммо кўпчилик актёрларнинг ўз ролини қиёмига етказиб ўйнаганлиги. Масалан, бутун бошли кино бир бўлди-ю, Раъно Шодиеванинг ўғлини топгандаги қарашлари бир бўлди. Раънога офарин! Дард, ҳасрат, изтироб, айрилиқ – ҳаммаси бу қарашларда мужассам эди. Ролини энг зўр ижро этган ҳам Раъно Шодиева, гарчи учинчи даражали роль берилган бўлса ҳам.

baron-3

Тўртинчи ютуғи, бошқалар битта хонадан чиқмай кино олаётган бир замонда, Рустам Саъдиев ўз фильмини Истамбулда, Москвада, Афғонистонда (бунга оддий томошабин ишонади) ҳам олиши, воқеаларга мос келувчи жойларда суратга олганлиги. Уларнинг табиатлари ҳам намойиш этилганлиги кишида илиқ таассурот қолдиради.

Бешинчи ютуғи, бу бастакорнинг ютуғи, албатта, фильмда мос оҳанглардан, керакли жойларда дуруст қўшиқлардан фойдаланганлиги.

Олтинчи ютуғи, умуман олганда фильмнинг тинчлигимизга, фарзандларимиз келажагига хавф солаётган иллатлардан огоҳликка чорловчи фильм бўлгани. Айни пайтда камчилиги ҳам шу бўлиб, аксарият томошабиннинг энсасини қотирадиган нарса шуки, фильмни кўриб бўлган томошабин “Буюртма фильм” деб баҳо беради. Ҳилол Насимов фильмларига ўхшаб. Албатта, бунақа фильмлардан кейин мукофот, унвонлар олиш мумкин, аммо оддий томошабиннинг энсаси қотади.

Энди менинг кўзимга ташланган камчиликлари ҳақида. Такрор айтаман, бу МЕНга камчилик бўлиб туюлган нарсалар. Бу мушоҳадалар ўта шахсий бўлиб, расмий мақомга эга эмас. Менинг мулоҳазаларимга қўшилмаслигингиз мумкин. Чунки ҳар ким дунёни ўз қаричи билан ўлчайди. Кинони ҳам. Энг аввало, фильм вақт етишмаслиги юзасидан жуда сиқиқ ва воқеалар ривожи жуда тез бўлганини айтиб ўтишим жоиз. Ҳаётда бу воқеалар бунча тез содир бўлишига одам ишонмайди.

Хуллас, мен ишонмаган нуқталар ҳақида:

Мелисанинг турмадаги Ботир билан суҳбатига ишонмадим! Икки дунёда мелиса турмадаги одам билан бунақа гаплашмайди. Мелисанинг нутқи амру маъруфга ўхшайди. Энг қизиғи, шунча амру маъруф қилган мелиса асосий мақсадини айтмай кетади.

Муҳаммадисонинг қаҳрамони айтадиган гаплар ҳам қамоқдаги одамнинг гапига ўхшамайди. Яна айтилган мақолларни қаранг: “Кимнинг қандайлигини кўрмоқчи бўлсанг, у билан мусофир бўлиб кўр”. Шу мақолни эшитмаган эканман. Шу актёрнинг ижроси муваффақиятсиз чиқибди. Унинг ҳеч ҳожати йўқ жойда “Рўзигул, қанжиқ” деб “сотиб қўйиши”га ҳам ишонмадим! Ҳақорат сўз ҳам шарт эмас эди.

3

Қозоғистондаги “тождор ўғри”нинг гаплари на қошиқда туради, на чўмичда. “Зона”нинг гапларини ишлатмоқчи бўлганлар на “зона” тилида, на адабий тилда, на ўзбек тилида гапирадилар. Бу бир қоришиқ тил бўлибдики, “зона”дагиларнинг ҳам, ташқаридагиларнинг ҳам энсасини қотиради.

Ботирнинг мелисага “Ҳотам полвонни кўрсам бўладими?” дейишига ишонмадим!

Мелиса рухсат берганига ҳам ишонмадим! Ҳаётда бўладиган иш эмас бу!

Ҳотам полвоннинг Ботир билан шаплари эса шу пайтгача тасвирланган Ҳотам полвонни йўққа чиқарди. Унинг гаплари ҳам амру маъруф бўлиб қолган. Маҳбус бунақа чиройли гапларни гапирмайди.

Тожикистондаги лавҳалар ғалати. Тожикистондаги одамлар ўзаро ўзбекча гаплашишади. Майли, бу кино, кинода Гитлер ҳам ўзбекча гаплашади, десанг, Мардон Харитон билан рус тилида гаплашади. Ҳар бир миллат вакили ўз тилида гаплашадиган бўлса, тожикистонликлар тожикча гапириши шарт эди. Кино ўзбек тилида бўлса, Харитон ҳам ўзбекча гапираверса бўларди, қабул қилардик.
Ўша ерда ярим ялонғоч қизларнинг рақси меъёрдан анча ошиб кетибди. Шу ерда барон Харитонга битта сўз айтди, Харитоннинг оғзи очилиб қолди. Бу сўзни мен ҳеч тушунмадим. 4-5 марта ўша жойини қўйиб кўрдим, аммо барибир унинг нима деганини тушунмадим.

Энди ҳар қандай томошабин ҳам ишонмайдиган бир-икки саҳна бор.

Энг ғалатиси, Мардондек бароннинг қизи ўзини осса, келиб-келиб Ўзбекистондан борган Ботирга кўрсатиб, ўзини осадими? Бароннинг қароргоҳида бугунгина келган, ҳали синашта бўлмаган Ботир бароннинг ҳарамида бемалол юришига, бароннинг қизини қутқариб қолишига ишониб бўлмайди.

Иккинчи марта суиқасд қилган бароннинг қизи яна Ботирга кўрсатиб, ўзини дарёга ташламоқчи бўлиши жуда-жуда ишониб бўлмайдиган иш. Яна Ботир пайдо бўлиб қолиб, унинг қўлидан тутиб қолишига ҳам ишонмадим. Нима, Ботир бароннинг қизи қачон ўзини ўлдираркан, деб пойлаб юрадими? Ўша ерда дераза ортидан бароннинг бу ишларни жимгина кузатиб туришига ҳам ишонмадим. Қизи ўз жонига қасд қилган бирорта отадан маслаҳат сўралганида бўлар эди бу ўринда. Бирор ота ўзини бунақа тутмайди бунақа вазиятда.

Ҳа, ўша ердаёқ мен билиб бўлдим, охир-оқибат Ботир бароннинг қизига уйланишини.

Айтганча, бароннинг ўз қизига айтган гапларини бир эслаб кўринг-а? Бу гапларни “Ҳидоят сари” кўрсатувида Анвар қори айтар эди…

Ботирнинг аёллар ётоқхонасига кириб келишига бир ишонмаган бўлсам, унинг ёстиқ остидаги пичоқни ҳеч қанақа пайпасламасдан, иккиланмасдан, худди ўзи қўйган жойидан олаётгандек, “биринчи нотада” топишига икки ишонмадим!

Барондек одамнинг қизи Ботир билан зинада китоб ўқиб ўтиришига мен яна ишонмадим!

Хотини бароннинг гапини пойлашига ишонмадим ва бу нарса фильм давомида ишлатилмади. Чеховда бир гап бор: “Асар давомида деворда илинган милтиқ тасвирландими, асар охиригача ундан ўқ отилиши керак”. Хотин нимага пойлади эрининг суҳбатини? Нимага эришди?

2Энди энг содда томошабин ҳам ишонмайдиган саҳналарга келамиз. Ботир бароннинг ёрдамчиси билан Тожикистондан ўз машиналарида бемалол Тошкентдан Янгийўлга бориб келгандек, бутун бошли Афтғонистонга бориб келишди. На Тожикистонда чегарачи бор, на Афғонистонда. Яна бу сеҳрли машина Афғонистондаги бароннинг қароргоҳига етгандагина тўхтайди!

Ундан ҳам қизиғи, Афғонистондаги бароннинг одамлари индамайди, Ботир бориб, Ашраф билан гаплашади. Шу ёғига ишониш қийин бўлиб турганда, Ботир холаваччасига гапиргандек, “Бу бола мен билан кетади! Бу боласиз ҳеч қаёққа кетмайман!” дейиши ҳар қандай тасаввур чегарларини остин-устун қилади.

Афғонистонда-я? Наркобароннинг қароргоҳида-я? Бир жойларини суғуриб олишади-ку, афғонлар! (Масалан, тилини!)

Энди жанг, афғон полвони билан муштлашув саҳнаси, айниқса, Ботирнинг аввал пачағи чиқиб, бир маҳал хотини кўзига кўрингач, кучга тўлиб, рақибининг абжағини чиқариши ўта сийқаси чиқиб бўлган саҳна. Томошабин бунақа саҳнани Брюс Ли, Шварценеггер, Ван Дамм, Жеки Чан, айниқса, Силвестер Сталлоне ижросида кўравериб, кўргиси ҳам келмай қолган.

image-(3)

Муштлашувни катакдаги Ашраф худди гаровга ўзи қўйилганини билгандек кузатиб туриши ҳам ишонарли чиқмаган. Умуман, шу боланинг ижроси яхши чиқмаган. Кўп саҳналарда бола кўзи билан қаралмаган. Бола қўрқиши, даҳшатга тушиши керак бўлган саҳналарда Ашрафнинг кўзида бунақа қўрқув, ҳадикларни мен кўрмадим.

“Келинлар қўзғолони” филмидан ажойиб бир диолог “ўғирланибди”. Бу Афғонистондан қашқа бўлиб келган, шунча йўлдан келиб ҳам ярасидан қон сизиб турган Ботир билан бароннинг қизи суҳбатлашган жойда:

— Очилиб кетибсиз!

— Сиз ҳам!

Бароннинг ўзи Ашрафга тўппончадан отишни ўргатишига ишонмадим. Бу ишларни барон қилмайди-да энди!
Нишоннинг ортига Рўзигулни боғлаб қўйган режессёр Рўзигулдан осонгина қутулиб қўя қолибди. Ишондим!

Дилноза Кўбаева саҳнада пайдо бўлиши билан мен, яъни оддий томошабин бароннинг ёрдамчисининг хотини эканини “билиб қолдим”. Ўша ерда унинг мелисанинг одами эканини ҳам шубҳа қилдим. Аммо ўғилчаси отасини танимаслиги ғалати. Майли, болалар отасини узоқ вақт кўрмаса, танимай қолишига ишонса бўлар.

Машиналарга “жучка” қўйиш, “шилқим қиз” саҳналари ортиқча эпизодлар деб ўйладим.

Аммо битта ишонадиган ва зўр ишлатилган бир эпизод бор: бу Россия телеканалида Ўзбекистон билан Россия ички ишлар ходимлари биргаликда бир тонна героинни қўлга туширганликлари ҳақидаги хабар. Ҳатто титрда Путин ҳақидаги бир хабар ҳам ўтиб кетиши ишончимизни янада оширади.

Бароннинг қизи уйдан чиқиб кетаверса, барон жим кузатиб туришига бир ишонмаган бўлсам, бароннинг хотини бароннинг олдида қизига “Сени Худога топширдим! Бахтли бўл!” дейишига икки ишонмадим!

Хотини ўлиб қолган барон ўз ёрдамчисига “Буни қара, у жуда гўзал экан! Нимага буни олдин кўрмаган эканман?” дейишига ҳеч ким ишонмайди.

Мана шу саҳналарда хотинига, қизига қандай муомала қилиш кераклигини барон бир мартагина Ёдгор Саъдиевдан сўраб олса, ўзига яхши бўларди. “Шайтанат”дан қочганлари билан фильмда унга тақлид сезилиб турибди-ку, барибир!

— Сулаймон сенга салом йўллади!

Ана бу зўр топилган ибора! Шу ерда томошабин “Қирол ўлди, яшасин қирол”деган иборани эслайди ва Истамбулдаги қирол ўзига янги баронни таклиф қилишини, ўйинни янги барон билан давом эттиришини англайди. Бу зўр!

Охирида бир қатор мелисаларнинг уфқ тарафидан келиши ЗЎР! Бунда кўп маъно бор. Ўзбекистон бедарвоза эмас, бизнинг ички ишлар ходимлари ҳушёр турибди, деган маънолар бор. Бу йигитлар Ўзбекистон халқининг қалқонлари каби тасвирланганлар!
Ростдан ҳам биз тинчлигимиз, хотиржамлигимиз учун такрор-такрор миннатдор бўлишимиз керак бўлган ҳарбийларимиз, ички ишлар ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига эҳтиром шу биргина кичик эпизодда мужассам. Бунинг учун Рустам Саъдиевга алоҳида ташаккурлар!

Фильм охирида ботаётган қуёш кўриниши, шом намозига айтилаётган азон эшитилишида зўр маънолар бор. Бу Абдулла Қодирийнинг “Атрофга зулмат чўкаётган эди, шом намозига айтилаётган азон эшитилар эди” сатрларини ёдга солади. Фильм шу ерда тугаса, зўр якун бўларди, деб тургандим, аммо ҳали тугамаган экан…

4

Тугамагани яхши бўлибди, Раънонинг бутун фильм руҳиятини акс эттирган ажойиб қарашлари айнан фильмнинг шу қисмида экан.

Тугаса яхши бўларди, дедим, Ботир бароннинг қизини қабристонга олиб келганини кўриб. Бу жуда ҳам ортиқча эпизод. Ишонмадим ҳам.

Биз соғинган Ёқуб Аҳмедов ижросига гап йўқ. У классик актёр! Аммо унинг гапларига “гап бор”. Ушбу актёр ижро этган қаҳрамоннинг гаплари газеталарнинг биринчи бетида, ҳов, тепада ёзиладиган гаплар экан! Афсус!

Хулосам шундай бўлди: Бир марта кўрса бўладиган фильм бўлибди. Зинҳор иккинчи марта кўришга ўзимни мажбур қила олмайман! Қилинган шов-шувлар шунчаки ваҳима экан! Аммо шунақа фильмларни олавериш керак! Халқни огоҳликка, ҳушёрликка даъват қилавериш керак! Бу йўлда режессёрларимизга омад тилайман!

Ҳа, айтганча, ўзимни сценарийчи деб қўйганим учун икки оғиз фильм сценарийси муаллифига. Муаллифни айблай олмайман. Чунки бундай фильмларга сценарий ёзишда олдингиларига тақлид қилмасликнинг, олдингиларидан бир нималар олмасликнинг иложи йўқ. Қолаверса, бунақа жанрда (фильм жангари блокбастер жанрида суратга олинган) ўзи Ўзбекистонда энди-энди фильмлар олинаяпти. Тажрибалар ҳали жуда кам. Ака-ука Вайнерларга ўхшаган сценарийлар ҳали биздан ҳам етишиб чиқади, иншооллоҳ!

Р.S: Менда бу кинокартинадан яхшироқ фильмлар учун ёзилган тайёр сценарийлар бор. Афсуски, Рустам Саъдиев билан таниш эмасман, у ҳам мени билмайди. Менда “Босмачи” номини олиб кетган мард боболаримиз ҳаёти ҳақида ҳикоя қиладиган “Сўнгги бек” номли 30 серияли, ички ишлар ходимларининг ҳаёти ва фаолиятларини ҳикоя қилувчи ҳар бири 20 серияли иккита детектив фильм (бири иккинчисининг давоми), яна ўнлаб бир серияли фильмларнинг сценарийси бор. Аммо менинг сценарийим бўйича “Ота” ва “Жийда гули” фильмларини суратга олган Иброҳим Расуловдан бошқа режессёрни танимайман. Тошкентга боришга ҳам вақтим бўлмаганидек, режиссёрлар ҳам Самарқандга келаверишмайди. Режиссёрлар мени ёки мен режиссёрларни таниганимда кўп ажойиб фильмлар олинган бўларди, афсус…

Каримберди Тўрамурод

Tafsilot.uz маълумоти:

“Барон” фильми ғояси Ўктам Сувоновга тегишли. Сценарий муаллифлари: Шоира Ғиёсова, Рустам Саъдиев. Фильм оператори — Рустам Муродов.

Кинокартинада машҳур голливуд актёри Ғассон Масъуд, россиялик киноактёрлар Виктор Вержбицкий (РФ халқ артисти), Андрей Смоляков (РФда хизмат кўрсатган артист), Фарҳод Маҳмудов (РФда хизмат кўрсатган артист), Павел Прилучний, шунингдек, юртимизнинг кўзга кўринган киноусталари роль ижро этади.

Мазкур киноасарда сайёрамизнинг глобал муаммоларидан бири гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, наркобизнес оламининг кирдикорлари очиб берилган. Воқеалар Ўзбекистон, Афғонистон, Россия ва Тожикистонда бўлиб ўтади.

“Барон” фильми Ўзбекистонда биринчи марта дунё стандартидаги 4К форматида суратга олинган бўлиб, у IMAX кинозалларида томоша қилишга ҳам мўлжалланган. Айни пайтда у пойтахтимиздаги Алишер Навоий кинотеатри, шунингдек, “Ғунча”, “Парус”, “Киночилар уйи”, “Мегапланет”, “Премъер холл” каби киносаройларда намойиш этилмоқда.

Фильм режиссёрининг “Даракчи” газетасига берга ирнтервьюсида таъкидланишича, мазкур фильм ва унга кирмай қолган айрим лавҳалар асосида тахминан 6-7 қисмдан иборат телесериал тайёрланиб эфирга узатилади.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Ulug'bek Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Maqoladan yagona maqsad – ssenariy yozuvchi ijodkor sifatida o’zining ijodini kinorejissorga taklif qilish… Kinoning tub mohiyatini tushunolmagan, aniqrog’i tushunishni istamagan! Butun bir film haqida mulohazalarini oshkora qilgan tomoshabin-ijodkor «Baron» personaji kimligini tushunmabdi-yu, undan ko’zlangan dolzarb mavzu mohiyatini tan olarmidi? «Baron» – toshikistonlik narodiller emas, bola o’z otasini tanimaydi, uni faqat onasining so’lari-yu, bobosining hikoyalari orqali taniydi, bechora ota o’z farzandi-yu ayolini bir lahza ko’rish uchun yillar davomida tayyorgarlik ko’rgan bo’lish mumkin… Eng ta’sirli sahna ham shu!

    Ijodkor uchun maqolada keltirilganidek bir xil – melisa bo’lib tuyulgan xodimlar aslida bir maqsadda harakat qilsada har xil vazifalarni bajaradi va ularning og’zidan chiqqan so’zlar, qaysiki maqola muallifining ensasini qotirgan, biroz kitobiyroq bo’lishi tomoshabinlar, ayniqsa yosh tomoshabin uchun! Vazifada turgan xodimlarning ko’cha tilida gapirishi – filmning siyosiy jihatini xiralashtirib qo’ygan bo’lardi. Yo’lda moshinangizni to’xtagan DAN xodimi rasmiy tilda murojaat qilsa, siz unga »kamandir» deb «tulkilik» qilsangiz, ikki orada davlat xazinasiga pul tushmay qolishini yaxshi bilasiz! Qanchalik ahmoqona fikr bo’lib tuyusada, kelajakda bizga «xatoyim uchun jarima to’lay qolaman, bu onamga pensiya, ukamga stipendiya bo’ladi» tariqasida fikrlaydigan yoshlar va ular quradigan mustahkam jamiyat kerak. Maqola muallifi jamiyatning yutug’ini ko’rolmaydigan, kamchiliklarini ayovsiz tanqid qilishi barobarida o’zi ham o’sha kamchiliklarga burkanib yashaydigan «eskicha» odam. Sira xafa bo’lmasin, biz ko’pchilikmiz..!
    Film juda yaxhi, aslida u mukammal bo’la olmasdi ham xuddi boshqa ijod namunalari sari!
    Iltimosim bor, rejissorlardan, Karimberdi To’ramurodovning falon seriyali asarlariga e’tibor beringlar! Budjetini 2,0 mld qilib kino olinglar! Keyin uning kinosini tanqid qilib yana bir ijodkor nazaringizga tushsa ajabmas…

  • Feruzaxon Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Xuddi mani taassurotimdek. Ajoyib tahlil qilingan.
    Bir ko’rishlik film. Haqiqatanam ishonsiz sahnalari to’lib ketgan. O’zim zerikib-zerikib ko’rdim ikki kun deganda, qani qanday tugatisharkin deb. Garchi xotimani qanaqaligini sezib tursamda.
    Filmning ko’rkiga ko’rk qo’shib turgan narsa bu chetdagi aktyorlar, shov-shuvli reklamasi va yirik formatda olinganligi.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>