• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Фарзандидан меҳрини қизғанганлар…

Ҳаётнинг фазилатларидан бири шундаки, кимгадир, нимагадир, интилиб яшаймиз. Бу интилишларда илк орзулар, илк қадамлар ва айниқса илк ютуқлар бизни ниҳоятда ўзига жозибали боғлаб олади.

Эркак кишига шундай илк жозибали таянч нуқталардан бири унинг севикли ёрининг уялиб, чирманиб ибо иффатини ёриб, «…бўйимда борга ўхшайди…», деган сўзлари бўлса керак.

Эркакнинг бу кутилмаган хушхабардан энтикиши, «…энди оғир нарсаларни кўтарманг…», деган сўзларидан бошланиб бўлғуси фарзандга муносабати билинади. У хаёл оғушига чўмади ва кўз олдига ўғилча ёки қизалоқни келтиради. Бўлғуси она иккаласи ширин хаёлларга бериладилар. Мана шу илк орзуманд хаёллардан бўлғуси фарзандга муҳаббат туйғуси бошланади. Эр-хотин ўртасидаги ҳар бир суҳбат давомида бу туйғу чуқурлашиб, кенггайиб, аниқ шакл-шамойилларга кириб боради. Халқ ўртасида кўпчиликка маълум бир нақл юради. Дейдиларки, бир киши бир донишманднинг олдига келиб, «Эй донишманд, кеча мен ўғилли бўлдим, айтингчи тарбияни қачон ва нимадан бошлайин».

Шунда у донишманд дейдики, тарбияни бир йил олдин, бўлғуси фарзанд онасига муҳаббат кўрсатишдан бошлаш керак эди, аттанг кечикибсиз.

Боболаримиз руҳиятга катта эътибор беришларини кўрсатувчи халқ ўртасида юрган бу нақлнинг мағзи ҳозирги замон руҳшунослиги тили билан айтганда шуни англатадики, фарзандни севиш, унга шахсий муносабатни кўрсатиш, унинг онасини севишдан, бўлғуси онани иссиқ-совуқдан эҳтиёт қилишдан бошланади. Бу борада айниқса оналарнинг ҳомиладор пайтлари жуда катта руҳий аҳамиятга эга. Ҳомиладор аёл жисми-жонида кечаётган жиддий ўзгаришлар бўлғуси фарзанднинг ҳаётига ҳам ниҳоятда алоқадор бўлади. Шунинг учун бўлғуси фарзанд, халқ тили билан айтганда, ўзига керак нарсани онаси тили билан айттиради. Ҳа, айнан мана шунинг учун ҳомиладор аёлларнинг бири қаҳратон қишда анор сўраса, бошқаси саратоннинг иссиғида фақат баҳорда бўладиган қўзиқоринни тилаб қолади.

Бундай ҳолатдаги аёлларни одатда «боши қоронғи бўлипти ёки жерик бўлипти» ва бошқа иборалар билан аташади. Уларнинг аҳволини ва унинг бўлғуси фарзандга нақадар алоқадорлигини ҳисоб олиб, бундай пайтларда эрлар фақат аёлнинг тинчини кўзлаб эмас, балки асосан бўлғуси фарзанд учун ҳам, унинг соғлиги ва тугал туғилиши учун ташвиш чекаётганликларини унутмаслик керак,

Аёл ҳомиладор пайтида эр-хотиннинг бўлғуси фарзандлари ҳақидаги орзули суҳбатлари гўдакнинг мана шу оилага нақадар суюкли ва кутилган инсон эканлигини аниқлаб боради. Шунинг учун аёл бўлғуси фарзанд ҳақида илиқ, орзуманд сўзлар айтса, гўдакга қимтиниб жажжи кўйлакчалар тикса, эр улардан катталар олдида кўзини олиб қочса, бўлғуси фарзандга кимда қандай муносабат намоён бўлиши аниқ.

Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, эркакни оилада фарзанд кўришга тайёрлаш учун, агар у биринчи фарзанд кўраётган бўлса, албатта, қолаверса, навбатдаги фарзанд бўлган тақдирда ҳам, оналар ўзларининг бўлғуси фарзандлари ҳақида, ўз орзулари йўналишида эрлари билан кўпроқ ўртоқлашиб, уларнинг оталик руҳларини сайқаллаб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, эркаклар руҳияти табиатан ўзгача бўлиб, улар аёлларнинг ҳомиладорлик ҳолатини кўп ҳам тушунавермайди.

Бўлғуси отада фарзандга кўникма оила муҳити билан кўпроқ боғлиқ бўлса, унга муҳаббат асосан аёлнинг ширин, орзули суҳбатлари билан бевосита боғлиқдир ва шу билан шаклланиб боради.

Яқинда туғруқхона ёнидан ўтаётиб икки манзаранинг гувоҳи бўлдим. Тасодифи шунда эдики, икки йигит кийим бошлари бир-биридан ўзиб тушар эмас, ёшлари ҳам бир икки ёш фарқ қилмаса, тенгқур йигитлар, ўз рафиқаларини янги фарзандлари билан кутмоқда эди. Иккаласининг ҳам ёнида уч-тўрт ёшлардаги ўғилчаси, иккаласини ҳам ташқарида машинаси кутиб турипти.

Мана, ҳамширалар гўдакларни кўтаришиб чиқиб келди. қувонч, салом-аликлар, табрик ва бундай ҳолларда бўладиган одатий гап ва манзара. Шу ердаги гаплардан илғаб олдимки, янги туғилган инсонларнинг иккаласи ҳам ўғил бола. Демак, бундай қараганда ҳамма томон тенг. Аммо менинг эътиборимни тортган нарса бошқа бўлди.

Йигитларнинг бири ҳамшира кўрингандан, «қани, қани бизнинг полвон катта бўлиб қолиптику», дея гўдакни қўлига олди. Ҳамшира йўргакнинг учини қия очиши билан у шундай қувонч изҳор қилдики, атроф ёришиб кетгандай бўлди. Оддий қилиб айтганда, отанинг оғзи қулоғида. У бутун жаҳонни унутиб гўдак билан суҳбатлашмоқда эди. Ёнида турган ўғилчаси «укамни кўрсатинг, укамни кўрсатинг», дея дадасининг этагидан тортар, умуман оилавий суҳбат қизиб кетган эди.

Иккинчи йигитнинг ёнидаги болакай онасига отилди, йигит ўзини суст ушлаганини сезган ҳамшира гўдакни онасининг қўлига тутқазди. Она эса қўлидаги сумкани эрига узатди.

Мен кузатган манзара шу. Воқеанинг давомини бизнинг ҳар биримиз бемалол қанча керак бўлса, шунча бўрттириб айтиб беришимиз мумкин.

Биринчи йигитнинг ёнидаги ўғилчаси онасини кутиш пайтида тинмай дадаси билан суҳбатлашар, тинмай нималарнидир сўрар, нималарнидир айтиб берар, дадаси ҳам у билан эринмай гаплашиб турар эди.

Иккинчи йигитнинг ёнидаги ўғилчаси жимгина, қўлидаги қандайдир ўйинчоқни ўйнаб жовдираб ўртоғига қараб қўяр эди. Ота-бола жиддий ҳолда ҳар ким ўзича ниманидир кутмоқда эди.

Бу билан биз кузатган оилаларда болаларга меҳр-муҳаббат кам ёки ортиқ демоқчи эмасмиз. Уларнинг оилалари билан яқиндан танишмасдан бирор хулоса чиқариш қийин. Аммо биз ота ёки онанинг бола билан мулоқоти уларга бўлган меҳр-муҳаббати, севгисининг ёрқин намоёни эканини айтмоқчимиз, холос.

Маҳмуд Йўлдошев,

психология фанлари номзоди

Муаллиф ҳақида икки оғиз:

Маҳмуд Йўлдошев 1945 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган. 1966—1971-йилларда Москва давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Хотирада сақлаш усуллари”, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, “Тасвирий тарғибот усуллари”, сингари психология, “Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири”, “Тарбия тасвирлари”, “Жажжи даҳолар тарбияси” каби педагогика, болалар тарбиясига оид ўн саккиздан ортиқ китобларнинг муаллифи.

P.S: ушбу рукнда эълон қилинаётган материаллар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимояланган. Уни сайтлар, электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ёки бошқа йўсинда фойдаланиш учун муаллифнинг розилигини олиш талаб этилади.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Анвар Жавоб бериш
    8 oy олдин

    Узим худди шу холга тушганман. Кичкина углим тугилганда катта углим(1,7 ойлик) билан роса кутганмиз уни))))

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>