• Бугунги сана: Juma, Noyabr 24, 2017

Мeгаюртдаги мeдиатурдан мeгатаассуротлар

Замонавий қўл телефонларини тараққиёт барометри дейиш мумкин: кеча кимнингдир қўлида кўрган энг сўнгги модельдаги планшетингиз бугун «эскириб», ўрнини унинг янада кўпроқ вазифаларни бажарадиган, қулайроқ тури эгаллайди. Ҳозирги медиамакондаги вазият ҳам шунга ўхшайди: ҳар куни бир янгилик гувоҳи бўласиз. Аслида юз бераётган воқеа-ҳодисалар моҳиятан ўша-ўша, бироқ унга ёндашув, оммага етказиш йўллари ҳар хил. Ким ўз фаолиятида мунтазам янгиликка интилса, марра уники. Бу борада жаҳоннинг илғор оммавий ахборот воситалари тажрибасини ўрганиш беқиёс аҳамиятга эга.

Президентимизнинг 2017 йил 10 августда қабул қилинган «Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «ҳозирги шиддатли ахборот замонида мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга тегишли ижодий-услубий ёрдам ва кўмак бериш, журналистларнинг профессионал малакасини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш» масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Чин юртига уюштирган навбатдаги медиатур ҳам давлатимиз раҳбарининг мазкур Қарорида белгиланган вазифаларга ҳамоҳанг тарзда амалга оширилди.

Бир ҳафталик медиатур давомида ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси «Олтин қалам» ХII Миллий мукофоти учун халқаро танлов доирасида эълон қилган номинациялари ғолиблари — ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова, «Ўзбекистон 24» телерадиоканали бўлим мудири Шарофиддин Тўлаганов, шунингдек, «Саодат» журнали бош муҳаррири Феруза Жалилова, «Халқ сўзи» газетаси мухбири Зиёда Ашурова, «Tafsilot.uz» сайти бош муҳаррири Жамшид Ниёзов, «Бахтиёр-Шаҳбоз» телеканали (Жиззах вилояти) раҳбари Бахтиёр Эшонқулов ва мен — «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Элмурод Нишонов ҳамда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси Дай Янли хонимлардан иборат делегация (сафар давомида Дай Янли хоним бизга йўлбошловчилик қилди) Хитойнинг Пекин, Нанкин ва Жинан шаҳарларида бўлиб, маҳаллий ва мамлакат аҳамиятига молик нашрлар таҳририятлари, телекомпания ва интернет сайтлари фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашди. Ишлаб чиқариш объектларида бўлиб, Хитойнинг қайси омилларга кўра бугун жаҳоннинг энг қудратли мамлакатларидан бирига айлангани ҳақидаги тасаввурларини бойитишди.

Хитой дунёдаги иқтисодиёти ривожланган етакчи давлатлардан бири. Ваҳоланки, у ўтган асрнинг 60—70 йилларида кўплаб муаммолар гирдобида қолган, уларнинг ечимини топиш мушкулдек кўринарди. Бироқ 1978 йилда бошланган иқтисодий ислоҳотлар туфайли қийинчиликлар нафақат бартараф этилди, балки мамлакат кейинги 20 30 йил ичида дунёнинг иқтисодий локомотивларидан бирига айланди. Мутахассислар буни Хитойда хусусий мулкчиликка асосланган тармоқлар ривожига берилган эътибор, ялпи ички маҳсулотда саноат улушининг ортгани, илм-фан ва техника тараққиёти сингари омиллар билан изоҳламоқда. Айниқса, ХХI асрда Хитой компютер технологиялари, электрон маиший техника ускуналарини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича етакчи давлатга айланди.

Мамлакатнинг ғарбий ва шимолий-шарқий ҳудудларида нефть ва кўмир қазиб олинади. Рангли металл (мис, қўрғошин, алюминий, рух, қалай ва бошқалар), тсемент, ёнувчи сланетс конлари мавжуд. Дарёлари мўл ва серсув. Йилига ўртача 1654 миллиард кВт/соат электр энергияси ҳосил қилинади… Мухтасар айтганда, энергия ресурслари етарли. Бироқ сўнгги йилларда ҳукумат энергия тежовчи, экологияга зарар етказмайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириши натижасида Хитойда электр энергияси билан ҳаракатланувчи транспорт воситалари — тезюрар электропоэздлар, электромобиллар, мотоцикллар ва велосипедлар ишлаб чиқариш жадал ривожланди.

Биз фаолияти билан танишган «Beijing Automotive Industry Holding Co. Ltd.» корхонасида замонавий электрокарлар ишлаб чиқарилади. 1988 йилда асос солинган заводда ишлаб чиқарилаётган «Senova D20 Hatchback» хетчбеки, «BAW Yusheng 007» кроссовери, «Foton View» микроавтобуси ва бошқа кўплаб модельларга талаб катта. Биз борган Пекин, Нанкин ва Жинан кўчаларида маҳаллий автокомпаниялар ишлаб чиқарган уловлар жуда кўп. Бу борада Хитой Ўзбекистонга ўхшаб кетади. Бир неча сония кузатсангиз, шаҳарларимиз кўчаларидан ўтаётган ҳар 100 та автоуловдан камида 70 таси ўзбегим машиналари бўлса, Пекин ёки Нанкин йўлларини тўлдириб ўтаётган автомобильларнинг ҳар 100 тадан 70 80 таси Хитой маҳсулоти эканини кўрасиз. Қолгани ҳам асосан саноқли давлатлар автомобиль русумлари: Япониянинг «Toyota», «Nissan» ва «Honda», Германиянинг «Mersedes», «BMW» ва «Folksvagen», АҚШнинг «Jeneral motors» корпорацияси модельлари…

Дарвоқе, автомобильсозлик Хитой иқтисодиётида етакчи тармоқлардан. Бу ерда енгил автомобильлардан ташқари, автобуслар, оғир юк автомобильлари, ҳарбий машиналар, махсус техникалар ҳам ишлаб чиқарилади.

Юртимиз йўлларини тўлдириб ўтадиган, олдида катта-катта ҳарфлар билан «SINOTRUK», «HOWO» деб ёзилган оғир юк машиналарига албатта кўзингиз тушган. Улар ишлаб чиқариладиган заводнинг махсус музейига уюштирилган экскурсия узоқ вақтгача хотирамиздан ўчмайдиган бўлди…

«Xinhua Daily Media Groupe»
«Xinhua Daily Media Groupe»

26 август тонгидан бошланган сафаримиз давомида (Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан юртимиз вақти билан 25 август кечки соат 22.10 да ҳавога кўтарилиб, Пекин халқаро аэропортига 26 август тонгги соат 3.06 да қўндик. Бу пайтда маҳаллий вақт билан соат эрталабки 6.06 эди), шунингдек, Жянсу провинциясининг «Xinhua Daily Media Groupe» — «Sinhua кундалик медиа гуруҳи»га тегишли «Xinhua Daily» кундалик газетаси, «Yangtse evening post» кечки газетаси, Жянсу провинцияси телерадиостанцияси, Шандун провинцияси телерадиостанцияси, «Dachjun» пресс-гуруҳи ҳамда дунёга машҳур «Женмин Жибао» газетаси расмий веб-сайти таҳририяти фаолияти билан яқиндан танишдик.

Бугун дунё журналистикасида қандай замонавий, илғор тенденциялар кузатилаётган бўлса, уларнинг инъикосини Хитой оммавий ахборот воситалари ва уларда хизмат қилаётган ҳамкасбларимиз фаолиятида кўриш мумкин. Ўзбек ОАВ делегациясининг ҳар бир аъзоси ўтказилган ижодий мулоқотларда келгусида ўзларига асқотиши мумкин бўлган маълумотларни ёндафтарларига қайд этишди.

Масалан, Жянсу провинцияси телерадиостанцияси йўлга қўйган тажриба барчамизнинг эътиборимизни тортди. Телерадиостанция ижодкорлари мунтазам равишда томошабин ва тингловчиларнинг фикр ва муносабатларини ўрганиб, иш фаолиятларини мухлислар хоҳиш-истаги асосида олиб боради. Биз борган деярли барча оммавий ахборот воситалари қошида уларга тегишли тижорат дўконлари ишлаб турибди. Марҳамат, расталарга қўйилган маҳсулотлардан харид қилинг ва ўша таҳририят иқтисодиёти равнақига ўз ҳиссангизни қўшинг.

Таҳририятлар битта матбуот нашри билан кифояланиб қолмаган. Уларнинг таркибида газетадан ташқари унинг электрон версияси, веб-сайти ва мобил газеталари ҳам ўз ўқувчиларини топган. Хусусан, «Dachjun» пресс-гуруҳи таркибида журналлар, газеталар, сайтлар ва мобил газеталар фаолият юритади. «Dachjun» веб-сайти нафақат Шандун провинциясида, балки бутун мамлакатда етакчи интернет нашрларидан ҳисобланади. Доимий ўқувчилари сони 60 миллион нафар бўлган ушбу сайтнинг мобил газетасига энг сўнгги янгиликлар жойлаштирилади. Қизиқарли хабар, янгилик ва мақолаларни қўл телефонида батафсил ўқиш имконияти ҳаммада ҳам бўлмаслиги табиий. Буни инобатга олган шандунлик ҳамкасбларимиз мобил газетага материалларнинг энг қизиқарли (қаймоқ) қисмини жойлаштириб боришади. Батафсил ўқишни хоҳлаганлар учун ҳавола (ссылка) берилади. Марҳамат, ўша материални тўлиқ ўқийман десангиз, сайтнинг ўзига ташриф буюринг…

Мухтасар айтганда, сафаримиз самарали кечди. Буюк Хитой деворига саёҳат, Пекиндаги Жянанмен майдони ва Гугун сарой-музейи, Нанкиндаги Сяолин (император Чжу Юанчжан) мақбараси, қадимги хитой иероглифлари ва барелефлари кўргазмаси, Жинандаги Баотутсюан парки ва Даминҳу кўлига саёҳатдан оламжаҳон таассуротлар олдик. Қай гўшага қадам қўймайлик, хитойликларнинг самимий, хайрихоҳ муносабатини ҳис қилдик. Буни 29 август оқшомида бизни қабул қилган Шандун провинцияси ҳукуматининг Ташқи алоқалар бўйича девонхонаси раҳбари ўринбосари, жаноб Ли Юнъсеннинг: «Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқалари узоқ тарихга эга. Сиз, ўзбекистонлик журналистларнинг юртимизга ташрифингиз ана шу қадрдонлик ришталарининг янада мустаҳкамланаётганидан дарак беради», — деган сўзларидан ҳам англаш мумкин.

Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган муносабатлар Буюк Хитой девори сингари мустаҳкам, халқларимизга хос меҳр-оқибат янглиғ абадий бўлишига умид қилган ҳолда, 1 сентябр — Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги ва муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланаётган қутлуғ кунда она юртимизга қайтдик.

Элмурод Нишонов,
Тошкент — Пекин — Тошкент
«Ҳуррият» газетасидан олинди
Жамшид Ниёзов олган суратлар

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>