• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Маслаҳатли иш

— Ёзаман, — дедим мажлисда бошлиққа тик қараб.

— Билганингни қил! Менга деса рўмон ёзмайсанми? — менсимайгина қўл силтади у.

Мажлисни мағрур, шахдам қадамлар билан тарк этдим.

Алам қиларкан, одамга. Ҳе йўқ, бе йўқ, доим сени танқид қилаверишса. Нима, ўзлари оппоқмиди? Барибир ёзишим керак.

— Ёзавер, ўзингни шу билан анча тиклаб оласан. Юраверасанми бир жойда. Ўсишинг керак, ҳали ёшсан. Бировга гуллаб юрмагину, мен ҳам ёзганман. Мана, кўриб турибсан — бўлим мудириман, — деди эшикни ичкаридан маҳкам ёпаркан Чўтбоев! — Бўш келма, жигар. Келганингга ҳам икки йил бўлаяпти-ю янгилигингга борасан-да. Бу ерда ҳамма ёзади, — охирги жумлани негадир пичирлаб айтди-да, чап кўзини чиқиб пилдираганча чиқиб кетди.

Тўғри, дедим ўзимга-ўзим. Қачонгача индамай юраман? Етар. Барибир ёзаман. Қоғоз-қалам тайёр. Хўш, нимадан бошласам экан.

Шу пайт эшик аста очилиб, бирин-кетин барча қолган ходимлар кириб келишди.

— Лекин бопладингиз. Ёзаман, деб даст турганингизда бошлиқнинг ранги докадек оқариб кетди.

— Ёзинг. Бор истеъдодни ишга солиб ёзинг.

— Оғзи бўшларга бир кўрсатиб қўйиш керак. Сизнинг жойингизда ҳеч ким кўп ишлай олмаяпти. Ҳаммаси аризасини ўзи ёзиб кетиб қолишди. Шуларни ҳам ёзинг. Маошингиз кам. Танқид қилишни билишади, шароитни эса ҳеч ким ўйламайди. Ёзинг, ука, шаштингиздан қайтманг.

Миям ғовлаб кетди. Йигирма беш одамдан эллик хил фикр чиқди. Ўйлаб-ўйлаб, охири ёздим. Юқорига эмас… ўзимизга. Шикоят эмас… бўшашга ариза ёздим.

Раҳим Мирзо

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>