• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Машина оласизми?

— Келинг, келинг қани, бу ёққа ўтсинлар, — деди касаба уюшмаси қўмитасининг раиси Бўларов кабинетга кирар эканман. У курсига ястаниб олиб шивирлади:

—   Машина оласизми?

— Қанақа машина?

— Э, секинроқ, қанақа машина бўларди? Албатта, тикув машинаси эмас, “Жигули”-да.

— Оламан, албатта оламан. Ахир, навбатда турибман-ку!

— Э, навбатни қўйинг, оласизми ўзи?

— Оламан деяпман-ку!

— Ундай бўлса, битта машина бор. “Ноль саккиз”. Ажойиб, ўзим бориб кўриб келдим. Оласизми?

— Оламан. Қачон бориб олай? Пули қанча?

— Бунча ҳовлиқмасангиз. От кўрмаган миниб ўлдиради, деганларидай… Гап бундай укам, ўша машинанинг баъзи арзимаган қисмлари йўқ экан. Шунга асабларим қақшаб, базадагиларга айтадиганимни айтиб келдим.

— Хўш, хўш…

— Битта ғилдирагини поездда уриб кетган эмиш.

— Битта бўлса, ҳеч гап эмас экан, сотиб оламан-қўяман.

— Мана бу ўғил боланинг гапи. Лекин баъзи бошлиқларга ҳайрон қоласан. Тунов куни машинасининг аккумулятори “ўтириб” қолган экан. Вақтинчага деб ўша “ноль саккиз”никини олибди.

— Вақтинча дебди-ку… Энди бошлиққа бир нарса дейиш…

— Тушунган одамсиз-да, укам. Шундай дейишингизни билардим. Аммо мен сизга айтсам, ҳозирги одамлар оғзингдаги сақичинингни ҳам сездирмай олишга уста бўлиб кетишган. Буни қаранг, кечагина кўрганимда чироқлари жойида эди, бугун борсам…

— Ундай бўлса… Ундай бўлса…

— Нега чайналасиз, эсингиздами, ҳу Сотимбойнинг ўша бир ҳовуч темирни фалон пулга олгани? Бировга бир оғиз ғинг дегани йўқ. Сиз бўлсангиз… Тағин навбатсиз машина бермоқчи бўлибман-а.

— Майли, унда оламан.

— Гап деган мана бундай бўлибди. Олдиндан айтган яхши-да. Айрим майда-чуйда қисмларини қайси бир олғир олиб кетибди. Пулини берамиз, дейишаяпти.

— Кечирасиз, мотори жойидами, ишқилиб…

— Нима, моторини ҳам олишибдими, ким айтди?

— Рули-чи?

— Рулиям жойида эди.

— Умуман, у машинами ёки ўзингиз айтгандай, бир ҳовуч темирми?

— Э, бақирманг, нега бақирасиз, ҳозир машина овозини эшитса, мингтаси эшик қолиб, тешикдан бош суқади.

— Ундай бўлса, ўртоқ Бўларов, машина ўзларига сийлов. Менга керак эмас.

— Навбат-чи? Навбат нима бўлади?

— Бундай машинани олгандан кўра навбатдан чиққан афзал.

— Нима-нима? Ҳой, ука, шошманг-шошманг. Ҳа, кетди-я. Ўзимам билардим. Калламга қойил. Бугун бу билан уч киши навбатдан чиқди. Шундай қилиб каминанинг навбати учинчи ўринга кўтарилди…

Эгамназар Соҳибназаров,

1991 йил


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>