• Бугунги сана: Tuesday, February 28, 2017

Марказий Осиёдаги терроризм хавфи энг юқори бўлган давлатни биласизми?

terrorizm

Рейтинг эълон қилинди

Ўтган ойда Лондон иқтисодиёт ва тинчлик институти Global Terrorism Index (GTI) деб номланган янги рейтингни эълон қилди. Маълумки, мазкур рейтингда терроризм билан боғлиқ глобал жараёнлар ва кўрсаткичлар таҳлил қилинади. Хўш, 2015 йил якунлари бўйича хулосалар қандай?

Рейтингдан 163 та мамлакат ўрин эгаллаган бўлиб, терроризм хавфи 10 баллик шкалада баҳоланган. Ўзбекистон мазкур рейтингда 117-ўринда кўрсатилган. 0,154 балл берилган. Бу юртимизда терроризм хавфи минимал даражада эканлигини билдиради. Аммо мана шу минимал даража ҳам огоҳ, ҳушёр бўлишимизни талаб этади.

Шу ўринда Global Terrorism Index орқали дунёдаги вазиятга назар ташласак, хулосалар чиқарсак. Аввало ўзимиз яшаётган минтақадан бошлайлик. Маълумотда кўрсатилишича, Марказий Осиё давлатлари ичида терроризм хавфи нисбатан юқори бўлган давлат Тожикистон экан. Глобал рейтингда ён қўшнимиз 56-ўринда жойлашган. Қирғизистон 84, Қозоғистон 94-ўринда кўрсатилган. Туркманистон эса 130-ўринда.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги бўйича олиб қарайдиган бўлсак, Украина 17-ўрин, Россия 30-ўрин, Беларусь – 86, Грузия – 87, Озарбайжон – 106, Арманистон – 108, Молдова 129-ўринда эканлигини биламиз.

Маълумки, ушбу рейтингда терактлар, қурбонлар сони ва моддий зиён даражаси ва бошқа омиллар инобатга олинган ҳолда дунё мамлакатларидаги аҳволга баҳо берилади. Минтақамиз ва МДҲ доирасидаги рейтинг натижаларини умумлаштириб қарасак, террор хавфи ўртача деган хулоса келиб чиқади. Юқори ҳам, паст ҳам эмас. Бу огоҳликка яна бир ишора. Биз «рейтингда пастроқ эканмиз», деган хулоса қўл қовуштириб ўтиришга асос бўла олмайди. Терроризм халқаро барқарорликка, умумсайёравий сиёсий, иқтисодий ва маънавий ривожланишга тўсқинлик қилиб, инсониятга кучли психологик босим ўтказаётганини бир лаҳза бўлса-да унутишга ҳаққимиз йўқ.

Рейтингдаги маълумотлар 2015 йилда дунёда террорчилик ҳаракатлари оқибатида тахминан 29,4 минг киши ҳалок бўлганини кўрсатмоқда. Салкам ўттиз минг одам мана шундай хунрезликлар қурбони бўлган. Кунига ўртача 82-83 кишининг ҳаётига бевақт нуқта қўйилган, дегани бу. Уларнинг орасида норасида гўдаклар, кексалар, аёллар ҳам борлигини унутманг. Террорчи қўллаётган қурол ёшми, қарими, гуноҳи борми, бегуноҳми сўраб ўтирмайди.

2014 йилга нисбатан олиб қараганда ўлим даражаси 10 фоизга камайган. Дарвоқе, рақамларга асосланадиган бўлсак, умид учқунларини сезамиз. Яъни 2015 йилда терактлар оқибатида қурбон бўлганлар сонини олдинги йилларга солиштирганда ижобий томонга силжиш борлиги маълум бўлади. Аниқроғи 2010 йилдан бери илк бор қурбон бўлганлар сони камайган. Айниқса 2014 йилдаги қон тўкилишлар сўнгги 16 йил ичидаги энг юқори даражага етган.

Терроризмнинг аниқ бир «қиёфа»си йўқ. Агар бўлганида мақсади, объекти, усул ва шаклларини ҳам билиб олиш мумкин эди. Дейлик, бир неча йил илгари бошқарувда бошбошдоқлик, коррупция, бюрократия авж олган, тараққиётда оқсаётган, улкан ижтимоий-сиёсий ва маънавий муаммолар гирдобида қолган  мамлакатларга халқаро терроризм кўпроқ хавф солаётган бўлса, энди вазият тамомила бошқача кўриниш оляпти. Масалан, Global Terrorism Index хулосаларига кўра 2015 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатларда терактлар оқибатида қурбонлар сони 2014 йилдагига нисбатан 650 фоизга (!) ўсган. Бу ҳазилакам рақам эмас. Демак, халқаро терроризм ҳам тез-тез турланиб, шаклланиб боряпти.

Ироқ, Афғонистон, Нигерия…

2015 йилда халқаро терроризмдан Ироқ, Афғонистон, Нигерия, Покистон ва Сурия энг кўп жабр кўрган. Рақамларда акс эттирадиган бўлсак, Ироқда 6969, Афғонистонда 5312, Нигерияда 4940, Покистонда 1086 ва Сурияда 2761 киши терактларнинг қурбонига айланган. Юқорида таъкидланганидек, портлатилган бомбалар қурбонларининг айби борми-йўқми, ёшми-қарими сўраб ўтирмайди. Ёвузлар қўлида нафақат ажал уруғи, балки кучли психологик қуролга айланади, қолади. Халқда ваҳима, таҳлика, энг ёмони давлатга нисбатан ишончсизлик  ҳиссини ошириб бораверади. Ўтган йили дунё бў­йича содир этилган терактлар қурбонларининг 72 фоизи санаб ўтилган 5 та мамлакат улушига тўғри келган. 2014 йил якунлари бўйича ҳам шу бешталик «етакчилик» қилган ҳолда, террорчилик актлари қурбонларининг дунё бўйича 78 фоизи Ироқ, Афғонистон, Нигерия, Покистон, Сурия улушини ташкил этган. Гап 5-6 фоизга қисқарганида эмас. Бевақт, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Шу 5 та давлатда халқаро террорчилар, диний экстремистларнинг жирканч, ваҳший ишларини кўпроқ олиб боришга имкон, шароит бор, дегани бу. Айнан шу мамлакатларда ташқи кучлар бундай хунрезликни амалга оширадиганларни қўллаб-қувватламоқда. Маълумот учун шуни қўшимча қилмоқчимиз: Ироқ 10 баллик шкалада 9,96, Афғонистон 9,444, Нигерия 9,314, Покистон 8,613, Сурия 8,587 балл.

Франциянинг глобал рейтингдаги ўрни

Рейтинг таҳлилларига қараб, терроризм ўтган йили қайси давлатларга кўпроқ таҳдид солди, деган саволга ҳам жавоб топиш мумкин. Масалан, Францияни олайлик. 2014 йилда Франция глобал рейтингнинг 36-поғонасидан жой олган бўлса, 2015 йилда 29-ўринга кўтарилди. Яъни террор хавфи ортаётганидан далолат, бу. Германияда ҳам вазият яхши эмас. Мамлакат 2014 йилдаги 53-ўриндан 41 га кўтарилган. Саудия Арабистони эса 43-ўриндан 32-ўринга сакраган. Туркия худди шу даврга нисбатан 27-ўриндан 17 га, Эрон 39 дан 28 га ўзгарган. Яхши биласиз, мазкур рейтингда мамлакат қанча юқорилаб борса, бу вазият ёмонлиги, таҳдид хавфи ортаётганидан далолат. Юқорида «ривожланган мамлакатларда терактлар сони ортмоқда» деган хулосанинг исботи эмасми, бу?!

Ортда қолаётган йилдаги хунрезликлар

Шу ўринда ортда қолаётган йилда дунё бўйича содир этилган энг катта терактларни эсга олиб ўтсак.

2016 йилнинг январи. Ливия ва Мисрда йирик қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилди. Террорчилар Ливиянинг Злитен ва Рас-Лануф шаҳарлари, Мисрнинг Хургада шаҳрини «нишонга» олишди. Оқибатда 200 дан зиёд киши терактлар қурбонига айланишди. Мазкур қўпорувчиликларни ИШИД ўз зиммасига олди.

2016 йилнинг 20 январи. Покистонда террорчилар Бачи Хон номидаги университетни эгаллаб, 200 дан зиёд кишини гаровга олишди. Жангарилар йўқ қилинди. Бироқ улар 25 талаба ва 1 нафар ўқитувчини ўлдиришди.

2016 йилнинг феврали. Анқарада содир этилган террорчилик акти дунёни ларзага солди. Портлаш оқибатида 30 киши ҳаёт билан видолашди.

2016 йилнинг феврали. Нигерияда террорчилар кўчирилган шахслар лагерига ҳужум қилиб, бир нечта портлашларни амалга оширишди. Оқибатда 60 дан зиёд киши ҳалок бўлди.

2016 йил 13 март. Кот-д’Ивуарда Ал-Қоида жангарилари меҳмонхонага бостириб кириб, 16 кишини отиб ташлашди. Уларнинг аксарияти хорижликлар эди.

2016 йил 22 март. Белгиянинг Брюссел шаҳрида содир этилган теракт – қатор портлашлар 40 га яқин кишининг ҳаётига нуқта қўйди.

2016 йил апрель. Афғонистоннинг Кобул шаҳрида 2 та портлаш амалга оширилди. 64 киши ҳалок бўлди, 347 киши яраланди.

2016 йил июнь. АҚШнинг Орландо штатида ИШИД жангариси гей клубда ўқотар қурол ёрдамида 49 кишини ўлдирди.

2016 йил июль. Бағдодда ИШИД жангариларининг амалга оширган терактлари оқибатида 500 га яқин одам ҳалок бўлди.

2016 йил июль. Франциянинг Ницца шаҳрида Бастилия ишғол қилинган кун муносабати билан бўлиб ўтган байрамда теракт содир этилди. ИШИД га алоқадор террорчи автомобилда одамларни босиб-янчиб, хунрезлик содир этди. 84 киши қурбон бўлди.

Манфур, жирканч ишлар ортида

Хўш, террорчилик актларининг ортида асосан қайси ташкилотлар турибди? Қайси ташкилот бундай манфур, жирканч ишлари билан инсониятга, жаҳон ҳамжамиятига кўпроқ таҳдид солмоқда? Ўринли саволлар, шундай эмасми? Келинг, таҳлилларга мурожаат этайлик.

Global Terrorism Index маълумотига кўра, 2015 йилда дунёда амалга оширилган террорчилик хуружлари ортида биринчи ўринда ИШИД турибди. 2014 йилда бу борада етакчилик «Боко-Харам» жангариларига тегишли эди. Қабиҳ ниятлари йўлида ИШИДчиларнинг зулм, зўравонлиги тобора ортиб бораётганидан, бу.

Маълумот учун айтиш жоизки, ИШИД ўтган йили дунёнинг 250 дан зиёд шаҳрида содир этилган терактлар учун масъулиятни бўйнига олган. Бу хунрезликлар оқибатида 6141 киши ҳалок бўлган. Содир этилган терактлар «географияси» ҳам ортган. Яъни 2014 йилда 13 та, 2015 йилда 28 та мамлакатда мазкур террорчилик ташкилоти томонидан қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилган.

Иккинчи ўринда «Боко-Харам» ташкилоти турибди. Бу террорчилик ташкилоти жангарилари томонидан содир этилган портлашлар 5478 кишининг ёстиғини қуритган. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, рақамлар ўтган йилларга нисбатан бироз камайгани Яқин Шарқда ИШИДга, Нигерияда «Боко-Харам»га қарши фаол жанговар ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Учинчи ўринда «Толибон» келтириб ўтилган. Мазкур ҳаракатнинг жангарилари томонидан амалга оширган терактлар 4502 кишининг бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган.

«Ал-Қоида» эса тўртинчи ўринда. 1620 нафар кишининг ёстиғини қуритган.

Лўнда қилиб айтганда, 2015 йилда дунё бўйича террорчилик оқибатидаги ўлимнинг 74 фоизи юқорида номлари келтирилган 4 та ташкилот улушига тўғри келган.

Хулоса чиқариш лозим

Мазкур рейтингдаги асосий маълумотларни келтириш, таҳлил қилишдан мақсад жамоатчиликда халқаро терроризм муаммосининг оммавий тарзда тарқалаётгани, умумдунёвий таҳдид характерига эга бўлаётгани, тинч яшаётган кишиларга жисмоний, маънавий тазйиқ ўтказаётганини рақамлар мисолида яна бир бор кўрсатиш, огоҳликка даъват этиш.

Республикамиздаги «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровномада респондентларнинг 79,6 фоизи тинчлик ва барқарорликка асосан диний экстремизм ва терроризм кўпроқ таҳдид солади, деган жавобни беришган. Бугунги бедор қалқиб турган дунё биздан халқаро терроризм, диний экстремизм каби глобал таҳдидлар хавфидан хулоса чиқаришни талаб этаётганини бир лаҳза бўлса-да унутишга ҳаққимиз йўқ.

Шерзод Толмасов

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>