• Бугунги сана: Shanba, Aprel 29, 2017

Мардикор … аёллар

Кенг тупроқ кўчани асосан аёллардан иборат оломон эгаллаб олганди. Машинамиз яқинлашганда улар икки томонга чекиниб йўлак ҳосил қилишди. Бу эътиборнинг сабабини тезда тушуниб етдик. “Жигули” тўхтар-тўхтамас унга ҳар томондан аёллар ёпирилишди. Ҳатто уларнинг чаққонроқлари шу заҳоти кабина ичига кириб олишга ҳам уриниб кўришди. Афтидан, бу ерда кимнинг ишга ёлловчи билан биринчи бўлиб савдолашишга киришиши жуда муҳим ҳисобланарди.

Аёллар икки юзга яқин эди ва уларнинг ҳаммаси бизга… умидворлик билан қараб турарди. Кундалик машаққатли меҳнатдан, қуёш тиғидан дағаллашган-қорайган бу чеҳраларда кўзлар бизга деярли ёлворарди…. Ўзимизни ўнғайсиз ҳис қилдик. Бу аёлларга оғирроқ иш таклиф қилиб қутулиш мақсадида “Қопланган картошкаларни кун бўйи ортишга талабгорлар борми?” деб сўрадик. Шу заҳоти ўнлаб-юзлаб ҳайқириқлар эшитилди:

— Розимиз! Розимиз!

— Икки юздан берамиз.

— Умуман олганда-ку, биз 300 данга ишлаймиз. Келинг, 250 данга келишайлик.

— Икки юздан! Тамом-вассалом!

— Қанча одам керак?

— Тўртта.

Оломон жунбушга келди. Аёллар эшикка яқинроқ келиш учун бир-бирини итариб-суришга тушдилар… Ярим соатдан сўнг келишга ваъда бериб, биз аёллар сиртмоғидан базўр чиқамиз.

Кетаяпмиз. Жиммиз. Нимаям дердик…

Айланиб ўтиб, бозорнинг қарама-қарши тарафидан келдик. Бу ерда эркаклар иш кутишарди. Улар тўхтаганимизни кўриб сергак тортишди, аммо ҳайдовчимиз машина капотини очиб, моторни чуқалашга тушганини кўргач, бизга бутунлай бефарқ бўлиб қолишди.

Ёнимиздаги мардикор бозори томон ўтаётган уч-тўрт аёлни гапга тутдик.

— Бир иш бор, — дедик биз, — шишаларни ювиш. Тўғри, ишчилар бизга сал кейинроқ керак. Лекин иш доимий. Эрталабки олтидан кеч саккизгача. Иссиқ сув йўқ, совуқ сувдан фойдаланишга тўғри келади. Кунига 200 сўмдан тўлаймиз. Тушлик, йўл харажатлари — ҳаммаси ўзингиздан. Розимисизлар?

— Албатта, асосийси, иш доимий экан, — дея мулоҳаза юритди аёллардан бири.

— Мардикор бозорига кўпдан бери қатнайсизларми?

— Ҳа, уч йилдан буён, ҳар куни…

— Иш ҳамиша топилиб турадими?

— Деярли.

— Бир кунда қанча пул топасизлар?

— Ўртача 300 сўмдан.

— Биз 500 деб эшитдик.

— Бу эркакларда. Уларга кунига 500 тўлашади.

Биз газетадан эканимизни билдириб, ҳазил учун узр сўрадик. Аёллар дарҳол жонланиб, дардларини тўкиб солишга тушдилар.

— Одатда, сизларга қандай ишларни таклиф қилишади?

— Асосан, дала ишлари. Ҳосилни йиғиштириш, саралаш, қоп ва яшикларни ортиш, тўйларда идиш-товоқларни ювиш, кир ювиш…

— Нима ҳар қандай ишга рози бўлаверасизларми ёки ўзингизнинг йўналишингиз борми?

Аёл менинг бу саволимга истеҳзоли илжайди:

— Иш бўлса, бўлди-да!

— Мардикор бозорига келгунга қадар бирон жойда ишлаганмисиз?

— Мен трикотаж фабрикасида ишлаганман, манови дугонам “8 март”да. Умуман, кўпчилигимиз аввал завод-фабрикаларда ишлаганмиз. Ҳозир бундай жойларда иш йўқ. Колхўз дейсизми?.. Э, колхўзда ишлаб бўлмай қолди. Ярим йилда бир марта ойлик берсаям шукр айтиб юравериш керак. Шундаям план бажарилса. Овқат эса ҳар куни керак, бу ёқда болалар…

mardikor

— Болаларни кимга қолдираяпсизлар?

— Бир-биримизникида, — дея гапга аралашди бошқа бир аёл. — Менинг ўғлим саккиз ёшда, синглисига қараб туради.

Учинчи аёл суҳбатга қўшилди:

— Мендаям иккита. Каттаси уч ярим ёшда, кичиги иккида. Уйни қулфлаб келавердим.

— Болаларнинг бир ўзиними?

Ҳа, қўшнимизнинг қизчаси ҳар замонда улардан хабар олиб туради. Бошқа илож ҳам йўқ-да. Эрим ишлашга кетган. Аввалига болаларни ёлғиз қолдиришга қўрқардим. Энди ўрганиб қолдим…

— Кечирасизлар, эҳтимол бу савол сизларнинг иззат-нафсимингизга тегар. Айтишларича, ўзини ҳурмат қилган, хаёли аёллар мардикор бозорига яқин йўламасмиш…

Шаддод аёл хўрсиниб қўйди.

— Тўғрисини айтганда, орамизда бунақаларам учраб туради. Уларни ҳамма танийди ҳам. Шахсан ўзимизга келсак, виждонимиз тоза. Бироқ, яна очиғига кўчсак, қариндошларимиздан биронтаси бизнинг бу ерга қатнаб туришимизни билиб қолишимизни истамаймиз.

— Сизларни милиция ҳайдаб соади, деган гаплар ҳам бор.

— Аввал тез-тез шундай бўлиб турарди. Лекин ҳозир ҳам унчалик тинч  қўйиб қўйишмайди.

— Мен айтиб бера қолай, — дея гурунгга қўшилди яна бир жувон. — Мана бу йўл ўртасидаги бетон тўсиқни кўраяпсизми? У Тойлоқ ва Самарқанд районларини бир-биридан ажратиб туради. Бу районнинг милицияси қувса  йўлдан ўтиб, нариги районда пайдо бўлиб қоламиз. У ёқдан ҳайдашса — бу ёқда. Милиционерлар бизни уялтираяпсизлар, деб сўкади. Ахир ишлаш қачондан бери уят бўлиб қолди? Сельсоветлар-ку, дўқ ургани-урган, болаларингнинг нафақасини бердирмай қўямиз деб. Ўша нафақа ўлгурни вақтида бериб туришсаям майлийди. Гоҳида ойлаб қораларини кўрсатишмайди. Берганда ҳам бир қисмини уриб қолишади. Бир гал нафанинг бир қисмига мажбурлаб лоторея беришди. Шу ҳам инсофданми?! Мен-ку, гапиравераман, лекин сиз буларнинг биронтасини ёзиб чиқолмайсиз-да.

… Қиш бошланди. Демак, мардикорларга эҳтиёж пасаяди, уларнинг арзон ишчи кучи эса янада арзонлашади. Лекин иш топишдан умидвор аёллар қаҳратон совуқда ҳам мардикор бозорига чиқаверадилар. Улар яна ва яна келаётган ҳар бир машинага, яхши кийинган ҳар бир одамга мўлтираб қарайверадилар.

Ушбу мақола кимнингдир нафсониятига тегиш учун ёзилмади. Мардикор бозори, ишсизлик бизда мавжуд. Яхшиси, бу муаммони тан олиб, қишлоқ жойларида иш ўринларини яратиш хусусида ўйлаб кўришимиз керак. Иш излаб чиққан аёлларни қувиб солиш ёки “Би-би-си”дан мардикор аёллар бозори ҳақидаги репортажни гўёки бу ҳақда умуман тасаввурга эга эмас одамдай ҳайратланиб эшитиш билан муаммони ҳал этиб бўлмайди.

Дилдора Аҳмаджонова,

Ҳуррият” гезетаси,

1998 йил декабрь

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>