• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

Мансаб – мартаба эмас

Тўғриси, мансабни мартаба дегувчилар кўп. Аслида мансаб ўта масъулиятни талаб қиладиган бурч. Албатта, эндигина мансабга ўтирган одам ана шу масъулият талабларидан келиб чиқиб иш бошлайди. Ҳатто, мансабни ўмариш, бойлик орттириш, бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш учун қулай имконият деб билган одам ҳам дастлаб ҳушёрлик билан ҳаракат қилади. Чунки жамоада ким қандайлигини билиб олиш учун вақт керак.

Мансаб билан баландмас одам,

Мансаб одам билан муҳтарам.

Абдураҳмон Жомий

Бироқ бошлиқни йўлдан оздириш қийин эмас. Ҳар қандай жамоада ҳам хушомадгўйлар бўлади. Уларнинг орасида шундайлари борки, одам тугул, ҳатто тошни ҳам эритиб юборишади. Улар бошлиқнинг кўнг­лига йўл топишнинг ва ишончини қозонишнинг минг хил усулларини билишади. Уларни кўрганда ва эшитганда хаёлингиздан беихтиёр «худога шукур, қариндошдан ортиқ дўстлар топдим», деган фикр ўтади.

Мунофиқлик – хушомадгўйларнинг қонига сингиб кетган қонуният. Сиз буни билмайсиз, билганингиз билан мансабдорлик мартабаси аста-секин сизни иззатталаблик гирдобига тортиб бораверади. Хушомадгўйларга шу керак. Улар сиздан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб бўлишгач, тезроқ янги бошлиқ келса-ю, унинг ҳам «мурувватидан баҳраманд бўлиш» илинжида турли ҳийла-найрангларни ўйлаб топишади. Ҳатто, сизга фитна уюштиришдан ҳам тап тортмайдилар. Бундай ҳолатни Саъдий Шерозий шундай ифодалаган:

Кимнингки бошига қўнаркан давлат,

Барча бўлғай унга қариндош янглиғ.

Бахт унинг уйидан юз ўгирган кун,

Эшигу девори бўлғай гўё тиғ.

Кечагина атрофингизда гирдикапалак бўлиб, соянгизга салом бериб, юзингизга қарашга ботина олмай қаршингизда бўйнини эгиб турадиган хушомадгўйлар мансабдан кетган соатингиздан бошлаб сиз билан саломлашмай қўйишади, агар сиз саломлашмоқчи бўлсангиз, ўгирилиб кетишади, борди-ю қўлидан маҳкам ушлаб «ишлар қалай?» десангиз, «мен сизни танимайман», дейишади. Ҳаёт фалсафаси шундай. Буни англаш учун диссертация ёқлаб файласуф бўлиш шарт эмас.

Мансабга ўтирганларнинг энг катта хатоси шуки, баъзан хушомадгўйликни ёқтириб, тўғрисўз, бетгачопар, ҳақиқатгўй одамлардан ўч олиш пайида бўлишади. Хушомадгўй одам бу ҳолатдан ўз манфаати йўлида ўта усталик билан фойдаланиб қолиш билан бирга, кимгадир озор етишига сабабчи бўлади.

Буни оддий одам тушуниши мумкин, аммо мансабдор тушунмайди. Менга чоҳ қазиётган кўринади, деб ундан қутулиш чорасини излайди. Ваҳоланки, тўғрисўз одам ҳақиқатни айтиш билан раҳбарни турли бало-қазолардан сақлаб қолиши мумкин. Шунга қарамасдан кўпинча мансабдор ўзи билмаган ҳолда мунофиқлар билан ҳамроҳ бўлиб қолади. Оқибатда у қандай қилиб мунофиқлар қазиган чоҳга тушиб қолганини билмай қолади. Фаридиддин Аттор айтганидек:

Мунофиққа ҳамроҳ бўлса ҳар инсон,

Охирида жойи бўлади зиндон.

Мансабидан маҳрум бўлган бир одамни, айтайлик, таниш-билишларингиздан бирортасини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ҳеч қачон ўзини айбдор деб билмайди. Бутун мағзавани атрофида гирдикапалак бўлиб юрган хушомадгўйлар-у мунофиқ ходимлар устига ағдаради. Хўп, сен ўзинг қаёққа қарадинг, зиммангдаги раҳбарлик масъулиятини нега унутиб қўйдинг?!

Хоҳлайсизми-йўқми, мансабга ўтиргандан сўнг ўзингиз сезмаган ҳолда ўзгарасиз. Иродаси мустаҳкам, қатъиятли, ҳалол-пок ва тўғри одам бўлсангиз ҳам вазият, муҳит, мансаб салобати барибир сизни бироз бўлса-да ўзгартиради. Айниқса, хушомадгўйлар мулойим мушукдек ёқимли суйкалганда, кимлигингизни, қандай курсида ўтирганингизни, нималарга қодирлигингизни сеза бошлайсиз. Оқибатда дўқ-пўписага, дағалликка, қўполликка, манманликка мойиллик пайдо бўлади. Душманларингизга шу керак. Мулойим мушукдек ёқимли суйкалганлар энди айёр тулкидек сиз билан ходимлар ўртасида вазиятни кескинлаштира бошлайдилар. Танбеҳ эшитганлар, қандайдир сабаб билан хонангиздан хафа бўлиб чиқиб кетганлар, лавозими кўтарилмаганлар, ҳасадгўйлар, иғво-ю фисқу фасод дардига йўлиққанлар «хап сеними» деб қўйишади ва вақти келиб сизга қарши бирлашадилар.

Шунинг учун мансабдор билан ходимлар ўртасидаги муносабат қанчалик самимий, очиқ-ошкора, ишончли, дўстона, камтарона бўлса, шунчалик яхши.

Айрим меҳнат жамоаларида ана шундай ҳолат юз берар экан, бунинг учун аввало раҳбар айбдор. Жамоада хушомадгўйлар ва мунофиқлар қанчалик кўп бўлмасин, мансабдорда турли хулқ-атворли одамларни бирлаштириш, ҳаммага бирдай муносабатда бўлиш, кечиримлилик, ҳар қандай диёнатсизликни эзгулик билан енгиш салоҳияти бўлиши керак. Шундагина мансабдор ишда ва ҳаётда қоқилмайди. Ҳазрат Жалолиддин Румийнинг қуйидаги сўзларида шунга ишора қилинади:

Нимани ўзингга кўрарсан раво,

Шуни ўзгаларга йўлла доимо.

Неким истамасанг, яхшими-ёмон,

Бошқага ҳам раво кўрма, эй инсон.

Таъмагирлик ҳар қандай мансабдорни ҳалокатга йўлиқтиради. Халқнинг онгига сингиб кетган бир фикр бор: мансабга ўтирдими, демак, олади! Оласизми-йўқми, ундан қатъи назар, шу фикр сизни доим таъқиб этади. Агар ҳақиқатдан ҳам тамагирлик йўлини танласангиз, урди худо. Эрта-ю кеч ахир бир кун тузоққа тушасиз. Касофати оилангизга, фарзандларингизга, ҳатто, невара-чеварангизга ҳам уради. Эл олдида шарманда бўласиз.

Таъмагирнинг дили ҳеч қачон равшан бўлмайди. У қилғиликни қилиб қўяди-да, мансабдан ажралганлиги ёки жазога тортилганлиги учун ўзини эмас, балки бошқаларни, ҳамкасбларини, давлат идораларини, ҳатто, Ватанини айблайди.

Ўринли савол туғилиши мумкин: ҳаётда таъмагирлик дардига мубтало бўлмайдиган мансабдорлар борми? Бор. Бироқ улар таъқиб остида узоқ ишлашолмайди. Хўш, уларни ким таъқиб этади?! Биринчи навбатда хушомадгўйлар ва мунофиқлар. Чунки ҳалол ва тўғри мансабдор уларнинг йўриғига юрмайди, хушомадга учмайди, берганни олмайди, виждонини сотмайди, қолаверса, қонунга қарши бормайди. Шунинг учун мунофиқлар унинг атрофида ҳасад, ғараз ва араз, иғво, фисқу фасод муҳитини вужудга келтиришади. Оқибатда виждонли инсон ихтиёрий равишда мансабдан воз кечса-кечадики, асло қинғир ишларга қўл урмайди. Ҳар қандай қобилиятли инсон оддий ишда ҳам ўзини кўрсата олиши мумкин. Жумладан, олим ёки ноёб мутахассис эгаси бўладими, журналист ёки ёзувчи бўладими, касбига ихлос қўйган инсон мансаб-мартабага меҳр қўймасдан ёки унга интилмасдан ҳам ўзининг қобилиятини намоён этиш билан ҳаётдан лаззат олиши мумкин.

Албатта, мансабдалик пайтда сон-саноқсиз «дўстлар» қуршовида бўласиз. Кўнгиллар чоғ, хушнудлик чексиз, илтифотлар беҳисоб, остонангиздан одам узилмайди. Гўё одамларнинг сиздан бошқа ташвиши йўқдай. Шу-да бир яшаш, деган фикр хаёлингиздан ўтади ва илтифотлар сизни эсанкиратиб қўяди. Наҳотки, шу одам мен бўлсам, деб ўйга толасиз. Аслида кимлигингизни мансабдан тушганда биласиз ва ниҳоят, мен ҳам оддий одам эканман-ку, деб кўнглингиз таскин топади.

Ҳаёт фалсафаси шундай. Мансабга ўтирганингиздаги ва ундан тушганингиздаги ҳолатлар ўртасидаги фарқ нафақат дунёқарашингизни ўзгартириб юборади, балки ҳаёт фалсафаси ҳақидаги қонуниятларни анг­лаб идрок этишда билим ва тажрибангизни оширади, сизда улуғ алломаларнинг ҳикматларига меҳр уйғотади. Жумладан, Хисрав Деҳлавий юқоридаги ҳолатни шундай ифодалаган:

Дўстларинг кўпаяр фаровонликда,

Уларни синаб кўр нотавонликда.

Ҳозир ёшлар ўртасида мансабга интилувчилар кўп. Албатта, ҳар қандай жамоани бошқаришга қодир қобилиятли ёшлар оз эмас. Бироқ биргина қобилиятнинг ўзи камлик қилади. Мансабга ўтирган одамда ҳаёт тажрибаси ҳам бўлиши керак. Акс ҳолда у жамоанинг ишончини қозона олмайди. Мансабдорга аввало ўз касби бўйича профессионаллик, жамоани бошқариш қобилияти, ҳаётий тажриба, қолаверса, муомала маданияти, яхши хулқ-атвор, ахлоқ ва одоб зарур. Айтайлик, ўз касби бўйича профессионал маҳорати йўқ одамни умрида битта ҳам мақола ёзмаган ёки ёзолмайдиган, саводли жумла тузолмайдиган, яъни стилистика, грамматика, таҳрир деган тушунчалардан бехабар, журналистиканинг жанрларини ва бошқа қонуниятларини билмайдиган бош муҳаррирга қиёслаш мумкин.

Мен ҳаёт фалсафаси синовларидан ўтган инсон сифатида барча мансабдорларга ўз фаолиятларида Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги сўзларига қатъий амал қилишларини маслаҳат берган бўлардим:

Тўғрини де, тўғрини кўр, тўғри юр,

Тўғри эшит, тўғри гапир, тўғри тур.

Ана шундагина адашмайсиз, алданмайсиз, қоқилмайсиз, йиқилмайсиз ва ором дунёсида ўзингизни сарвар деб биласиз, мансаб деган мартабанинг масъулиятини тўғри англаб етасиз.

Иброҳим Норматов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — 1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>