• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

Шавкат Мирзиёев: «Мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз!»

Мана бир неча йиллардан буён матнлар, хусусан, оғзаки ва ёзма нутқ учун тайёрланадиган матнлар билан ишлаб келаман. Мен билган умумий қоидага кўра, нотиқ хоҳ оғзаки нутқда бўлсин, хоҳ ёзма, ўз фикрларини ифодалаётганда маълум бир қоидаларга амал қилади. Ўзим мунтазам қўллайдиган услубга кўра, нотиқ нутқини тайёрлар экан, матнни ғоявий асосларга бўлиб чиқади ва ғоялари орасидан «қаймоғини» нутқ охирига жойлаштиради. Нега? Чунки нутқ сўнгида келтирилган фикр тингловчи ёки ўқувчида аввалда келган маълумотга нисбатан кўпроқ эсда қолади ва нотиқ ҳақида хулоса қилишда айнан ана шу охирида келган фикр катта роль ўйнайди.

Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча БМТ минбарида туриб нутқ сўзладилар. Ўзингиз тушунасиз, «касб касаллиги», дарров таҳлил қиламиз. Нутқни кузатар эканман, эътиборимни энг кўп тортган жиҳат айнан нутқ охирида келган мавзу бўлди. Буни қарангки, ўзларининг БМТ доирасидаги илк чиқишларида, бутун дунё етакчилари қаршисида мавзуларнинг энг «қаймоғига» нутқларининг энг муҳим нуқтасида урғу бердилар – Ислом дини!

Ҳолатни теранроқ англатиш учун бироз тарихга қайтамиз. 2015 йил бўлса керак, Ҳиндистон Бош Вазири Нарендра Моди юртимизда расмий ташриф билан меҳмон бўлди. Икки кунлик ташриф учун Ҳиндистондан юз кишилик делегация келди. Шавкат Мирзиёев ва Моди ўртасидаги учрашувнинг бир қисми Интерконтинентал меҳмонхонасида ташкил этилди. Биз Бош Вазирнинг хос ходимлардан иборат махсус гуруҳи билан хизматда бўлдик. У гуруҳда Бош Вазирнинг нутқига масъул ходимлар ҳам бор эди. Ана шунда биринчи марта давлат раҳбари ўз нутқини қандай ёзиши ва ёрдамчиларнинг вазифаси нимадан иборат эканига гувоҳ бўлдим. Тўғрисини айтайми, умуман олганда, Президентимиз кечаги нутқларида Ислом динининг аҳамияти ҳақида сўзламасликлари ҳам мумкин эди. Ундан юқорида келтирилган муҳим муаммолар билан чекланиб, нутқларига якун ясасалар ҳам бўларди. Аммо ундай бўлмади. Муҳтарам юртбошимиз Ўзбекистоннинг янги раҳбари сифатида ўзларининг ва ўзбек халқининг кемаси айнан қандай ўзанда, қайси йўналиш томон сузаётганини аниқ-тиниқ очиб бердилар.

Мен сизга ишонтириб айтаманки, Шавкат Миромоновичнинг айнан мана шу нутқлари Ўзбекистон тарихида чин маънода бетакрор ҳодиса бўлди. Кечагина «Мўътадил Ислом, радикализм ва бошқа мулоҳазалар» номли мақолада Ислом дини инсониятни залолатга эмас, аксинча хайриятга йўналтириши, чуқур Исломий илмларни эгаллаш инсонни мукаммаллик сари етаклаши ҳақида оғиз очган эдик. Биз бир неча минг одамга етказишга уринган эзгу ғояларимизни, Президентимиз дадил оҳангда “биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз”, деб хитоб қилишлари сарлавҳадаайтилганидек Ўзбекистон чин маънода ўзининг янги қиёфасини топиш йўлидан бораётганини кўрсатади.

Шавкат Миромонович кўтарган долзарб масалалардан бири бу ҳозирги кунда бутун дунёга чанг солиб турган, аслида унчалик ҳам узоқ тарихга эга бўлмаган терроризм балоси бўлди. Бу иллатга қарши курашда кучишлатар усулларнинг ўзини оқламаслиги ва энг ақлли йўл ёшларнинг тафаккурини маърифат яъни чуқур диний илм бериш асосида шакллантириш эканлиги алоҳидатаъкидланди.

Айтмасам бўлмайди, эътиборимни тортган жиҳатлардан яна бири бу юртбошимизнинг «муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз» деб юртимиз позициясини қатъий белгилаб беришлари бўлди. Умид қиламанки, бу ичимиз ва ташимизда ғаразли мақсадда юрган, Ислом динини ёмонотлиқ қилишга бел боғлаган, омманинг тафаккурида муқаддас динимиз элементларини зўравонлик ва жаҳолатга йўйиб талқин қилувчи кимсалар учун жиддий чақириқ бўлиб хизмат қилади. Чунки у киши таъкидлаганларидек моҳиятан «Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади!»

Нутқни кузатар эканман, Шавкат Миромонович буюк аллома, муҳаддислар султони, Ислом оламининг энг ёрқин намоёндаларидан бири Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китоби Қуръондан кейин дунёда иккинчи рақамли манба деб тан олинганлигиниэслатганларида ўзгача фахрланиб кетдим. Эсингизда бўлса, «Тафаккур ғунчалари» номли туркумдан иқтибослар бериб борардим. Шуларнинг орасида «Аждодлар билан фахрланаверибмиз-ку, уларга лойиқ авлод бўлиш ёдимиздан чиқибди» деган маънода бир фикр бор эди. Негадир, қайси аллома аждодимиз тилга олинса, шу фикрни қайта-қайта эслайвераман. Ўзимдан уялибми, ёки ростан муносиб авлод бўла олмаганимиз учунми, билмадим. Аммо Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, секин аста аждодларга лойиқ бўлиш йўлида жиддий ҳаракатлар томир ота бошлади. Мисол учун, БМТ минбарида эслаб ўтилган Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази. Зора мана шу уринишлар Ислом дини моҳиятини халққа етказиш учун келажакда қилинадиган салмоқли ишлар учун дебоча бўлиб хизмат қилса.

Юртбошимиз бутун дунё қаршисида умумисломий муаммоларни баралла айтаётгани ва «томирларига янги қон кираётган» Ўзбекистон Республикаси бу йўналишда ташаббускор бўлишга тайёрлиги ҳақидаги сўзларини эшитиб ифтихорга тўлиб ўтирсам, мени энг қойил қолдирган фикр янгради. Анжуманда иштирок этаётган барча аъзо давлатларга «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли резолюция қабул қилиш таклифи берилди. Шавкат Миромонович бу резолюция ёрдамида бир нечта мақсадларни кўзлаганликларини таъкидлаб ўтдилар:

• саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш;

• диний эркинлик;

• диндорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш;

• уларнинг камситилишига йўл қўймаслик чоралари.

Сиз бунга қандай қарайсиз билмадим, аммо бу таклиф, ўз навбатида, жаҳолатга қарши курашда диний таълимнинг аҳамияти нақадар улуғвор экани, диндорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юрт равнақи учун муҳим омиллиги ва бу жабҳада юртбошимиз ўзлари етакчи бўлишга тайёр эканликларини яна бир бор исботлаб берди!

Хоҳласангиз маддоҳ денг, хоҳласангиз пахтакор денг, нима деб чақирсангиз, ўзингиз биласиз. Аммо менинг юртимга хавф солиб турган ёв бу – диний саводсизлик ва жаҳолатдир! Агар бу ёвни ўз юртидан қувишга, яъни халқнинг эркин диний таълимга бўлган ҳуқуқини жонлантиришга ва мамлакат бошидан жаҳолат ва саводсизлик булутларини аритишга тайёрман деб турган одам бу – Президентимиз Шавкат Миромонович бўлса, Озодбек Назарбеков буюк адибдан келтирган иқтибосни мен ҳам баралла айтмоқчиман:

«Ким юртидан ёвни қувса, мендирман ўша!»

Ҳурматли Шавкат Миромонович, сиз БМТ минбарида бутун дунёга «биз мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз», деб айтдингиз. Биз ёшлар бу йўлда сиз билан биргамиз!

Жавоҳир Иззатуллоҳ
«Azon.uz»

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>