• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

Малала Юсуфзай (2013 йил 12 июль, Нью-Йорк, АҚШ). 2-қисм

(Давоми. Нутқнинг боши мана бу ерда)

Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, зулматда ёруғлик қадри ортгани каби жим бўлишга мажбур этилганимизда овозимизнинг аҳамиятини яхши англаймиз. Шунга ўхшаш, биз Покистоннинг шимолида, Сват водийсида бўлганимизда қурол-яроғлар уюмини кўриб китоб ва қаламнинг нақадар аҳамиятли эканини янада теранроқ ҳис этдик. «Қалам қиличдан қудратлидир» дейди улуғлар. Ҳақ гап. Экстремистлар китобу қаламдан қўрқади. Илмнинг қудрати уларни чўчитади. Улар аёллардан қўрқади. Аёл овозининг қудрати уларни ваҳимага солади. Улар яқинда Кветтада ўн тўрт нафар бегуноҳ талаба қонини тўкканининг сабаби шу. Айнан шунинг учун улар аёл муаллимларни ўлдирмоқда, ҳар куни мактабларни портлатмоқда. Чунки улар биз интилаётган ҳодиса юз беришидан – жамиятда жиддий ўзгаришлар амалга оширилиб тенглик қарор топишидан қўрқади. Мактабимиздаги бир боладан журналист «Толиблар нима учун болаларнинг илм олишига қарши?» деб сўрагани ёдимда. Бола унга китобини кўрсатиб, лўнда қилиб: «Толиб бу китобда нима ёзилганини билмайди», –  деб жавоб берган эди.

13

Улар болаларга мактабга боргани учунгина қурол ўқталар экан, Оллоҳнинг амри билан шундай қилаяпман, деб кўр-кўрона ўйлайди. Террорчилар ўз манфаатлари йўлида тинчлик дини бўлган муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб олган. Покистон тинчликсевар мамлакат. Пуштунлар ўғил-қизларининг маърифатли инсонлар  бўлиб вояга етишини орзу қилади. Ислом – тинчлик, инсонпарварлик ва биродарлик дини. Унда ҳар бир муслим ва муслимага илм олиш фарз қилиб қўйилган. Ўғилми-қизми, фарзандининг илм олиши учун шароит яратиш ота-оналарнинг бурчидир. Кўп мамлакатларда, айниқса, Покистон ва Афғонистонда террорчилик, уруш ва низоларларнинг авж олгани болаларнинг мактабга боришига тўсиқ бўлмоқда. Биз биродаркушлик урушларидан жуда чарчадик. Айниқса, бемаъни ихтилофлардан аёллар ва болалар жабр чекмоқда.

14

Ҳиндистонда бегуноҳ ва нимжон болалар нон топиш учун оғир юмушларни бажаришга мажбур бўлаяпти. Нигерияда аксар мактаблар вайрон этилган. Афғонистонда одамлар экстремизм ваҳимасидан жон ҳовучлаб яшаётир. Она сути оғзидан кетмаган қизлар турмушга чиқишга мажбур қилинаётир. Қашшоқлик, саводсизлик, адолатсизлик, ирқчилик ҳамда энг муҳим ҳуқуқлардан маҳрумлик эркаклар ҳам, аёллар ҳам бирдай дуч келаётган ўта оғир муаммолардандир. Бугун мен аёллар ва қизлар ҳуқуқларига кўпроқ тўхталмоқчиман. Чунки улар ҳаммадан кўп жабр чекмоқда. Аёллар фидойи эркаклардан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраган вақтлар ҳам бўлди. Энди бу ишни ўзимиз қиламиз. Мен одамларга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тўхтанг демоқчи эмасман, фақат аёлларнинг ўзларига эътибор қаратмоқчиман, улар ўзлари учун ўзлари курашишга ўрганиши керак. Ҳа, қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, бу ҳақда баралла гапириш вақти етди. Шу боис бугун биз барча мамлакатлар раҳбарларини тинчлик ва тараққиётни таъминлаш учун ўз стратегик сиёсатларини ўзгартиришга чақирамиз. Барча битимларда аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимояси ифодаланиши керак. Бирорта ҳам битим аёллар ҳуқуқларига зид бўлмаслиги даркор.

Malala_YUSUZSAI

Биз барча давлатларни дунёдаги ҳар бир бола учун бепул мажбурий таълимни кафолатлашга чақирамиз. Барча ҳукуматларни террорчилик ва зўравонликка қарши курашишга, болаларни шафқатсизлик ва ёвузликдан ҳимоя қилишга даъват этамиз. Мутараққий мамлакатлардан ривожланаётган мамлакатлардаги қизлар учун таълим олиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашишни сўраймиз. Биз дунёдаги барча жамиятларни бағрикенгликка, табақаси, маслаги, дини, мазҳаби, рангига қараб одам ажратмасликка, аёллар учун эркинлик ва тенгликни кафолатлашга чақирамиз. Шундагина улар комилликка эришиши мумкин бўлади. Аёлларнинг ярми асосий ҳуқуқларидан маҳрумлигича қолар экан, давлат ва жамият  муваффақиятга эриша олмайди. Биз бутун дунёдаги опа-сингилларимизни жасур бўлишга, ўзида куч топиб, иқтидорларини тўла рўёбга чиқаришга чорлаймиз.

15

Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, биз келажаги порлоқ бўлиши учун ҳар бир бола мактабда таълим олиши зарур деб ҳисоблаймиз. Ушбу мақсадимизга эришиш йўлида тинмай ҳаракат қиламиз. Бизни ҳеч ким тўхтата олмайди. Ҳамиша, ҳамма жойда ўз ҳуқуқларимиз ҳақида гапиришдан толмаймиз. Биз сўзларимизнинг кучи ва қудратига ишонамиз, бизнинг сўзларимиз бутун дунёни ўзгартира олади. Мақсадга эришишни хоҳлар эканмиз, келинг, илму маърифатга ошно бўлайлик, қўлни қўлга бериб янада жипслашайлик.

Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, биз миллионлаб одамлар қашшоқлик, адолатсизлик ва билимсизликдан азият чекаётганини унутмаслигимиз керак. Биз миллионлаб болалар мактабда ўқиш бахтидан мосуво эканини ёдда тутишимиз даркор. Ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз эртаси порлоқ бўлишини, тинч замонда бахтиёр яшашни орзу қилишини ҳар лаҳзада ҳис этиб туришимиз зарур.

Шундай экан, бизга ишлаб пул топишга, саводсизликка, қашшоқлик ва терроризмга қарши шонли кураш олиб боришга имкон беринг. Бизга китобларимиз ва қаламларимизни беринг, улар бизнинг энг зўр қуролимиздир. Битта бола, битта муаллим, битта китоб ва битта қалам дунёни ўзгартиришга қодир. Муаммонинг ягона ечими маърифатдир. Энг аввало маърифатдир. Ташаккур.


Tafsilot.uz маълумоти

Малала Юсуфзай 1997 йил 12 июлда Покистонда туғилган.

Отаси Зиёвуддин Юсуфзай – шоир, давлат мактаблари тизимида ишлайди. Толиблар улар яшайдиган Сват водийсида ҳукмронлик ўрнатгач, қизларнинг мактабга қатнашини тақиқлаб қўяди. Шу боис 2009 йилдан Малала ВВС учун “Гул Макай” (Бўтакўз) тахаллуси билан блог юрита бошлайди. Унда болаларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, толиб­ларнинг жоҳиллигини фош этади.

2012 йилнинг 9 октябрида толиблар унинг жонига қасд қилади. Толибларнинг мактаб автобусига уюштирган ҳужуми натижасида Малала ва унинг ёнида ўтирган икки қиз жароҳатланади. Оғир аҳволдаги ярадор қиз Пешовардаги шифохонага олиб борилади. 15 октябрда эса Малала Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳридаги ҳарбий госпиталга кўчирилади.

Малалага қилинган суиқасд бутун дунёда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Покистонда икки миллиондан зиёд киши Малала билан бирдамлик рамзи сифатида ҳукумат номига ёзилган “Таълим олиш ҳуқуқи” деган илтимосномага қўл қўйди.

2013 йили октябр ойида Буюк Британияда Малала Юсуфзайнинг инглиз журналисти Крис­тина Лэмб билан ҳаммуаллифликда ёзилган “Мен Малаламан” номли автобиографик китоби чоп этилди.

Малала Юсуфзай 2014 йил 10 октябрда Нобель мукофотига сазовор бўлган. Шунингдек, Малала яна бир нечта халқаро мукофотлар билан ҳам тақдирланган. У бутун дунё болаларининг таълим олишига кўмаклашувчи “Малала фонди”нинг асосчисидир.

Малала туғилган кун – 12 июль БМТ қарори билан “Малала куни – болаларнинг таълим олиши учун кураш куни” деб белгиланган.

Малала “Бизнинг энг қудратли қуролимиз китобу қаламимиздир” деб номланган юқоридаги нутқни 2013 йилнинг 12 июлида БМТ Ёшлар ассамблеясида сўзлаган.

Ҳасан Карвонли таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>