• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Малала Юсуфзай (2013 йил 12 июль, Нью-Йорк, АҚШ). 1-қисм

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Муҳтарам Бош котиб Пан Ги Мун жаноблари, ҳурматли Бош ассамблея раиси Вук Жеремик, Глобал таълим бўйича БМТнинг фахрий элчиси жаноб Гордон Браун, ҳурматли устозлар  ва менинг қадрдон ака-укаларим, опа-сингилларим, ассалому алайкум!

Узоқ вақтдан сўнг сиз билан яна учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу даргоҳда сиздек улуғ одамлар даврасида бўлиш хотирамда умрбод сақланиб қоладиган фараҳбахш ҳодиса. Ҳузурингизга марҳума Беназир Бхуттонинг рўмолини бошимга ўраб келиш шарафига мушарраф бўлганим ҳам менга чексиз қувонч бағишлайди. Азбаройи ҳаяжонланганимдан гапимни нимадан  бошлашни ҳам билмаяпман. Одамлар мендан қандай гап кутаётганини билмайман, аввало, ҳаммамизни инсон қилиб яратгани учун Оллоҳга беадад шукур, менинг тезда оёққа туриб янги ҳаёт бошлашимни сўраб дуо қилганларга мингдан-минг  раҳмат. Одамлар мени шунчалик яхши кўришини тасаввуримга сиғдира олмаганман. Мен бутун дунёдан яхши тилаклар билдирилган минг­лаб мактублар ва совғалар олдим. Уларнинг барчаси учун барча дўстларга ташаккур айтаман. Беғубор тилаклари оғир дамларимда қалбимга далда бўлган болажонлардан миннатдорман. Дуолари билан менга умр тилаб турган ёши улуғларга қуллуқ. Яна оёққа туришим ва кучга тўлишимга ёрдам берган Покистон ва Буюк Британиядаги шифохоналарнинг қўли енгил врачлари, фариштамонанд ҳамширалари ва барча ходимларига ҳамда Бирлашган араб амирликлари ҳукуматига миннатдорлик билдирмоқчиман.

malala_yusufzay__

Мен Бош котиб Пан Ги Мун жанобларининг,  БМТнинг глобал таълим бўйича фахрий элчиси Гордон Браун ва БМТ Бош ассамблеяси раиси Вук Жеремикнинг глобал таълимга оид ташаббус ва саъй-ҳаракатларини жону дилим билан қўллаб-қувватлайман. Улар бизни тинмай ҳаракат қилишга ундамоқда. «Интилганга толе ёр» деб бежиз айтмаганлар, ахир. Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, шуни доим ёдда тутинг: Малала куни фақат менинг куним эмас. Бу кун ўз ҳуқуқини талаб қилаётган ҳар бир аёлнинг, ҳар бир ўғил-қизнинг кунидир. Ўз ҳуқуқларини нафақат талаб қилувчи, балки эзгу мақсади – тинчлик ва тенгликка эришишга, маърифатга бор кучи билан интилувчи, инсон ҳуқуқлари учун курашувчи юзлаб фидойилар бор.

Террорчилар минглаб кишиларни ўлдирди, миллионлаб кишиларни яралади. Мен жабрланувчилардан биттасиман, холос. Мана қаршингизда турибман. Мана қошингиздаман: кўпчилик орасидаги ёлғиз бир қизча. Мен ўзим ҳақимда гапираётганим йўқ, менинг овозим тинч яшаш ҳуқуқи учун, инсоний ҳақлари учун – уларга одамдек муносабатда бўлишлари учун, ҳаммага тенг имконият берилиши учун, таълим олиш ҳуқуқи учун курашганларнинг овозидир.

Қадрли дўстлар, 2012 йилнинг 9 октябрида толиблар менга қарата ўқ узди. Дўстларимни ҳам ўққа тутди. Улар бизнинг овозимизни ўқ билан ўчирмоқчи бўлди, бироқ бу ниятига эриша олмади. Уларнинг кутганининг акси бўлиб, овозимизга минглаб овозлар қўшилди. Террорчилар бу қизнинг мақсадини ўзгартирамиз, интилишларини тўхтатамиз, деб ўйлашди. Аммо мендаги заифлик, қўрқув ва умидсизлик ўрнини куч, жасорат ва ирода эгаллади. Ҳаётимда бундан бошқа ўзгариш бўлгани йўқ. Мен ўша Малаламан, ниятларим, умидларим, орзуларим ҳам ўша-ўша. Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, мен ҳеч кимга қарши эмасман. Бу ерда толибларга ёки бошқа ҳар қандай террорчилик гуруҳига ёмонлик тиламоқчи эмасман. Мен бу ерда ҳар бир бола илм олиш ҳуқуқига эгалиги ҳақида гапирмоқчиман. Мен толибларнинг ва барча террорчию экстремистларнинг ҳам фарзандлари илм олишини, маърифатли бўлишини хоҳлайман. Мен ҳатто ўзимга ўқ отган толибга ҳам ёмонликни истамайман. Ҳатто қўлимда қуролим бўлганда ҳам уни отмаган бўлардим. Бу туйғу мен раҳмдилликда тенги йўқ ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан, Исо Масиҳдан, Буддадан ўрганган раҳм-шафқат туйғусидир. Бундай қараш каминага Мартин Лютер Кинг, Нелсон Мандела ва Муҳаммад Али Жиннадан меросдир.

17

Ана шу куч ишлатишдан воз кечиш фалсафасини мен Гандидан, Бача Хондан, Тереза онадан ўрганганман. Бу – кечиримлиликдир, у менга ота-онамдан ўтган. Қалбим менга мудом ҳаммани яхши кўр, ҳаммага яхшилик соғин дея амр қилади.

(Нутқнинг давоми мана бу ерда)

Ҳасан Карвонли таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>