• Бугунги сана: Shanba, Iyun 24, 2017

Мактаблардаги қотилликларнинг илдизи қаерда?

Мактабда отилган ўқ

2014 йилнинг 25 октябри. АҚШнинг Сиэтлидан шимол томонда жойлашган Мэрисвилл шаҳри мактаби. Полиция маълумотига кўра таълим муассасасида отишма бўлган. Бир нафар ўқувчи ҳалок бўлган, тўрт нафари яраланган. Ўқотар қуролда мактаб ўқувчиси Жейлин Фрайберг тенгдошларига қарата ўт очган. Сўнгра ўзини-ўзи отиб ўлдирган.

Интернет орқали бу хабарни ўқиб, этим жунжикиб кетди. Фожианинг сабабини ҳам ёзишибди. Йигитча тенгдошлари томонидан камситилганмиш. Яна бир сабаб – синфдош қизга муҳаббати. Шу арзимаган сабаблар нафрат косасини тўлдириб юборганига ишонмадим. Ҳаловатимни йўқотдим.

 Инсоният қаерга қараб кетяпти? Гуноҳ, савоб тушунчалари қадрсизланяптими? Инсоний фазилатлар наҳотки ёвузлик олдида моҳияти, рангини йўқотмоқда. Ёш вужуддаги бунчалар тажовузкорлик қаердан? Билим, зиё масканида, эзгулик уруғи қалбларига экиладиган жойда қон тўкиш, устозига қурол ўқталиш, одам ўлдириш… Йўқ, асл сабаб бошқа ёқда.

«The Washington Post» нашрининг хабарига кўра 2012 йилда Америка мактабларида 37 маротаба ўқ отилган. Бу фожиа бўлмасдан нима? Ўсиб келаётган авлодни нима қийнаяпти, ўзи? Нега йигирма биринчи асрда уларнинг психикасида бундай ўзгаришлар содир бўлмоқда? Ёвуз жин чироқдан чиқиб, фарзандлар қалбига ин қуриб олганми?

2014 йилнинг 20 марти. РИА Новости шундай хабар тарқатган: Нью-Йоркнинг Бруклин туманида автобус ичида 14 ёшли ўсмир ўқотар қуролдан ажал уруғини сочган. Нафратига дучор бўлган кимсанинг ўрнига 39 ёшли Энжел Рожасни бошидан яралаган. Жабрдийда воқеа жойида ҳалок бўлган.

Москвада Сергей Гордеев деган ўқувчи мактабга қурол кўтариб келиб, баҳосини пасайтиргани учун ўқитувчисини отиб ўлдиради. Сўнгра полициячи ҳам унинг қурбонига айланади.

АҚШ федерал қидирув бюроси маърузасида келтирилишича, 2000–2013 йиллар оралиғида мамлакат ҳудудида ўқотар қуролдан фуқароларга қарата ўт очиш билан боғлиқ 160 та кўнгилсиз ҳодиса қайд қилинган. Оқибатда 1043 киши ҳаётдан кўз юмиб, 557 нафари турли даражада яраланган. Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг тўртдан бири таълим муассасаларида содир этилган. Ҳа, бу дўппини бошдан олиб қўйиб, ўйлайдиган жиддий муаммо.

Дарсдан кейин мактаб ўқувчисининг ота-онасига ёрдам бериши, дейлик қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинишини бола ҳуқуқлари камситилиши, вояга етмаганлар меҳнати эксплуатацияси деб, интернетда турли иғволар тарқатганлар бўлди. Шарқона ахлоқ, маданият, турмуш тарзи устувор юртимизда фарзандни меҳнат билан тарбиялаш, уни катта ҳаётга тайёрлашнинг йўлларидан бири эканини англашмади. Минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимизни ғарбнинг қаричи билан ўлчамаймиз-ку. Ўзлари-чи? Болани гўё ўз эркига қўйиб, ҳуқуқларига дахл қилмай, нима кўришяпти? Эркинликни кўнгли тусаган ишни қилавериш деб улғайган авлод ҳаётда қаттиқ қоқиляпти. Ўсмирлар ўртасида бундай нохушликлар дунёда деярли ҳар ҳафтада содир этиляпти.

Компьютердаги «қонли» ўйинлар

Болалар онгини бузувчи, жароҳатловчи ахборот таъсирлари ёхуд бошқа таъсирлар бугун нимадан иборат? Аввало шу саволга жавоб топишга уринайлик.

Дастлаб компьютер ўйинларига эътиборни қаратсак. «Шутерлар» («ўқ отувчи» маъносини англатади) типидаги ўйинлар ҳақида эшитганмисиз? Йўқ дейсизми?. Замондан андак ортда қолибсиз-да. Фарзандингиз қандай ўйинлар билан машғул эканлиги сизни қизиқтирмас экан-да. Ўзингизни қийнамай фарзандингиздан сўрасангиз батафсил сўзлаб беради. Масалан, ўйин сюжетига кўра қаҳрамон ғалаба қозониш учун йўлида учраган барчани отиб ўлдириши керак. Бу фарзандда тажовузкорлик, ваҳшийликни тарбияламай нима қилади?. Бора-бора болада психологик оғишлар пайдо бўлади. «Doom», «Quake», «Unreal Tournament», «Call of Duty», «Medal of Honor», «Tomb Raider», «Max Payne», «MDK», «Grand Theft Auto» кабилар шулар сирасидан. Қизиғи, қонли «шутерлар» туркумига кирувчи компьютер ўйинлари ҳам бор. Бунда ўйин моҳиятига кўра кўплаб миқдордаги душманни ўлдириш талаб қилинади. «Serious Sam», «Painkiller», «Will Rock», «Left 4 Dead» каби ўйинлар шулар сирасидан.

Тактик «шутерлар»да қаҳрамон ёлғиз ҳаракатланмайди. Жамоа таркибида жанг олиб боради, одам ўлдиради. «Battlefield», «Counter-Strike: Condition Zero», «Counter-Strike Source», «Star Wars: Battlefront», «Delta Force», «Star Wars: Republic Commando», «Operation Flashpoint: Cold War Crisis», «Arma» каби ўйинлар шулар жумласидан.

«Файтинг» туркумига кирадиган ўйинлар ҳам тажовузкорликка ундаши билан хавфли. Яъни бунда икки ёки ундан кўп рақиблар билан қўл жанги ёрдамида кураш олиб борилади. «Mortal Kombat», «Street Fighter», «Tekken», «Virtua Fighter», «Dead or Alive» каби компьютер ўйинлари бу туркумга киради. Демак, фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлмасангиз, қандай ўйинлар ўйнамаслиги лозимлиги ҳақида бироз бўлса-да тасаввурга эга бўлдингиз.

Боланинг мактабда устозига, синфдошига қурол ўқталиши, одам ўлдиришгача бориб етиши унинг «шутерлар» дунёсида яшаётгани, виртуал олам билан ўзи истиқомат қилаётган оламни бирдек қабул қилиши билан боғлиқ эмасмикин? Айнан шундай ўйинлар сабабли Америка мактабларида бугун тез-тез фожиали ҳодисалар содир бўлаётганини мутахассислар таъкидлашмоқда. Аммо ҳамма айбни узил-кесил компьютердаги қонли ўйинларга юклаб қўйиш ҳам адолатдан бўлмас. Демак, фикримизда давом этамиз.

Уйимиздаги ёвуз «муаллим»

Болангиз телевизор қаршисида. Қанақа кўрсатув, қанақа фильм ёки клипни томоша қиляпти? Кузатганмисиз, таҳлил қилганмисиз? Айрим хорижий телеканаллар орқали намойиш этиладиган фильмларга яқин-яқиндан бошлаб 7+, 12+, 16+ ва шу каби ёрлиқчалар қўйиладиган бўлди. Демак, намойиш шу ёшдан катталарга мўлжалланган, дегани. Демак, уни кичик ёшдаги томошабин кўрса, руҳиятига ёмон таъсир этиши мумкин, дегани. Аммо ўртага Хитой девори қуриб бўлмайди-да. Шафқатсизлик, одамкушлик, зулм, зўравонлик, қисқаси ёвузлик тарғиб этиладиган фильмларни болалар, ўсмирлар бемалол томоша қиляпти. Плюсларни қўйиш билан эмас,бундай фильмларга мовий экрандан жой бермаслик билан курашиш керак, аслида.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2010 йилнинг 1 январидан 1 октябрига қадар Россия телеэкранларида 300 дан зиёд хориж фильмлари намойиш этилган. Уларнинг аксарияти киши руҳиятида салбий эмоцияларни уйғотадиган жанрларда экан. Яъни зулм, инсон зотига нисбатан нафрат, душманлик ва ҳоказо. Билиб, билмасликка оляпсизми, хуллас фарзандингизни қотилликка, ёвузликка ўргатадиган «муаллим» шундоққина уйингизнинг тўрида турибди.

Жангари жанрдаги фильмларни «севиб» улғайган 17 ёшли йигит ҳақида интернетда маълумот берилган. Унда аввало бошқалар билан ўзаро муомалада қийинчилик туғилган. Ота-онаси, тенгдошлари билан баҳслашадиган, жанжаллашадиган одат чиқарган. Фильмларнинг онг остига таъсири натижасида ҳулқида тажовузкорлик, шафқатсизлик шакллана борган.

Мультфильмларнинг бола онгига жароҳат етказиши алоҳида бир мавзу. «Симпсонлар» ва «Гриффинлар» мультфильмини трансляция қилгани учун ота-оналар Россия телеканалларини судга беришган. Ниҳоят кеч бўлса-да тушуниб етишмоқда. Танага етказилган жароҳат битиб кетиши мумкин. Лекин қалбга етказилгани битмайди-да. Айниқса, мурғак қалбларга. Ҳатто Россияда психологлар 2х2 каналида намойиш этиладиган мультфильмларга қарши норозилик билдиришди. Фарзандларни ёмон йўлларга бошлайди, деган хулосага келишди.

Интернетда келтирилган маълумотларга кўра Японияда «Покемон» мультфильмининг 38-қисмини томоша қилганидан сўнг 500 нафардан зиёд бола тутқаноқ белгилари билан касалхонага ётқизилган. Бола онгини жароҳатловчи ахборотларнинг таъсирини англаяпсизми? Кўзга кўринмайдиган ёвнинг кучини чамалаяпсизми?

Бир неча йил муқаддам оммалашган «Телепузик» мульт­фильми галлюциногенлар таъсирида яратилганини асарнинг собиқ продюсери Сара Грэм тан олган. Маълумки, бундай воситаларни қўллаш болада бош мия фаолиятининг, идрок этиш ва тасаввур қилишнинг бузилишига, оқибатда унинг атроф-муҳитга бўлган муносабати, ҳиссиёти ва тафаккурлари ўзгаришига олиб келиши мумкин.

Ҳатто болажонларнинг севимли мультфильми «Том ва Жеррри»да ҳам тажовузкорликни ҳис қилиш мумкин. Ҳар иккала қаҳрамон ҳам асар давомида бир-бирига шафқатсизларча муносабатда бўлади, бир-бирини қийнайди, азоблайди. Тўғри охирида эзгулик ғолиб келади. Лекин қаҳрамонлардаги зўравонлик, меҳрсизлик ва бошқа иллатлар бола онгида муҳрланиб қолади-да.

Деярли ҳар куни эрталаб «Ёшлар» телерадиоканали орқали намойиш этилаётган сумурф деб номланувчи аллақандай беозор махлуқчалар ҳақидаги мультфильмни олиб қаранг. Ёвуз Гаргамелнинг хатти-ҳаракати, қилиқлари, айниқса сўкинишлари болага ёмон таъсир этмайди, деб айта оламиз-ми?

Олимлар замонавий мультфильмларнинг бола онгига таъсирини турли омилларда кўрсатишга уринишган. Шулардан биринчиси ранги. Яъни замонавий мультсериаллар ва мультфильмларнинг деярли барчаси ёрқин бўёқларда ишланган. Бўёқлар шунчалар ранг-барангки, ҳар доим ҳам бир-бирига мувофиқ келавермайди. Бу эса бола агрессивлиги ортишига олиб келаркан.

Иккинчи омил – товуш. Ҳозирги мультфильмлар кутилмаган товуш ва шовқинларга шунчалар бой-ки, бу боланинг чўчишига, бора-бора уларда қўрқув пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Навбатдаги омил сюжет билан боғлиқ. Замонавий мульт­фильмларнинг аксариятида сюжетларда чалкашликлар шунчалар кўп-ки, катта одам ҳам баъзан акс эттирилаётган воқеаларни тушунмай анграйиб қолади. Болада эса бундай ҳолатлар жаҳл чиқиши, асабийлашишга сабаб бўлади.

Тўртинчи омил салбий қаҳрамонларнинг жазосиз қолиб кетиши, нимани ҳоҳласа шуни қилиши билан боғлиқ. Бола руҳиятида ҳам кўнгил тусаган ишни қилиш мумкин экан, бу учун ҳеч қандай жазо йўқ, деган тушунча пайдо бўлади.

Бешинчиси мультқаҳрамонларнинг турли трюклари. Яъни сакраш, парвоз қилиш, муштлашиш ва ҳоказо. Болада ҳам бу ҳаракатларни бажариб кўриш истаги пайдо бўлади. Ахир, қаҳрамонлар тегирмондан бутун чиқяпти-ку. Демак бола хавфли трюкларни бажариб, ҳеч қандай жароҳат олмайман, деган фикрга боради. Болага ҳаётда бошқача бўлишини тушунтиришга тўғри келади. Ўйлайманки, фарзанд қалби, онгини бугун ҳимоя қилишимиз лозим бўлган салбий ахборотлардан айримларидан воқиф бўлдингиз.

Болаларининг эртасини ўйлаган миллат

Президентимиз қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» давлат дастурида «Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи белгилаб берилган.

Мамлакатимиз Президентининг 2014 йил 6 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури»га мувофиқ вояга етмаганларни турли маънавий таҳдидлар ва информацион хуружлардан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Бу бежизга эмас. Умуман мазкур йўналишда юртимизда кўплаб эзгу ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Инсонни камолотга, юксак марраларга чорлайдиган эзгу ғоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш бўлиб келган. Бугун глобаллашув, ҳаёт суръатларининг беқиёс тезлашуви шароитида бу курашда огоҳ бўлган, фарзандларининг эртасини ўйлаган миллат ютади.

Шерзод Толмасов

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Norbek Жавоб бериш
    6 oy олдин

    Yaxshi maqola bo’libdi. Muallif rozi bo’lsa Avto plyus gazetasida ham chop etardik.

    • Адҳам Ўрол ўғли Жавоб бериш
      6 oy олдин

      Ассалому алайкум. Муаллиф номи ва манфа сифатида “Tafsilot.uz” сайти кўрсатилса, “Авто плюс”да чоп этилишига эътирозимиз йўқ!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>