• Бугунги сана: Seshanba, Dekabr 12, 2017

Мактаб бизга нима беради?

«Халқ учун нондан сўнг энг муҳими мактабдир» деган эди XVIII асрдан туриб француз маърифатпарвари Дантон. Ўзимизнинг маърифатпарварларимиз бу борада ундан ҳам олдинроқ ягона тўхтамга келиб қўйишган.

«Мактаб» деган сўз тилимизда қанчалик кенг маънони англатмасин, унинг ўзагидаги «китоб» сўзи боис биз, энг аввал таълим даргоҳини, аниқроқ айтганимизда, умумтаълим мактабини тушунамиз.

Бизнинг тушунчамиздаги мактаб инсонни ҳаётнинг турфа имтиҳонларига тайёрлаб, жамиятга йўлланма берадиган ўзига хос муассаса. Бошқача айтганда, мактаб индивиддан шахсни камол топтирувчи маскандир. Унинг биринчи ва энг муҳим функцияси ёш авлодга фан асосларининг бошланғич тушунчаларини етказиш ва тарбия беришдан иборат. Шундан бўлса керак, муайян шахснинг жамиятда қандай ўрин тутиши унинг мактаб таҳсили даражаси билан ўлчанади.

Хўш, таърифини келтираётганимиз мактаб бугунимиз ва эртамиз учун нима бермоқда? Ўз номи билан халқ таълими тизимининг ўзагини ташкил этадиган умумтаълим мактаби бугун қай аҳволда? Бу ҳақда кўп гапирилмоқда, интеллигенция мулоҳаза юритишдан эринмаяпти.

Маълумки, мактабнинг «маҳсулоти» унда таълим олган ва олаётган ўқувчи, «маҳсулот сифати» эса ўқувчининг эгаллаган билими ва тарбияси билан ўлчанади. Гап ўз-ўзидан бугунги мактаб педагог кадрларининг савияси масаласига келиб тақалмоқда.

«2004 – 2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий Дастури» қабул қилинганига ҳам анча бўлди. Умумтаълим мактабларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, улар меҳнатини рағбатлантириш мазкур Дастурнинг асосий йўналишларидан саналади.

Эътироф этиш керак, ўтган вақт ичида бу йўналишда анча-мунча ижобий ишлар амалга оширилди. Дастур 2004 – 2009 йиллар учун мўлжалланган, демак ҳали жараён давом этади. Умуман, таълим ҳам тарбия каби бир кунлик ёки мавсумий вазифа эмас.

Бугун ислоҳотлар жараёнига эътиборсиз қарамасак, эртага «персонал танқислиги» ва миллат интеллектининг ўтмаслашуви каби муаммолар пайдо бўлишининг олдини олишга улуш қўшган бўламиз.

Бир дўстим куйиниб гапириб қолди:

– Мактабда ўқийдиган жиянимдан савол сўрадим. Жавоб беролмади. Мактаб боласи билиши керак бўлган оддий масалалар эди. Аччиқланиб сўрадим: Муаллиминг ким?

– Фалончи опа…

Танимас эканман. Суриштирдим. Таниб ҳайрон бўлдим. «Фалончи опа» ўзимнинг синфдошим бўлиб чиқди.

– Бунинг нимасига ҳайрон бўласан?

– Нега ҳайрон бўлмай ахир, ўша синфдошим мактабни зўрға битирганлардан эди-да!

– Бунақалар биздаям бор. Лекин бир нарса дейиш қийин, ўзининг устида ишласа, малакасини оширса одам ўсади, ўзгаради. Балки институтда яхши ўқигандир…

–Қанақа институт, коллежда ўқиганиниям… эшитмаганман. Янаям билмадим, балки хабарим бўлмагандир. Жиянимнинг отасига: «Болани бошқа синфга ўтказинг, чаласавод бўлиб қолмасин» десам, қўл силтаб: «Фойдаси йўқ, бошқа синфлариям шу-да. Репетиторга қатнаяптику. Тўққизни битирсин, лицейга бераман», дейди…

Ўқувчилик пайтимизда бир латифанамо гап бўларди. Яъниким, ота-оналар мажлисида «иккичи» ўқувчининг онасига фарзандининг ўзлаштириши пастлигини куйиб-пишиб тушунтирган ўқитувчига содда она шундай дейди: – «Майли индаманглар, боламнинг бўлган-бўлдиғи шу. Мактабни тугатиб олсин, маллим-саллим бўлар…»

«Маҳбуб ул-қулуб»да муаллимларни улуғлаб, болаларга ёзув-чизув, ҳисоб ва ўқишни ўргатиш заҳматини «одамдин келмас, қайси одамки, дев қила олмас» дея таърифлаган Ҳазрат Навоий уларнинг билими бошқа зиёлилардан эҳтимол камроқ бўлиши мумкин, лекин боланинг қалбида илм-маърифатга ошнолик ва иштиёқ ўтини ёққани боис улар олдида барча бирдай маънавий қарздор эканини айтади.

Бу билан ўқитувчиларнинг билим савиясини шубҳа ва танқид остига ташлаш ниятим йўқ. Илми уммон муаллимлар юртимиз мактабларида хоҳлаганча топилади. Улар чексиз ҳурмат-эҳтиромимиз ва таъзимимизни қабул қилсинлар. Аммо ана шундай том маънодаги муаллимлар орасига «адашиб» кириб қолган ва «ўқитувчилик – сабаби тирикчилик» қабилида юрганлар борлиги ҳам рост. Ёш авлоднинг чаласавод бўлиб қолишига сабабчи бўлаётганлар билан муроса чўзилиб кетди, назаримда.

Ачинарлиси, мактабни маош оладиган (ва стаж кетадиган) жой деб билганлар ва виждонан ишлаб, маърифати билан ёш авлод йўлини ойдин қилаётганлар деярли бир хилда маош олиб келишмоқда. Ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг тармоқ сеткасига ўтилиши масалага ечим беради, деб умид қилиш мумкин.

Бошқа томондан олганда савиясиз ўқитувчиларни аниқлаш ва баҳридан ўтиш кадрлар танқислиги шароитида маънисиз. Шусиз ҳам баъзи жойларда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж нафақа ёшидаги муаллимлар ва олий ўқув юртларининг юқори курс талабалари ҳисобидан тўлдириб келинмоқда. Сир эмас, орада мактаб масаласига бироз эътиборнинг камайиши маорифга қимматга тушди: юзлаб тажрибали, ўткир ўқитувчиларни қўлдан чиқариб юборди. Энди уларни бозордан қайтариш мушкул, қайтгандаям самараси номаълум.

Бир замонлар кўпчилик ўзбеклар фарзандларини «эски мактаб»дан олиб, «рус-тузем мактаби»га берганлар. Бугун ҳам шунга ўхшашроқ манзара пайдо бўлаётгандай. Кўпчилик ота-оналар фарзандини рус мактабларига қараб етаклаб қолган. Ғайирлик қилаётганим йўқ. Фақат…

Талабалик давримизда айрим домлаларимиз «европоток» талабаларининг билими ўзбек гуруҳидан кучли, деб такрорлашни хуш кўришарди. Турган гап, бу бизнинг иззат-нафсимизга тегмай қолмасди. Ўша домлаларга биз ҳам жавоб топдик: «Уларга дарс бераётган ўқитувчиларнинг ҳам билими кучли…»

Рус мактабларида миллий мактабларга қараганда яхшироқ таълим берилади, деган тушунча бугун пайдо бўлган эмас, фақат айни пайтда яна кучайгандай.

Лўнда гап, оз билган оз ўргатади. Лекин ана шунақа оз билганлар қандай қилиб муаллимга айланадилар? Уларни муаллимликка қабул қилган раҳбар, дейлик мактаб директорининг савияси қандай экан?

Бундан икки-уч йил олдин умумтаълим мактаблари директорлари учун ўтказилган аттестация натижалари бу саволга жавоб бўлади: 36 фоизи «эгаллаб турган лавозимига лойиқ», 27,3 фоизи «шартли равишда лойиқ», 14,4 фоизи(!) эса «эгаллаб турган лавозимига нолойиқ» деб топилган.

Бу рақамлар тизимдаги умумий аҳволдан хабардор кишида «аттестация таниш-билишчилик, ўзбекона юз-хотирчиликсиз ўтказилибди» деган хулосани пайдо қилади.

Айрим мактаб ўқитувчилари асос солган ўзига хос «бизнес» турларига кўникиб ҳам қолаяпмиз. «Қўшимча дарс» усули шулардан бири. Манзара бундай: муайян фан ўқитувчиси қизиқиши бўлган, шу фан билан боғлиқ соҳада олий маълумот олмоқчи бўлган ўқувчининг ота-онаси билан келишиб (ота-оналарнинг рози бўлишдан бошқа чораси ҳам йўқ), бу ўқувчига «қўшимча дарс» беради. Албатта бу дарс соатлари текин бўлмайди. Одатда ўқитувчи бундай дарсларини ўз уйида ўтади. Баъзи бирлари эса шундоқ мактабнинг ўзида, давлатга тегишли муассаса биносида шахсий бизнесини юритаверадилар… Қолган ўқувчилар сунъий равишда бу фан ўқитувчисининг билимларидан юзаки «баҳраманд» бўладилар. Яъни, дарс соатлари номигагина ўтилади.

Бу «бизнес»ни йўлга қўйган ўқитувчи яхши тушунади, агар дарсларини талаб даражасида ўтса, пуллик «қўшимча дарсга» ҳожат қолмайди. Ваҳоланки, ўқитувчига маош (гап унинг миқдорида эмас) дарс соатлари учун тўланади.

Бизда саводхонлик даражаси Осиёнинг анча-мунча давлатларидагидан юқори. Ишонтириб айтаман, бунда муболаға йўқ. Ана шу кўрсаткични (айни пайтда бу 99.34 фоизни ташкил этади) янада ошириш, ҳеч бўлмаганда шу ҳолатда сақлаб туришни мактабга бўлган эътибор ҳал этади.

Бир қарашда мактаб ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда аллақандай қўшма корхона ёки хориж инвестицияси каби муҳим рол ўйнамайдигандай туюлади. Лекин аслида ҳар қандай тараққиётга пойдеворни мактаб – халқ таълими қўяди. Технократия ва «товар фетишизми» устуворлашаётган жамиятларда ҳам бу инкор этилмайди.

Биринчи марта мактабга бораётган болани кузатганмисиз? У ҳали ўзи тузукроқ англаб билмаган орзуларига мактабда етадигандай чексиз иштиёқ билан отланади.

Мана шу беғубор иштиёқ бир бутун миллатнинг эртанги қиёфасини белгилайди. Нима бўлса бўлсин, болаларимиздаги ана шу иштиёқ сўнмасин.

Шавкат Ёдгоров

_________________

“Huquq” газетаси,

2005 йил, март


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Ismim shart emas Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Maktabni tanqid qilmaylik. Maktabning bo’lishi shu. Juda ham chiroyli remont qilingan, lekin bilim olish maskani emas. Xuddi o’zimizga o’xshab: Juda chiroyli kiyinamiz va qalbimiz, ilmimiz bo’m-bo’sh.
    Men maktabda o’tgan umrimga achinaman. Shunchaki avtobus kutayotgan odamdek umrim o’tishini kutganman, kutganman, kutganman. Yo’q, kutishga majburlashgan. Kollej ochilib qo’shimcha yana bir yil kutishni yoshlarga bonus qilib berdik.
    Maktab ajoyib sanatoriya. Kollej esa undanda zo’r kurort maskan. 19 yil dam olvolgach keyin yashashni birdan boshlavoramiz.

    • Абдирашид Жавоб бериш
      2 yil олдин

      Энг аввало, мавзу жуда муаммоли ва долзарб. Муаллифни шу маьнода табриклагим келади.
      Иккинчидан, бозор муносабатларига ўтиш шароитида таьлим сохасидаги ислоҳотлар янада чукурлашуви даркор. Мактабни мукаддаслиги, унинг инсон ва фуқаролик позициясини шакллантиришдаги ролини хеч ким инкор эта олмаса керак. Шу боис мактабда таьлим сифати бўлмас экан колгани эски хаммом . эски тос. Олий таьлимни унданда баттар сифатсиз махсулот кутади. Демак мактаб таьлимида илм-фан, тарбияни яхшиламай бир қадам қўйиш мумкин эмас. Миллий менталитетимизда танкидий фикрни қабул қилиш, вазиятни билиб туриб, уни унглаш учун ҳаракат қилмаслик огир гуноҳи азим.
      Ўқитувчи деган зотни шундай хурмат ва эьтиборга эга килиш керакки, укувчи учун ижтимоий идеал бўла олсин. Лекин,синфдошингизни кулидан етаклаб кучага чиқариб куймасангиз Сиз юртимиздаги демократик янгиланишга дахлдорлигингиз шубхали… Чунки у гоявий-мафкуравий душман. Фарзандларимизни зулматда саклаб ёвузликка хизмат қилмоқда. Давлатнинг маблагини харомдан еб, харомхўрларни уруғини купайтирмоқда. Энг ёмони ўша мактабдаги яхши домлани илм-маьрифатга бўлган қизикишини сундиради,таьлим сифатидаги илмий мухитни бузади.
      Мактаб таьлимини яхшилаш, жамият ижтимоий маьнавиятини белгилаб беради. Хозир ўқитувчи деганда фермернинг хизматкори, коммунал хизматлар инспектори, футбол яна кандайдир жамоаларни моддий қўллаб қувватловчи, ўқилмайдиган газеталарни обуначиси каби бир дунё касблар билан уйгунлашиб кетган сочлари оппоқ бечора бир киши.
      Рахматли отамларга домлаларим урсалар айтмасдим, эшитиб қолсалар ўша домлага рахмат дердилар. Энди таьлимда тан жазоси такикланган. Менга қолса шундай ўқувчилар борки, уларга тан жазоси мақсадга мувофиқ. Ўгил болалар учун у фойдали эркаклик этикаси шаклланади.Обама Баракни «демократия»сидан сакловчи иммунитетни хосил қилади. Миллий педагогикада яна бир қатор ўзгаришлар қилмасак ахволимиз газетада яхши бўлиб қолаверади холос.
      Гап куп, лекин мактабда ишлаш ва укиш замони келди…,

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>