• Бугунги сана: Payshanba, Oktabr 19, 2017

Макаржер водийсининг сири

 

Индиана тепалигидан тўққиз милча узоқликда, шимоли-ғарб тарафда Макаржер водийси ястанган. Аслида бу водий ҳам эмас, ўрмон қоплаган икки қиялик ўртасидаги пастқам жой. Бошидан охиригача (дарёлар каби водийларнинг ҳам боши ва охири бор) икки милдан ошмайди, энг кенг жойи ўн-ўн икки ярд чиқади. Водий бўйлаб қишда сувга тўлиб, эрта баҳорда жилдираб оққан сой ўтиб бўлмас тиконзор қоплаган қияликларни бир-биридан ажратиб туради. Пихини ёрган айрим маҳаллий овчиларни айтмаса, бу водийга деярли биров қадам босмайди. Ҳатто водийдан беш мил нарида яшайдиганлар ҳам унинг номини билмайди. Лекин, бошқа томондан, бу ўлкаларда овлоқ жойлар шунчалик кўпки, барининг номини ёдда сақлаш амримаҳол.

Макаржер водийсига тушиб борсангиз, ярим йўлда тоғ ёнбағрини ўнг томондан кесиб тушган, ери қақраб ётган яна бир кичикроқ водийни кўрасиз. Ҳар икки водий туташган жойда мўъжазгина майдонча ҳосил бўлган. Уч-тўрт йил бурун бу майдончада битта хонадан иборат хароба бор эди. Бунақа овлоқ жойга кулба қуриш фикри кимдан чиққани номаълум. Гап-сўзларга қараганда водийдан оққан сойнинг ўрнида бир пайтлар йўл бўлган экан. Тоғ ёнбағридан маъдан қазиб олиш учун келган, от-араваларига асбоб-анжом ва егулик ортган бир гуруҳ ишчилар ҳам бу ерда маълум вақт яшаган дейишади. Лекин тоғдаги кондан олинган даромад водийни гуллаб-яшнаган шаҳарчага айлантиришга етмаган, шекилли, бу ерда қарийб вайрона кулбадан бошқа бино қурилмаган. Эшик-деразасиз бу кулбанинг тош ва лойдан тикланган мўрисини ёввойи ўт-ўлан босгани боис, у хунук қўққайиб турарди. Ичкаридаги жиҳозлар ва деворга қопланган тахталарни овчилар гулханга қалаб ёқиб юборишган, уйнинг биқинидаги суви қуриб қолган қопқоқсиз қудуқ эски ўрани эслатади.

1874 йилнинг ёзида сой ёқалаб юриб, кичикроқ водийдан Макаржер водийсига ўтдим. Мен бу ерларга бедана овлагани келгандим, тўрвамда аллақачон ўнтача қуш бор эди. Кулбага кўзим тушгач, яқин бориб ичига мўраладим-да, кейин овни давом эттирдим. Ўша куни овим бароридан келиб, водийда кун ботгунча қолиб кетдим. Энди уйимга қайтишга кеч бўлган, бу ерларда тунда юриш хавфли.  Тунаш учун кулба, қорин тўйдириш учун тўрвам тўла бедана бор эди. Шуни ўйлаб, пинагимни бузмадим. Аслида Сьерра Невада тоғларида ҳаво доим илиқ бўлади, шу боис алоҳида бошпана ҳам шарт эмас. Қарағай баргларини тўшаб ёпинчиқсиз ҳам бемалол ётавериш мумкин. Бунинг устига мен ёлғизликни ва табиатни яхши кўраман. Хуллас, тунни кулбада ўтказишга қарор қилдим. Қоронғи тушганда уйнинг якка-ю ягона хонасига шох-шабба тўшаб, бузилган ўчоққа ўтин қалаб ёқдим-да бедана қовурдим. Олов хонанинг зах тортган деворларини ғира-шира ёритарди. Сувим тугагани учун гўштнинг устидан вино ичиб, жимжитликда мириқиб дам олдим. Табиат қўйнидаги бундай сукунат тўкин дастурхон атрофидаги ғала-ғовур меҳмондорчиликдан минг бора афзал.

Лекин барибир мени нимадир безовта қиларди. Атрофнинг жимжитлигини кўриб-билиб турсам-да, нимадандир ҳадиксираб, кулбанинг қўпориб олиб ташланган эшик-деразаси ўрнидан ташқарига тез-тез аланглаб қараётгандим. Ташқаридаги тун зулмати юракка ғулғула солар, кўзимга қўрқинчли олабўжилар кўринаётгандек туюларди. Тоғда гризли айиғи яшашини эшитгандим. Йиртқичнинг водийга тушиб келиши эҳтимоли кам бўлса-да, юракдаги ваҳима чекинай демасди.

Тунда эшик-деразасиз уйда ёлғиз ётган одам ойдалада қолган кишидан кўра кўпроқ чўчишини биласиз. Ўчоқда милтиллаётган оловга термилганча хона бурчагидаги шох-шабба устида чўзилиб ётарканман, юрагим баттар безовта дукиллай бошлади. Оловнинг чўғи ўчгач, ёнимдаги милтиғимни қўлимга олдим-да зимистонда кўз илғамайдиган эшик ўрнига тўғирладим. Бармоқни тепкига текизиб, нафасимни ичимга ютганча кулбага бостириб кирадиган махлуқни кута бошладим. Кейин ўзимнинг бу қилиғимдан уялиб, милтиқни жойига қўйдим. Кап-катта одам нимадан қўрқяпман ўзи? Қанчадан-қанча тунларни табиат қўйнида ўтказган бўлсам. Ёлғизлик, зулмат менинг доимий ҳамроҳларим-ку ахир. Ҳе йўқ, бе йўқ, қуёнюрак бўлиб қолганимнинг сабабини ўйлай-ўйлай ухлаб қолибман.

Тушимда бегона бир мамлакатнинг улкан шаҳрида юрганмишман. Атрофдаги одамлар ажнабий тилда гапиришаётган бўлса-да, менга тушунарли туюлармиш. Лекин қуюқ туманда уларнинг юзи ғира-шира кўринаркан. Шаҳар марказида катта қаср қурилган бўлиб, унинг номини биларканман, бироқ айта олмасмишман. Замонавий бинолар, эски кулбалар, деворлари нақшинкор қадимий обидалар жойлашган кенг ва тор кўчалар бўйлаб кимнидир қидириб кетаётган эканман.

Излаётган одамимни танимасам-да, унинг қаерда яшашини билганим учун жинкўчаларда адашиб қолишдан қўрқмай гоҳ ўнгга, гоҳ чапга бурилиб, ниҳоят бир ҳунарманднинг одмигина тошли уйи ёнида тўхтабман.

Эшикни таққиллатмай ичкарига кирибман. Учбурчак ойнали биттагина деразаси бор, наридан-бери жиҳозланган хонада бир аёл ва бир эркак ўтирганмиш. Улар менга эътибор беришмабди – тушда бунақа муносабат табиий туюлади. Улар жанжаллашиб қолгандек, чурқ этмай хонанинг икки бурчагида хўмрайиб ўтирганмиш.

Тўлачадан келган аёлнинг чиройли шаҳло кўзлари ёдимда қолди, лекин юзини эслолмайман. Тушда одам бунақа икир-чикирларга эътибор бермайди. Жувон елкасига катак рўмол ташлаб олган.

Хонанинг тўрдаги бурчагида ўтирган эркакнинг ёши аёлникидан каттароқ бўлса керак. Қаншаридан мўйловигача тушган чандиқ унинг бадқовоқ қорамағиз юзига ваҳимали тус берганди. Тушимда гўё чандиқ унинг юзига тегиб-тегмай ҳавода муаллақ тургандек. Аёл билан эркак эр-хотин эканини хонага кирган заҳотим пайқагандим.

Кейин нима бўлганини эслолмайман. Тушимда кўринган манзара аста-секин хиралашиб қаёққадир ғойиб бўлди-ю, кўзимни очиб водийдаги хароба кулбада ётганимни эсладим.

Ниҳоят юрагимни безовта қилаётган аҳмоқона ваҳима босилди. Ўчоққа тушган шох-шаббадан қайта алангаланган гулхан хонани ёритиб турар, ташқари ҳали қоронғи эди. Бор-йўғи беш-ўн дақиқа мизғиган бўлсам-да, кўрган тушимдан таъсирланиб уйқум қочиб кетди. Ўрнимдан турдим-да тамаки тутатиб телбаларга ўхшаб тушда кўрганларимни ўзимча муҳокама қила бошладим.

Мен тушимда Эдинбург шаҳрида бўлгандим. Аслида бу шаҳарни ҳеч кўрмаганман. Шунинг учун унинг номини билишим мени ҳайратга солди. Ичимда нимадир тушда кўрганларинг жуда муҳим, дерди.

– Мак-Грегорлар у ерга Эдинбургдан келган-ку, – деб ҳайқириб юбордим бир маҳал.

Дастлаб айтган гапим ўзимга табиийдек туюлди. Кейин нималар деб валдираяпман, деб ўйладиму хохолаб кулиб юбордим. Тушимга кирган одамларнинг исмини қаердан биламан? Трубкамнинг кулини тўкиб шох-шабба устига чўзилдим-да, кўрганларимни тезроқ унутиш учун бошқа нарсалар ҳақида хаёл сурдим. Ниҳоят ўчоқдаги олов сўнгги бор гуркираб ўчди ва хона яна зим-зимистон бўлиб қолди.

Бир маҳал хонага тепадан нимадир гурс этиб тушди-ю, пол титраб кетди. Ўтакам ёрилиб сапчиб турдим-да, пайпаслаб милтиқни қидира бошладим. Дастлаб бирор йиртқич ҳайвон кирдиёв, деб ўйладим. Лекин кўп ўтмай полга қўшиб деворлар ҳам силкина бошлади. Шу пайт ёнгинамдан зарба товуши ва оёқларнинг тапиллагани эшитилди. Кейин аёл кишининг чинқирган овози келди. Бунақа даҳшатли чинқириқни умримда биринчи марта эшитишим. Қўрққанимдан ҳайкалдек қотиб қолдим. Сўнг бир амаллаб милтиқни топдим-да атрофимдаги зулматга аланглай бошладим. Энди аёл чинқиришдан тўхтаб, жон талвасасида хириллашга тушди. У ўлаётганди!

Кўзим зулматга ўргангач, аста-секин эшик ва дераза ўрнидаги тирқишу деворларни фарқлай бошладим. Полга диққат билан разм солдим. Хонада мендан бошқа ҳеч зоғ йўқ эди, бояги ваҳимали товушлар ҳам тинганди.

Қалтираётган қўлим билан бир амаллаб оловни ёқиб атрофни кўздан кечирдим. Хона бўм-бўш эди. Чанг босган полга фақат менинг оёқ изларим тушганди. Уйнинг деворидан уч-тўртта тахтани суғуриб олдим-да (ўтин учун ташқарига чиқишга юрак дов бермасди) синдириб оловга ташладим. Тонггача трубка тутатиб, гулханнинг олдида ўтириб чиқдим…

Орадан бир неча йил ўтгач Сакраментода Морган деган одамнинг уйида меҳмон бўлдим. Сан-Франсискодаги дўстим мени унинг олдига юборганди. Морган тажрибали овчилардан экан, уйининг деворларига сон-саноқсиз ўлжа илинганди. Бирга тушлик қилаётганимизда у овдаги жасоратлари ҳақида гапираётиб, менга таниш ўлкалар номиниям тилга олди.

– Мистер Морган, – дедим мезбонимнинг гапини бўлиб. – Макаржер водийсидаям ов қилганмисиз?

– Бўлмасам-чи! – деди у. – Ўтган йили ўша водийда одам суякларини топиб газеталарга хабар юборганман.

Мен бу янгиликдан бехабар эдим. Шарқда юрганимда газетада чиққан бўлса керак.

– Айтмоқчи, водийнинг номини кўпинча нотўғри талаффуз қилишади, – деди Морган. – Аслида Мак-Грегор водийси… Азизам, – у хотинига мурожаат қилди. – Мистер Элдерсоннинг виноси тўкилди.

Водийнинг асл номини эшитиб қўлимдаги қадаҳни полга тушириб юборгандим.

– Бир пайтлар ўша водийда эски кулба бўларди, – деди мезбон хотини полни артиб бўлгач. – Лекин мен дўстим билан овга боришимдан уч-тўрт ой бурун кулбани яшин уриб ёниб кетибди. Ёғоч деворлар қулаб полнинг тахталари кўчган экан. Дўстим иккимиз полнинг остида катак рўмолга ўхшаш мато кўрдик. Эътибор бериб қарасак, мато куйган териси устихонига ёпишган аёлнинг жасадига ўралган экан. Мурданинг аҳволини батафсил таърифласам хотинимнинг мазаси қочади…

Шундай деб Морган кулиб қўйди. Ростдан ҳам уй бекасининг юзида ачиниш эмас, жирканишга ўхшаш ифода пайдо бўлганди.

– Лекин бир нарсани айтмасам бўлмайди, – деди Морган. – Жасаднинг бош чаноғи икки жойидан чўкичнинг сопи билан уриб ёрилган, қон юқи ёпишган қотиллик қуроли ҳам полнинг тагида ётарди.

Кейин у хотинига ўгирилди:

– Азизам, эр-хотин ўртасидаги жанжал баъзан мана шунақа фожиаларга олиб келади. Шундай экан, буёғига чизган чизиғимдан чиқа кўрма.

– Гапни қаёққа бураётганинг аввалдан маълум эди ўзи, – деди хотиниям бўш келмай.

– Хуллас-калом, изқуварлар марҳум Жанет Мак-Грегор бошига берилган зарбадан ўлган, деган хулосага келишди, – гапида давом этди Морган. – Далиллар қотил унинг эри Томас Мак-Грегор эканини кўрсатарди. Лекин Томас аллақачон дом-дараксиз кетган эди. Айтмоқчи, эр-хотин водийга Эдинбургдан кўчиб келишган экан… Азизам, мистер Элдерсон қўлидаги гўштни сувга тушириб юборди.

Эдинбург ҳақида эшитиб, жўжа оёғини қўлни чаядиган товоққа ташлаб  юборибман.

– Кулбадан Мак-Грегорнинг суратиям чиқди. Лекин унинг ўзини барибир топишолмади.

– Расмини кўрсам бўладими?

Фотосуратдан бир неча йил бурун тушимга кирган, юзида чандиғи бор, турқи совуқ киши тикилиб турарди.

– Ўзи ўша водийга нега бунча қизиқиб қолдингиз, меҳмон?

– Водийда… хачирим йўқолганди. Тополмай роса қийналгандим.

 Азизам, – деди Морган хотинига. – Мистер Элдерсон хачирини йўқотганидан таъсирланиб, кофесига мурч солиб қўйди.

Рус тилидан А.Отабоев таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>