• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Мақсуд Саломов: маҳкумлар пенсия олиш ҳуқуқига эгами?

Бир неча кун олдин, «Tafsilot.uz» сайтида «Маҳбуслар пенсия олиш ҳуқуқига эга» деб номланган савол-жавобни ўқидим. Унда озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган маҳкумлар, қонун ҳужжатларига биноан, пенсия олиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида маълумот берилган. Савол-жавобда келтирилган маълумотлар менга етарли эмасдек туюлди ва бунга аниқлик киритиш учун бир-нечта қонун ҳужжатларини ўрганиб чиқдим ва бунинг натижасини қуйида батафсил келтириб ўтаман.

Дастлаб, «маҳкум» тушунчасини кўриб чиқамиз. 2010 йил «Адолат» нашриёти томонидан нашр қилинган «Ўзбекистон юридик энциклопедия»га кўра, маҳкум қонун билан тақиқланган муайян жиноятни содир этгани учун суд томонидан айбдор деб топилган шаxс ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 43-моддасига биноан, жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларга нисбатан қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:

а) жарима;

б) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;

в) ахлоқ тузатиш ишлари;

г) хизмат бўйича чеклаш;

д) қамоқ;

д1,) озодликни чеклаш;

е) интизомий қисмга жўнатиш;

ж) озодликдан маҳрум қилиш;

з) умрбод озодликдан маҳрум қилиш.

Маҳкумларга асосий жазолардан ташқари ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ҳам қўлланилиши мумкин.

Энди маҳкумнинг пенсия олиш ҳуқуқи ҳақидаги қонун нормаларини кўриб чиқамиз. Жиноят-ижроия кодексининг 9-модда 1-қисм 7-банди, шунингдек, Ички ишлар вазирининг 2012 йил 29 декабрдаги 174-сонли буйруғи билан тасдиқланган ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 29 июлда рўйхатдан ўтказилган «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидалари»нинг 5-боб, 69-қисмига кўра, маҳкумлар ижтимоий таъминот, шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Юқорида келтирилган икки ҳужжат нормаларига қарайдиган бўлсак, озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумлар пенсия олиш ҳуқуқига эга, деган қоида келиб чиқадигандек кўринади.

Лекин 1993-йил 3-сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 62-моддасида «Пенсионер озодликдан маҳрум қилинган тақдирда тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган давр учун тўхтатиб қўйилади», деб белгилаб қўйилган. Ушбу моддага кўра, пенсионер, яъни пенсия тайинланган ва пенсия олаётган шаxс жиноят содир этса ва бу жинояти учун унга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланса, ушбу жазони ўтаб бўлгунига қадар унга пенсия берилмайди.

Шу ерда савол туғулади: юқорида келтирилган қонун ҳужжатлари қоидалари бир-бирига қарама-қарши эмасми?

Йўқ, қарама-қарши эмас. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодекси ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидалари»да «қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга» деб белгиланган бўлиб, ушбу норма пенсияга оид муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларида маҳкумларнинг пенсия олиши белгилаб қўйилган бўлса ёки уларда маҳкумларни пенсия олиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги қоидалар белгиланмаган бўлса, маҳкум пенсия олиш ҳуқуқига эга эканлигини назарда тутади.

Пенсия муносабатларини тартибга солувчи асосий қонун «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун ҳисобланади ва унда пенсионер озодликдан маҳрум қилинган тақдирда тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган давр учун тўхтатиб қўйилиши белгиланган. Демак, пенсия олаётган шаxс содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилса, ушбу жазони ўтаб бўлгунга қадар пенсия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Шуни эътиборга олиш керакки, пенсионер Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 43-моддасида санаб ўтилган бошқа турдаги жазога (умрбод озодликдан маҳрум этиш бундан мустасно) ҳукм этилса, унинг пенсия олиш ҳуқуқи тўxтатиб қўйилмайди ва у пенсия олишда давом этаверади. Масалан, пенсионер жиноят содир этди ва содир этган жинояти учун суд томонидан унга жарима жазоси белгиланди. Бундай ҳолда маҳкум жаримани тўлайди, лекин унинг жарима жазосига ҳукм қилинганлиги пенсия олиш ҳуқуқини бирор бир тарзда чекламайди ва у пенсия олишда давом этаверади.

Шу ўринда яна бир ноаниқлик туғулади: юқорида келтириб ўтагнимиздек, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунда пенсионер (яъни жазога ҳукм қилинаётган пайтда пенсия олаётган шаxс) озодликдан маҳрум қилинган тақдирда тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган давр учун тўхтатиб қўйилиши белгиланган. Xўш, унда пенсионер бўлмаган шаxс содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинса-ю, ушбу жазони маълум қисмини ўтаганидан кейин пенсия ёшига етса, унга пенсия тайинланадими ёки жазони ўтаб бўлгунига қадар пенсия олиш ҳуқуқига эга бўла олмайдими?

Юқоридаги саволга жавоб беришда икки xил ёндашиш мумкин:

1) Қонунда айнан «пенсионер» деб келтирилган. Шундай экан, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинаётганда пенсионер бўлмаган, лекин жазонинг маълум қисмини ўтагач, пенсия ёшига етган маҳкумлар жазони ўташнинг қолган муддатида пенсия олиш ҳуқуқига эга.

2) Пенсионернинг озодликдан меҳрум қилиш тарзидаги жазога ҳукм қилиниши унинг жазони ўташ муддати давомида пенсия олиш ҳуқуқидан маҳрум этар экан, мантиқан, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган пайт пенсионер бўлмаган, лекин жазони ўтаётган вақтда пенсия ёшига етган маҳкум ҳам, жазони ўтаб бўлгунига қадар пенсия олиш ҳуқуқига эга бўла олмайди.

Кўришимиз мумкинки, қонуннинг 62-моддасида келтирилган қоида етарлича аниқ ва тушунарли қилиб белгиланган деб бўлмайди. Бу эса ушбу модданинг турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 62-моддаси «Ушбу қоида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган пайтда пенсионер бўлмаган маҳкумларга тадбиқ этилмайди» ёки «Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган вақтда пенсионер бўлмаган, лекин жазони ўташ даврида пенсия ёшига етган маҳбуслар ҳам жазони ўташ даврида пенсия олиш ҳуқуқига эга бўла олмайди» тарзида аниқлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди деб ўйлаймиз.

P.S: Ушбу мақола 2016-йил 15 март куни амалда бўлган қонун ҳужжатлари асосида тайёрланди.

Мақсуд Саломов,

блогер


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>