• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Маданий мафия

Бундан беш-олти йилгина муқаддам “мафия”, “рэкет” деган сўзлар биз ўзбекларга ажнабий бир тушунчалар бўлиб туюларди. Не бахти қароликки, бугун бу сўзлар ҳам, унинг замиридаги ҳодисотлар ҳам “ўзимизники” бўлиб қолди. Улар Ўзбекистонга чет элдан экспорт қилиндими ёки собиқ бепоён мамлакатдан келдими, буни келажакдаги йирик тадқиқотлар кўрсатади. Ҳозирча эса қайта қуриш даврида Ўзбекистонни Россиянинг ўзига хос маданий мафияси эгаллаганлигини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ўзбекистонни “тозалаш” учун келган бу ўртоқлар уни ифлослантириб кетганининг, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш учун келиб уни дабдала қилиб кетганларининг гувоҳи бўлдик. Мафия дегани менинг тушунишимча, катта-кичик амал курсиларида ўтирган одамларнинг шахсий манфаатлар, қинғир ниятлар йўлидаги ўзаро ҳамтовоқлиги, ҳаммаслаклигидир. Қайта қуриш йилларида Ўзбекистонни “қонуний” тарзда эгаллаган марказий мафия фаолиятидан истаганча мисоллар келтириш мумкин. Ўз юртида кичкинагина бир шифохонанинг бош врачи бўлган шоввоз йигитча — Русинов деган зот икки миллион аҳолили пойтахт шаҳарнинг соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси бошлиғи лавозимига шаҳар партия комитетининг биринчи котиби Сатин томонидан ўтказиб қўйилгач, бир ярим йил ичида 270 та “Москвич”, “Волга” машиналарини соттириб юборибди. 1988 йилда “списать” қилиб сотилган бу машиналар орасида ўша йили заводдан чиққанлари ҳам анча эди.

Хўш, Русиновнинг бу ноқонуний қилмишидан “дод” деб кимга бориш керак? Шаҳар милиция бошқармасигами? Марҳамат, боринг, у ерда ўртоқ Клапушевский бошлиқ. Шаҳар прокуратурасигами? У ерда ўртоқ Тёркин прокурор. Республика прокуратурасигами? У ерда ўртоқ Бутурлин прокурор. Шаҳар партия комитетигами? У ерда “Русиновнинг тоғаси” дейилган Сатин раҳбар. Булар ҳаммаси — Ўзбекистонга “софлик” олиб келишга даъват этилган “десантчилар” гуруҳининг аъзолари. Ниҳоят, Ўзбекистон халқ назорати комитетига шикоят ёзишибди. Назоратчилар текшириб, Русиновнинг ноқонуний хатти-ҳаракати оқибатида давлатга 170 минг сўм зарар етказилганини аниқлаб, унга… ҳайфсан эълон қилишибди. Чунки Ўзбекистон халқ назорати комитетининг раиси ўртоқ Ефимов эдилар. Анишчев деган машҳур шахс эса баланд минбарлардан туриб “Биз (“десантчилар” демоқчи — Ҳ.О.) икки юз кишимиз!” дея кўкрагига уришдан ўзини тиёлмаганди. У расман Ўзбекистон КП МКнинг иккинчи котиби, амалда эса “маданий мафия”нинг қудратли босси эди.

Кичикроқларининг қилиқлари ҳам ҳазилакам эмас: шаҳар прокурори Тёркинни хотини “Тошкент” меҳмонхонасида ўйнаши билан тутиб олиб тўполон кўтаргач, унинг ўринбосари Паньковни эса “Россия” меҳмонхонасида маст-аласт бўлиб милициянинг қўлига тушгач муддатидан илгари прокурорликдан четлаштириб, келган жойларига жўнатворишди. Улар ва уларга ўхшаш бошқалар Ўзбекистонда қандай тартиб-интизом ўрнатиши мумкин эди? Ҳеч қандай! Аксинча, ақлли, ишбилармон кадрларни қийратдилар, ноқонуний жиноий ишларни “ижод” қилдилар. Ноқонуний қама-қамалар билан машғул бўлдилар.

Табиий бир савол туғилади:  ўша пайтларда “ўзимизнинг” ҳуқуқшунослар қаёққа қарадилар, “устозлар”нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қаршилик кўрсатадиган бирорта мард йўқ эдими? Бор эди! Бироқ улар камчиликни ташкил қилишарди. Бутун ҳокимият “десантчилар” қўлига ўтиб кетган шароитда очиқ-ойдин курашолмас эдилар. Шундайлигини кўриб-билатуриб курашишдан қайтмаганлар ҳам бўлган. Шуларнинг бири — Нурмат Латибжонов.

У Москва десантчилари Ўзбекистонда кадрларни, хусусан, маъмурий органлардаги билимдон кишиларни ноҳақ қатағон қилаётганликларини айтиб Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Дидоренконинг қабулига кирган. “Улар”нинг раҳбари айнан Дидоренко эканини билмагани боис унга “Сизлар Теплов (вазирнинг кадрлар бўйича ўринбосари) билан ўзбек милиция кадрларининг яксон қилинишига томошабин бўлиб турибсизлар”, деган.

Бу билан, ёш милиция майори ноҳақ ишдан четлатишлару ноқонуний жиноий жавобгарликка тортишларнинг олдини оламан деб ўйлаган, ўзича. Ўшандан кейин унинг… эси кирди. Аниқроғи, эсини киритиб қўймоқчи бўлишди. Орадан кўп ўтмай, Андижон вилоят прокурорининг ўринбосари Ульянов (“десантчилар”дан бири) Латибжонов устидан жиноий иш қўзғатди.

Ана энди миллат қўриқчиси ўзини қўриқлаш пайида бўлиб қолди. Ҳимоя излаб республика прокурорининг ўринбосари Гайданов қабулига кирди. У тергов бўлимининг бошлиғи Лаптевни чақириб: “Бир сутка ичида мана шу шовинистни ҳибсга олишга материал тайёрланг”, деб буюрди. “Занжир”нинг пухталигини қаранг: Дидоренко — Гайданов — Лаптев: ҳаммаси “десантчилар” гуруҳидан. Республика маъмурий органлари буткул шуларнинг қўлида. Дод деб яна кимга борасан?

— Қулоқ сол, ватанпарвар, — деди Лаптев Нурмат билан бироз “дўстона” суҳбатлашгандан кейин. — Бизнинг содиқ одам бўласан. Олег Ивановичга айтаман, Дидоренкога қўнғироқ қилади — ҳаммаси тинчийди.

Нурматнинг қони қайнаб кетди. Энди бир ками буларга айғоқчилик қилиб, ўз миллатини қиришга кўмакдош бўлиши қолувмиди?

Майор ўша онда ўзи учун ягона мақбул йўлни танлади: ўрнидан турди, ўқрайди. Лаптев унинг дароз гавдасидан сесканди, Нурмат айтадиганини айтди, деганини деди ва қўл силтаб чиқиб кетди.

Уйига бормади. Барибир уни тинчгина юргани қўйишмасди. Тошкентда ошна-оғайниларининг уйида “яшириниб” яшади. Лекин шунчаки яшириниб ётмади, ишлади. “Десантчилар”га қарши ишлади. Ишни Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Одил Ёқубовга учрашишдан бошлади. Ўша даврда энг ишончли, виждонли, йўқотадиган амалидан қўрқмайдиган тоифа — ёзувчилар эди. Шуларгина миллат ор-номусини ҳимоя қилишга жазм эта оларди. Маслаҳатлашиб Дидоренко ва бошқалар тўғрисидаги материалларни тўплашди. Улар ҳибсда ётган жиноятчиларга милиция формасини кийдириб жиноятга жўнатиш каби ифлосликларни ҳам қилиши тўғрисидаги ҳужжатлар қўлга киритилди.

Масалан, ушбу мактуб: “Чилонзор район ички ишлар бўлими бошлиғига. Сизга Соловьёв ва Баширов фалончиларни “обработка” (ўзбек тилида бу манфур “хизмат”нинг тўла маъносини берадиган сўз тополмадим — Ҳ.О.) қилиш учун жўнатиляпти”.

Бу материаллар асосида президент Каримовга хат ёздилар.

— Мен президентимиз ўша даврда қўрқмасдан “десантчилар”ни келган жойига қайтариб юборишни бошлаганидан қаттиқ суюнганман, — дейди Латибжонов. — Бунинг учун катта юрак ва миллатпарварлик керак. Бу фазилатларга эга бўлмаган бошқа бир раҳбаримиз эса Россия ва бошқа республикалардан дорнинг тагидан қочганларни йиғиб Ўзбекистонга “тартиб ўрнатиш” учун олиб келган эди. Улар қанақа тартиб ўрнатгани бугун ҳаммага маълум. Қонунсизликнинг гуллаб-яшнаши оқибатида республика туб аҳолисига мансуб юзлаб ақлли кадрлар, миллатнинг гуллари бевақт хазон бўлди, сўлди.

— Нега ички ишлар вазирлигимиз ҳамон қаддини тиклаёлмаяпти, биласизми?! — дейди подполковник қизишиб. — Юзлаб чаласавод ҳуқуқшунос-десантчилар масъул лавозимларга ўтқазиб қўйилган эди. Улар ишни яхшилай олармиди — йўқ! Фақат бугунги маишатию чўнтагини ўйларди. Шу тариқа вазирлик иши изидан чиқиб кетди. Бугун бу маҳкамага раҳбар бўлиб келган, оддий милиционердан вазир даражасига кўтарилган Зокиржон Алматов энди вазирликни оёққа қўйишига ишонаман. “Ёрдамчилар” эса кўплари елкасида битта рюкзак билан келишган эди, контейнерлар билан қайтиб кетишди. Бунга менинг ҳужжатларим бор, ўзим “жўнатганман” контейнерларни.

“Нега жўнатмасдан олиб қолмадингиз” деган саволни бермоқчи бўлдиму, лекин нафақат жўнаб кетган контейнерларни олиб қолиш, балки Тошкент шаҳрининг ўзида бир неча ўнлаб ноқонуний квартираларни бўшатиб ололмаётганимиз эсимга тушди. Шаҳар марказидаги шинам, кўп хонали ўнлаб бу квартираларда ҳозир ҳам қаёқларгадир жўнаб кетган “десантчи” прокурору терговчиларнинг эридан ажраган хотини, боласи ё онаси,  ёки шунчаки ўйнаши истиқомат қилишмоқда…

— Қонунбузарликка йўл қўйганлар устидан жиноий иш қўзғаб, уларни хабарнома билан сўроққа чақириш керак, — дейди Н.Латибжонов. — Гайдановнинг 38 кишини ноқонуний равишда ҳибсга олгани бугун қонуний тасдиқланди. Нега уни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас? Мумкин ва керак!

Н.Латибжонов Андижон темирйўл милициясига бошчилик қилаётганига салкам икки йил бўлди. Бу давр ичида жиноятларни очиш, ўғирлик ва талон-торожни камайтириш, олдини олиш каби барча кўрсаткичлар мунтазам яхшиланиб бормоқда. Жамоа Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларидан ўтган 400 километр масофадаги темирйўлда, 28 станцияда хизмат қилади. Ўтган йили 1100 дан ортиқ жиноий ҳаракатлар тўғрисида хат ва аризалар келиб тушди. Ҳаммаси бўйича текшириш олиб борилди, 320 таси бўйича иш қўзғатилди, 180 жиноят бўйича жиноят содир этган шахслар аниқланиб, қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилди. Одам ўлдириш, зўрлаб номусига тегиш, оғир даражада тан жароҳати етказиш, босқинчилик, талончилик, фирибгарлик каби жиноятларнинг ҳаммаси очилди. Темирйўл станцияларида халқ хўжалик юкларини ўғирлашга қарши кураш кучайтирилмоқда. Кўп вақтдан бери ўғирлик билан шуғулланиб келган 20 кишилик жиноий гуруҳ қўлга олинди, бир қотил топилиб, жиноят содир этилган жой прокуратурасига — Самарқандга жўнатилди, 22 килограмм гиёҳ моддаси ушланди. Айни пайтда…

Ўтган йилнинг ўзида унинг идорасини ва ўзини 6 бор комиссия текширди. Ҳеч нима топишолмади.

— Бу комиссиялар ҳам ўта куюнчаклигингизнинг маҳсули шекилли. Сиздаги бунақа табиат туғмами ёки шаклланганми?

— Бу нарса шаклланмаса керак, лекин ҳаётда тобланган бўлиши мумкин. Менинг тақдирим онамнинг отаси — бобом Қодиржон Матқосимовнинг тақдирига ўхшайди. У киши Избоскан районида, Хоразм вилоятида “биринчи” бўлганлар, 3 марта отувга ҳукм қилиниб, иншоолло, ўз ажаллари билан оламдан ўтганлар. Менинг ҳам устимдан уч марта жиноий иш қўзғатилди… Бобом ўз вақтида халқим, миллатим деган бўлса керакки, пахта яккаҳокимлигига қарши чиқиб Хрушчевга хат ёзган. Етмиш йил компартия сафида бўлганлар, тўқсондан ошиб бандаликни бажо келтирдилар. Ўшанда тепаларида эдим. “Партбилетимни олиб бер, бир кўрай” дедилар. Келтириб бердим. Қалтироқ қўлларида тутиб, “Мен партияга содиқ ўляпман, лекин буни ҳозирги партия раҳбарларига топширма, музейга қўямиз деса ҳам берма”, дея жонлари узилди. Партбилет менда. Ўзим эса партияга кирмадим. Коммунист бўлмаган саноқли милиция бошлиқларидан бири эдим…

— Нурмат ака, ички ишлар соҳасининг тажрибали бир ходими сифатида Талабалар шаҳарчасидаги нохуш воқеаларнинг туб илдизлари қаерда деб ўйлайсиз?

— Бу ҳақда ҳурматли президентимиз жуда ҳаққоний фикрларни айтдилар. Мен у кишининг жонкуярлик билан, куйиниб айтган гапларини такрорламасдан, ички ишлар вазирлигининг бир ходими сифатида ўзимни ва ҳамкасбларимни яна бир марта ўйлашга мажбур қилаётган мулоҳазаларимни айтмоқчиман. Бу қора парда, сирли ўйинлар ортида улкан кучлар, манфаатлар турганлигини фош этмоқ учун ана шу қора пардани бешафқат йиртмоқ лозим.

Москвадаги август воқеаларида 3 кишининг ўлими Россиянинг мотамига айланди. Дунё таъзия билдириб, ҳамдард бўлди уларнинг қайғусига. Биз ҳам ўзимизни ҳурмат қиладиган мустақил миллат бўлмоқчи, демократик давлат қурмоқчи бўлсак, миллатимизнинг ҳар бир фарзандининг фожиаси миллий мотам даражасида талқин қилиниб эҳтиром этилмоғига эришмоғимиз зарур. Маълумки, ҳар қандай бежазо қолган жиноят бошқа жиноятларга зинапоя бўлиб хизмат қилаверади. Хўш, ўша Фарғона, Паркент, Андижон фожиаларида фаоллик қилишган ва жазосиз қолган тажрибали, бизнинг ҳеч қачон аниқ бир хулосага келолмайдиган комиссияларимиз таъбири билан айтганда, шахси номаълум ўша экстремистлар куни кеча бўлиб ўтган Талабалар шаҳарчасидаги тўполонларда жонбозлик кўрсатмаганлигига, уларнинг Ўзбекистон мустақиллигига раҳна солиш учун янги фожиалар режасини тузмаётганлигига ким кафолат бера олади? Андижондаги 2 май фожиаларида гўё аллақандай қудратли таъсирга тушиб қолгандай, эс-ҳушларини йўқотиб қўйган 14-15 ёшли ўспиринлар мазкур тўполоннинг ғайритабиий “қаҳрамонларига” айландилар. Улар гўё Ватанларига ёв бостириб келгану, ҳимояга отланган рицарлардай кайфиятда эдилар ўшанда… Бу мудҳиш воқеаларнинг сабаблари ҳанузгача очилгани йўқ. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолди. Мутасадди раҳбарлар эса эслашни хуш кўришмайди. Демоқчиманки, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳам қулупнай масаласи доирасида ҳал этилмасин.

— Сизнингча, милициянинг чинакам қонун ҳимоячиси сифатида обрў қозониш учун нималар қилиш керак?

— Бугунги энг ташвишли ҳол — ҳамма поғонадаги раҳбарларда эртанги кунга ишонч йўқолган. Бу кайфиятда ҳар ким фақат ўзини — бугунги курсисидан фойдаланиб қолишни ўйлайди. Эртанги кунга ишончни, айниқса, маъмурий органлар раҳбарларию ходимларида уйғотишимиз керак. Милиция шаънига танқидлар кўпайиб кетяпти, таклифлар эса йўқ. Айниқса, милицияга “юқори” берган топшириқни қойилмақом бажаришга моҳир раҳбарлар эмас, ўз калласини ишлатадиган, хато қилиши мумкинлигидан қўрқмайдиган раҳбарлар керак. Милицияни муҳофаза қиладиган қонунлар ишламаяпти. Оддий нарса — унвон олиш муддати етганида бир папка ҳужжат йиғиш керак. Ҳолбуки, битта буйруқ билан ҳал бўладиган иш. Қолипдаги фикр ҳамон ҳукмрон: бугун бир жиноятни очган ходим эртага ундан каттароқ жиноятни очгани учун мукофот ёзилса, “кеча олди-ку мукофотни” деб рад этилади. Социализмнинг аҳмоқона қонунларидан бири бу. Милиция ходимига у ушлаб қолган ўғирлик мол миқдорининг маълум фоизи тўланса, у юз минг сўмлик молни беш минг сўм пора эвазига қўйиб юбормайди. Масалан, биз ўтган йили 1,5 миллион сўмлик ўғирлик молни давлатга қайтардик. Шунинг 15-20 фоизи идора ихтиёрига ўтказилса, кам-кўстга мукофотларга, моддий-техникавий базани мустаҳкамлашга ишлатилар эди.

— Мутахассис сифатида, бугунги ўсиб бораётган жиноятчиликни жиловлаш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз? 

— Мактабни қайтадан қуриш зарур. Худди японларга ўхшаб. Улар таназзулга юз тутган маорифга етмишинчи йилларда бир неч юз баравар кўп маблағ сарфлашган ва янги авлодни етиштиришган. Бугун ўша авлод фан-техника тараққиётида Американи тиз чўктиряпти, америкаликлар Япония технологиясини ўзлаштиришмоқда. Биз эса миллий урф-одатларни, анъаналарни, дини Исломни тиклашимиз зарур. Худди шу нарса ҳаром билан ҳалолни ажратишни ўргатади. Бу — жиноят йўли тўсилади, деган гап.

— Бу — олис истиқбол. Жиноятни жиловлаш учун бугун-эрта нима қилиш мумкин?

— Милиция жиноятчидан ҳар томонлама устун бўлиши керак. Яна милиция, прокуратура, суд — учаласи уч томонга тортқиламасдан, бир ёқадан бош чиқаришса…

— Ишингиз яхши экан, бошқаларнинг ишига аралашмай тинчгина юраверсангиз ҳам бўлар экан. — Мен буни курашганга осон бўлмаслигини ўйлаб айтдим.

У бир нафас менга жимгина тикилиб қолди. Уни ранжитганимни сездим, лекин кеч эди.

— Рост айтасиз, — деди у ўша ҳаяжон билан, — менинг мана шу тинч юрмаслигим бир кун қаттиқ панд бермаса…. деб қўрқмайман!

Охирги сўзни “таҳрир” қилиб айтганидан завқландим, милиционерлар орасида бундай сўз ўйинига мойил одам кам учрайди…

— Наҳотки қўрқмасангиз?

— Қўрққан куним устимдаги формани ечиб ташлайман. Мен бу ишга қорин тўйдириш учунгина кирмаганман, ота-онамдан фотиҳа олиб, курашаман деб кирганман. Уйимни портлатишди ҳам, қўрққаним йўқ. Кўплар ишонмайди, лекин вилоят прокуратурасига раҳмат — жиноятчиларни топиб жавобгарликка тортди. Демак, ёлғиз эмасман.

Эртанги кунга ишонч. У фақат милицияга эмас, ҳаммага керак. Бунинг учун ҳар бир соҳада, ҳар бир курсида ўз ишининг фидойилари-ю халқи, миллатининг жонкуярлари ўтирса. Уларни кўрганингда, суҳбатлашганингда, сен ким бўлишингдан қатъий назар, эртанги кунга ишонч йўғрилади шуурингга. Нурмат Латибжонов билан суҳбатдан сўнг шу нарсани тушундим-у, орзу қилдим: қани энди унга ўхшаганлар кўпроқ бўлса!

Ҳабибулла Олимжонов

______________________________

(“ЎзАС” газетаси, 6 (3162)-сон

1992 йил, 7 февраль)

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>