• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Башорат эмас лўттибозлик

Кўпгина газета ва журналларни варақлар эканмиз, уларнинг сўнгги саҳифасида «Мунажжимлар башорати», «Бурж жадваллари»га ўхшаш сарлавҳа остидаги маълумотларга кўзимиз тушади. Қизиқиб, ўқий бошлаймиз. Чунки одамзот яралгандан бери бугун, ҳафта, ой ёки йил давомида тақдири қандай кечишини билишни истайди. Бироқ бу усул ғирт нотўғри, баландпарвоз номлар (Илми нужум) билан аталса-да, фандан мутлақо йироқ, илмий асосланмаган қуруқ гаплар эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Қадимий табиатшунос олимларнинг илмий ишларини ўрганиш мобайнида номдор мунажжимларнинг астрология соҳасида қилган ишларию айтган фикрлари билан ҳам танишишимга тўғри келган. Улуғ алломаларимиз Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Умар Ҳайёмдек фалакиёт илми султонлари астрологиянинг фанга зид эканини далиллар билан исботлаб берган. Шуни била туриб, телеэкранлар, радиотўлқинлари ва матбуот саҳифаларида ўз башоратлари билан довруқ қозонаётган астрологларнинг бемаъни сафсаталарига бефарқ қараб туриш мумкинми?

600 миллион одам бир кунда севадими?

Замонавий мунажжимлар дастак қилиб олган ўн икки буржининг ҳар бири ортида 600 миллионга яқин (Ер юзидаги 7 миллиарддан ортиқ бўлган аҳолини ҳисобга олганда) киши назарда тутилаётгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Уларнинг ҳар бири ўзига хос феъл-атвор, фикр кўлами, алоҳида тақдирига эга. Шундай экан ҳар 600 миллионга яқин «қўй» ёки «бузоқ» буржидагиларга бир хилда «Ҳафтанинг бошлариданоқ севгининг сеҳрли оламига дуч келасиз. Масъулиятни ҳис қилиш билангина ўз нуфузингизга эришасиз» каби умумий гапларни башорат этиш бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Чунки инсон шахсияти назардан четда қолмоқда. Қолаверса, кун ҳафта, ой, йил, мучал учун қилинган башоратлар бир-бирига зид. Масалан, бир газетадаги астролог «Бузоқ» буржидаги эркагу аёлларга келаётган ҳафтада «ишга масъулият билан ёндашишдан қочасиз, бутун фикру хаёлингиз қўшимча машғулотлар билан ёки бўш вақтингизни қандай ўтказиш муаммоси билан банд бўлади», деб писанда қилса, иккинчи газета орқали бошқа бир мунажжим: «Севги сир-асрорлари боғидан гул узиш сизга насиб этади», деб ёшу қари барча «бузоқ»ларни алланарсалардан умидвор қилади.

Қуёшнинг айланиши(?)га асосланган башорат

Мунажжимларнинг пири Нострадамус ҳам, ҳозирги мунажжимларнинг энг машҳури Павел Глоба ва уларга эргашган барча астрологлар ҳам ўша башоратлари асосланган буржлар хаёлий тузилган, аслида сароб туркум эканини билишмайди. Зеро, қоронғу тун гумбазида сочилиб ётган юлдузлар бир-биридан жуда йироқда, осмон бўшлиғининг турли текисликларида порлаётганини тан олгилари келмайди. Буржлар ҳақидаги тасаввур, қадимий одамлар осмонни теп-текис Ер устига тўнтарилган шаффоф қубба бўлиб, юлдузлар қуёш билан ойга ўхшаб, Ер атрофида айланиб туради, деб ўйлагани туфайли пайдо бўлган. Бу дунёқарашни Низомий Ганжавий қуйидагича ифодалайди: «…Осмоннинг биллур гумбазидаги юлдузлар ҳаракатида ўтмишдаги хатолар сабабини ҳам, бўлажак тақдир йўлларини ҳам кўришимиз мумкин». Ҳа, айнан осмоннинг «биллур гумбазида»гина тақдир юлдузлари бир текисликда «ҳаракат қилган».

Ҳақиқий манзара эса бутунлай бошқача.
Ерни, юлдузларнинг бирор туркуми, хусусан, «Қовға» мисолида кўриш мумкин. Маълумки, астрономияда масофа парсек билан ўлчанади. Бир парсек (пк) эса 31 минг миллиард километрга тенг. Қовға туркумига кирувчи юлдузлар Ердан қуйидагича узоқликда жойлашган: Садоммелк билан Садалсунд — 333 пк, Скад — 25,6 пк, Садакбия — 27 пк, Албули — 25,6 ва Адха — 58,8 пк. Кўриниб турибдики, бир ерга ғуж тўпланган, ягона юлдуз туркуми йўқ. Замонавий астрономия бурж атамаларини ўтмишдаги астрологиядан мерос қилиб олган бўлиб, осмон гумбазининг бирор ерида янги юлдуз топилса, уни осмон харитасига боғлаш учунгина сийқаси чиққан юлдуз туркумларидан фойдаланади, холос.

Шундай экан, астрология ҳаётда бўлмаган бирлик бурж «туркуми»га суянади. Мунажжимлар қуёшнинг эклиптикада босиб ўтган йўлини тўғридан-тўғри 300 га бўлиб, 12 буржни ҳосил қилишган. Яъни қуёш ҳар бир бурж туркумини 30 кунда босиб ўтади. Аммо замонавий атрономларнинг фикрича, ҳар бир бурж туркумида Қуёш босиб ўтган йўл узунлиги турлича. Бунинг устига, астрологлар қуёшнинг икки ҳафта ичида «Илончи» деб номланган юлдуз туркумидаги ҳаракатини назарга илмай, ўз «ҳисоблари»га янада кўпроқ чалкашлик киритганлар.

Негизи пуч сафсаталар

Астрологларнинг башоратлари ўта жўн бўлиб, таваккалчилик ва ўхшашликка асосланади. Масалан, одам «Арслон» юлдуз буржида туғилган бўлса, унинг феъл-атвори ҳам, хатти-ҳаракати ҳам ҳайвонот оламининг султони — арслонга қиёсланаверади.
Мунажжимларнинг башоратлари лақмаларни лақиллатишга мўлжалланган лўттибозлик эканини Жалолиддин Румий қуйидагича таърифлаган: «Ҳаммомга тушган Қазвин ҳокими ҳаммомчига мурожаат қилиб, туғилган буржини ўз танида ўйиб битишини (яъни татиуровка қилишини) сўраб шундай дейди: «Танимнинг нозик ерига ўйиб туширки шернинг суратин, шунда ўтсин ўзимга анинг ғайрати! Шер буржида туғилганман, шердек бўлсин қудратим!»

Минглаб йиллар инсонларни алдаб келган астрология ҳозир шундай такомиллашган иборалар, математик тенгламалар, геометрик чизмалар, гороскоплар, юлдузлар жадвалларини тақдим этмоқдаки, оми одам уларнинг ҳар бирини илмий асосланган фан маҳсули деб қабул қилади.
Ғарбий Европада авлиё даражасига кўтарилган Нострадамус башоратлари ҳам аслида олди-қочди гаплардан иборат. Тиббиётчи ва футуролог бўлган Мишель Де Нотр Дам ҳеч қачон астрология билан шуғулланмаган. Ёзиб қолдирган сифатсиз тўртликлари ҳам илми нужумга мутлақо боғлиқ эмас. Бу шеърий мисраларда фақат у яшаган давр, Франция (оқлар) ва Испания (қизиллар), католиклар ва протестантлар, мусулмонлар ва насронийлар ўртасидаги тўқнашувлар ҳақида гап кетади. Тўртликлар мавжуд воқеликка ишора тарзида ёзилган бўлиб, кейинги давр уддабурон шарҳловчилари улардаги пардали гапларни XVI асрдан то бизнинг кунгача рўй берган воқеа-ҳодисаларга бевосита боғлаб, Нострадамусни буюк башоратчи — авлиё даражасига кўтармоқда.

Замонавий астролог Павел Глобанинг барча айтганлари эса уйдирма! Гўёки ҳақиқатга тўғри келиб, тасдиқланган башоратлари эса бирор-бир йирик воқеадан кейин матбуотга чиқиб, «мен бу воқеани фалон ерда ўтган, фалон йиғилишда айтганман», деб қилинган қуруқ даъводан ўзга нарса эмас!

Хуллас, астрологларнинг барча башоратлари қанчалар замонавий, оммабоп ва айёрона ёзилган бўлмасин, аслида негизи пуч, бетайин, мужмал сафсатадир! Шундай экан, бундай асоссиз ахборот билан газета саҳифасини тўлдириб, ишонувчан одамларни чалғитишга барҳам бериш фурсати келмадимикан?

Аъзам АЗИМИЙ,
Техника фанлари доктори, профессор

«Жамият» газетасининг 2017 йил 23 июнь сонидан.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>