• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Кристин Лагард: “Биз таҳликага тушаётганимиз йўқ, эс-ҳушимиз жойида, сергакмиз”

Коррупция билан боғлиқ кенг кўламли можаролар, жуда кўп бойлар ва амалдорларнинг солиқ тўлашдан бўйин товлаши, ишсизликнинг кенг тарқалганлиги глобал иқтисодиётдаги бугунги аҳвол яхши эмаслигини кўрсатади. Европанинг доимий иқтисодий муаммолари муҳожирлар инқирози ва террорчилик таҳдиди таъсирида чуқурлашиб бормоқда. Ривожланаётган мамлакатлар бозорларининг ўсиши секинлашаяпти. Энди нима бўлади?

“Евронюс”нинг “Глобал суҳбат” дастури бошловчиси Изабел Кумарнинг саволларига Халқаро валюта жамғармасининг ижрочи директори Кристин Лагард жавоб беради.

Изабел Кумар:

— Нима бўлганда ҳам бойлар бойиб бораверар экан-да… Солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши кураш ҳақида тўхтовсиз гапирилаётган бир пайтда “Панама ҳужжатлари” билан боғлиқ можаро юз берди. Унга дунёдаги жуда кўп бойлар ва амалдорлар ҳам алоқадорлиги айтилмоқда. Сизнингча ниҳоят ушбу можаро қандайдир ўзгаришларга туртки бўладими?

Кристин Лагард:

— Шундай бўлади деб умид қиламан! Акс ҳолда “катта йигирматалик”ка раҳбарлик қилаётган Франция бошчилигида ушбу йўналишда 2010 — 2011-йилларда бошланган ишлар фойда бермаган ва биз мақсадга эришмаган бўлиб чиқамиз. Албатта, бу кураш тўхтаб қолмаслиги керак, биз ҳали бу йўлда кўп куч сарфлашимиз лозим. Бўлмаса ҳар хил гап-сўзлар кўпайиб кетаверади.

Ҳозирги гап-сўзлар денгиздан бир қатрами?

— Буни билмадим. Ҳали тергов тугагани йўқ, ҳали суриштирув жараёнида нима қонунийу нима қонунга зидлигини, қайси тартиб-қоидаларни қандай ўзгартириш кераклиги аниқлаш лозим. Ҳали бу борада қилинадиган ишлар жуда кўп.

— Бойлар янада бойиётган бир пайтда минглаб муҳожирлар ва қочоқлар иқтисодий инқирозга қарши курашаётган Европага интилаётир. Соф иқтисодий нуқтаи назардан сизнингча миграция Европага фойда келтирадими, зарар?

— Биз миграция билан боғлиқ инқирознинг, қочоқлар оқимининг Европадаги бир қатор мамлакатларга таъсирини ўрганиш бўйича кўп иш қилдик. Маълум бўлишича, кўчиб келганларни янги муҳитга мослаштириш чоралари (тил ўргатиш, ўқитиш, уй-жой билан таъминлаш) ўз вақтида ва тўғри амалга оширилса мигрантлар қабул қилувчи тараф учун ижобий омилга айланади. Аммо эҳтиёжмандларни қабул қилиш аввало гуманитар, инсоний миссиядир, шу боис мен бу борада қўрқмасдан, дадил ҳаракат қилаётган канцлер Меркел хонимга миннатдорчилик билдираман. Эҳтиёжмандларга бундай муносабат ҳеч қачон эсдан чиқмайди, Германия халқи қилган ва қилаётган ишлар тарихда қолади.

— Биз ҳозир Франкфуртда, Европа марказий банки жойлашган шаҳардамиз. Европадаги инқироз ҳақида гапирганда ЕМБ раҳбари Марио Драги Европа иқтисодиётини кучайтириш учун керак бўладиган ҳар қандай чорани қўллашни ваъда қилганини эсламасликнинг иложи йўқ. Лекин у қўлламаган чора қолмаганга ўхшайди, шундай эмасми?

— Биз Европа марказий банки бошқа таъсир чораларига эга эмас деб ҳисобламаймиз. Аммо улар муаммони ёлғиз ҳал қилолмаслигига аминмиз. Иқтисодиётни жонлантиришга, ўсишни яхшилашга, ҳақиқий тикланишга фақат монетар сиёсатнинг ўзи билангина эришиб бўлмайди. Қўшимча равишда структуравий ислоҳотларни ўтказиш, солиқларга оид бошқа чора-тадбирларни кўриш керак. Монетар сиёсат билан бирга бу учала ричаг Европа иттифоқи ва еврозонадаги иқтисодий аҳволни яхшилашга ёрдам беради. Вазиятни ўнглашнинг энг зарур шарти шу.

— Яхши натижаларга эришишга уринилаётган бир пайтда кўпчилик Грецияга бу йўлдаги тўсиққа қарагандай қарамоқда. Айтишларича, ХВЖ ҳам Грециядаги вазиятни дефолтгача олиб борибгина ушбу мамлакат билан ўтказилаётган музокараларда бирон натижага эришиш мумкин деб ҳисоблар экан. Сиз шунга ўхшаш ғояларни бемаъни деб айтган эдингиз. Айтинг-чи, сиз греклар билан тил топиша оласизми? Ҳамма бунинг амри маҳоллигини эътироф этмоқда.

— Мен кўп айтганман, бу мамлакатга иқтисодий барқарорликни таъминлайдиган, ўсиш учун шароит яратадиган, кейинчалик қарзларини узиш имконини берадиган бир дастур керак. Буларнинг ҳаммаси ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бу борада муайян ишлар қилинган, муайян натижаларга эришилган, бироқ ҳали кўп ишлар қилиниши лозим, узилиш бўлмаслиги даркор. Биз муаммони ҳал қилишнинг қандайдир мўъжизавий йўлини қидираётганимиз йўқ, Греция халқининг фаровон турмуш кечиришини таъминлайдиган реал ислоҳотлар ҳақида гапираяпмиз.

— Агар бундай ислоҳотлар ўтказилмаса ХВЖ нима қилади?

— Биз шундай ислоҳотлар барибир ўтказилади деган умиддамиз. Аммо улар фойда берадиган бўлиши керак, шу билан бирга бир тарафдан ислоҳотларни ўтказиб, иккинчи тарафдан қарзларни узиш масаласини ҳал қилиб муросага келмоқ керак.

— Грецияда кутилаётган дефолт Буюкбританиянинг ЕИдан чиқиш ҳақидаги референдумига тўғри келиши ҳақида гап-сўзлар юрибди. ХВЖдагиларнинг кўпчилиги воқеаларнинг бундай тус олишини ҳалокатли деб ҳисоблаётган эмиш. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?

— Биз яхшиликдан ва мавҳумлик барҳам топишидан умидвормиз. Шу билан бирга мен турли мамлакатлардаги икки воқеани бир-бирига боғлашни маъқул иш деб ҳисобламайман. Бу бизнинг музокараларга ёндашувимизга ҳам, бизнинг тактикамизга ҳам тўғри келмайди. Буюкбританиянинг ЕИдан чиқиши ҳақидаги баҳсларга келсак, масала Европа учун ҳам, Буюкбритания ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги учун ҳам ижобий ҳал бўлади деб умид қиламан. Мен овоз бериш жараёнига аралашишни хоҳламайман, аммо биз ҳозир ҳар икки вариантнинг иқтисодий оқибатларини ҳисоблаб чиқмоқдамиз.

— Сиздан айнан шу ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим.

— Сиздан олдин ўзим гап очибман-да!

Ҳа. Сизнингча Буюкбританиянинг аъзоликдан чиқиши ЕИ учун қандай иқтисодий оқибатларни келтириб чиқаради?

— Бу ҳақда узил-кесил бир нима дейишим қийин, чунки бу борадаги ишларимиз ҳали тугагани йўқ, муфассал мустақил тадқиқотлар ўтказаяпмиз. Менинг шахсий нуқтаи назарим ушбу суҳбатимиз контекстида унчалик аҳамиятга эга бўлмаса керак деб ўйлайман. Биз ҳисоблаб чиқишимиз керак бўлган нарса иқтисодий оқибатлардир. Май ойида биз натижаларни эълон қиламиз.

— Бошқа мавзуга ўтамиз. АҚШда ҳозир сайлов кампанияси қизғин тус олган. Яқинда Буюкбританиядаги таҳлилий гуруҳлардан бири жаҳон иқтисодиётига “жиҳодчилар” фаолияти қандай хавф туғдираётган бўлса Доналд Трампнинг президентликка сайланиши ҳам шундай хавф туғдиришини эълон қилди. ХВЖнинг фикрича глобал иқтисодиёт учун номзодларнинг қайси бири сайлангани маъқул – Доналд Трампми ё Хиллари Клинтонми?

— Мен сиёсий қарашларимни ошкор қилмайман. Бу вазият менга бевосита тааллуқли эмас, мен Америкада овоз бермайман-ку. Уерда овоз берган тақдиримда ҳам саволингизга жавоб бермаган бўлардим. Одамларнинг ўзлари ҳал қилишлари керак. ХВЖ унга аъзо давлатлар номидан иш кўради, ХВЖ халқларга хизмат қилади. Кимни сиёсий раҳбарликка сайлаш эса ҳар бир давлат гражданларининг ўзига ҳавола. Биз эса ўз ишимизни бажарамиз, бизнинг мақсадимиз битта – барқарорлик ва фаровонлик, тинчлик-хотиржамликка эришиш.

Қўрадаги яна бир қўйчивон-бўри Хитойдир, ХВЖдагилар бу борада аюҳаннос солишга улгуришди…

— Унда бўри эмас, панда!

— ХВЖ жаҳон иқтисодиёти ўсишининг секинлашиши хавфи борлигидан хавотирда. Бизга ҳозир 2008 йилдаги каби молиявий инқироз хавф солаяптими?

— Биз таҳликага тушаётганимиз йўқ, эс-ҳушимиз жойида, сергакмиз. Ҳозирча, юқорида айтганимдек, жаҳон иқтисодиёти ўсмоқда, жиддий инқироз ҳақида гап йўқ, аммо узоқ-узоқларда инқироз хатари бўй кўрсатаётганлиги бор гап. Бир кун келиб улар бошимизга соя солиши мумкин. Шу боис шундай бир шароитда Хитой ўзининг бизнес-моделини ўзгартириши табиий, Хитой иқтисодиётининг ўсиши секинлашди, унинг аввалги ўсиш суръатини эътиборга оладиган бўлсак, буни ҳам тушунса бўлади. Бу мамлакат жаҳон иқтисодиётидаги йирик фигурадир, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати бутун дунёга ўз таъсирини ўтказади. Ҳа, бугунги кунда Хитойга хомашё ё мол етказиб бериш шартлари, хомашёнинг баҳоси ўзгариши мумкин, лекин умуман олганда Хитой жаҳон иқтисодиётининг сезиларли даражада ўсишини таъминловчи ниҳоятда қудратли ҳамкорлигича қолаверади.

— Шундай юксак лавозимда ишлаётганингизда, ишларингиз ниҳоятда кўп бўлган бир пайтда суд ишига жалб этилдингиз. Сизни ишингизга масъулиятсизлик билан қараганликда айблашмоқда, бу гўё франциялик бизнесмен Бернар Тапига асоссиз равишда 400 млн. евро тўланишига олиб келган эмиш. Бу ишингизга қандай таъсир қилаяпти, айниқса ҳозир, ушбу лавозимда иккинчи муддат ишлай бошлаганингизда?

— Бу ишимга ҳечам таъсир қилмайди. Адвокатлар ўз ишларини қилишмоқда, апелляция шикоятини берганмиз, жараён давом этмоқда.

 Ҳасан Карвонли тайёрлади

Tafsilot.uz маълумоти:

Кристин Лагард

  • 2011 йилдан бери Халқаро валюта жамғармасининг ижрочи директори, 2016 йилнинг феврал ойида иккинчи муддатга сайланган;
  • Францияда (2007-2011), “катта саккизлик” давлатларида молия вазири лавозимини эгаллаган биринчи аёл;
  • “Forbes” журналининг версияси бўйича дунёдаги энг нуфузли 5-аёл (2014) ва “Financial Times” газетасининг версияси бўйича Европадаги энг яхши молия вазири деб тан олинган (2009);
  • вазифасига масъулиятсизлик билан қараганликда айбланмоқда, бу гўё Франция ҳукумати томонидан бизнесмен Бернар Тапига асоссиз равишда 400 млн. евро тўланишига олиб келган эмиш. Лагард барча айбловларни рад этмоқда;
  • ўсмирлигида синхрон сузиш бўйича Франция миллий терма жамоаси таркибига кирган.

Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>