• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Курмаклар ёки имтиҳон «бозор»и

Инсон ҳаёти босқичларида шундай воқеалар бўладики, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Дейлик, болаликни ўйинларсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, талабалик даврини имтиҳон ва синовлар ана шундай безайди. Албатта, талабаликни бошидан ўтказган ҳар бир кишини имтиҳон ҳаяжонлари ҳозир ҳам оғир туш каби безовта қилиб турса керак. Ўқув жараёнидаги бу босқич билимларни намойиш этишдан ташқари характерни тоблаш, иродани мустаҳкамлаш учун ҳам жорий қилинган.

Маълумки, таълимнинг барча бўғинларида кескин ижобий ўзгаришлар содир бўлаяпти. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларнинг дунёда қиёси йўқ. Афсуски, баъзи хабарлар айрим олий ва махсус ўқув юртларида имтиҳон ва синовлар соф педагогик ёки тарбиявий жараён сифатида эмас, балки бутунлай бошқа, очин тан олинса, антипедагогик ва ғайритарбиявий тарзда ташкил қилинаётганидан дарак бермоқда. Албатта, бирданига бундай хулосага келингани йўқ. Қолаверса, мамлакатимизда нуфузли, шу тармоқдаги ўқув юртларининг таянчи сифатида эътироф этилган олий ўқув юртларидан бирининг талабаси таҳририятимизга тавсия этган “МАКТУБ” ҳам юқоридаги хулосаларни баён этишга олиб келди. Яхшиси, хат билан танишайлик-да, сўнгра фикримизни давом эттирайлик.

Мен ушбу хатимни озгина тортиниш, кўпроқ қўрқув, қандайдир аламзадалик ҳисси билан ёзаяпман. Рости, менга шундай алам қилдики, изтиробимни ким биландир баҳам кўрмасам, ўзимни қўярга жой тополмаяпман.

Биз таҳсил олаётган олий даргоҳ ҳам бошқалардан фарқ қилмаса керак. Бу ерда талабалар учун яхши шароитлар яратилган, бундан нолиш ношукурчилик бўларди. Ҳозир эса атлас кўрпага бўз ямоқдек ярашмай турган бир қусур ҳақида сўз юритмоқчиман. Сезаётган бўлсангиз, бу имтиҳонлар топшириш билан боғлиқ.

Имтиҳонлар бошланган, талабалар учиб-қўниб юришибди, ҳамма ҳаяжонда. Ахир “домла” деганнинг кўнглини олишнинг ўзи бўладими?

Мана, турнақатор тизилиб турган йигит-қизлар юзига эшик очилди-да, нажот фариштаси — домла кўринди. Кайфиятлари йўқ эканми, “Ҳозир қабул қилмайман, соат 2 дан кейин” деганча кетиб қолдилар. Кун совуқ, бунинг устига қоронғига қолиб кетишни ўйлаган баъзи “тадбиркор” талабалар домла билан шивирлашиб олишди. Сўнгра қимматли маълумотларни талабаларга етказишди: “келишиб олдик”.

Айтилган пайтда имтиҳон бошланди. Буёғи қуйидагича: Кимлардир дафтарини “текшириб бериш” баҳонасида уни ташлаб чиқадилар (албатта, дафтар ичида келишилган пул бўлади). Бундан кейин навбат халтачаларга етади. Ранг-баранг қопчаларга нималар жойланмаган дейсиз: спиртли ичимликлар, иссиқ кийимлар, камёб озиқ-овқатлар — хуллас, ҳар-хил маҳсулотлар. Ниҳоят қуруқ қўл билан келганларга навбат етишади.

— Хўш, нима гап, — чимирилиб сўрайди домла, — сиз “2” баҳо олишга ҳам лойиқ эмассиз. Қайта топширишга қолдирдим.

Савол-жавоб ўрнига таҳдиддан довдираган талаба ялинишни бошлайди:

— Домла, илтимос, қайта топширишга қолдирманг. Бир ойлик стипендиям куяди, — йиғлаб юборгудек бўлади талаба.

— Нега, ахир… — кўзойнаги остидан мунғайиб турган қизга қарайди-да, “Ваҳ” деб юборади. — Сизга стипендия керакми? Майли, менга телефонингизни беринг, мен сизга бир ойлик эмас, икки ойлик стипендиянгизни ўзим бериб тураман. Бўладими?

Домланинг сўзи шу ерда бўлинади. Қарсиллатиб ёпилган эшикни беписанд кузатади. Шундан сўнг қўлида бир даста синов дафтарчасини кўтариб олган учаргина йигит кириб келади-да, домлага дейди:

— Мана, ҳозирча шунча йиғилди, ўн талабаники…

Домланинг кўзлари порлаб кетади, фақат ёлқинлар кўзойнак ортдан билинмайди. Синов дафтарчаларига баҳо қўяр экан, ручка парвоз қилаётгандек бўлади. Чўнтак тўлади, хонанинг бир четида эса ранг-баранг халтачалар…

Албатта, ўзинг таҳсил олаётган даргоҳ ҳақида бу гапларни ёзиш оғир. Аммо бир нарсадан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Беихтиёр машҳур ҳофизамизнинг қўшиғи ёдимга келади:

Узат, дейсан, бер, дейсан,

Ҳеч тўймадинг, одамзот.

Туя тўйди, фил тўйди,

Сен тўймадинг, одамзот.

Олий таълим даргоҳига бировимиз узоқдан, бировимиз яқиндан келиб, келажак ҳаётимизга асқотадиган малакалар ҳосил қилишга интиламиз. Ҳалол, покиза, эътиқоди бутун устозларимнинг сабоғини олганда эртанги куним нурафшон ҳолда намоён бўлади. Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, кўнгилни хира қиладиган воқеалар ҳам йўқ эмас. Билмадим, қайси бири ҳақ йўл? Чалкаш хаёллар оғушида дилимдагини қоғозга туширдим.

ДИЛҲАҚ 

Халқимиз табиатида маърифатга ташналик азалдан бор. Ҳар қандай шароитда ҳам билим олишга интилиб келган. Ҳозир ҳам бисотидаги нарсасини сотиб бўлса ҳам боласини ўқитаётган оилалар кўплаб топилади. Энди мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ўша моддий тақчиллик нимага арзийди? Умид билан шаҳарга келган талаба устозларидан таъмагирлик, юлғучлик каби иллатларни ўрганадими? Агар бундай ҳоллар оммалашиб, томир отиб, унда келажагимиз, келажагимизни ишониб топширадиган ёшларимиз ким бўлиб етишади. Хуллас, саволлар кўп, уларнинг айримларига жавоб олиш учун психоаналитик Нормат Хонимқуловга мурожжат этдик:

— Мана, талабанинг хати билан танишиб чиқдингиз. Унинг изтиробига сабаб бўлган “домла”нинг ахлойиқ қиёфаси, руҳий ҳолати ҳақида нима дейиш мумкин?

— Одамнинг хатти-ҳаракати ўзи ҳақида маълумот беради. Айни пайтда дунёда мутахассисларни фақат малакасига, ишчанлигига қараб эмас, балки маънавий қиёфаси, руҳий устуворлигига қараб ҳам танлаш тамойили жорий этилган. Агар айнан юқоридаги “домла” ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унинг ўзи ҳам худди шундай муҳитда — қаллоблик, таъмагирлик ҳукм сурган шароитда улғайган бўлиши мумкин. Аниғи, дипломни ҳам, илмий унвонни ҳам “сотиб” олган. Албатта, қуш уясида қўрганини қилади, деганларидек, бундай одамнинг келгусидаги фаолияти бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Бунинг устига унинг қилмиши ўта ахлоқсизлик ва руҳий беқарорлик тарзида баҳоланмоғи лозим. Агар ахлоқига у шаклланган муҳитнинг нуқси урган бўлса, руҳий беқарорлик эса ўз-ўзидан руҳий носоғломлик аломати. Одатда, жамиятдаги умумэътироф этган тартибларга бўйсунмаслик кўпинча аламзадалик кайфияти туфайли юзага келади. “Домла”нинг турмуш тарзи меъёрдан чиққан бўлиши мумкин. Олайлик, у турмуш ўртоғи ўзига хиёнат қилаётганини сезиб қолган ва бу дардини бировга айта олмай, аламини талабалардан чиқараётгандир. Ёхуд у бирор касалликка (бавосил, сил, бепуштлик, мижоз сустлиги каби) чалинган-у,  бу дардини бировга ошкор қилишдан ийманиб, ўз дардини худбин феъли билан оқлаётгандир… Хуллас, камдан-кам ҳолларда бўлса ҳам учраётган бундай ошкора ҳаракатга йўл қўяётган кишининг фаолиятини соғлом одамникига тенглаштириб бўлмайди.

Маҳфуза ва Артур Кан тайёрлади

__________________________________

Таҳририятдан:[*]

Демак, ўқув юртида фаолият кўрсатаётган устоз фақат олим эмас, инсон сифатида, шахс сифатида жамият эътиборида бўлади. Уларни хатти-ҳаракати беихтиёр ҳаётга энди қадам қўйиб келаётган ёш ниҳолнинг умр дафтарида маълум из қолдиради. Шундай экан, масаланинг иккинчи қирраси — устознинг инсоний қиёфаси, ҳатто ҳал қилувчи омил бўлиб қолаевради. Қадимги Шарқ ҳикматида илмига амал қилмаган олим устига китоб ортилган эшакка тенглаштирилади. Ёшларга чинакам инсонлар мураббийлик қилишга ҳақли. Халқ мақолида нақл қилинган “курмак”лар энди янги соф жамиятимизга ярашмайди. Шундай эмасми?!

____________________________________

Ҳуррият” газетаси, 2006 йил

[*] Ҳуррият” газетаси таҳририяти назарда тутилмоқда


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>