• Бугунги сана: Chorshanba, Yanvar 17, 2018

Курмак

Бу воқеага анча йиллар бўлди.

Тонг ёришмай поезддан тушган йўловчилар четда тўхтаб турган автобусга ўзларини уришди. Эски шаҳардаги шоҳбекатгача ўн беш чақирим, ўша ердан тегишли уловларга ўтириб, ҳамма қишлоқ-қишлоғига жўнайди. Мен ҳам автобусга амаллаб илиндим. Бир пас ўтиб, чиптачи йигит йўл ҳақини тера бошлади. Шунда ёнимдаги амаки у ён-бу ёнини кавлаб, “Вой боласи тушмагурлар”, деди. Нима бўлди, дегандай қарадим. “Пулим йўқ, боя автобусга чиқаётганимда бир йигит роса суйкалиб эди, ўмарибди-я, паспортни ҳам олиб кетибди”.

Чиптачи яқинлашиб келар, амаки эса бирор минг сўм чиқиб қолар деган умидда чўнтакларини ағдар-тўнтар қилар эди. Ниҳоят, йигит амакига юзланиб “сизники”, деди. “Ука, пулимни ўғирлатиб қўйдим, яна бир чиққанда ташлаб кетарман”. “Пулингиз бўлмаса минманг эди, ака. Ҳамманинг ташвиши ўзига етарли. Чиқарақолинг”.

Чиптачи без эди. “Йўқ нарсани қаердан оламан…”

Амаки жуда ноқулай ҳолатда қолди, у ёқ-бу ёққа аланглай бошлади, афтидан бирор таниш қидирарди. Раҳмим келди. “Мен берақоламан”, дедим-да икки кишилик йўл ҳақи тўладим. Амаки раҳмат айтди, сўнг: “Ҳали қишлоққа ҳам кетиш керак”, деб қўйди. Яна пул чиқариб узатдим. “Э, раҳмат ука, – деди амаки, – аммо сизни қаердан топаман, қарз бўйнимда қолиб кетмасин”. “Қарз эмас, арзимас ёрдам. Сиз ҳам олдингиздан чиққан бирор муҳтожга бериб юборарсиз”, дедим.

Амаки кўп миннатдор бўлди. Мен эса кўп йиллар олдинги воқеани эсладим…

Мажбурият

 Олти ойлик ўғлимнинг ичаклари шамоллаб қолиб, касалхонага ётқиздим. У пайтлар унча-мунча дори дорихонада топилма, қора бозорда эди. Ўшанда, ҳеч қаердан гентомитцин тополмай, одамлардан сўраб-суриштириб, дори бозорга тушдим. Бир амакининг ёнида тўхтадим. Ўн беш минг деди. (Ўшанда, адашмасам, бу пул маошимнинг учдан бирига тенг эди.) Ярмига етадиган пулим бор. “Арзонроқ қилинг”, дедим. “Ўзимизга ўн тўрт яримдан келади, лекин бу кучли дори-ку, болангиз қаттиқ шамоллаганми?” деб сўради амаки. “Ҳа”, дедим. Ҳолим ночор эди, дўхтир айтганидан икки кун ўтиб кетди, ўғлимнинг аҳволи борган сари оғирлашаётир. Ташвишли юзимни кўриб, сотувчи амаки: “Майли, бор пулингизни берақолинг, қолганини топганда ташлаб кетарсиз”, деди. Дорини олдиму касалхонага югурдим.

Аммо Аллоҳнинг иродаси экан, ўғлимиз вафот этди…

Жанозадан кейин уйда суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, ўша амакини эсладим. Бутунлай нотаниш йигитга қимматбаҳо дорини ишониб бериб юборганидан ҳайратланганимни айтдим. Бир ҳожи акамиз: “Шундай одамлар борлиги учун қиёмат қўпмай турибди-да”, деди. Сўнг ташқарига чиққанимизда секин бир даста пулни тутқазиб: “Ўша қарзингиздан узилиб қўйинг”, дея тайинлади.

Ҳафта ўтиб бозорга тушдим. Ўшанда шошганимдан амакининг исмини ҳам сўрамаган, юзига яхшироқ қарамаган ҳам эканман, ҳеч тополмадим.

Ўхшатганим бир-икки кишидан: “Сиздан дори олмаганмидим?” деб сўрадим ҳам… Эртасига яна тополмадим. Ниҳоят, нечанчидир келишимда Аллоҳ менга ўша кишини рўпара қилди. “Ҳа, – деб эслагач, – қандай, болангиз тузукми?” дея ҳол сўради. Вафот этганини айтсам, пулни олмаслиги аниқ эди. Шуни ўйлаб: “Ҳа, яхши”, дея олдим. Ўпкам тўлиб, қарзимни бердим-у, ортимга қайтдим.

Ҳаётга мустақил қадам қўйиб, илк бор бундай машаккатга дуч келишим эди, гарчи ҳожатимни раво қилмаган бўлса-да, ўша амакининг яхшилиги ҳеч эсимдан чиқмайди. Менга қилинган бу ва бошқа яхшиликлар елкамга одамларга яхшилик қилиш мажбуриятини юклаган эди…

Чиптачи йигит ҳам, бир куни бир яхшининг яхшилиги туфайли яхши одамга айланса, не ажаб.

Суннатуллоҳ

“Ҳилол” тақвимидан олинди


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>