• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Курмак ҳам сув ичса…

Яқинда бозорда машҳур хориж брендидаги печенъе олмоқчи бўлдим. Қарасам, шу ном остида икки хил маҳсулот турибди: кўриниши, шакли бир, нархи эса турфа.

— Қимматроғи чет элдан келтирилган, буниси эса ўзимиздан чиқади, — изоҳ берди сотувчи. — Мазасини кўрасизми?

Татиб кўрсам, таъми-ю ҳиди ҳам айнан. Ўйлаб қолдим: қайси бири қонуний? Товар белгисини ким кимдан ўғирлаган ўзи?..

Товар белгиси нима?

Қадимда ҳунарманд усталар ўз маҳсулотларига махсус белги — турли шаклда нақшлар ва тамғалар қўйишган. Харидор шу орқали ўзи ишончли деб билган маҳсулотни бошқаларидан ажрата олган. Бугун эса бу жараён қонуний асосда тартибга солинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августдаги «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари  тўғрисида»ги қонунида белгиланганидек, товар белгиси — бу юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини бошқаларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир. Бу аввало тадбиркор ўзига тегишли маҳсулот учун ҳимоя белгиси ва ҳужжатига эга бўлади, деганидир.

Товар белгиси сўзли (сўзлар, ҳарфий бирикмалар), тасвирий (жонли мавжудотлар, предметлар, табиий ва бошқа объектлар тасвирлари, чизиқлар, доғлар), ҳажмли (фазовий жойлашган уч ўлчамли объектлар, фигуралар ва чизиқлар ва фигураларнинг комбинациялари), жамлама (тасвирий, сўзли, муайян шаклдаги ҳажмли ва бошқа элементлар комбинацияси) ҳамда бошқа (товушли, ёруғликдан иборат, голографик, ҳидли) белгилардан иборат бўлади.

Давлат рамзлари ва мукофотларининг тасвири, давлатларнинг   расмий  номлари,  халқаро ёки  ҳукуматлараро ташкилотларнинг қисқартирилган ёки тўлиқ номлари, расмий назорат, кафолат тамғалари ва намуна йўсинидаги тамғалар, муҳрлар, умумэътироф этилган рамзлар ва атамалар каби белгилар товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилмайди.

Бренд сифат кафолати, машҳурлик, нуфузлилик, таъсирлилик, логотип эса ёдда қолиш, универсаллик, оригиналлик каби хусусиятлар билан тавсифланади. Бренд қонунан расмийлаштирилганда, савдо маркасига айланади. Бренд даражасига чиққан савдо маркаси эса реклама харажатларини анча қисқартиради.

Бозордаги жой учун кураш

Бу йил Италияда дам олаётган бир хоним арзон контрафакт сумка сотиб олгани учун жаримага тортилди. Патент учун жанглар бугун ҳатто Хитойга ҳам етиб борди: яқинда «Nokia», «Microsoft», «Ericsson» каби йирик патент эгалари бир қатор хитойлик ишлаб чиқарувчиларни патент ҳуқуқларини бузишда айблади. Чунки бугун улар катта патент портфелига эга бўлмай туриб, ҳатто халқаро бозорда ҳам катта жой олишнинг уддасидан чиқмоқда.

— Товар белгиси тадбиркорнинг «юзи»дир: у бизнесга кенг йўл очиши ҳам, зарар етказиши ҳам мумкин, — дейди Интеллектуал мулк агентлиги саноат намуналарининг илмий-техник давлат экспертизаси ва талабномада кўрсатилган белгиларнинг экспертизаси бўлими бошлиғи Дилмурод Шерматов. — Тадбиркорлар товар белгиси танлаётганда, аввало, машҳур брендларга ўхшашликдан қочиши керак. Аксинча ўзига хос товар белгисини яратиб, уни брендга айлантиришга уриниш мақсадга мувофиқ. Лекин ҳозир кўп тадбиркорлар бундай ўйламайди. Бирор машҳур брендга ўхшатиб, маҳсулотини ўтказмоқчи бўлади. Йўқ, бу усул билан бозорда узоқ вақт мустаҳкам ўрин эгаллаб бўлмайди. Баъзан товар белгисини очиқчасига ўғирлаш, рўйхатдан ўтказмай, контрафакт товарлар ишлаб чиқаришга уринишлар ҳам кўзга ташланади. Бугун бутун дунёда муаллифлик ва патент ҳуқуқини бузганларга қарши аёвсиз кураш кетмоқда. Шунинг орқасида ҳатто йирик компаниялар  катта жарималар тўлашга мажбур қилинмоқда.  Товар белгиси ўғирлигининг якуни битта: истеъмолчилар чалғиши, гувоҳнома соҳибининг даъвоси билан тўланадиган жарима, халқ ва мамлакат олдида «ишбилармон» юзининг шувут бўлиши.

2014 йилнинг ноябригача 973 товар белгиси экспертизасига ижобий қарор берилган бўлса, уларнинг 742 таси ўзимизнинг тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Шу даврда 61 талабномада камчиликлар аниқланди. Масалан, яқинда «AKARI» сўз белгисига талабнома топширганларга сўровнома жўнатдик. Чунки 1994 йили «akari», 2013 йилда «AKARA» товар белгилари рўйхатга олинган. Улар орасида товушли (фонетик) ўхшашликнинг барча аломати мавжуд. Буни қарангки, ишлаб чиқарилаётгган маҳсулот турлари ҳам бир хил.

Бу борада баъзи талабнома берувчилар даъвоси билан Апелляция кенгаши йиғилишлари ҳам ўтказилмоқда. Масалан, «SAMO» МЧЖнинг «SAMO» сўз белгисига оид талабномаси рад қилинди. Чунки бунда «О» ҳарфи ер шари кўринишида ифодаланган. Ваҳоланки, 2009 йилда бошқа хўжалик юритувчи субъект «SAMO» белгисини давлат рўйхатидан ўтказиб, гувоҳнома олган. Ёки Литванинг «UAB «SCT Lubricants» фирмасига «CHEMPIOIL» сўз белгисини халқаро классификациянинг 1, 3, 4-синфлари учун товар белгиси сифатида рўйхатга олишга оид талабномасига рад жавоби берилди. Чунки бунга қадар Бельгияда «CHAMPION» товар белгиси рўйхатга олинган. Апелляция кенгаши натижалари
«CHEMPIOIL»               товар белгилари ўртасида ўхшашликлар мавжудлигини исботлаб берди.

«MAPKЬZI» нима дегани? «mlxBRlcks»-чи?

Илгари хомашё-меҳнат ўзимизники бўлгани билан қадоқланган белгида бошқа тилдаги ёзувлар турарди. Бугун эса дўконларимиздаги автомобилу холодильниклар, мебеллару спорт жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари қадоғида ягона белги — «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган». «Made in Uzbekistan» деб ҳам ёзилади. Яъни, хорижга ҳам чиқяпти.

Албатта, товар белгисини қай тилда танлаш — тадбиркорнинг ҳуқуқи. Бироқ бунда тадбиркорларимиз она тилимиз имкониятларидан кенг фойдаланса, нур устига нур. Бу миллий ғурурни юксалтириш ва халқимиз салоҳиятини дунёга янада кенгроқ танитиш нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим.

Айтайлик, бу йил рўйхатдан ўтказилган «Шабнам» (минерал сув), «Niyat» (приборлар ва ҳкз), «O`zbegim» (алкоголли ичимликлар), «Mazza» (сувлар ва ҳкз), «Sadaf» (кир ювиш моддалари), «Bahor ifori» (оқартириш учун препаратлар), «Олтин тегирмон» (ун) каби миллий номдаги товар белгилари кўзни қувнатади. Бироқ айрим товар белгиларида давлат тили қонун-қоидаларига амал қилинмагани ачинарлидир: «Bibi xanum» (кийимлар), «ЗаминИн(ъ)оми» (совунлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар), «ШАРК» (транспортда ташиш), «Танхо» (озиқ-овқат маҳсулотлари) сингарилар шулар жумласидан.

Айрим корхоналар маҳсулотларида ажнабий сўз ва ибораларни кўриб, «наҳотки шуларни ўзбекона сўз ва иборалар билан ифодалашнинг имкони бўлмаса?!», деб ўйлаб қоласиз. Айтайлик, «Мамина вкуснятина», «Milkoclassik», «Feendomilki», «Chokonotte», «Batonnette» (қандолат маҳсулотлари), «Смурфики» (реклама), «ELMA» (тагликлар, ҳожатхона қоғози), «Сазанчик» (хизмат кўрсатиш), «MIRADON» (озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар), «mlxBRlcks» (ўйинчоқлар), «Nivek», «MAPKЬZI», «Dolinatex» (кийимлар, пойабзаллар), «Dr.Lor» (фармацевтика ва ветеринария препаратлари), «DONDONZIKI» (қаҳва, чой), «CHELIN» (майиз, қуритилган сабзавотлар), «GESEL» (қурилиш материаллари), «SALYUT» (консерва маҳсулотлари) каби товар белгиларига ном топишда наҳотки ўзбек тилининг қурби етмаган бўлса?!

…«Google», «Apple», «Microsoft», «Samsung»… Бу брендларнинг аввало маҳсулоти сифатли бўлгани учун танишади. Улар айни пайтда ўз давлатлари салоҳиятини ҳам дунёга намойиш этишмоқда. Бу эса товар белгиси — нафақат дунё бозоридан, балки жаҳон ҳамжамиятидан ҳам мустаҳкам ўрин эгаллашнинг муҳим омили эканини англатади. Халқимиз бировнинг меҳнати эвазига кун кўрмоқчи бўлганларни шолининг ортидан сув ичадиган курмакка ўхшатади. Бироқ бундай кимлар англайдими-йўқми, мис олтин бўлмагани каби сувдан ҳам ҳолва пишмайди.

Мурод Ғофуров

Tafsilot.uz маълумоти:

Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистонда патент божи бир синф учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравари, қўшимча синфларнинг ҳар бири учун 0,5 баравари миқдорида тўланади.

 «R» ё ®  — бу товар белгиси Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилганини билдиради.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>