• Бугунги сана: Shanba, Aprel 29, 2017

Кучли феълли эр излаб…

Бир қанча журнал ва газеталар никоҳга оид таклифлардан иборат эълонлар беришади. Тирикчилик қурсин… Сизни билмадим-у,  бироқ мен уларни жуда диққат билан доимо ўқиб бораман. Ҳар қаторига ҳам куласиз, ҳам йиғлагингиз келади.

Деярли барча эрга тегмоқчи бўлган қизлар ва аёллар бўлғуси ёрлари биринчи навбатда кучли феъл соҳиби бўлишини талаб қилади.

Мана шунақа хотин-халаж ўзаро гапга берилиб кетишганда бу сифатни «Фел», «пел» «қилиқ» деб аташади.

Яшириб нима қилдик. Сиз машина сотиб олганингизда унинг мотори кучли бўлишини истайсиз, ёстиқдош танлаганда эса, кучли феъли бўлиши керак-да.

Аммо бу «кучли феъл» дегани нима ўзи?

Бежиз айтишмайди-ку: «Қовун эмаски ҳидласанг» деб.  Одамнинг феълини ҳидлаб аниқлаш мумкин бўлганда  эди… Унда эркакларнинг феълини сифатига қараб худди қон тоифасини аниқлаган каби  гуруҳларга ажратиб, уларга ёрлиқ ёпиштириб қўйса бўлар эди: «феълли», «феълсиз», «бўшфеъл»…

Хотин-қизлар эълон беришаркан, феъл деганда нимани назарда тутишларини баён қилишади. Мана, мисол:

«Мен турмушга чиқишим мумкин бўлган одам кучли феъл соҳиби бўлиши шарт. Бўйи бир юз саксондан баланд бўлмасин, ўттиздан ошмаган бўлсин, кенг елка, феруза кўзли…»  Яна шундай хонимлар борки, уларнинг бўлғуси эрлари қайсидир бир фильмдаги киноактёрга ўхшаган бўлиши зарур. Биттаси ёзяпти: «Мен суратда хушчеҳра ва артистона табиат эгасиман. Бўлғуси турмуш ўртоғим Оврўпо маданиятини яхши тушунадиган бўлсин ва феълли бўлсин…» Хоним афандимнинг ўзлари қандай феъл соҳиби экан?

Мана, яна бир никоҳ эълонига кўз югуртирамиз:

 «Мен ёш қиз билиши керак бўлган ҳамма нарсани биламан. Менинг бўлғуси эрим ўрнак бўлса арзигулик оилабардор ва кучли феъл эгаси бўлиши керак».

Бошқа бир эълонда бир ойимқиз шундай хоҳиш билдирган, у кишимга шундайин бир эр керакмишким, унинг кучли феъли унга ойига икки минг лира ишлаб топиш имконини берсин.

Ўзига кучли феъл соҳиби бўлмиш эр қидирадиган бу «ўтмишгинаси тозагина» «қиз»лар «ойсиз оқшом», «узлуксиз уйқу», «бахт гули» деганга ўхшаш сўзларни ишлатишни хуш кўришади.  Бунақа қизлар менга тўғри келмайди. Бироқ эҳтимолки, биз эркаклар эрга тегмоқчи бўлган аёллар каби кучли феъл нима эканини билмасмиз? Ростданам, бу нима дегани экан-а, уни нимага қўшиб еса бўларкин? Эҳтимол, кучли феълга эга бўлмаган эр, мазаси йўқ банандай бир гапдир?

Куни кеча бир газета қандайдир сиёсий арбобнинг кучли феъли ҳақида ёза туриб, унинг узоқ йиллар давомида халқ партияси аъзоси бўлганини, кейин демократик партиянинг нуфузли аъзоси бўлганини, ана ундан сўнг миллий республика партиясининг қўрқмас жангчиси бўлгани, охирига келиб, озодлик партиясига кириб олиб, озодлик учун курашганини баён қилибди.

Бу масалани мен бизнинг энг сўнгги гўзаллик қироличаси бир мухбир билан қилган суҳбатидан кейин кўтар­япман. Қайси бир чет эллик миллионер хонимнинг қўлини сўрабди.  Бу одамнинг миллионларидан ташқари, минг киши ишлаб турган фабрикаси ҳам бор экан. Бизнинг қироличамиз эса шу одамга рад жавобини берибдилар. Мухбир сўрабди:

— Ўзингиз турмушга чиқишингиз мумкин бўлган кишини қандай тасаввур қиласиз?

Гўзаллик маликаси жавоб берибдилар:

— Аввало, у Истамбулда яшаши керак, кейин… кучли феъл соҳиби бўлиши шарт.

Журналист яна қизиқди:

— Эркак киши кучли феъл эгаси бўлмоғи учун қанча пули бўлиши керак? Ойига икки юз эллик лира маош оладиган кишига турмушга чиққан бўлармидингиз?

— Э, йўғ-э! Кечириб қўясиз! — жавоб қилди Гунер хоним. — Бор-йўғи икки юз лира ишлаб топадиган одамда кучли феъл нима қилсин. Ҳозирги қимматчиликда ойига уч-тўрт минг лира ишлаб топа оладиган кишигина ана ўшанақа одам ҳисобланиши мумкин.

Энди сизга тушунарли бўлгандир, қизларимиз кучли феълли эр деганда нимани назарда тутишади?

Азиз Несин

Маҳмуд  Бўрон таржимаси

“Оила давраси”дан олинди

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>