• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Косово: тан олишнинг фойдаси ёки қайсарликнинг зарари

Косово ўзининг Сербиядан мустақиллигини эълон қилганига саккиз йил бўлди, аммо Европа иттифоқининг бешта аъзоси ҳануз уни тан олгани йўқ. Улар ғазабдан тушишлари керак. Ушбу мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан ҳам, хавфсизлик масаласида ҳам Европанинг қоқ марказида ҳақиқий ғалвахона сақланиб қолишига имкон беришмоқда. Тарих сабоқларидан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, бу яхши иш эмас.

Ўтган ҳафта Косово бош вазири Исо Мустафо Буюкбританияда бўлганида (февралнинг охирги ҳафтаси назарда тутилаяпти — tafsilot.uz) гап-сўзларидан унинг мамлакати Европолга аъзо бўла олмаслиги, бир қатор муаммолар туфайли Интерполга аъзо бўлиши ҳам амри маҳол эканлиги маълум бўлди. Бу эса Косово мустақиллигини тан олишни хоҳламаётган ўша беш давлатнинг ҳам манфаатига зиён етказади.

Мен Косовонинг Сербиядан ажралиб чиқиши яхши бўлган демоқчи эмасман. Аксинча, АҚШ президенти Жорж Бушнинг Косово мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги 2008 йилги қарорини маъқулламайман. Бу жуда юксак планка бўлган эди. У халқаро ҳамжамият собиқ Югославияга ҳарбий интервенция уюштиришда асосланган мантиққа: чегараларни куч билан ўзгартиришга монелик қилиш қоидасига зид эди. Россия Косово прецедентидан фойдаланди ва уни бир неча ойдан сўнг Гуржистон билан юз берган можарода қўллашни бошлади.

Аммо буларнинг барчаси энди тарихга айланди. Косово Сербия таркибига қайтмайди. Дунёдаги мамлакатларнинг ярмидан кўпроғи унинг мустақиллигини эътироф этди. Европадаги давлатларнинг 80 фоизи шулар жумласидандир. Косовони тан олмаслик ва унга оиладаги ўгай фарзандга қарагандай қараш уларнинг ўзларининг хавфсизлигини хавф остида қолдириши мумкин.

Косово —1,8 миллион нафар аҳолига эга мамлакат. Косово аҳолига нисбатан фоиз ҳисобида Сурия ва Ироқда жангарилар сафида жанг қилаётган фуқаролари сони бўйича Европада биринчи ўринни эгаллайди. Бултур бундай фуқаролар 232 та эди, бугунги кунда уларнинг сони ошганига шубҳа йўқ. У ерда трансчегаравий уюшган жиноятчилик томир отган бўлиб, коррупция туфайли, баъзан эса энг юқори доиралардаги мулозимлар билан жиноий тил бириктириш ёрдамида гуллаб-яшнамоқда. Шу боис бу ҳалқани Европа разведка ва ахборий занжири фаолияти доирасидан ташқарида қолдиришдан ҳеч бир маъно йўқ. Бу ҳақда Исо Мустафо шундай дейди: «Одамлар Сурия ва Ироққа кетишган. Энди биз улар юртга қайтгач нима каромат кўрсатишларига тайёр туришимиз лозим. Бунинг учун бизга минтақавий ҳамкорлик керак, Интерпол сингари халқаро ташкилотларга аъзо бўлишимизга имкон беришлари зарур. Аммо бизга келганда қабул қилиш жараёни жуда чўзилиб кетди».

Косовони Европолга қабул қилиш масаласига келсак, уни давлат сифатида тан олмаган беш давлат: Кипр, Греция, Руминия, Словакия ва Испания бунга тўсқинлик қилмоқда. Интерполга аъзолик масаласи бундан ҳам мушкул.

«Халқаро даражада БМТ Хавфсизлик кенгашида Россия ва Хитой бизга муаммо туғдирмоқда, бошқа баъзи мамлакатлар ҳам уларга қўшилаяпти. ЮНЕСКОга аъзолик масаласида ҳам шундай дейиш мумкин», — дейди Исо Мустафо.

Россия ўзининг бу борадаги фикрини ўзгартирмаса керак, аниқроғи, бутун дунё Қиримнинг унга тегишлилигини, Гуржистоннинг Россия босиб олган ҳудудлари бўлмиш Абхазия ва Жанубий Осетиянинг мустақиллигини тан олмагунча ўзгартирмайди. Демак, Косово ҳеч қачон Интерполга аъзо бўлолмайди. Бироқ бу ерда энг муҳими шундаки, Россия Косовонинг ЕИ тузилмалари ва дастурларига қўшилишига халақит бера олмайди.

Интеграция ҳақидаги орзу-ниятларни рўёбга чиқариш учун вақт кам қолган. Болқонда ва Европанинг бошқа жойларида миллатчилар кучайиб бормоқда. Косовода улар «Ўзлик» партиясини тузишди. Мустафо ҳукумати ЕИ силагарчилигида Сербияга туташ ҳудудларда яшовчи сербларга чекланган мухторият бериш ҳақида битим тузгани учун партия унинг истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Бу партия ҳукумат Косово ва Черногория ўртасидаги чегарага оид низоларни ҳал қилишга розилик берганидан ҳам ғазабдадир. Мухолиф депутатлар парламентда бир неча марта кўздан ёш оқизувчи газ қўллашган.

Минтақадаги мамлакатлар бош вазирлари ўзаро суҳбатлашишса, миллатчилик тенденциялари кучаяётганини албатта таъкидлашади. Улар ғалаба қозонмаслиги учун биз эҳтиёт бўлишимиз керак.

Популистик чақириқлар бежавоб қолмаяпти. Косовода ишсизлик 35 фоизга тенг, энг ачинарлиси эса 25 ёшга кирмаган ёшларнинг 61 фоизи ишсиз. Косовонинг Болқондаги энг қашшоқ мамлакатга айланишига унинг савдо, инвестиция ва туризм соҳасида яккаланиб қолгани ҳам қисман сабаб бўлмоқда. Бу минглаб косоволикларни иш излаб хорижга — Европа иттифоқига кетишга мажбур қилмоқда.

Исо Мустафо Лондонга Косово ва Сербия ўртасида автомагистрал қуришга ҳамда Сербия, Косово ва Македонияни боғловчи темирйўлни модернизация қилишга ёрдам бераётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашиш учун келди. У шунингдек Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза бермоқчи. Косовонинг бу нияти рўёбга чиқиши ҳам жуда қийин, чунки ЖСТга аъзо барча мамлакатлар бу масалада уни қўллаб овоз беришсагина мамлакат ушбу ташкилотга қабул қилинади.

Яқинда Косово ЮНЕСКОга (БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи органи) киришга уриниб кўрди. Россия бунга тўсқинлик қилаётган Сербияни қўллаб юборди ва Косовонинг аъзолик учун талаб қилинадиган жами овозларнинг учдан икки қисмини олишига учтагина овоз етмай қолди. Косово аҳолисининг 90 фоизи этник албанлардир, аммо у ерда ҳимоя ва таъмирга муҳтож жуда кўп қадимги ёдгорликлар бор, уларнинг ҳам аксарияти серб православ черковларидир.

Бугунги кунда ўз таркибидаги Каталониянинг ажралиб чиқишига рухсат бермаётган Испания Косовонинг Сербия таркибидан бир томонлама ажралиб чиқишини тан олишини тасаввур қилиш қийин. Аммо Испания ва Сербиянинг Европа иттифоқидаги бошқа тарафдорлари Косовонинг ўзи учун жуда муҳим бўлган ташкилотларга аъзо бўлишига тўсқинлик қилишни бас қилишлари мумкин. Бу ерда гап ҳавойи иддаолар ҳақида эмас, ҳақиқий йўқотишлар ҳақида кетмоқда.

Марк Чемпион,

BloombergҚШ)

Tafsilot.uz маълумоти:

Марк Чемпион — АҚШнинг bloombergview.com нашри таҳрир кенгаши аъзоси. Лондонда яшайди. «Bloomberg»да 2012 йилнинг бошидан ишлаяпти. Халқаро ҳаёт ва сиёсатга бағишланган таҳлилий мақолалари билан танилган.

Фаолиятини «The Independent» нашрининг Вашингтондаги бюросида кичик репортёрликдан бошлаган. Сўнгра журналнинг Руминия, Болгария, собиқ Югославия, Хорватиядаги махсус мухбири бўлиб ишлаган. 1992—1998-йилларда, қарийб 7 йил давомида Москвада яшаган ҳамда «Moscow Times»нинг бош муҳаррири бўлган. 1998—1999-йилларда Буюкбританиянинг «Financial Times» нашри муҳаррири бўлиб ишлаган. 1999—2011-йилларда «Wall Street Journal»да фаолият юритиб, Европа сиёсати, дипломатияси ва хавфсизлиги масалаларини ёритган, сўнгра журналнинг Бельгия ва Германиядаги бюроси бошлиғининг ўринбосари бўлган, кейин эса журналнинг Истамбулдаги маҳаллий бюросига раҳбарлик қилган.

Твиттер ижтимоий тармоғида ўз микроблогига эга. Муаллифнинг бошқа мақолаларини bloombergview.com сайтида ўқишингиз мумкин.

Ҳасан Карвонли таржимаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>