• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Россия ва Ўзбекистон космик соҳада улкан лойиҳани амалга оширади

Россия ва Ўзбекистон ҳамкорликда оламшумул лойиҳани амалга оширади – мамлакатимизда кўзгусининг диаметри 70 метр бўлган улкан радиотелескоп ишга туширилади. “ia-centr.ru” сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Радиоастрономия лабораторияси директори Геннадий Шанин дунёда муқобили бўлмаган Ўзбекистон-Россия лойиҳаси — “Суффа” халқаро радиоастрономия обсерваторияси қурилиши ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтган.

Обсерваториянинг сунъий йўлдошдан кўриниши

Туркистон тизмасидаги “Суффа” (Супа) баланд тоғ платосида (Жиззах вилоятининг Зомин туманида) жойлашган радиоастрономия мажмуаси космик алоқалар соҳасида катта имконият берадиган энг йирик “РТ-70” радиотелескоп билан жиҳозланади. Олимларнинг баҳолашича, айнан шу жойда олис фазони кузатиш учун улкан имкониятлар мавжуд.

Маълумки, мазкур  обсерватория қурилишига биринчи ғишт 1981 йилда қўйилган эди. 1991 йилгача бу ерда метеостанция фаолият юритди. 1985 йилда ишлаб чиқилган халқаро радиоастрономик обсерватория лойиҳаси 90-йиллар бошидан 2005 йилга қадар моливий таъминот масаласи сабабли тўхтаб қолган.

Режа бўйича “Суффа” лойиҳаси мана шундай бўлиши керак эди

Ҳукуматимизнинг 2007 йил 27 ноябрдаги «Суффа платосида Халқаро радиоастрономик обсерватория ташкил этилиши тўғрисида»ги фармойишига биноан Халқаро радиоастрономик обсерваториянинг илмий объектлари қурилиши бошланган эди. Қурилиш Республика инвестицион дастури томонидан, жиҳозлаш эса Россиянинг илмий ва ихтисослаштирилган ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Бугунги кунга келиб обсерваториянинг асосий конструкция ва қисмлари амалда 40 фоиз қайта қурилди. Мутахассислар эндиликда унинг акс эттирувчи юзаси ва мослаштирув тизимидан иборат технологик қурилмаларини ўрнатишлари керак. Олимларнинг ҳамкорликдаги гуруҳи томонидан обсерватория қурилиши ҳолати мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Ўтган йилнинг ноябрида Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси ҳам обсерватория қурилиши билан танишган эди.

Обсерваториянинг географик жойлашуви

Мазкур объектнинг ишга туширилиши илм-фан соҳасидаги улкан ҳодиса бўлиши кутилмоқда. У юксак технологиялар ривожи, илмий тадқиқотлар борасида янги йўналишлар очилишига имкон беради. Бундан ташқари, у олис фазога яқин келажакда Мирриҳ (Марс) ва Зуҳро (Венера)га учирилажак аппаратлар билан алоқа қилишда самарали восита бўлади.

Геннадий Шанин мазкур обсерватория икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналишига асос бўлишини таъкидлар экан, ҳозирда “Суффа” платосида жойлашган радиоастрономия мажмуаси учун мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинаётганини ҳам айтиб ўтган. Москва ва Санкт-Петербург давлат техника университетлари тажрибасидан келиб чиқиб, ўзбек университетларида ҳам талабаларни шу йўналишда тайёрлаш учун махсус факультетлар ташкил этилиши мумкин.

“Суффа” радиоастрономия мажмуаси (РТ-70)нинг амалий аҳамияти ҳақида фикр билдираётган мутахассислар унинг ёрдамида геотектоник плиталар ҳаракатини кузатиш йўли билан аниқ координаталар системасини яратиш орқали зилзилаларни прогнозлаш мумкинлигини таъкидлашади.

Зоҳид тайёрлади

Tafsilot.uz изоҳи:

Эслатиб ўтамиз, худди шундай тўлқин диапазонидаги телескоп (кўзгусининг диаметри 30 метр) Испаниянинг Пико-Валетто шаҳрида ўрнатилган ва у Бирлашган Европа астрономия институтига тегишли. АҚШда 100 метр диаметрдаги “Грин Бэнк” радиотелескоп мажмуаси фойдаланишга топширилган. Япониянинг Нобеяма обсерваториясида 45 метр диаметрдаги миллиметрли тўлқиндаги телескопдан 1982 йилдан буён фойдаланиб келинмоқда. Шунигдек, Мексикада, денгиз сатҳидан 4600 метр баландликдаги Сьерра Негра тепаликларида 50 метр диаметрдаги телескоп барпо этилган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>