• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

“Конверт”: кимга фойда, кимга зарар? (кўп жойларда ана шунақа усулда иш ҳақи тўланяпти)

Жамғариб бориладиган пенсия тизимининг жорий этилгани эртанги ҳаётимиз кафолати бўлди. Мазкур тизим фуқароларимизни қўшимча манбалар ҳисобига моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган. Давлат жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқароларга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларида жамғарилган маблағларининг сақланиши ҳамда уларга фоизлар қўшиб тўланишини кафолатлайди.

Хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат шартномаси асосида ишлаб, даромад солиғи тўлаётган шахслар бу тизимда мажбурий равишда иштирок этяпти. Ҳозирги кунда бу тизим иштирокчилари сони беш миллионга яқинлашди.

Даромад солиғи эвазига шакллантириладиган, муҳими, фуқароларнинг ишлаб топаётган маблағига таъсир қилмайдиган бу қулай тизимда иштирок этиш биринчи навбатда фақат уларнинг ўзига фойда келтиради. Шу боис барча юртдошларимиз бунинг моҳиятини англаган ҳолда ўз келажаклари кафолатини таъминлашга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ. Бунинг учун эса ҳар бир фуқаро қонунчиликда ўзига яратилаётган имкониятлардан яхши хабардор бўлиши лозим. Аммо орамизда ҳуқуқларини яхши билмайдиган, ҳақини талаб қилолмайдиганлар ҳам, афсуски, учраб туради.

Бугунги кунда савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш каби соҳалар жадал ривожланиб янгидан янги иш ўринлари яратилаяпти. Аммо айни тизимда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига қатъий риоя этмаслик ҳолатлари ҳам пайдо бўлмоқда. Масалан, кунлик ёки ойлик иш ҳақини ҳеч қандай ҳужжатни имзоламасдан шу субъектнинг раҳбаридан нақд пулга олаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу қонунга зид “конверт” усули бўлиб, бунда иш берувчи ишчи билан меҳнат шартномаси тузмаган, табиийки, ходимнинг меҳнат дафтарчасида ҳам бу ҳақда ҳеч қандай ёзув акс этмаган бўлади.

Демак, бу ҳолатда фуқаронинг иш ҳақидан бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ва жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағига ажратмалар ўтказилмаган. Энг ачинарлиси, давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағ “иш берувчи”нинг ҳамёнига тушган бўлади.

Шу билан бирга, Конституциямизда белгиланган фуқаролик бурчи бажарилмаслигига олиб келади. Зеро, 51-моддада қайд этилганидек, фуқаролар қонун билан беглиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.

Шу боис ҳар бир фуқаро қаерда меҳнат қилишидан қатъий назар фуқаролик бурчига амал қилиб, ўз хизматининг қонуний бўлиши учун қайғуриши даркор. “Конверт” усулида иш ҳақи олиш фақат бугунни ўйлаб, эртани эсдан чиқариш билан баробар. Бундай ҳақ кафолатланмаган бўлиб, қўшимча ҳақ ва рағбатлантирувчи тўловлар ёки бошқа имтиёзлардан ҳолидир. Чунки қонуний асосда иш берувчилар ходимнинг меҳнат қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқларга амал қилади.

Булардан энг муҳими ижтимоий кафолатдир. Қонуний асосда меҳнат қилаётганлар турли таътиллар олиш ҳуқуқига эга. Жумладан, ҳақ тўланадиган, қўшимча ва иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги ҳамда ҳомиладорлик бўйича таътил шулар жумласидандир. Мабодо, ходимнинг тоби қочиб қолса, касаллик варақаси учун ҳам ҳақ олади. Шунингдек, дам олиш ва байрам кунларида, иш вақтидан ташқари вақтда ишга жалб қилинса, қўшимча ҳақ тўланади. Меҳнати муҳофазаланиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан ижтимоий суғурталаниш каби имкониятларидан тўла фойдаланади. Зарарли шароитларда ишлаётганлар бунга қўшимча қисқартирилган иш кунлари таъминлаб берилади ва нафақага муддатидан олдин чиқади.

Ўз-ўзидан равшанки, ноқонуний асосда меҳнат қилаётганлар бундай имтиёзлардан фойдалана олмайдилар. Иш берувчи улар билан қандай хоҳласа, шундай муомала қилиши, истаган пайтда ишдан ҳайдаши ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун ишга ёлланаётган ҳар бир фуқаро буни тўғри тушуниб, ўз ҳуқуқини талаб қилиши, расмий равишда ишга қабул қилишларини сўраши мақсадга мувофиқ.

Талабингиз инобатга олинмаса, сиз ишламоқчи бўлган корхона рўйхатдан ўтказилган жойдаги Давлат солиқ инспекциясига ёзма шаклда мурожаат этишингиз лозим. Ёки солиқ хизмати органларидаги “ишонч телефон”ларига қўнғироқ қилиш лозим.

Агар корхонада касаба уюшмаси ташкилоти мавжуд бўлса, ундан меҳнат ҳуқуқингизни ҳимоялашда кўмак сўраса ҳам бўлади. Ишлаётганингизда фаолиятингизнинг қонунийлигига ишонч ҳосил қилиш учун ижтимоий таъминот бўлимидан ёрдам сўраш мумкин. Бу ерда иш ҳақингиздан пенсия жамғармасига бадаллар ўтказилаётгани ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиб, ёзма аризангиз асосида ушбу маълумотлар сизга тақдим этилади. Ёки жамғариб бориладиган пенсия дафтарчангизга киритилаётган маълумотлар асосида ҳам буни амалга ошириш мумкин. Мабодо уларда махсус қайдлар бўлмаса, демак фаолиятингиз қонуний эмас. Бундай ҳол аниқланган ҳолда дарҳол меҳнат муносабатингизни қонунийлаштиришга доир тадбирларни амалга ошириш даркор.

Даставвал иш берувчига ариза билан мурожаат қилиб, қонуний меҳнат шартномаси тузиш ва буни меҳнат дафтарчасида акс эттиришни сўраш лозим. Қониқарли жавоб ололмасангиз бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишлар бўйича ҳаракат қилиш ва қуйидаги идораларга ариза бериш зарур — юқори ташкилотга, меҳнат низолари бўйича комиссиясига, меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўлимига, прокуратурага ва судга.

Сиз бу муаммони ҳал қилиш билан биринчи навбатда ўзингизни ижтимоий ҳимоя қилган бўласиз. Қолаверса, аҳоли ижтимоий ҳимояси таъминланиши ва давлат равнақига ҳисса қўшасиз. Иш ҳақини “конверт”да бериш ҳамда уни олиш амалдаги қонунчиликка зид бўлиб, даромадни яшириш деб баҳоланади. Бунга йўл қўйганлар қонун олдида жавоб беради.

Очилбек Ғаниев,
Норгул Абдураимова

____________________________________

Ҳуррият” газетаси, 2006 йил

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Zafar Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Конверт асосида иш ҳақи тўланмаслиги учун иш ўринларини кўпайтириш керак. Ҳукумат даражасида бир эксперимент ўтказилиши керак деб ўйлайман. Мисол учун, кимдир бизнес бошламоқчи дейлик. Қурилиш соҳасини олайлик. Ҳаммага маълумки, бизнесмен авваламбор кўпроқ даромад кўришнива бу имкон қадар узоқ вақт давом этишини ўйлайди. Шу сабабли ҳукумат вакиллари худди шундай бизнесменни топиб, у билан биргаликда ишлаши керак. Ҳамма мажбурий тўловларни тўлаганда бизнесмен қанча даромад ололади? Унга қандай объектив ва субъектив муаммолари бор? Норасмий тўловларни ҳам ҳисобга олишни унутмаган холда. Албатта сир сақланган ҳолда ўтказилса кўп нарса ҳукуматга маълум бўларди. Ҳозирча ҳукумат реалликдан анча чиқиб кетган. Бу албатта вақтинчалик ҳолат, аммо ечими бор. Муаммоларга тик боқишни ҳам ўрганишимиз керак, менимча.

  • Шухрат Жавоб бериш
    7 oy олдин

    Дейлик 40 ёшли одамни пенсияга чиқишига 20 йил бор. Уни жамғариб бориладиган пенсиясига ҳозир ўтадиган пул 20 йилдан кейин қанақа қийматга эга бўлади? Бу биринчидан.
    Иккинчидан, қани ўша юқори даромадли кўплаб яратилаётган иш ўринлари? Нега бунча одам Россияда мардикорлик қиляпти?
    Шу ёзган мақолангиз реал ҳаётга қанчалик мос келади?
    Конвертда маош бериладиган иш унча бунчага топилмайди. Ва ким ундан нима учун воз кечади? Нега бундай ҳаётдан узилиб қолган гапларни ёзамиз а?

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>