• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Кўча ёзувлари: уларда миллат савияси акс этади

Тасаввур қилинг, шаҳарнинг катта кўчасида кетаяпсиз. Кўп қаватли уйлар, ҳашаматли идоралар, магазинлар… Аммо қайси кўчада юрганингизни билмайсиз. Негаки, кўча номи ёзилмаган. Керакли идорага кирмоқчисизу тополмайсиз – пешлавҳаси йўқ. Уйингизга битта елим челак керак, уни сотадиган дўконни қидириб, ҳаммасига бир-бир бош суқиб чиқасиз – ҳеч бирининг бўсағасида ҳатто «магазин» деган сўз ҳам йўқ. Кўчада биронта плакат, чақириқ, театр афишаси йўқ. Шуни тасаввур қила оласизми? Йўқ. Чунки бундай кўча бўлиши мумкин эмас. Аммо йўлнинг икки чети ҳеч бир иморатсиз бўлса ҳам, турли ёзувлар осилган бўлса – бу энди, чиндан ҳам, кўча. Маълум бўладики, кўча ёзувлари кундалик ҳаётимизда жуда катта ўрин тутади, бироқ биз унга шунчалар ўрганиб қолганмизки, алоҳида диққат қилмаймиз ҳам. Ҳолбуки, кўча, майдон ва хиёбонлардаги ёзувлар эътиборга муҳтож. Айниқса, мамлакат мустақил бўлиб, она тилимиз давлат тили мақомига кўтарилган замонда. Ахир, Ўзбекистон ўзбекларнинг дунёдаги ягона миллий давлати! Бу юртнинг кўча-кўйидаги ёзувлар, кўрсаткич, шиор ва лавҳаларни она тилимизда ўзимиз тўғри, аниқ ва равон қилиб битмасак, ким қилиб беради?

1990 йил Масковга борган чоғимда кўчалардаги барча ёзувлар бенуқсон битилганини кўриб, ҳайрон бўлган эдим. Чунки ўша пайтда биздаги кўча ёзувлари, худди ҳозиргидай ғиж-ғиж хато, гоҳо эса кулгили ҳам бўларди-да. Суриштирсам, Масковда жами кўча ёзувларини текшириб турадиган, ҳар қандай ёзув матнини кўриб берадиган бир идора бор экан – унинг тасдиғидан ўтмаса, ёзувни осишга йўл берилмас экан.

Нотавон кўнгил-да, Тошкентга қайтибоқ, шаҳар ижроқўмига кирдим. Пойтахтимиз кўчаларидаги ёзувлар бехато бўлиши кераклигини, бунинг учун ижроқўм ҳузурида (хўжалик ҳисобида иш юритса ҳам майли) кичкина бир маҳкама очиш лозимлигини тушунтиришга уриндим. Натижаси… билиб тургандирсиз, эски нуқсонларни янаям кўпайтириб, бугун янги алифбода такрорлаб ётибмиз.

Кўчадаги ҳар бир ёзув фақат бирон хил товарнинг рекламаси ё бирон тадбир тўғрисидаги рекламагина эмас. У, айни пайтда, мамлакатнинг тараққиёт даража­сини, миллатнинг маданий-маърифий савиясини кўрсатадиган ўзига хос ойина ҳам. Узоқ-яқиндан келадиган меҳмонлар аввало шуни ўқийди, болаларимизнинг саводи ҳам шунга қараб чархланади, билмаган сўзини одамлар кўр­га ҳассадай қилиб ёзилган кўча ёзувларидан билиб олади. Демак, кўча ёзувлари­ шунчаки ҳашам учун эмас.

Ҳозир кўча ёзувлари соҳасида бошбошдоқлик, қўпол қилиб айтганда, анархия ҳукм сурмоқда. Ҳар бир дўкон ё кичик корхона ўзига истаган номни қўяди, қайсидир ташкилотлар эса бу ном тўғри танлангани, тўғри ёзилгани, эстетик жиҳатдан маъқуллигини ўйлаб ҳам ўтирмай тасдиқлайди. Муҳими – шу ном бошқа бирон жойда рўйхатга олинмаган бўлса кифоя. Ана энди уни пешлавҳа қилиб кўчага осишга биров қаршилиқ қилиб кўрсин-чи!

Мен бир кўчада «Гарнигор» деган магазинга дуч келдим. Бу… нима дегани бўлсайкин? Ё, асли «Зарнигор»у бирон пиёниста рассом янглишиб шунақа битиб­ берганмикин? Йўқ, аниқ-тиниқ «Гарнигор» экан, шу кўчадагилар ҳам ўрганиб, «Гарнигор» магазини ёнида турамиз деб айтишар экан. Янаям ажабтовури шуки, унинг ёнида… «Миржолон» деган ошхона ҳам бор (асли ё «Миржалол», ё «Миржавлон» бўлсамикан?).

Умуман, кўча ёзувларидаги хатолар шунчалик кўпки, уларни ҳозир бемалол тур ва хилларга ажратиш, таҳлил қилиб, диссертация ёзиш мумкин. Материал деганингиз шунчалик бемалол!

Масалан, оддийгина «ошхона» ёки «дорихона» деб ёзишни ҳам эплаёлмай, «ошҳона», «дориҳона» тарзидаги ғирт ўзбекча саводнинг «ғовлаб кетгани»дан келиб чиқадиган нуқсонлар (улар лотин ёзувида бўлса ҳам, кириллда бўлса ҳам) бунинг биринчи тури бўлса, рус тилининг таъсирига тушиб қолиб, чала русчаю чала ўзбекча таржималар иккинчи турига киради. Масалан, «Тошкент қувур заводи» дейиш ўрнига «Тошкент қувурлар заводи» деб битадилар. Чунки русчаси асли «Ташкентский завод трубопроводов»да! Нима, «қувур заводи» деса, одамлар бу завод бир дона қувур чиқарар экан деб ўйлармиди?

Кўча ёзувларидаги учинчи тур хатолар эса ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган инглиз тилининг салбий таъсирини пайқамаслик туфайли келиб чиқаяпти. Чунончи, инглиз тилида бир жумла ичидаги бир неча сўз бош ҳарф билан берилавериши мумкин. Лекин ўзбек тилида бунақа эмас. Бизнинг Ўрхўн ёзувимизда ҳам, араб ёзувида ҳам бош ҳарф дегани бўлмаган (ҳатто 1929 йилдан жорий этилган лотин алифбоси асосидаги ўзбек ёзувида ҳам дастлаб бош ҳарфлар йўқ эди).

Ҳозир баъзи рекламаларнинг бош-кетини, қайси ёзувда битилганини тополмай, анграйиб қоласиз: «NESTLE­нинг Овқатланиш Тартиби»! Бу рекламанинг давоми бундан ҳам баттар. Шуни оддийгина қилиб, «Нестленинг овқатланиш тартиби» деб қўя қолсак нима бўлади?

Бордию, ўзбек сўзлари инглизлар яшайдиган юртларнинг кўчалари, метро вагонлари ва ҳоказоларда ҳам ўзбек алифбосида (масалан, «Қува анор’s», Чуст дўппи’s o’ key!» деб ёзилганида эди, тартиб шу экан деб, биз ҳам инглиз тилидан кирган ном ва атамаларни инглиз алифбосида битсак бўларди. Хўш, «Nestle»ни лотинда ёзиб, биз ўзимизнинг қанчалик «саводли» эканимизни кўрсатиб қўяр эканмиз, унда араб тилидан кирган сўзлар қатнашган пешлавҳаларни ­(масалан, «Авлод» ресторани), хитойчадан олинган сўз иштирокидаги ошхона номини («Шинжонг» кафе­сини)… Тошкентда ишлаб чиқарил­ган­ грузин виноси но­мини қанақа қилиб ёзамиз?­

Ўзбекистонда кўча ёзувлари давлат тилида, яъни шу мамлакатнинг асосий аҳолиси тилида бўлиши шарт эканини уқтириш лозимми? Бирон жойга ошиқиб турган бўлсангизу, кўчага чиқиб, шахматнусха белгиси бор енгил машинага қўл кўтарсангиз, бирига «Taksi» деб ёзилган бўлса, бошқаси «Таxi» деб битилганини кўрасиз. Нима, кейингилари фақат инглизларга хизмат қиладими?

Айрим идора, ресторан ва ошхоналар номи қайси тилда ва қайси ёзувда битилиши даркор – ҳозиргача аниқ-тиниқ эмас. Ошхонасига «У Андрея» деб ном қўйиб, буни гўёки давлат тилида «U Andreya» деб ёзиш давлат тилини ҳам, у ҳақдаги қонунни ҳам масхара қилишдан бошқа нарса эмас.

Бошқа бир тоифа савдогарлар эса дўкончасига ғирт инглизча ном қўяди. Тўғри, ҳозир бозор иқтисодиёти даври. Моддий манфаат кўплар учун ҳаёт-мамот масаласи, бошқа ҳамма нарса ўнинчи даражали бўлиб туйилади. Аммо бу тушунча хато, ҳар бир миллат лоа­қал ўз шаънининг бошқалар олдида ерга урилмаслиги учун курашиши лозим­.

Энди, пешлавҳаю рекламалардан бошқа ёзувларга ҳам диққат қилсак, битта нарса дуруст бўлди: илгари қайси колхоз ё завод еридан ўтар бўлсангиз, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари меъдангизга уриб кетар эди, ҳозир булар барҳам­ топди, ўрнига «Куч – адолатда» каби ибратли гаплар, маънили даъват ва чақириқлар чиройли қилиб битилаяпти. Аммо бундай ибратомуз гаплар сони ҳали-ҳануз беш-ўнтадан ошмайди. Шунинг учун ҳар бир кўча ва муюлишда бир хил, бошини ўқисангиз, давомини кўзни юмиб ҳам айтиб бера оладиган гаплар такрор-такрор ёзила берадиган бўлиб қолди. Гоҳо эса ким айтгани номаъ­лум, маъноси эса ғирт бетайин «Эл бахти – юрт бахти»­ (шакар ширин бўлади дегандай) каби чучмал «ҳикмат»лар урчиди.­

Идораю ташкилотлар номи, уларнинг ичидаги бўлимларнинг қандай аталиши, ҳар бир хона эшигидаги кўрсаткичлар… улардаги хато ва нуқсонлар шу қадар кўпки, уларни ҳам тузатиш, эпақага келтириш учун анча-мунча бош қотиришга тўғри келади. Баъзи идоралар эшикларида ҳануз бўлим номи, бу хонада ўтирган одамнинг лавозими… русча ёзилган. Шундай экан, савлат тўкиб ишлаётган бу игамкуловлар, бу ишматовлар, бу кур­ба­нов­лар­ бошқа идораларга хат-хабар, маълумот, ҳисоботлар­ни давлат тилида ёзишарми­кин деб шубҳаланиб қоласиз.

Кўча ёзувларидаги иллатлар фикрсизликдан, она тилимиз мавқеи учун куйинишнинг етишмаслигидан пайдо бўлади. Афсуски, пешлавҳалардан тортиб, киноафишаларга қадар, автобус ойналаридаги ёзувлардан тортиб, энг жиддий шиорларгача хато ёзиш одатий ҳолга айланди, бунга ҳамма кўникиб ҳам қолди.

Тошкент метросининг «Чорсу» бекатига тушсангиз,­ икки томонга қараб тортилган ариқлардаги сув тасвирига кўзингиз тушади. Бу катта ариқлардан кичикроқ ариқчаларга сув ўтказилган. Нимага шунақа қилинган экан, ўйлаб кўрганмисиз? Сабаби шуки, буюртмачилар­ ҳам, безакчилар ҳам «чорсу»­ деган сўз маъносини ўзлари­ча тахмин қилиб (чор – тўрт, су­ эса сув дегани, яъни, тўр­тала тарафи ҳам сув дея), ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, шу ечимни маъқуллашган.

Ҳолбуки, чорсу – тўрт томон (чорраҳа) дегани. Чорсу эски Тошкентнинг тўрт даҳаси – Бешёғоч, Кўкча, Шайхонтоҳур ва Себзорнинг ўртасида жойлашган, яъни шу жойда даҳалар кесишган.­ Сув ҳақида гап йўқ. Ўзбилармонлар эса ҳамма ёқни сувга тўлдириб ташлашган. Метродан ташқари чиқ­сангиз,­ ҳозир ҳам унинг чор томони­га қараб кетган йўлларида сон-саноқсиз уловлар (автобус, маршрут таксиси)га кўзингиз тушади. Гарчи улар Чорсудан ҳар ёққа қараб йўл олса-да, қайтар чоғида ҳаммаси бир масалада якдил­ экани маълум бўлади: барининг пешойнасига «Чор-су» (ёки «Чар-су») деб битиб қўйилган, оддийгина, ўзбекча қилиб «Чорсу» деб ёзиш, тилимизни тилимламай, сўз­ларимизни русчалаштирмай ёзиш ҳеч бирининг хаёлига келмайди.

Бунақа хато тушуниш оқибатида жой номларини нотўғри ёзиш ҳамма жойда урчиган. Масалан, Қўйлиқ томонлардаги автобус ва ҳоказолар ойнасига баҳамжиҳат равишда «Куйлюк» деб ёзиб қўйишади. Ҳолбуки, русийзабон одам бу манзил-маконларда деярли йўқ. Паркент автовокзалида керакли уловни қидириб аланглаб юрган одамнинг пешонасига «Су-как» деган бир лавҳа қадалади (Сў­қоққа борадиган автобус…).

Бунга барҳам беришнинг йўли, ҳалиям бўлса, бир неча саводли, мулоҳазали тилчининг бошини қовуштириб, кўча ёзувлари матнини кўриб, тасдиқлаб берадиган кичик бир ташкилот очиш. Юртимиз гўзал, унинг пойтахти эса жуда шавкатли кентлардан бири. Шундай муҳташам шаҳарда — Тошкентда яшашимдан фахрланаман. Аммо шундай обод ва файзли шаҳарнинг кўча ва майдонларида, транспортларида, корхона ва ташкилотлар ҳудудида турли ёзувлар: пешлав­ҳалар, реклама ва эълонлар, шиор ва чақириқлар матнида хато ва нуқсонларнинг кўплиги жуда ачинарли. Лотин ёзувини билмайдиганлар эса бундай хатолар сонини янада кўпайтирмоқдалар. Бу – ҳали пойтахтдаги ҳолат. Республикамизнинг бошқа шаҳар ва туманларидаги вазият янада ачинарли.

Уларга барҳам бериш учун бир таклиф билдирмоқчиман.

Бошқа мамлакатлар пойтахтларида бўлгани каби, Ўзбекистон пойтахтида ҳам шаҳар ҳокимлиги қошида хўжалик ҳисоби асосида иш юритадиган – ўзини ўзи таъ­минлайдиган бир кичик корхона очиш лозим. Унга жа­ми кўча ёзувларини текшириб туриш, матнини кўриб бериш, уларнинг бенуқсон бўлишини – имловий, мантиқий, мазмуний ва услубий хатоларни тузатишни топшириш, энди ёзиладиганларни эса кўздан ўтказиб, тўғри эканини тасдиқлаш ваколатини бериш лозим. Ҳар бир кўча ва маршрут номи, ҳар бир пешлавҳа ёки ҳар бир шиор, шаҳар транспорти ва омма кўп бўладиган жойлардаги турли билдирувлар хатосини текшириш, тўғри ва маъқул вариантни таклиф қилиш, унинг компьютер шаклини тайёрлаш каби хизматлар белгилаб қўйилган озгина маблағ (ишнинг мураккаблиги, матн­нинг ҳажмига қараб) ўтказиш ҳисобига амалга оширилади. Бунинг учун ҳар бир ёзув (кичик бир дўконнинг бир сўздан иборат номидан тортиб, улкан паннолардаги бир неча жумладан иборат рекламасига қадар) айни ташкилот кўриб тасдиқлаганидан сўнг Тошкент кўчаларига ўрнатилиши тегишли расмийлаштириб қў­йилса, кифоя. Давлат идора­ларининг кўча ва бошқа жамоат жойларига қўйиладиган билдирувлари эса бу ташкилот томонидан текин равишда таҳрир қилинади.

Агар ушбу таклиф маъқул­ деб топилса, шундай кичик корхона тузиб, иш бошлашга, бундан ке­йинги кўча ёзувларининг тўғри бўлиши юзасидан барча масъулиятни зиммасига олишга тайёр зиёлилар йўқ эмас. Зеро, мустақил давла­тимизнинг гўзал пойтахти Тошкент кўча ва майдонларидаги ҳар бир ёзув мутлақо хатосиз битилиши, шу орқали шаҳримиз кўркини янада очишга хизмат қилиши лозим.

Бу ҳолда кўча-кўй, мактабу идораларда ёзиладиган, йиғилишларда эл назарида турадиган ҳар бир ёзув она тилимиз табиатига мос, жозибадор бўлади ҳамда одамларнинг саводи ва савия­сини ҳам бир қадар юксалтиради.

Зуҳриддин Исомиддинов,

филология фанлари номзоди

________________________________

Huquq va burch” журнали,

2014 йил 10-сон


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Хуршид Жавоб бериш
    2 yil олдин

    мақолани ёзган журналистнинг фикри жамланмаган шекилли
    «Кўчадаги ҳар бир ёзув фақат бирон хил товарнинг рекламаси ё бирон тадбир тўғрисидаги рекламагина эмас. У, айни пайтда, мамлакатнинг тараққиёт даража­сини, миллатнинг маданий-маърифий савиясини кўрсатадиган ўзига хос ойина ҳам.» «Бизнинг Ўрхўн ёзувимизда ҳам, араб ёзувида ҳам бош ҳарф дегани бўлмаган (ҳатто 1929 йилдан жорий этилган лотин алифбоси асосидаги ўзбек ёзувида ҳам дастлаб бош ҳарфлар йўқ эди).»

    • Bakhtiyor Sheraliev Жавоб бериш
      2 yil олдин

      Xurshidjon, maqolani yana bir bor o’qib chiqing! Maqola muallifi nimani nazarda tutganini balki bilib olarsiz.

  • Bakhtiyor Sheraliev Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Zuhriddin aka, ming rahmat sizga! Haqiqiy muammoni yozibsiz, o’qib rosa ta’sirlandim. Bu narsa bizning eng katta xatolarimizdan biri desam hech ham xato qilmagan bo’laman. Bir qarashda kichkina va arzimas bo’lib ko’rinsa ham, haqiqatdan ham siz aytgandek bu narsa xalqning qay darajada savodli ekanligini ko’rsatsa ajab emas. Xitoy men biror joyda xitoy tilidan boshqa tilda yozilgan peshlavhalarni ko’rganimni eslay olmayman, deyarli 99% xitoy tilida edi. Bizdagi peshlavhalarda esa o’zbekcha, ruscha, inglizcha va yana boshqa bir qancha tillarni ko’rish mumkin. Meni eng xafa qiladigan narsa o’zbekcha so’zlarning xato yozilishidir, juda ko’pchilik hollarda «x» va «h» harfining farqiga bormaymiz. Bitta narsaga tushunmayman, nega ko’pchilik yumshoq «x»mi yoki qattiq «x» mi deb so’raydi, axir bu hech qanaqa yumshoq yoki qattiq «x» emas, balki alohida-alohida harf-ku! Shaxsan o’zim, o’zbek tilini 7 yoshimdan keyin o’rganganman, o’sha vaqtlarda esimda bor ko’chadagi shunday peshlavhalardagi so’zlarni o’qishga juda qiziqardim, tushunmaganimni onamdan so’rardim.
    Aytmoqchi bo’lganim, aziz yurtdoshlarim, mayli istagan tilingizni o’rganing, istagan tilingizda gapiring, lekin, iltimos, ona tilimizni hurmat qilaylik! Shu o’rinda ilmiy faoliyat bilan shug’ullanuvchi olimlarimizga ham aytadigan kichik bir iltimosim bor edi, agar imkoni bo’lsa ilmiy izlanishlaringiz natijasini o’zbek tilida yozsangiz, maqolalaringizni o’zbek tilida chop ettirsangiz, ingliz tili yoki rus tilida yozsangiz ham, o’zbek tilidagi tarjimasini bersangiz.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>