• Бугунги сана: Shanba, Aprel 29, 2017

Ким жавоб беради?

Рўзғорнинг ола хуржини бўйнингга тушганини бир кўрай, деган гапни эшитиб ҳайрон қолардим. Ҳа, бир рўзғор бўлса эплармиз-да, ота-боболаримиз минг йиллардан бери судраган хуржунни наҳот мен судролмасам дердим ҳазилга ҳазил билан. Уйинг тинч бўлса — кўнглинг тинч, ишда унум, кайфиятинг чоғ… Бунинг акси ҳам бўларкан.

Редакцияга келган келган бир хатдан:

“Рустам билан севишиб турмуш қургандик. Иккита ўғлимиз бор. Тўйдан олдин бир-биримизни еру кўкка ишонмасдик. Энди эса ўртада аллақандай жарлик пайдо бўлган. Бир-биримизни тушунишни хоҳламаймиз. Арзимаган нарса учун аразлашиб ҳафталаб, ойлаб гапиришмаймиз. Ҳурматли редакция, бу аҳволда яна қанча яшаш мумкин? Менга йўл кўрсатинг…

Адолат. Самарқанд”.

Эҳ Адолат, Адолат, қани энди сиз учун, шу иккита тойчоқ ўғлингиз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган меҳрнинг калити бисёр бўлса-ю, мен уни Самарқанд тарафга йўлласам. Меҳр шулким, биз уни ўзимиз яратамиз, астойдил истасак, йўқдан бор қиламиз. Ҳарорат шулким, бу тафт билан “музлаган уй”ни илитамиз, бир оғиз сўз қотиб ишдан қош-қовоқ солиб келган “хўжайин”га мадор бўламиз. Ҳарорат шулким, бу ўтнинг, бу аланганинг ўчмаслиги, жуфт қалбларда узоқ ёниши, аввало, ўзимизга боғлиқ. Чунки биз АЁлмиз, чунки биз ОНАмиз. “Хўжайин” кетаманлаб жомадонларини кўтариб чиққанда ҳам қалтис бир гап айтишдан олдин гўдакларни ўйлайлик (ҳозир хотин эмас, эрнинг кетиб қолиши одат тусига кирган). Яна қайтариб айтаман: биз дунёга Она кўзи билан қарашимиз керак.

Энсангиз қотиб бу баландпарвоз гаплардан не фойда деб ўйларсиз, Азизим. Адолат, балки иккаламиз тенгдирмиз, балки иккаламиз бир йилда 10 синфни тугатгандирмиз ва ҳатто… бир-биримизни танимаган, билмаган ҳолда ўша “ҳароратли кунлар”да қуёш ҳам, ой ҳам жуда-жуда гўзал кўринган чоғда, севишганлар йўлкасининг у йўлкасида сиз, бу йўлкасида биз ширин суҳбатлар қуриб, афсонавий орзулар ҳақида гапириб оппоқ тонгларни орттиргандирмиз. Балки ўша йигит билан орамизда гап қочиб, иккаламиз бир кунда аразнинг зардали мазасини тотиб, кўзимизга дунё тор кўриниб, ётоқхона дерезаси олдида мунғайиб тургандирмиз. Биз ўшанда севгининг аччиқ аламларига, ситам-ҳижронларига бардош беролмай, энди усиз ҳаёт йўқ, деб ўзимизни деразадан ташлашимиз мумкиндир. Лекин энди-чи, дунё қоронғи ҳужрага ўхшаб кўринганда ҳам, биз шундай қиламизми, шундай қилишга ҳаққимиз борми?.. Биз онамиз. Турмушнинг турмушлиги, рўзғорнинг рўзғорлиги ҳам шунда. Яна шоир айтганидек, тақдирни қўл билан яратур одам.

Энди фақат ўзимиз ҳақимиздагина ўйлашга ҳаққимиз йўқдир, чунки биз виждонимиз олдида, жамиятнинг кичик бўғини бўлган оила олдида масъулмиз.

Бир замонлар қадим Хоразмда узатиладиган қизни тўсатдан чўгирма, яъни телпак билан уриб кўришаркан. Бехосдан отилган телпак зарбидан йиқилмаган ўн-ўн икки яшар қизни эрга беришган. Менинг момом ҳам худди шу йўсинда бобом билан турмуш қурган эканлар. Улар олтмиш йил умр кўришган. Олтмиш йил-да…

Мен бу билан ўша давр муҳити тафсилотларини ёйдирмоқчи эмасман. Бу нарсалар асрлар қатида, йиллар ортида қолиб кетган. Аммо нега умрида бир-бирини кўрмаган, ёши, дунёқараши, хулқ-атвори жиҳатидан ҳам бир-биридан фарқ қиладиган одамлар ҳам яшаб кетишган, бола тарбиялашган, севишган, севилишган…

Биз оқ-қорани таниган ХХ аср зиёлилари, жамики қонун-қоидани, ҳуқуқу даъволарни чуқур билган севишганлар, атом асрининг Лайли-Мажнунлари бир-биримизни тушунолмаймиз. Гоҳ туйғуларимиз, гоҳ феъл-атворимиз, гоҳ яна нима балоларининг тўғри келмаганидан бир оғизгина сўз ортиқчалик қилиб ажрашаманга тушамиз. Ажралишаман, шундан қутулсам бахтли бўламан, орадаги норасидалар умри узоқ бўлса бир кунини кўриб кетади деб ўйлаймиз.

Нимага ҳаётга бундай енгил қарайдиган бўлиб қолдик? “Юк”имиз енгилми, тилаганимиз муҳайёми? Бошингни икки қўлинг билан сиқиб ўйлайсан, ўйлайсан, ичингдан алланарса тошиб келаверади. Томоғинг ачишади. Фашистлар Москва остонасига бостириб кирганида Зояларнинг оппоқ сийналари қонли қўллар билан кесиб олинганда боболаримиз, момоларимиз кунжара еб очликдан шишиб ўлганда, урушнинг узун тунлари мунгли қўшиқ айтиб кўсак чувиганда, совуқ хирмонга узалганча жон берган чолга аза очиб йиғлаганларида чидаган асабларимиз, энди бир оғиз сўзни кўтаролмай узилиб кетади. Шарм-ҳаёни, одоб-андишани йиғиштириб қўйиб, битта тилла узук учун суд залларида, бир вақтлар умид билан бир ёстиққа бош қўйган одамлар, оталар, оналар бир-бирини ҳақоратлашади, маънавий азоблашади. Қўйиб берса, ёқа бўғишади.

Бунинг сабаби нима — ёшликми, ғўрликми ёки калта ўйлашми?… Худбинликни, ўзига бино қўйишни,мешчанликми?.. Ҳақ гап кимгадир ёқмайди, нафас бўғизга тиқилади.

Биз ёш келин-куёвлар ҳаддан ташқари мағрур бўлиб қолмадикми? Қонимиз кўпириб босимимиз ошганда бир оғиз гап, ширин сўз билан мувозанат ўзгаришини, аҳвол яхшиланишини биламиз. Лекин қайси мард бу гапни олдин айтади? Ким ғурурини ютиб, биринчи бўлиб гап бошлайди? Ким олдин бўйин эгади — менми, уми?

Асаб бузилган вақтда бир оғиз гапдан қолсак олам гулистон бўлишини биламиз. Ким “бир оғизгина” гапдан қолади, кимнинг “қул” бўлиб бўйин эггиси келади.? Ҳеч ким! Ҳуқуқим тенг деб ўйлаймиз! Шуларни ўйлайман-у оила, севги, вафо, бурч деган тушунчаларнинг буюк бир тилсимлигига инонгандай бўламан. Рекдакцияга келган яна бир хатдан парча:

Қайнонам сени молдай қилиб тўрт минга сўмга сотиб олдим деб кўзимни очирмайди. Аввалари шундай гап чиққанда эрим қари одам пули куйганига жони ачийди-да, деб қўярди кулиб. Сўнг, сўнг у ҳам ўзгариб қолди. Битта “Жигули”ни олиб минсам, бўлмасмиди дейдиган бўлди. Мен эса ҳар тун совуқ кўрпага бошимни буркаб юм-юм йиғлайман. Назаримда, эрта-индин бу уйни тарк этадигандайман.

Дармонжон. Хоразм”.

Мен ҳам Хоразмда туғилганман. Бу қалин балосидан не-не гулдай оилаларнинг деворлари қулаб кетди, не-не хушрўй қизлар кўз ёшини оқизиб суймаганига тегиб кетди. Бу қалин балосидан не-не аҳду паймонлар завол топиб, беғубор қалбларга жароҳат етди.

Биз шу пайтгача бу нарсалар ҳақида очиқ гапиролмасдик. Кўрсак кўрмаганга, билсак билмаганга олардик ўзимизни. Энди овозимизни баралла қўйиб гапиришнинг фурсати етди.

Ўйга ботасан, инсоният юксак цивилизация асрида яшаётган бўлса-ю бир қарашда оддий иллатдай кўринган қалинни йўқотишнинг иложи бўлмаса?! Биз қалинни эскилик сарқити, деб атаймиз. Аслида қарияларнинг айтишича, илгари умуман, қалин деган нарсанинг ўзи бўлмаган экан. Энамиз турмуш қурганларида бегоналардан юзни беркитиш учун бир фаранги рўмол ва битта сағри кавуш билан отамникига келган эканлар. Онамизнинг турмуш қурганларига ҳам ўттиз беш йилдан ошди. Қудалар, келин қишда кийишга бирон нарса олар деб, эски пул билан 300 сўм беришган экан. Дадам эса ҳалигача куладилар, онангга ўттиз сўмга уйланганман деб. Бу фақат мен билган нарсаларгина холос.

Бас, шундай экан, қалин эскилик сарқити деб қўл қовуштириб ўтирмаслигимиз керак. Агар эсингизда бўлса, телевизордаги бир кўрсатувда уруш ветереани бўлган бир ота шундай ҳасрат қилди:

— Қизини нима олиб кетади меникидан (келинни қалин важҳидан отаси олиб кетган экан). Ахир ўғлимнинг турмуши бузилди-ку, мен уни яна қандай уйлантираман. Учта ўғлим бор, учта… Ўзим пенсионерман, уларни қандай уйлантираман!

Хоразмлик отахоннинг бу гапларини эшитиб юрак-бағрим эзилди… Тўғри, истаганча қалин бериб, ўғил уйлантириш, етти маҳаллага тўй бериш баъзилар учун ҳеч гап эмас. Бир қизга беш минг сўм қалин бериб тўй қилган оила учун яна неча йил далада кетмон чопиши, болалари насибасини қирқиб қозонга масаллиғини ўлчаб солиши зарур.

Ким бу саволларга жавоб бера олади. Азиз момолар, боболар, тенгдош опа-сингиллар, сизларга мурожаат қилмоқчиман. Сиз нима дейсиз? Қачонгача мана шундай икир-чикир нарсалар учун турмушимиз бузилади? Болаларимиз тирик етим бўлади?

Қачонгача кимлардандир мадад кутиб, ёнимиздагиларни, ёстиғимиз ярмини эгаллаган инсонни унутамиз. Ахир биз бу дунёга, ёруғ дунёга фақат тириклик фалсафасини бахш этган номи улуғ ОНАмиз-ку. Демак, биз нафақат оила қўрғонининг тинчлиги учун, балки бутун заминнинг тинслиги учун жавобгармиз.

Саломат Вафоева,

“ЎзАС” газетаси,

1992 йил

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>