• Бугунги сана: Dushanba, Dekabr 11, 2017

Ким ҳақ: вазирликми ёки университет?

Яқинда билиб қолдим: “Олий таълим тўғрисида”ги низомнинг IV боб 19-бандига мувофиқ олий таълим муассасида ўқишни тамомлаган бакалаврларга давлат намунасидаги диплом (иловаси билан биргаликда) ҳамда тегишли кўкрак нишон берилиши керак экан.

Ушбу низом 2003 йил 4 мартдан  кучга кирган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 9-сонли буйруғи билан тасдиқланган бўлиб, мен мазкур низом қабул қилинганидан бир йил ўтиб талабаликка қабул қилинганман. Демак, унда белгиланган талаблар менга нисбатан ҳам татбиқ этилиши керак.

Университетни тамомлаганимгаям етти йилдан ошди. Дипломнинг иловаси битирган йилимиз, ўзини эса уч йилдан сўнг берилган. Бироқ кўкрак нишони ҳалигача етиб келгани йўқ. Курсдошларимдан сўраб-суриштирдим, бошқа олий таълим муассасаларида ўқиган танишлардан ҳам: ҳеч ким бу ҳақда билмайди. Худди мен каби буни энди эшитиб туришибди. Ҳужжат бўлса-ю, ижроси таъминланмаса, қизиғ-а!

Балки эсларидан чиқаришган бўлса, ёрдам қилай деб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилдим, вазиятни ётиғи билан тушунтирдим. Юз берган ҳолатнинг сабабларини аниқлаштиришни сўраб, унга ойдинлик киритилиши илтимос қилдим. Орадан икки кун ўтгач, вазирликдан ушбу мурожаатим “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига асосан тааллуқлилигига кўра Ўзбекистон миллий университетига юборилгани ҳақида жавоб хати келди:

Университетнинг жавоби ҳам кўп куттирмади. Ўзбекистон миллий университети проректори вазифасини бажарувчи А.С.Шарипов имзо чеккан хатда шундай дейилади:

“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 22 февралда 1222-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Олий таълим тўғрисида”ги низомнинг IV бандига биноан бакалариат — базавий олий 4 йиллик таълим дастури якунлангач, давлат намунасидаги диплом (илова билан бирга) ва тегишли намунадаги кўкрак нишони берилиш керак.

Лекин Олий таълим вазирлиги қошидаги Ривожлантириш маркази томонидан ЎзМУ ва бошқа олий таълим муассасаларига тегишли намунадаги кўкрак-нишони ноъмалум сабабларга кўра берилмай қўйилган. Шу сабабли мазкур масала юзасидан вазирликнинг тегишли мутахассисларига мурожаат этишингиз мақсадга мувофиқ”.

Воажаб! Вазирлик мен сўраган масаланинг ечими ўзининг қошидаги Ривожлантириш марказига бориб тақалишини била туриб мурожаатимни Ўзбекистон миллий университетига “тепиб” юбордимикан ёки 2003 йилдан бери “Олий таълим тўғрисида”ги низомнинг IV боб 19-банди ижроси таъминланмай келаётганидан чиндан ҳам бехабармикан?! Бироқ ҳар икки ҳолатдан бири ҳақиқат бўлган тақдирда ҳам бу вазирликнинг обрўси, имижига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолат. Шахсан мен буни субутсизликка йўяман.

Балки масаланинг мен билмаган ньюанслари бордир. Эҳтимоллар назарияси бўйича ёндошилса, бундай вариант ҳам бор. Шундай ҳам дейлик. У ҳолда вазирлик мутасаддиларининг ушбу вазиятга ойдинлик киритишларини кутиб қоламан.

Орадан шунча йил ўтибди, йиринг ковлаб нима қиласан дегувчилар ҳам топилади орангизда. Шу кўкрак нишон сенга нима берарди, бу билан лавозиминг ошиб, ойлигинг кўпайиб қолармиди дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Тўғри, бир бўлак темирга муҳтожлик жойим йўқ шу тобда. Қолаверса, унинг ҳеч бир имтиёзи ҳам йўқ.

Аслида гап бунда ҳам эмас. Гап ижро интизомида. Республикамизда олий ва ўрта-махсус таълим тизимига жавобгар вазирликки, ўз низомига амал қилмаётган экан, бошқалардан нима кутиш мумкин?! Қолаверса, қайсидир сабабга кўра бакалариат таълим дастури битирувчиларига берилиши керак бўлган кўкрак нишонлари қайсидир сабабларга кўра ишлаб чиқарилмаётган бўлса, масаланинг оддий, қонуний ечими бор: “Олий таълим тўғрисида”ги низомнинг IV боб 19-бандини ўз кучини йўқотган деб топиб, низомдан чиқариб ташланса бўлди. Бироқ айни пайтда у ўз кучида экан, демак, унинг ижроси таъминланиши шарт.

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Sobir Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Mazkur bandni qo’shganlar uning moliyaviy ta’minoti haqida o’ylashmagan. Ammo talabalardan pul yig’ib bersa ham bo’ladi.

  • Музаффар Жавоб бериш
    1 yil олдин

    жуда ҳам қизиқ, кўкрак нишони ҳақида эшитмаган эканман, охири нима бўлди, қандай натижага эришдингиз, нишонни олдингизми????

  • Muxtorbek Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Maqola muallifi kim? Maqola qachon chiqarilgan? Ma’lumotlar to’g’riligi uchun kim javob beradi? Shular hususida bir-ikki og’iz aytib o’tsangiz, degandim. Uning ustiga,sayt adminlari bilan bog’lanish uchn aloqa telefon raqamlari yoki elektron pochta manzili berilmagan. sayt o’zi qonuniy ish yurtyaptimi?

    • Адҳам Ўрол ўғли Жавоб бериш
      1 yil олдин

      Мақола 2015 йилнинг 27 декабрида сайтга жойлаштирилган. Муаллифи: Жамшид Ниёзов, журналист. Сайтимиз қонуний фаолият юритади, бу ёғидан хавотир олманг. Биз билан tafsilot@bk.ru электрон манзили орқали боғланишингиз мумкин.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>