• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Кейнснинг башорати ёки «унутилаётган дунё»

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида, Европа халқлари буюк депрессияни бошдан кечираётган бир даврда таниқли инглиз иқтисодчиси Жон Мейнард Кейнс «Невараларимизнинг иқтисодий имкониятлари» деган сарлавҳа остида мақола эълон қилади. Иқтисодчи унда ХХ аср охири, яъни унинг неваралари яшайдиган даврга келиб Британия ва яна бир қатор саноатлашган мамлакатлар аҳолиси тўқ-фаровон яшашини, қашшоқлик ёки камбағаллик деган кулфатларни буткул унутишини «башорат» қилган эди.

Унинг айтгани тўғри чиқди: айтилган даврга келиб у санаган мамлакатларда мутлақ фаровонликка эришилди. Ярим асрдирки, у томонларда тўқчиликдан бошқасини билмайдиган авлод умргузаронлик қилмоқда. Аммо Кейнснинг 2025 йилга келиб Ер юзида қашшоқликнинг батамом барҳам топиши ҳақидаги башорати рўёбга чиқишидан чиқмаслиги аниқ бўлиб турибди.

Бугун дунё аҳолиси 7 миллиарддан ошиб кетди, 2025 йилга бориб эса 8 миллиардга етиши кутилмоқда. Маълумотларга ишонадиган бўлсак, сайёрамизда ҳар куни қашшоқлик ва очарчиликдан 25 минг киши нобуд бўлмоқда. Уларнинг 60 фоизини аёллар, 25 фоизини эса болалар ташкил этади. Бу ҳар 5 сонияда бир гўдак очликнинг қурбонига айланаяпти, дегани…

Мамлакатларнинг бой ва камбағалга бўлиниши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Гуёки, шундай бўлиши керакдай. Бой мамлакатларни санаб ўтишга зарурат йўқ, уларни ҳамма яхши билади. Қашшоқларини ҳам.

Хўш, қашшоқлик ёки камбағаллик деганда ўзи нималар тушунилади?

Камбағаллик индивид ёки муайян ижтимоий гуруҳ иқтисодий аҳволининг тавсифи бўлиб, ҳаёт учун энг минимал эҳтиёжларни қондириш, меҳнат қобилияти ва насл бардавомлигини сақлаб қолиш имконига эга бўлмаган ҳолатни англатади. Камбағалликни белгиловчи турли коэффициентлар мавжуд.

Ўз навбатида «қашшоқлик» тушунчасининг ҳам ўзига яраша категориялари бор. Иқтисодчилар кунлик даромади 1,25 доллардан кам бўлганларни «ўта қашшоқ» тоифага киритишади. Бундай оилаларнинг фарзандлари эл қатори мактабга қатнаш ўрнига оғир меҳнатга маҳкум. Аксарияти зотилжам, ичбуруғ ёки безгак каби олдини олиш, даволаш мумкин бўлган касалликлардан вафот этади.

Биламизки, қашшоқлик асосан аксар Африка мамлакатлари аҳолисининг чекига тушган. Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида аҳоли ҳаддан зиёд кўп овқат еб, ортиқча вазндан азият чекаётган бир вақтда Сомали, Уганда, Чад, Мозамбик, Эфиопия каби мамлакатлар аҳолисининг қарийб ярми тўйиб овқат емайди.

Шунингдек, бир қатор Жанубий Америка ва Осиё мамлакатлари аҳолиси ҳам ярим оч яшаётганлар тоифасига киритилади.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига қараганда, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизи тўйиб овқат емайди, бундайлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Болалар ўлимининг 55 фоизи айнан тўйиб овқатланмаслик оқибатида юз бераётган экан.

Қашшоқлик оралаган жойда рисоладагидай таълим, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳақида гапириш ортиқча.

Қашшоқлик жаҳолат, зўравонлик, урушлар ва маҳаллий-маиший низоларни келтириб чиқаради. Виктор Гюгонинг “қашшоқлик инқилобга олиб боради, инқилоб эса қашшоқликка” деган гапи эсга тушади.

Бой ва камбағал давлатлар ўртасидаги фарқнинг ошиб кетишига асосий сабаб қилиб ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг нотекис тақсимланиши кўрсатилади. Буни дунё аҳолисининг энг бой тўртдан бир қисми, сайёрамиздаги бойликларнинг тўртдан уч қисмини истеъмол қилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айтайлик, оддий америкалик ҳиндистонликка нисбатан нефть маҳсулотларини 15 марта кўп сарфлайди.

Юзлаб миллионерлар, миллиардерлар бойликка кўмилиб яшаётган бир пайтда, миллиардлаб инсонлар қўл учида яшашга маҳкум. Бундай адолатсизлик дунёнинг баъзи минтақаларида урушлар, низолар ва инқилобларни пайдо қилмоқда.

Шунга қарамай, бой мамлакатлар бу муаммо ечими ҳақида бош қотиришга шошилишмаяпти. Уларни «учинчи дунё» мамлакатларидан қандай ўзларини иҳоталаш муаммоси кўпроқ безовта қилмоқда. Буни анчадан буён Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ёки АҚШнинг Африкадаги инсонпарварлик лойиҳаларини молиялаштиришга қўл силтаб қўйганидан ҳам кўриш мумкин.

Албатта, бой давлатлар қашшоқ мамлакатларга абадул-абад ҳомийлик қилишга мажбур эмас. Қолаверса, ўша, қашшоқ саналган мамлакатларга юбориладиган инсонпарварлик ёрдамларининг 40 фоизи коррупциялашган маҳаллий ҳукуматларнинг кўмагида жиноий гуруҳлар томонидан ўзлаштириб юборилиши ҳам факт.

Нима қилиш керак? Бу ҳақда наҳотки «қора қитъа» вакилларидан ҳеч қандай ташаббус чиқмаётган бўлса?

Бир пайтлар, Африкадаги нисбатан фаровон мамлакат саналган Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Кадафий шимолий Африкани ягона валюта ва ягона иқтисодий маконда бирлаштириш, шу тариқа минтақа иқтисодиётини юксалтириш ташаббуси билан чиққан эди. У агар лойиҳа самарали амалга ошса, қитъанинг бошқа мамлакатларини ҳам интеграциялаштириш, шу тариқа мудом қашшоқлик азобига маҳкум халқларни рўшноликка олиб чиқишни режа қилган эди. Бироқ Муаммарнинг қисмати қандай якун топганидан хабарингиз бор.

Биргина шу мисолнинг ўзи, Африка қитъасининг юксалишини истамайдиганлар ҳам борлигини кўрсатмайдими? Бугун бой мамлакатлар қашшоқларни қисмат қучоғига ташлаб қўйиш ёки шунчаки унутиш керак деб ҳисобламоқда.

Аммо сўнгги йиллар ичидаги воқелик қашшоқлар оламини «шунчаки унутиш» мумкин эмаслигини кўрсатиб қўйди.

Ҳадемай тўкин-сочин Европа қашшоқлар оламидан оқиб келаётган миллионлаб муҳожирлар билан борини баҳам кўришга мажбур бўлади. Ва бу узоқ давом этади…

Зоҳид тайёрлади


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>