• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Кенгашли тўн тор келмас

« — Нима ишингиз бор: хотиним билан орамизда нима бўлгани билан? Ажрашамизми, ажрашмаймизми — бу бизнинг шахсий ишимиз?

— Адашасиз, азизим, бу жамоат иши. Сиз ўз қўйди-чиқдингиз билан кўрсаткичларимизни кескин тушириб юборяпсиз.

— Хўш, мендан нима истайсиз?

— Жамоат номидан қўйди-чиқдингизни квартал охиригача қолдиришингизни илтимос қиламан. Уқдингизми? Ана ундан кейин хумордан чиққанча ажрайверинг».

Бу — барчамизга таниш диалог. Ҳа, ўша машҳур «Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради» фильмидан. Ҳар гал эшитганда, куламиз. Бироқ собиқ тузум даврида барча нарсани, ҳатто оилавий қўйди-чиқдиларга қадар давлат назоратига олингани бор гап. Шу каби мустабид тузумни бугун-да сақлаб келаётган айрим хорижий давлатларда ҳозир ҳам аҳвол ўша-ўша: фуқароларнинг соч турмагига қадар давлат назоратида.

Гарчи комендант Бунша барча гапни жамоат номидан сўзласа ҳам, бу, шунчаки, қилдан қийиқ ахтариш эди. Ёки «шубҳаси» билан қўрқитиш, шу билан қандайдир мавқега эришишга уриниш: «Шубҳали мана шу машинангиз ҳақида, илтимос қиламан, хабар қилинг, ҳа, ўзингиз хабар қилинг. Йўқса, ўзимиз хабар қиламиз», дегандай.

Чунки собиқ тузум давридаги «давлат назорати» ё «халқ назорати» деган ваҳимали ниқоблар аслида Бунша каби йўқ жойдан муаммо излаб, кимнидир обрўсизлантириш ё йўлини тўсишга уринадиган кимсалар учун «ҳар томонлама қулай», барчани бир қолипга тиқишдан манфаатдор тузум учун эса айни муддао эди.

Бугун демократиянинг муҳим белгиси ва омили саналаётган жамоатчилик назорати эса бутунлай бошқа жараён. Бу — жамиятнинг ҳар бир аъзосига юксак ишонч билдириш, фуқаролик бурчи ва масъулиятини ошириш дегани. Аммо ҳолва деган билан оғиз чучимайди…

Қовун қовундан ранг олади

« — Афандим, қўй етаклаб келяпти биров.

— Менга нима.

— Сизникига кириб кетди-ёв.

— Сенга нима?».

Ҳа, энг хавфли одам — лоқайд одам. Чунки ҳеч нимага ишонмайди. Бошқача айтсак, у учун муқаддас, бой бериладиган тушунчанинг ўзи йўқ.

…Ёмғир вагон деразаларини аста чертади. Қоронғулик бағрини тилиб турган чироқлар ёнарқуртга ўхшаб кўринади. Савдогар шерик тепада хуррак отади. Талаба «ойхон»ига термулиб, «уф-ф» тортади: антенна ўйнаётганидан жаҳли чиқади. Бесабрроқ. Сал «қизишиб» олган Холмат ака асабга ўйнайди: нима десанг, жавоби бир хил — «Менга нима, ука, бари сафсата». Бу фақат аламзадаликка ўхшамайди. Яхшилаб гапга соламан. Ошналаридан сўрайман.

— Ошна ҳар хил бўлади, укам, — дейди сўлиш олиб. — Пул ошнаси, хотин ошнаси, мансаб ошнаси. Лекин яхши-ёмон кунингда ўзига тенг кўриб елкадош турадигани кам. Ундайини ҳеч учратмадим. Мана, мен директор бўлиб ишлаб кўрдим…

— Ёш бола пайтларда-чи? — дарров гапни бураман (корхонасидаги ғиди-бидиларни эшитиш баъдга уради).

Ахийри айтади:

— Ҳа, у маҳаллар бир ошнам бўларди. Ҳамсоя эдик. Нима топсак, бўлишиб ердик. У янги кийим киймаса, мен ҳам киймас эдим. Бир куни ён қишлоққа тўйга бордик. Ошнамни туртишгани учун айтишиб қолдим. Роса тепкилашди. Жўрам бўлса, томоша қилиб турди. Шу-шу баридан кўнглим қолди. Бари бир бўлиб қолди…

Бошқа ҳеч нима сўрамадим. Қўлни ювиб қўлтиққа артишдан ёмони йўқ.

Ҳар ким — ўз уйининг меъмори

Кўча ёқасида хазонлар йиғилиб қолган, уларнинг ёнида қачонлардир тўкилган қум. Гузар деворларининг оҳаги, ёғоч сўрининг бўёқлари ўчинқираган. Чориқул атрофида уч-тўрт бекорчи. Ўртада икки баклашка «Қибрай». Яна икки баклашка сулайиб ётибди. Зўр бериб дунёни муҳокама қилишади.

— Кеча радиодан эшитдим: бир бой ўзига 1 доллар ойлик берибди, — куйиб-пишиб гапиради мўйловдор паканаси. — Бир йилга 1 доллар-а.

— Бир хил бой ўзи шундай хасисроқ бўлади, — дейди новчароғи. — Авраболгич дегани ҳам соқолини чала оларкан. Қиртишлашга вақти йўқ-да.

— Мана, Тиркаш тирриқ ҳам соқолини чала олади-ку, — бурнини қашийди «Эхолайн» (қориндорлиги учун шундай лақаб орттирган).

— Тиркаш ҳамма нарсани авайлайди, — дейди пакана. — Ўзим кўрганман: битта олмосни иккига айириб, кунора ишлатади.

— Энди Тиркаш бой эмас-да, — салмоқлайди Чориқул. — Шунинг учун унинг қандай соқол олгани унча қизиқ эмас.

— Америкадаги селни эшитдингларми? — қошини керади «Эхолайн».

— Ўндан ортиқ одам ўлди, — чийиллайди мўйловдор пакана. — Мана шу қулоқларим билан эшитдим. Кеча телевизорда айтди — ўндан ортиқ…

— Бойна радио айтди, уже, ўн бешта бўпти, — дейди Чориқул.

— Йўғ-е, — бошини сарак-сарак қилади пакана. — Чатоқ бўпти-ку…

— Бу ҳам Худонинг балоси-да, — файласуфона сўлиш олади новча.

Олдин-кейин бош қимирлатишади. Сўнг… яна ўша гап: «Ҳай, тинчлик бўлсин, қани…».

Бир чойнак чойнинг таннархи неча пул?

Тушлик пайти ёнимиздаги столда официантга шу савол берилди. Қарасак, костюм-шимли, галстук таққан ака — интеллигент. Официант бола (янги келган, шекилли) сал шошиб қолди.

— Кел, ука, сенга ҳисоблай берай, — деди мижоз. — Бир литр сув 36 сўм, уни газда ё электрда қайнатишга 10 сўмча кетади. Бир чойқошиқ қуруқ чой, борки, 15 сўм бўлсин. Жами 61 сўм. Нега энди таннархи 61 сўмлик бир чойнак чойни 500 сўм сотаяпсан. Ўғри бўл, ҳалиги бўл, инсофли бўл-да, ука.

— Ака, нархни мен белгиламайман, оддий бир официантман.

— Чақир каттангни, — дарғазаб бўлди интеллигент.

Кўп куттирмай қорин солган каттакон чотини кериб кириб келди:

— Қани, ака, нима муаммо?

Мижоз яна қайта ҳисоблаб бераётганди, каттакон гапини шартта бўлди:

— Ака, хоҳласангиз, шу нарх. Ёқмаса, кирманг. Чойи арзонроқ бошқа жой топинг. Бўлди, гапни қўпайтирманг.

Сўнг ишчисига ўқрайди:

— Сен билан кечқурун гаплашаман.

Мижоз эса «Эй, шошманг…», деганча қолди. Сўнг официантга раҳм аралаш пул узатаркан, бизга ўгирилди:

— Гап пулда эмас, нарх инсоф билан қўйилиши керак-да. Нега буни ҳеч қайси ташкилот назорат қилмайди, тушунмайман.

— Тўғри, тўғри, — дедик. Кейин ўйлаб қолдик: нега доим индамай тўлаймиз? Бирор ошхона ё дўконда нима учун «Шикоят ва таклифлар дафтари» юритилмайди? Нархга эътироз айтишни ор биламизми? Ким кимдан уялиши керак аслида?..

Турими борнинг ўрни бор

Одамда мустақил фикр бўлса, ўз мезони, турими — позицияси бўлади. Туяқорин деган тикан каби шамол қаёққа етакласа, ўша ёққа учиб юрмайди.

Анча илгари бошпанам жойлашган қават йўлакларини бир сўққабош кампир ҳар куни ювар, эвазига арзимас чойчақа йиғиб оларди. Ўша вақтлар ривожланган хорижий давлатлардан биридан сал кийилган, аммо янгидай кийим-кечаклар келган, маҳалла раиси уни муҳтожларга улашаётган экан. Неча марта «келинг, текин кийим-кечак, танлаб оласиз», деб айттирса ҳам,  кампир бормабди.

Бир куни сабабини сўрадим. Аввал гапиргиси келмади, кейин айтди:

— Мен у давлатнинг ташқи сиёсатини ёқламайман…

Қош қўяман деб…

Жамоатчилик назоратининг муҳим кўриниши — оммавий ахборот воситалари орқали воқеликка муносабат билдиришда. Муносабатда эса, албатта, фикр бўлиши керак.

Айтайлик, яқинда артистлар ҳаётини шов-шув қилиб кун кечираётган сайтлардан бирида ижтимоий тармоқларда тарқалга видеолавҳага муносабат билдирилган. Лавҳа — бир тўйдаги талвасали рақсдан иборат. Кўрган одам, уларнинг ақл-ҳуши жойидалигига шубҳа қилади. Лекин сайтда бунга билдирилган муносабат (фикр эмас) ҳам ундан беҳ эмас: «Ит-эшшак бўлиб қотиб қолгандаям шунақа қилинмас эй? шок! Тушунаман кайфчиликдир, аммо ўзбекча кайф қилийлу, илтимооос, бунақамасде… шомонча ритуалку бу камида. Кайфниям апогеясида ўзбеклик ва энг асосийси эркакликни унутиш керемасдир? Одамлик хақидаку умуман жимман бору… МилЯЯЯЯ».

«Uz» доменидаги ҳар бир сўз — миллат шаъни, юзи, кўзгуси эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

«Жамиятнинг виждони» кимлар?

« — Сизни ҳамма ёмон кўради: дадам, ойим, қишлоқдаги одамлар, магазинчи Ғайбулла… Сиз ҳамманинг ишига аралашиб юраркансиз…

— Мени ҳеч ким яхши кўрмаслигини ўзим ҳам яхши биламан…».

«Суюнчи» фильмида Анзират буви ва кенжа невараси ўртасида шундай гурунг бўлади. Бироқ «етти ёт бегоналарнинг ишига тушмуқ суқадиган» кампирнинг қадри ўлгандан сўнг билинади. «Ўжар кампир бўлса ҳам қишлоғимиз виждони эди», дейишади. Лекин Анзират буви учун қишлоқда етти ёт бегонанинг ўзи йўқ эди.

Ҳар бир одам ўзини ўзи назорат қилишни ўрганмас экан, Анзират бувилар майдонга чиқади. Аслида-чи? Йўлакни супириб қўйишни, кўчага ахлат ташламасликни, ўзидан катталарга салом ва жой беришни, ота-онадан хабар олишни, ўзгага озор ва халақит бермасликни, инсоф билан маҳсулот сотиш ё хизмат кўрсатишни… албатта, Анзират буви айтиши шартми? Нега буни ўзимиз англамаймиз.

Одам ўзи билан жамиятни бирга англаб яшаса, ўзининг олдида жавоб бера олади. Ўзини енгган, виждони олдида жавоб бера олган инсон Ватан, миллат, инсоният ва тарих олдида ҳам жавоб бера олади. «Жамиятнинг виждони» ҳам — ана шундай, ўзи олдида жавобгарликни англаган инсонлар.

Ғарб ва Шарқ психологиясининг фарқи оддий: ғарб ҳаёт тарзи индивидуал қарашга, шарқона умр кечириш эса кенгашишга урғу беради. «Қуёшботар»даги кимса «менинг ҳаётимга аралашма, ўзим биламан» деса, «қуёшчиқар»даги инсон «кенгашли тўн тор келмас», дейди. Зеро, халқимиз турмуш ва тафаккур тарзидаги кенгаш — фикрлар бирлиги, тўғри йўлни танлаш, «мен» ва эл-юрт олдидаги масъулият уйғунлигидир.

…Анзират бувилар ҳозир ҳам орамизда анча. Улар тўғри гапни айтгани учун кўпчилик ёқтирмайди. Хўш, одамлар Анзират бувининг хизматларини ўз вақтида англамаса ва қадрламаса айбдорми? Жавобни эса унинг ҳаммаслаги Холмат бува айтади:

— Айбдор! Айбдор бўлганда-ки…

Дархон Боев

 

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>