• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Жонимни оғритиб ҳузур қиламан

— Қани, Пирматов, уйга вазифани тайёрлаб келдингми?

— Бажариб келдим, устоз.

— Қани, бошла, биз жим эшитамиз.

—  Яқин ўтган замонда, жуда яқин замонда, ўрмонда фақат ҳайвон-у ҳашаротлар, қурт-у қумурсқалар яшаган экан. Улар ўзларича ўрмонни бўлишиб ҳам олишган экан. Эшак билан қуён ўрмоннинг бир тарафини, айиқ бир тарафини, чумолилар(ҳашаротлар)бир тарафини, йўлбарс ва шер бир тарафини ва қолган қисмига эса бўри хўжайинлик қилар экан. Ҳамма нарса етарли, тўкин-сочинлик бўлишига қарамасдан юқоридаги ҳайвонлар бир-бирлари билан баъзида келишмай қолишар экан. Айниқса, катта айиқ билан эшак ва қуённинг орасидан ола мушук ўтган экан. Эшак ўзи ҳеч нимага тушунмайдиган галварс бўлишига қарамасдан ҳамманинг ишига аралашаверадиган “суяк” экан. Бу ҳам етмагандек сўроқсиз бошқаларнинг ўтлоғига кириб пайҳон қилиб ҳам кетаверар экан. Қуён ҳам ундан қолишмай деб ҳайвонларни бир-бири билан уруштириб қўяр, ўртада чақимчилик қилиб низолар келтириб чиқаришни жуда яхши кўрар экан. Тақдирни қаранг-ки, бу икки узунқулоқ бир бирига қўқонманзират қилиб чарчамайдиган ажралмас дўст эмуш. Ҳар қандай ишни бирга қилишар экан.  Бу албатта бошқаларга ёқмас, айниқса, катта айиқнинг жаҳлини чиқарар экан.

Қуён ва эшакнинг тарафдорлари:

чўчқа (тўнғиз), қурбақа, каламуш, хўроз… (овози тинмайдиган, бўлар-бўлмасга бақираверадиган ҳайвонлар);

Катта айиқнинг тарафдорлари:

тулки, илон, қўй, балиқ…(асосан гапиришни билмайдиган, эркин фикр билдира олмайдиган ҳайвонлар) эди.

Катта айиқ ҳам ўзига яраша ўжар ва қўпол эди. У атрофидаги ўзидан кичик ҳайвонларга буйруқ беришни яхши кўрар, улар пешона териси билан топган озиқ-овқатига индамайгина шерик бўлиб кетаверар эди.

Қайсидир йили бўри катта ўлжани қўлга киритганида айиқ унга шерик бўлиб олиш ниятида ўзининг ҳамтовоқларини жўнатган эди. Бўри “Бор, тошингни тер!” дегандан сўнг ғазабланган айиқ бутун тўдасини йиғиб бўрининг заминига ҳужум қилган, ҳатто унинг уйини ер билан яксон этганди. Кўчада қолган бўрига тулки билан қуён дарҳол “ёрдам”га келди. Лекин бўри уларнинг асл мақсадини яхши англагани учун “Ҳеч қандай ёрдамларинг керак эмас”деб қайтариб юборди (Қарз бўлиб яшагандан кўра…). Шу-шу бўри айиқ билан ҳам, қуён-у эшак билан ҳам келишмайди.

Шер билан йўлбарс-ку ўрмон ишларига аралашмай қўйишган. Уларнинг ҳудудига ҳеч ким кирмаса бўлгани. Лекин чумолилар шиддат билан кўпайиб боришмоқда. Яқинда бутун ўрмонни эгаллашса ҳам ажаб эмас. Шуларнинг меҳнат қилишига ҳайрон қоласан киши. Ҳеч тиним билишмайди. Яхшими-ёмонми, бўрининг барча умиди шу чумолилардан.

Бўри эгаллаб олган ҳудуд ўт-ўлан, мева-чева, егуликларга бой. Буни билган эшак билан қуён бир томондан, иккинчи томондан айиқ тез-тез ҳужум уюштириб туришади. Бўри айиқ билан доим тенгма-тенг жанг қилади. Кўпинча айиқнинг қўли баланд келса ҳам, ҳалигача бўрининг ҳудудини бутунлай эгаллаб ололмади. Бирданига босиб  ҳам ололмайди-да: беэътибор кўрингани билан шернинг қулоғига етиб борса борми… Умуман олганда шернинг олдинги обрўйи қолмаган. Бир-икки марта айиқдан асал, эшакдан тўқим қарз олган эди. Шунга сал тили қисиқроқ. Шунинг учун бўри эшак билан қуённи бутунлай ер тишлата олмаяпти. Бир нима бўлса, шер уларга ёрдамга келади. Бўри эса ёлғиз…

Шу кунларда бўри ўзининг ерида шоқолнинг изларини кўп учратаяпти. Бу ҳойнаҳой анави иккита узунқулоқларнинг иши бўлса керак. Бўлмасам бўрининг ҳудудига киришга шоқолнинг юраги дов бермасди.

Тўғрисини айтганда, бу ўрмон бўрининг ҳам жонига тегиб бўлган. Ҳамма ўз ҳудудида ўз билганини қилиб ётибди. Қурбақа тошбақага уйланяпти, эчки қуёнга, эшак капалакка… буниси ҳам етмагандек кечадан бошлаб эшак билан қуённи ҳудудига ўтган барча ҳайвонлар бир-бири билан турмуш қуришлари мумкин эмуш. Бу яна нимаси?! Бу янгиликни эшитган қурбақалар “дўпписини осмонга отишди”.  Чунки бундан олдин бунақа қонун фақат қурбақаларда бор эди-да. Бошқалар нега жим экан-а? Эътироз билдиришса бўлмайдими?! Тўнғиз ҳам ўртоғи билан тез-тез эшакни ҳудудига борадиган бўлиб қолди. Ҳозирча ўзларида бунақа иш қилиш мумкин эмас-да. Лекин бўрининг эшитиши бўйича тўнғизлар бошлиғи бу борада музокара олиб бораётган экан, яқинда улар ҳам эшак-у қурбақалар қаторига қўшилиб қолишса керак.

Йўлбарс билан шер бунга кўз юмиб ўтиб кетишди.

Энди ҳамма умид катта айиқ билан чумолилардан. Шуларга инсоф берсин. Агарда катта айиқ ҳам эшак қилган ишни қилса, ўрмоннинг ярми пароканда бўлади. Шунда ҳақиқатдан ҳам бўрига қийин бўлади…”

— Бас қил. Етади! Сенга уй вазифаси сифатида нима берилганди?

— “Ижтимоий муаммоларни ноодатий тарзда ёритиш”

— Сен нима тайёрлаб келдинг?! Қани бу ерда ижтимоий муаммо? Бизга тегишли бўлган бирор нарса йўқ-ку.

— Нима ҳақда ёзишим керак эди унда, устоз? Ҳаммага ўхшаб, вилоятларда бир кунда икки соатгина чироқ ёнишиними ёки газ трубаларидан ўн йилдан бери газ “оқмаслигиними”? Ёки бўлмасам ойликларнинг вақтида берилмаётгани, уларнинг 70 фоизи мажбурий равишда пластик карточкага ўтказиб юборилаётгани ҳақида ёзайми? Балки, таълим соҳамизнинг борган сари ботқоқликка ботиб бораётгани ҳақида ёзишимни кутгандирсиз. Йўқ, мен унақа мавзуларда ёзмайман.

— Нега ёзмайсан? Анави юқорида ўқиган эртагингдан кўра реал ҳаёт ҳақида ёзсанг кўпроқ фойдали.

— Мен шунақа эртаклар ҳақида ёзишни истайман. Сиз айтаётган муаммолар ҳақида ёзилавериб-ёзилавериб сийқаси чиқиб кетган. Барибир фойдаси йўқ-ку. Бунинг ечими қуруқ ёзишлар билан битмайди.

— Сен аниқ фанлар йўшналишида ўқийсан. Шунинг учун аниқ нарсалар ҳақида ёзишинг керак.

— Аниқ фанларда ўқийдиганлар нега энди бирор нима ёзиши керак, устоз? Биз ҳисоб-китоб қилишимиз, ёзувчилар эса ёзиши керак эмасми?! Парадокс-ку бу!

— Ёзишинг керак. Хозир ҳамма ёзяпти. Лекин аниқ далиллар асосида ёзиш керак. Сен бўлса, ўрмон, айиқ, кенгуру дейсан бошимни оғритиб. Бизни қамраб олган ижтимоий муаммолар ҳақида ёзиш керак, Пирматов!

— Ижтимоий муаммолар тугул биоҳожатхона масаласини ҳам ҳал қила олишмайди булар.

— Биоҳожатхонанг нима бўлди яна?

—  Биоҳожатхона бу — оддий ҳожатхоналарнинг тури бўлиб, фақат бунда инсон эҳтиёжи табиий минераллар ёрдамида зарарсизлантирилиб, фойдаланишга яроқли ўғитга айлантирилади. Асосий минераллар сифатида: Торф(ботқоқда ўсимликлар чиришидан ҳосил бўлган), ёғоч қириндилари ва бошқа майда дисперс органик моддалардан фойдаланилади. Уни кўчанинг ихтиёрий жойига ўрнатиш, кўчириш мумкин.

— Бизга керакми шу?

— Керак, албатта. Қачонгача қовуқни тўлдириб, тишни тишга қўйиб “уйга қачон етволарканман?” деб юрамиз? Буни организмга зарар эканлигини биласизми? Ёки сиз шунақа “жонизни оғритиб ҳузур қиласизми”? Ҳеч бўлмаса метро бекатларимизга жамоат учун ҳожатхоналар қуришимиз керак.

— Нега керак? Бир линиянинг у бошидан бу бошигача атига қирқ дақиқалик йўл бўлса, чидай олмайсанми?! Бунинг устига метро қурилаётган маҳалда жамоат учун ҳожатхона ҳисобга олинмаган, санитар-гигиеник талабларга ҳам жавоб бермайди. Биоҳожатхонларга келадиган бўлсак, ўзинг ўйла, ҳаммани олдида, кўчанинг ўртасида ҳожатингни чиқариш учун бир кабинкага кириб кетишга уялмайсанми? Мен уяламан. Ундан кўра уйгача чидайман.

—  Кечирасиз-у, Тошкентда икки юз мингга яқин одам сийдик системасининг бузилишидан азият чекишини биласизми? Улар нима қилиши керак? Ёнида тувак кўтариб юрсинми энди?! Улар учун ҳожатхона зарур ва бу уларнинг социал эҳтиёжи-ку. Ривожланган давлатлар мисолида кўриш мумкинки, метроларда ҳожатхоналар бор ва ҳеч қандай меъёрий ҳужжатлар бузилмаган. Масалан, Сеул ёки Пекин метроси олинг. У ерда ҳар бир бекатда ногиронлар учун хизмат кўрсатувчи, мутлақо текин ускуналар билан жиҳозланган, алоҳида кабинкаларига эга ҳожатхоналар бор. Торонтода ҳам худди шундай. Умуман олганда деярли барча Ғарб мамлакатларига борган туристлар билишадики: “Ҳожатхона керак бўлса, энг яқин метро бекатини қидир”.

Бизга ўзимиз учун керакли нарсани беринг. Бир оёғи йўққа икки пойли этикнинг нима кераги бор. Сочи калта қизга лента боғич совға қилишганини кўрганмисиз? Ё бўлмаса шими йўқ одамга камар совға қилишадими ҳеч жаҳонда?!

— Хўп, шунчалик ақлли экансан, қани, ечимини кўрсат! Нима қилиш керак?

— Бунинг жавоби оддий: “Агар фоҳишахонангга одам келмай қўйган бўлса, унинг пешлавҳасини эмас, ичкаридаги суюқоёқларни ўзгартириш керак”.

Фозилбек Юсупов,

блогер


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • giyos Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Ertak juda gozal ekan kutarilgan muammodan kura shu ertakni davomini yozsangiz hurmatli jurnalist . nega bo’riga chumoli hamkor bulishi kerak ayiq emas harnada bo’ri eshakdan nari tursin chumoli bilan masofa saqlasin .

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>