• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 24, 2017

«Жонимга тегиб кетдинг-ку!» деманг ва болага айтиб бўлмайдиган яна олтита гап

Баъзан ишингиз кўплигидан бош қашишга ҳам вақт тополмай турган вақтингизда болангиз «Осмонда нечта юлдуз бор?», «Қуёш каттами, ой?» деб савол беравериб ҳоли жонингизга қўймайди. Шунда уни койиб ё жеркиб ташлаганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Бундай қилиш яхши эмас. Негалигини болалигини эслаганлар яхши билади. Қуйида кўплаб ота-оналарнинг шунга ўхшаш айрим хатоларига тўхталамиз.

 

1. «Мени тинч қўй!»

Баъзан баъзи оналарнинг болаларига: «Жонимга тегиб кетдиларинг-ку!», – деганини эшитиб қоламиз. Гоҳида ўзимизнинг ҳам кўнглимиздан шу гап ўтади, дилимиздаги тилимизга чиқиб кетади. Лекин бола шу гапни тез-тез эшитиб турса «Онамга гапиришдан фойда йўқ, доим банд ёки чарчаган бўлади» деган хулосага келади. Бундай эътиборсизлик болага ёмон таъсир қилади. Катта бўлгач у буни ота-онасининг юзига солиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Болага қачон у билан бирга расм чизишга, ўйнашга, сайр қилишга вақтининг бўлишини тушунтиринг. Масалан: «Ҳозир жуда бандман, сабр қилиб тур, 15 дақиқадан кейин ой билан қуёшдан қайси катталигини тушунтириб бераман».

 

2. «Қандай дангасасан-а…»

«Бунча лапашанг бўлмасанг», «Э, ландовур». Булар болалар кўп эшитадиган таъна-ю дашномлар. Эътибор беринг, кўпинча боланинг қилмишини эмас, ўзини муҳокама қилишга тушиб кетамиз! Баъзан болалар қўни-қўшниларга улар ҳақида нима деётганимизни тасодифан эшитиб қолишади. Алам қилади. Эҳтиёт бўлинг, «яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришта омин дейди» деган гап бор. Фарзандингиз дангаса бўлиб улғайса айб аввало ўзингизда бўлади.

Нима қилиш керак?

Болани эмас, унинг қилмишини муҳокама қилинг. У дангаса ҳам эмас, лапашанг ҳам эмас. Айтганингизни айтганингиздек қилмаяптими, шунчаки негадир уйқуси келаётган ё чарчаган бўлади.

3. «Йиғлама, ёш бола бўлма»

Илк бора «кўз ёши — заифлик белгиси», «яхши болалар йиғламайди» деб ким, қачон айтган ўзи? Шу тушунча билан улғайиб биз йиғламасликни ўрганамиз, аммо кўз ёшини ичга ютиш руҳиятга ёмон таъсир қилади. Йиғлаган киши ўзини енгил ҳис қилади, чунки стресс гормони организмдан кўз ёши билан чиқиб кетади.

Йиғлаган бола бизга нега ёқмайди? Чунки унга қандай ёрдам беришни билмаймиз. Кўпинча буни тан олишни хоҳламаймиз. Уни овутамиз, кўнмаса койиймиз, жеркиймиз, туртамиз. Болани кўндириш учун аввало йиғининг сабабини аниқлаш лозимлигини унутиб қўямиз.

Нима қилиш керак?

Болага руҳий босим ўтказиш ва йиғлагани учун уни уялтириш одатингизни ташланг.

 

4. «Қараб тур, отанг келсин, айтиб бераман»

Бола гапга кирмаса кўпинча оналар ёки бувилар уни шу гап билан қўрқитмоқчи бўлади. Бу таҳдиддан бола иккита хулосага келади. Биринчиси — она ёки бувидан қўрқмаса ҳам бўлар экан. Иккинчиси — отадан қўрқиш керак экан. Қўрқув эса неврозни келтириб чиқариши мумкин.

Нима қилиш керак?

Болани ўзингиз йўлга солинг. Уни тинчитишнинг бир нечта йўли бор: маъқулламай қараш, унинг бақиришларига эътибор қилмаслик, нима учун бундай қилмаслик кераклигини унга аста тушунтириш… Ўзингизга маъқулини танланг.

5. «Тез-тез бўл!»

Айрим ота-оналар боласини шундай деб шоширгани етмагандай ўқрайиб ҳам қарашади, эшикни чертишади. Фарзандингиз нарсаларини узоқ ва чала-чулпа йиғиштирса, пайпоғини чаппа кийса жаҳлингиз чиқиши табиий. Аммо ториқиб болани қанча қичасангиз у ўзини шунча айбдор ҳис қилади. Шошганда лаббай топилмас деганларидек, ишини тез бажара олмайди.

Нима қилиш керак?

Бирор жойга бола билан бирга борадиган бўлсангиз тайёрланиш учун унга кўпроқ вақт беринг, иложи борича шоширмасликка ҳаракат қилинг.

 

6. «Балли! Қойил!»

Болани мақташнинг нимаси ёмон? Бирон ишни қойиллатган болани мақтаб уни кейинги муваффақиятларга илҳомлантирамиз-ку. Бироқ овқатини охиригача ейишидан тотиб расм чизишигача — ҳар бир ишини мақтайверсангиз бола учун мақтовнинг қадри қолмайди. Бундан ташқари у талтайиб кетиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Болани қийналиб, терлаб-пишиб бажарган иши учунгина мақтанг.

Ҳасан Карвонли тайёрлади

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Abdug`afur Satimov Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Бу мақолага билдирилган фикрлар э-почта орқали хабар берилсин.Э-почта манзилингиз нашр қилинмайди. Shunday yaxshi saytni bu xatoliklar xira qilib turibdi.
    Ekzyuperining «Kichkina shahzoda» asarida bolaning nozik ishki dunyosi falsafiy ruhda tasvirlangan. Bizda kim,qachon bunday asar yaratadi?

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>