• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Жинояти учун ҳар ким ўзи жавоб берсин!

Гулчеҳра Бобоқулова деган самарқандлик бир аёл Москвада ўзи энагалик қиладиган бир қизчанинг бошини кесиб, омма олдида кўтариб юрганида қўлга олинибди…

Воқеа тафсилотларини ҳамма билади. Маълумот бериш шарт эмас. Мени қизиқтираётган ҳолат, доимгидек, воқеага муносабат.

Кеча баъзилар «Бу мусулмонларга иснод. Мусулмон номига яраша иш бўлмабди», деяётган эди. Бугун бир акамиз «Ўзбекистон номига яраша иш бўлмади», деб ёздилар. Бир кишининг иши учун нега омма мусулмонлар, ёки бутун Ўзбекистон аҳли жавоб бериши керак? Жиноятни ким қилган бўлса, айбловни тўғридан-тўғри ўшанинг манзилига қаратиш керак эмасми?

2011 йилнинг июлида Норвегияда Андерс Беринг Брейвик деган одамхўр 77 та одамни бир неча соат ичида совуққонлик билан ўлдирганида нега ҳеч ким «Христиан ҳам шу ишни қиладими?» — демади? 2012 йил мартда Роберт Бейлс деган АҚШ аскари Афғонистонда аксарияти аёллар ва ёш болалардан иборат 16 кишини итдек отиб ташлаганида нега ҳеч ким «АҚШ аскари номига доғ тушди», демади?

Умуман, биз нима учун якка шахслар қилган жиноятлар, қинғирликлар учун бутун уммат бўлиб, миллат бўлиб жавоб беришимиз керак? Нега ҳали бошқалар айб қўймай туриб, «Энди мусулмонларга қийин бўлади. Эҳҳ, нега ҳам шу ишни қилди», деб ёзғиришимиз керак? Қуллик руҳиятими бу? Тушунмайман…

Мен ушбу воқеани хаспўшлаётганим ҳам, жиноятни оқлаётганим ҳам йўқ. Ким нима қилган бўлса, жазосини олади.

Ўтган йили, Париждаги «Charlie Hebdo» ҳужумларидан кейин Қатарнинг «Ал-Араб» газетаси бош муҳаррири Абдулла бин Ҳамад ал-Азбанинг ҳурматга сазовор фикрларини ўқигандим:

«Бу воқеа учун мусулмонлар кечирим сўрамасликлари керак, чунки бу ерда гап дин ҳақида эмас, балки алоҳида шахсларнинг жинояти устида бормоқда. Мен мусулмонлардан ўзлари амалга оширмаган жиноят учун узр сўрамасликни сўрардим, чунки ушбу жиноятни тергов қилиш жараёнида биз дин билан эмас, балки алоҳида шахслар билан тўқнаш келамиз».

Адҳам Олимов

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Азамат Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Рахмат макола учун шу маколани рус тилида хам рус интернет сайтларида езсангиз яхши буларди ватандошлардан бошкалар хам укиб фикрларини тугрилаб оларди Узбекистонда битта узбекмас уттиз миллион узбек яшаетганини тушунармиди диман

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>