• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

Жим туринг, шовқинланманг…

—Нега боламни урасан, нима ҳаққинг бор эди, мен боламни сен уришинг учун жўнатяпманми?..

— Опажон, илтимос, секинроқ гапиринг, бу ер мактаб,  синф хоналарида дарс бўляпти, ахир.

— Э, ўргилдим бунақа мактабингдан! Келиб-келиб мени боламни урасанми, бошқа одам қуриб қолганмиди?

— Ахир фарзандингиз шўх бўлса, мени синфдошлари орасида масхара қилса, нима қилишим мумкин? Яхши гапириб кўрдим, бўлмади, ёмон гапириб кўрдим, бўлмади. Мени шундай қилишга фарзандингиз ўзи мажбур қилди. Аёл киши бўлиб шунчалик қаттиқ ура оламанми болангизни, опа?! Қилган айби учун жазо сифатида…?

— Ҳооо, жазомиш, э, ўргилдим, сени жазойингдан, сен ким бўлибсанки, мени ўғлимни жазолайсан? Манна, кўрасан, шу қилганингга ҳам ишдан ҳайдатмасамми сени! Ҳа, сен ҳали мени совунимга кир ювмабсан. Кўрасан ҳали. Ҳей, директорингнинг хонасини кўрсат менга…

(Эшик олдида уятдан қизарган ўқитувчи-ю, ўша ўқитувчи устидан «ғолиб» бўлган ўқувчи қолди)

Бу воқеа қаерда, қай йўсинда содир бўлгани кўз олдингизга келди, менимча. Ўқитувчининг беодоблиги учун ўқувчисига берган жазоси туфайли ота ёки она уни ишдан ҳайдатмоқчи, ўзининг совунига кир ювдирмоқчи. Ушбу ҳолатда ким ҳақ? Ўқувчининг ўқишга, билим олишга бўлган қизиқизишини оширишни истаб, унга интизомий жазо қўллаган устозими ёки ўқитувчи фақат дарсини ўтсин, боламни ўзим тарбиялаб оламан дейдиган ота-оналарми ёки қулоқсиз, онасининг «овози», отасининг «қўли» ҳамма жойга етишини биладиган ўқувчими? Табиийки, бу саволга барчамиз турлича жавоб беришимиз аниқ.

Хўш, бугунги кунда таълим соҳасида жазолаш услуби билан ўқитишнинг яхши томонлари қандай? Унга ота-оналарнинг муносабати қай даражада? Ўқитувчи қандай сифатларга эга бўлса, ўз ўқувчиларида комил инсон бўлиб етишишига мойиллик уйғота олади? Мен ушбу блогпостимда таълим жараёнида жазолаш услубининг фойдали томонларини кўра олган ёш педагог сифатидаги мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Албатта, фикрларим шахсий ва объектив бўлиб, сизнинг қарашларингизга тўғри келмаслиги мумкин.

Инглиз тили фани ўқитувчиси бўлганим сабабли ўз устимда ишлаш ҳамда малакамни ошириш ниятида кўпроқ кинофильмларни асл вариантида, яъни инглизчада томоша қилишни афзал кўраман. Ҳар бир инглиз тили ўқитувчиси кўриши керак бўлган битта филм бор: «The Ron Clark Story» («Рон Кларк қиссаси»). Ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган ушбу фильмда кичик шаҳарчадан Нью-Йоркка кўчиб борган ва хулқи абгор болалардан иборат синфни қабул қилиб, узоқ машаққат ва заҳматдан сўнг уни мактабнинг энг яхши синфига айлантира олган оддий ўқитувчи ҳақида ҳикоя қилинади.

Ушбу кинокартинани талабалик пайтимда илк бор кўрганимда мен ҳам ўқитувчи бўлсам ўз ўқувчиларимга нисбатан  мана шундай меҳрибон устоз бўламан, деб ният қилгандим. Вақти келиб, манна, педагог бўлдим. Ўз касбимни севаман, лекин шуни англаб етдимки, қаттиққўллик, талабчанлик бугунги кун педагогикасининг ажралмас қисми экан. Буни эса ўз тажрибамда амалга ошган мисоллар билан тасдиқлайман.

Биринчи мисол.

Фаолиятимнинг илк йилидаёқ менга 5-синфлардан бирининг раҳбарлиги юклатилди. Эндигина 11-12 ёшни қаршилаган ўқувчилар учун ўзларидан сал каттароқ устознинг синф раҳбари бўлиши қувончли ҳол албатта. Ўқувчиларим билан чиқишиб кетдик. Иложи борича мурғак қалбларда қўпол инсон сифатида гавдаланмаслик учун уларга фақат хушмуомада бўлдим. Орадан бироз фурсат ўтгач, ўқувчиларимнинг «эркалик»лари кўпая бошлади. Ҳатто уларнинг баъзиларига ширин гаплар ҳам «реакция» кўрсатмай қўйди. Шу боис камина «янги ниқоб» кийишга мажбур бўлди. Уларнинг меҳрибон, ҳар доим кулиб гапирадиган устози энди жаҳлдор, қаттиққўл мураббийга айланган эди. Ҳартугул услубим фойда берди. Синфдаги бебошликлар, ёмон ишлар рўйхати яна камайиб, асл ҳолатига қайтмоқда.

Иккинчи мисол.

Асосан юқори (8-9-) синфларда дарс ўтишим сабабли, ўсмирлар билан кўпроқ мулоқотда бўламан. Фаолиятимнинг дастлабки кунларида уй вазифасини тайёрламай келган ўғил болаларнинг доскага чиқишини сўрадим. Деярли барчаси қаршимда терилишди. Улар ҳозир ўсмирлик даврида. Битта шапалоғим ҳам уларнинг руҳиятига кескин таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ҳаммасига 50 тадан ётган ҳолда қўлларни букиш машқи (отжимания)ни бажаришни буюрдим. Спорт билан шуғулланиб юрганлари 50 та машқни бирпасда бажарди, қолганлари қийналиб, чираниб адо этди. Эртаси куни кечаги қийналганлар вазифани бажариб келишган эди, “қаҳрамон” спортчиларимиз эса яна қаршимда терилишди. Бу сафар эса ушбу машқани 100 марта бажаришларини айтдим. Қийналиб бўлса-да бажаришди. Учинчи куни фақат иккита бола дарс қилмай келди. Уларга бу сафар машқлар сони яна 50 тага кўпайишини айтганимда, кўзлари косасидан чиқиб кетай деди. Ахийри улар ҳам вазифа қилиб келишга одатланишди. Чунки вазифа қилмай қизлар олдида шарманда бўлгандан кўра топшириқни бажариш тинчроқ эканини англаб етишди.

Учинчи мисол.

Бир ҳамкасбим дарс давомида тайёргарлик кўрмай келгани учун ўқувчига «2» баҳо қўйган. Эртасига эса ўқувчининг онаси мактабга келиб, ўқитувчининг бўйнидан олган. Айблов ўша-ўша: “Нега менинг боламга «2” қўйдинг?»

Хўш, азиз ота-оналар, бир оз вақтингизни ажратиб қуйидаги саволларга мушоҳада билан жавоб бериб кўринг-чи:

— Қачондан бошлаб ўқитувчининг ўқувчига «2» баҳо қўйишга ҳаққи бўлмай қолди?

— Қачондан бошлаб ота-оналар ўз фарзандларининг тарбияси бузилишида, ўзидан катталарни писанда қилмайдиган бўлиб қолишида ўқитувчиларни айблайдиган бўлиб қолишди?

— Майли, айб ўқитувчида ҳам дейлик, лекин тўғри тарбия беришга ҳаракат қилаётган устознинг йўлига қачондан бошлаб тўсқинлик қилишни хоҳлаб қолдингиз?

— Интизомга ўрганиши учун фарзандингизга жазо сифатида пол ювдиргани ёки бурчакка турғизиб қўйгани учун жанжал қилиб келиш учун «жасорат»ни қаердан оляпсиз? Иложи бўлса, бизга ҳам ўргатинг…

— Сизнинг бу ишингиздан фарзандингиз керакли бўлган хулоса чиқаряпти, деб айта оласизми?

— Тарбия бераман деб ўқувчисининг отасидан, амакисидан сўкиш эшитиб, дакки еган ўқитувчи, э бор-е, … (нега) керак менга бу касб деб ишдан бўшаб кетса, фарзандингиз тарбияси мулойим, ҳамма нарсага қўйиб берадиган ўқитувчиларга қолаётгани сизни умуман безовта қилмаяптими?

— Бугунги авлоднинг сал бебошроқ, керак бўлса ўзингизнинг ҳам кўзингизга тик боқиб гап қайтарадиган бўлиб қолишида ҳамма айбни ўқитувчисига, мактабда яхши тарбия берилмаётганига тўнкаб чарчамаяпсизми?

Ушбу саволларнинг қайси биригадир тўлақонли жавоб беришга қийналаётган бўлсангиз, демак, сиз фарзандингизнинг ўқитувчилари билан дўст эмассиз, тан олинг, уларни танимасангиз ҳам керак.

Кўпчилик ўз фанини чуқур билмаган, ўқитишни билмайдиган, болани алдаб-авраб ўтирадиган педагоглар қаттиққўллик орқали ўз камчилигини беркитади деб ўйлашади. Аслида ҳам шундайми? Фаолиятим давомида ўқувчиларнинг иқтидорлиларини, ўз устида ишлаётганларини мукофотлаб келишга ҳаракат қиламан. Қоидага кўра ҳафта давомида ўқувчиларимдан қайси бири 20 тадан кўпроқ наъмунали баҳо оладиган бўлса, уларга турли хил совғалар бериб, ўз устида янада ишлашга ундайман. Совғаларим эса, китоб ёки ўқув қуролларидан иборат.

Очиғи, муаммо совға улашиб, уларни тақдирлаш билангина ҳал бўлмайди. Муаммонинг асл моҳияти, ота-оналарнинг ўзида. Болаларимизни ёшлигиданоқ эркатой, айтганини қилдирадиган қилиб тарбиялаб қўйяпмиз. Натижада, бола мактаб босқичида ўз устозининг айтганини қилиш тугул, қулоқ ҳам солмайдиган бўлиб қоляпти.

Ота-оналар мактабга фақат ота-оналар мажлисида ҳар чоракда бир марта қатнашиб, пул йиғиб-бериб кетадиган пайтдагина келиш керак деган фикрни ўз олдиларига қўйиб қўйишган. Ўқитувчи билан доимий алоқада бўлиб, фарзандининг ўқиши, хулқи тўғрисида суҳбатлашиб турадиган ота-оналаримиз жудаям кам. Шундай экан, минг йиллардан болангизга тарбия бериш қўлингиздан келмаяптими, Сизнинг ўрнингизга бу ишни бажаришга ҳаракат қилаётган биз ўқитувчиларга халақит берманг. Шунчаки жим туринг… Шовқинланманг…

Баҳодир Маҳмудов,

блогер


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>