• Бугунги сана: Juma, Noyabr 24, 2017

«ЖЧ-98» ғолиблари ҳозир қандай  кўринишда

Ўтган ҳафтада 1998 йилги жаҳон чемпионларининг ҳалигача тўп тепиб келаётган сўнгги вакили Робер Пирес футболчилик фаолиятини якунлади. Tafsilot.uz мазкур воқеа баҳонасида Францияда бўлиб ўтган бетакрор мундиалда зафар қучган бошқа футболчиларнинг тақдири билан қизиқиб кўрди. Хўш, улар бугун қаерда, қандай кўринишда ва нималар билан машғул?

Фабьен Бартез

Фото: Reuters

1998 йилги мундиалда Франция терма жамоасининг дарвозасини қўриқлаган Фабьен Бартез ҳозир 44 ёшда. У айни пайтда мутлақо бошқа спорт тури — автопойгаларда довруқ солмоқда. Фабьен «GT» тоифадаги автомобиллар пойгасида «Ferrari» шарафини ҳимоя қилмоқда. Ҳатто 2013 йили «Team Sofrev ASP» жамоаси сафида Франция чемпионатида ғолиб бўлди. Олтин медал учун курашда унинг жамоаси ралли бўйича 9 карра жаҳон чемпионати Себастьян Лёб бошчилигидаги жамоани ортда қолдиргани эса таҳсинга лойиқ.

Лоран Блан

Фото: Reuters

Афсонавий ҳимоячи футболчилик карьерасини якунлагач омадли мураббийга айланди. 2009 йили «Бордо» билан биргаликда хет-трикка эришди, яъни миллий биринчилик, кубок ва суперкубокда бош совринни қўлга киритди. Сўнгра икки йил Франция миллий терма жамоасини бошқарди, кейин эса «ПСЖ» иш бошлади. «ПСЖ» айни пайтда миллий чемпионатда рақобатчисиз пешқадамга айланган. Бланнинг фикру хаёли шу тобда қандай қилиб француз лигаси етакчисини Европа чемпионларини лигаси ғолибига айлантириш билан банд бўлса керак.

Биксант Лизаразю

Фото: Reuters

Чап қанот ҳимоячиси ҳозир ватанида — Сибур (Франциядаги басклар замини)да яшамоқда, дайвинг (махсус қурилмалар ёрдамида сув тубида сузиш), сёрфинг ва жи-житсу билан шуғулланмоқда. Лизаразю ҳатто жи-житсу бўйича ўз вазн тоифасида Европа чемпиони бўлди. Шу билан бирга Биксант «Surfrider» номли денгиз муҳофазаси жамғармасини ҳам бошқармоқда. Аммо уни футболдан мутлақо узилиб кетган деб бўлмайди. Чунки у «TF1» телеканалининг спорт дастурларини шарҳлаётган бўлса, «RTL» радиоканалида футболга бағишланган муаллифлик эшиттиришини олиб бораяпти.

Франк Лебёф

Фото: Reuters

Франция миллий термаси ҳимоячиси фаолиятини якунлагач актёрга айланди. 2005 йили «Челси»ни тарк этгач, актёрлик маҳорати курсларини ўташ учун Европадан тўғри Лос-Анжелесга йўл олди. Лебёф аллақачон 10 та фильмда суратга тушишга улгурди. Уларнинг ичида энг машҳури «Оскар», «Олтин глобус», «BAFTA», Америка киноактёрлар гильдияси мукофотларига сазовор бўлган « Стивен Хокинг олами» (бошқа номи «The Theory of Everything») кинокартинасидир. Мазкур фильмда Франк иккинчи даражали ролни ижро этган.

Патрик Виейра

Фото: Reuters

Патрикнинг сўнги жамоаси «Манчестер Сити» бўлди. Ярим ҳимоячи фаолиятини якунлагач, ушбу жамоада ижрочи директор сифатида ишда қолди, кейин эса манкунианликларнинг ёшларига мураббийлик қила бошлади. Шундан сўнг «шаҳарликлар»нинг хўжайинлари — «City Football Group» компанияси унга компанияга тегишли бошқа бир клуб — «Нью-Йорк Сити» жамоаси бош мураббийлигини таклиф этишди. 2016 йилнинг 1 январидан Виейра ушбу вазифага киришди. Ҳозир у таркибида Давид Вилья, Фрэнк Лэмпард, Андреа Пирло сингари юлдузлар жамланган жамоани бошқармоқда.

Дидье Дешам

Фото: Reuters

Франция миллий терма жамоасининг собиқ капитани «Монако», «Ювентус» ва «Марсель» жамоаларидаги муваффақиятли мураббийлик фаолиятидан сўнг жонажон термасининг устозига айланди. Айни пайтда Дешам французларни ўз майдонларида бўлиб ўтадиган қитъа биринчилигига тайёрламоқда.

Зайниддин Зидан

Фото: Reuters

Терма жамоадаги шерикларидан фарқли ўлароқ Зидан яқиндагина бош мураббий бўлди. У 2016 йилнинг бошида «Қироллик клуби»нинг бош мураббийи сифатида илк ўйинини ўтказди. Айтиш керакки, француз афсонасининг дебюти муваффақиятли чиқди. Бунгача эса Зайниддин «Реал»нинг иккинчи жамоаси — « Реал Мадрид Кастилья»ни бошқарган эди.

Кристиан Карамбё

Фото: Reuters

«Реал»нинг собиқ ярим ҳимоячиси дунё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилиб чиқди. Карамбё ўзининг собиқ жамоаларидан бири — «Олимпиакос»да клубни стратегик ривожлантириш масаласига масъул бўлган вазифада фаолият юритмоқда.

Юрий Жоркаефф

Фото: Reuters

Келиб чиқиши арманистонлик бўлган Жоркаефф фаолиятини якунлаганига 11 йил бўлганига қарамай ҳалигача дунёнинг энг бой футболчилари рўйхатида туради. Юрий Парижда ресторан бизнеси билан шуғулланади. Бундан ташқари, «Djorkaeff Sеduction» номли ўсмирлар кийимлари ҳамда  «L’eau de Youri» деб номланувчи парфюмерия маҳсулотларини ишлаб чиқаради. «Монако» ва «Интер» жамоалари собиқ ҳужумчисининг йиллик даромади айни пайтда 96 млн. еврони ташкил этади.

Тьерри Анри

Фото: Reuters

«Арсенал» ва «Барселона» жамоаларининг собиқ форварди Жейми Каррагер ҳамда Жейми Реднапплар изидан бориб, 2014 йилнинг декабрида «Sky Sports» телеканалининг эксперти сифатида иш бошлади. Анри бир вақтнинг ўзида УЕФАнинг «B» ва «A» тоифалари лицензиясини олиш учун мураббийлик курсида таҳсил олмоқда

Давид Трезеге

Фото: Reuters

Футболчилик карьерасини якунлаганидан сўнг қирол Давид «Ювентус»дан таклиф олди. Шу тариқа у 10 йил давомида турли расмий тадбирларда туринликларнинг элчиси сифатида қатнашиб келди. Асли келиб чиқиши аргентиналик бўлган Трезеге Франция президенти Франсуа Олланднинг шахсан илтимосига кўра мамлакат раҳбарининг Лотин Америкаси бўйлаб ташкил этиладиган расмий ташрифларига ҳамроҳлик қилади.

Адҳам Ўрол ўғли тайёрлади

Манба: championat.com


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Калит сўзлар: , ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>