• Бугунги сана: Tuesday, February 28, 2017

Жанрлар аралашмаси

janrlar-aralashmasi

Ҳорғин бир ҳолатда ўзи­ни курсига ташлаган Рейчел­ фикрини жамлашга уринарди. Нима бўлгандаям, Эннинг нарсаларини йиғиштириб, хонани бўшатиб бериш керак.

Унинг синглиси икки ой аввал бедарак йўқолган. Кечки соат олтида ишхонасидан – «Амброзия» нашриё­тидан чиқиб, Лондон туманига сингиб кетгандек гўё.

Бу иш бўйича тергов-суриштирувни инспектор Грейсон олиб бораётган эди. Полицияда етарлича ишлаб қўйган Грейсон ўз тажриба­сидан келиб чиқиб, бунга ўхшаш воқеалар учраб тури­шини, йўқолган қизлар баъзан бармоғида никоҳ узуги билан ёки бўлмаса қалби вайрон ҳолда, умуман кутилмаган жойдан чиқиб қолишини айтиб, Рейчелни овутишга уринарди.

Аммо вазият бошқа нарсадан далолат берарди – Эннинг барча кийимлари жойида, музлатгич ҳам егуликка тўла. Номаълум муддатга, қаергадир кетадиган одам шундай қиладими? Умуман, у кимдан ва нима учун яшириниши мумкин?

Полициячилар ишга виждонан ёндашиб, қотилликдан­ тортиб, ўз жонига қасд қи­лишгача бўлган барча тахминларни ўрганиб чиқишди.­ Бари бесамар кетди.

Энн, айтиш мумкинки, Мэри Поппинс1 каби қусурсиз эди. Алдамчи эҳтиросларга бегона, бутун борлиғи билан ишга берилганидан яқин дугонасиям, кўнгил қўй­ган йигитиям йўқ эди. Унинг хонасини кўздан кечирган инспектор Грейсон «бунақа батартиблик одамни ваҳима­га солади» деган бўлса, унинг ёш ёрдамчиси Эннинг фотосуратига қараб туриб, йигирма саккиз ёшли ёқимтой қизнинг бу қадар маъсу­малигига ишонқирамади ҳам.

– Наҳотки синглингизнинг ҳеч бир камчилиги бўлмаган?

Рейчел ўйланиб қолди.

– Бор эди. Агар уни кам­чилик дейиш мумкин бўлса.

– Қанақа? – умид билан сўради Грейсон.

– У ҳаддан ортиқ иззатталаб эди.

– Оддий муҳаррир бўла туриб-а? – ажабланди инспектор.

Рейчел синиқ жилмайиб қўйди. У нозиктаъб, иқтидорли синглисининг детектив, ишқий ёки саргузашт романларга ўхшаш енгил-елпи асарларни нашр этишга ихтисослашган нашриётда ишлаётганига тушунолмасди.­ Сабаби, Энн ҳамиша юксакни кўзлаган, мактабда энг аълочи ўқувчи, университет­нинг энг олди талабаси эди. Ҳамманинг эътиборида бў­лишга  интиларди. Университет миқёсида бунга эришди ҳам, афтидан, бу билан кифояланмоқчи эмас эди. Талабалик даврида «Амбро­зия» нашриётидан таҳрирга­ иш олиб, шу орқали кунда­лик эҳтиёжлари учун пул топадиган бўлди. Кейин бу ишга берилиб кетди. Ўқиш­ни тугатганидан сўнг шу наш­риётда ишлаб қолди. Унинг бутунлай ишга шўн­ғиб кетган ходим бўлгани полиция тергови давомида ҳам аён бўлди.

Рейчел полиция Энн Макфейл ўлдирилган деган тахмин устида жиддий иш олиб бораётгани, гумондорлар орасида ўзи ҳам борлигини бошидаёқ тушунган эди. Аниқроғи, у буни инс­пектор опа-сингилларнинг иккаласи ҳам ўзларини нима учун айнан детектив жанри­га бағишлаганига қизиқсиниб қолганидан англаган эди. Тўғри, улар бу жанрга­ икки хил ёндашадилар – Энн уларни таҳрир қилган бўлса, Рейчел тадқиқ қилар эди. У инспектор Грейсоннинг инглиз детективи бўйича мутахассис Рейчел (унинг илмий иши шу жанрни ўрганишга бағишланган) бу борадаги билимларини ўз синглисини йўқотиш йўлида қўлламадимикан, деб шуб­ҳаланиши мумкинлигини табиий қабул қилди. Аммо Рейчелнинг воқеа юз берган­ вақтда Эдинбургда хизмат сафарида бўлгани ва сингли­сига чин дилдан қайғураётгани аён бўлгач, инспекторнинг муносабати анча ўзгарди. Ҳатто, айтиш мумкинки,­ унга нисбатан илиқ муноса­батда бўла бошлади. Рейчел­ билан ишга дахли бўлмаган, адабиётшуносликка оид мавзуларда узоқ суҳбат қурар, ўзи яхши тушунмаган нарсалар устида баҳсга киришар эди.

– Мана сиз детективларни ўрганасиз… – дея бошлаб қоларди у.

– Шунга ҳаракат қилаяп­ман, – камтарона жавоб қиларди Рейчел.

– Сизнинг классик детективларингиз, – гапида давом этарди инспектор, – ғирт бўлмағур нарса. Уларда жиноятлар  аллақандай туйғулар, эҳтирос туфайли со­дир этилади. Уларда ҳамиша­ эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қилади, жиноятчи албатта жазосини олади.

– Фикрингизга тўлиқ қўшилолмайман, – атай эътироз билдирарди Рейчел, – тўғри, айрим классик детективларда шундай бўлиши мумкин…

– Классик детективларнинг ҳаммаси бир гўр! – қизиққонлик билан унинг гапини бўларди инспектор. – Улар реал ҳаётдан жудаям­ узоқ. Жиноятчи қурбонини ўлдиришдан олдин узоқ ва зерикарли тарзда нега бундай қилаётганини гапириб ўтиради. Ажали етган қурбо­ни эса уни эшитиб ўтиришдан кўра қочиб қолиш афзаллигини ўйлаб ҳам кўр­майди. Охир-оқибат, қандай­дир ҳаваскор, тентаксифат ажнабий ёки юввошгина қариқиз жиноятни фош қилади! Йўқ! Бунақа бўл­майди ҳаётда. Шунинг учун мен шиддатли детективларни­ маъқул кўраман. Уларда ҳар­қалай, жиноят мотиви бор – пул, қўрқув, қасос ва асо­сийси, ҳаракат бор. Ҳа, азизам, ҳаракат ва ҳолат бор. Зўр муштлашув, отишма ва узлуксиз таъқиб – мана ўқувчига аслида нима керак!­

Рейчелнинг жим туришидан инспектор баттар  қизишади.

– Билиб турибман, Хеммет2 ва Гарднер3 ҳам олиб қочади, демоқчисиз. Ҳар қалай, уларда чучмал йиғи-сиғи йўқ! Азизам мисс Мак­фейл, шуни унутмангки, жиноятларнинг деярли ҳаммаси қасддан содир этилади,­ жиноятчилар эса аксар ҳолларда озодликда юришади.

– Эсда тутишга ҳаракат қиламан, – дейди қисқа қилиб Рейчел.

– Дарвоқе, жиноятчилар ҳақида. Аниқланишича, синг­лингиз йўқолганидан кейин уникига келган ягона одам кекса, басавлат бир хоним бўлган. Билмайсизми, у ким бўлиши мумкин?

– Йўқ, билмайман.

– Жуда ҳам ғалати, – дей­ди чуқур хўрсиниб инспектор, – ҳеч қанақа мотив, қўлга илинадиган далил йўқ. Буна­қасига биринчи марта дуч келишим. Эслаб кўринг, синг­лингизнинг қандайдир ожиз томонлариям бўлгандир?

– Тасаввур олами жуда бойлигини ожиз томон деса бўлармикан?

Инспектор елкасини қисди.

– Менимча, йўқ. Синглингизнинг тасаввури шунча кенгмиди?

– Болалигида ўтирган жойида эртак тўқиб ташларди, ўсмирлигида ҳам фантазияси бой эди. Кейин негадир бу қобилияти сезилмай қолди, бошқаларнинг ёзганлари билан овора бўлиб қолди, шекилли.

– Бу ҳам бизга ҳеч нарса­ бермайди, – деди пешонасини тириштириб инспектор. – Майли, агар ёрдами тега­диган яна ниманидир эсласангиз ёки топсангиз қўн­ғи­роқ қиларсиз. Лекин эсингизда тутинг – ҳаёт классик­ детектив эмас. Ҳаётдаги де­тективларнинг охири яхшилик билан тугамаслиги мум­кин. Мени тушундингиз-а? Ўзингизни мисс Марпл4 ҳисоблаб юрманг яна.

Инспектор огоҳлантирмаса ҳам Рейчелнинг мустақил қидирув бошлаш нияти­ йўқ эди. Унинг қўлида қидирувга асос бўладиган биронта далил йўқ – Энн изсиз ғойиб бўлган. Ҳатто унинг ноутбуги ҳам топилма­ди. Энн уни олиб кетган бў­лиши мумкин дея полициячилар ноутбукнинг йў­қолганига кўп ҳам эътибор беришмади. Улар яна бир нарсага – Эннинг кийим ва пойабзаллари орасида оддий муҳаррир маошига сотиб олиш мумкин бўлмаган жуда қиммат брендларнинг борлигига ҳам эътибор беришмади. Фақат Рейчел бу ерда қандайдир сир борлигини ич-ичидан сезиб турарди. Чунки синглиси оддий муҳаррирлик мақомига қаноат қиладиганлар тоифасидан эмаслигини у яхши биларди. Энн нима сабабдан ишлаш учун «Амброзия»ни танлади? Нега келажаги бор бошқа иш қидирмади?

Бу саволларга жавоб йўқ. Уй эгаси келиб хонани бош­қа бировга ижарага бериш нияти борлигига шаъма қилгач, Рейчел синглисининг нарсаларини йиғиштиришга киришди. Бунга кўп вақти кетмади. Фақат улкан жавондаги асосан луғат, энцик­лопедия, маълумотнома ва классик адабиётлардан иборат китобларни қоғоз қутиларга жойлашга анча овора­ бўлди. У мутолаага киришиб кетмаслик учун атай уларнинг номигаям қарамаётган эди – аммо бир ғилофдаги чиройли муқовали китоблар эътиборини тортди. Улар аёлларбоп қалтис саргузашт романлар муаллифи, машҳур Роберт Тоуленднинг тўрт китобдан иборат тўплами эди. Бу китобларнинг ҳар бири бест­селлерга айланган, ниҳоят­да бойиб кетган Тоуленд эса ўзича бир юлдуз эди.

Унинг шаҳар четидаги муҳташам уйи ёки яхтасининг суратлари «сариқ матбуот» муқоваларини безар, ўзи ҳам – офтобда тобланган, башанг кийинган, арслон ёлини эслатувчи сочлари ўзи­га ярашган, олтмиш ёш­лардаги кўркам кўриниши билан китоблари муқовасига ярашиқли эди. Тоуленднинг шахсий ҳаёти ҳурмат уйғотарди. У собиқ актёрларга хос бўлмаган тарз­да узоқ йиллар кўримсизгина бир аёл билан умргузаронлик қилиб келган. Бир неча йил аввал, аёли оламдан ўтганида эса ғамга ботганидан бўлса керак, мухлисларини қарийб бир йилча романлари билан хушнуд қилолмаган эди.

Рейчел уларни қўлига олар экан, бу китоблар Эннинг кутубхонасига қандай келиб қолганига тушунолмади. Синглиси, одатда,­ ўзи таҳрир қилган асарларни сақламас, бунақа «роман»лардан эса очиқчасига ҳазар қиларди. Нима бўл­ганда ҳам, тоқат қилиб бу «ижод дурдоналари» билан танишиб  чиқишга қарор қилган Рейчел улар ичидан «Тун кун ярмида келади» дея қизиқ ном берилган ҳажми кичикроғини танлаб олиб, варақлай бошлади. Унда қандайдир ярамаслар сабаб қамоққа тушган қизнинг бошидан кечирганлари тўқиб-бичилган эди. Қиз ёнғин вақтида қамоқхона бошлиғининг кучукчасини сақлаб қолгани учун муддатидан олдин озодликка чиқади. Кейин эса, одатдагидай, машҳур қўшиқчига айланади ва душманларидан қасос олади. Охирида европача тарбия кўрган араб шайхига турмушга чиқади. Бори шу. Рейчел тил нуқтаи­ назаридан маҳорат билан ёзилган бўлса-да, турган-битгани қуйқадан иборат битикларга кўз югуртира туриб, бир эпизодда тўхтаб қолди. Унда бош қаҳрамоннинг кўзида ёш билан дераза ортида туриб байрам қилаётган болаларни кузатаётган ҳолати тасвирланган­ эди. Бу ахир Рейчелнинг туғилган кунидаги манзаранинг ўзгинаси-ку! Ўшанда унга арчагулдан тож кийдиришган ва миттигина пудел совға қилишган эди. Ҳатто кучукчанинг лақаби ҳам мос келарди – Чарли!

Рейчел «Оққа бурканган мотам» деб номланган иккинчи китобни олиб варақлай бошлади. Китобнинг йигирманчи бетида уларнинг оиласида айтиб келинадиган келиб чиқиши шотландиялик бўлган катта бувиси­нинг болалигида тоғлар ора­сида адашиб қолгани ҳақи­даги хотираларга дуч келди. Романдаги бош қаҳрамонга айнан ўша – болалигида тоғда адашиб қолган катта бувисининг қизлик фамилияси, салбий қаҳрамонга эса мактаб даврида Эннга ягона тўрт баҳони қўйган бадқовоқ ўқитувчининг ташқи кўриниши ва фамилияси берилган эди.

Рейчел учинчи китобни ўқиб ҳам ўтирмади. Шунинг ўзиям бу китобларни синглиси ёзгани, Энн машҳур Тоулендга «адабий мардикор» бўлганини тушуниши учун етарли бўлди. Энди фақат унинг йўқолишига бунинг дахли бор-йўқлигини­ аниқлаш керак эди, холос.

Тоуленд билан учрашиш Рейчел учун қийин кечмади.­ Унинг янги асари яқиндагина босмадан чиққан ва у мухлисларига китобни даст­хати билан сотиб олиш им­конини яратиб бераётган эди.­ Рейчел китоб дўконига келиб, дастхат олиш учун нав­батда турганлар қаторига қў­шилди. Навбати етиб, романнавис ўтирган столга яқинлашди ва унга ҳозиргина сотиб олган китобини узатди. Унинг режаси жуда оддий эди.

– Исмингиз нима? – та­бассум билан сўради Тоу­ленд.­

– Рейчел Макфейл ва унинг синглиси Энн Макфейлга эзгу тилаклар билан­ деб ёзсангиз, илтимос, – деди­ маҳзун овозда Рейчел.

Тоуленд бехосдан қўлидаги қаламни тушириб юборди.

– Сиз Эннинг опасимисиз?

– Сиз уни танийсизми?­

– Ҳа, у менинг бир неча китобимни таҳрир қилган эди.

– Адашмасам, улар тўрт­та эди, у кундаликларида сиз билан ҳамкорлиги ҳақи­да анча батафсил ёзган.

– О, у кундалик тутарми­ди? – ажабланди Тоуленд.

– Ҳа, у мени кўргани Эдинбургга борганида унутиб қолдирган эди. Танишиб чиқишни хоҳлайсизми?

– Албатта. Қаерда ва қачон? – Тоуленд шундай деб китобни ёпиб унга узатди.

Рейчел унинг китобга даст­хат ёзмай қайтарганини кўриб ажабланмади. Ҳаммаси режадагидай кетаётган эди.

– Эртага Эннинг уйида. Кечки соат олтида, сизга маъқулми?

– Бўлади, – деди Тоуленд боши билан «маъқул» ишорасини қилиб. Бу билан­ у суҳбат тамом дегандай, навбатдаги мухлиси узатаётган китобга қўл чўзди. У Эннинг манзилини сўраб ҳам ўтирмади.

Дўкондан чиқиши билан Рейчел инспектор Грейсонга қўнғироқ қилиб, Тоуленд билан учрашуви ҳақида қисқа қилиб айтиб берди. Инспектор у кутганчалик қойил қолмади. Аксинча, дакки берди.

– Бу ҳақда олдин бизга хабар қилсангиз бўларди, мисс Макфейл. Бунақа ишлар билан профессионаллар шуғулланиши керак. Тоуленд хавфли одам бўлиши мумкин!

– Шунинг учун ҳам сизга қўнғироқ қилдим, – деди ранжиганини яширмай Рейчел. У синглисининг йўқолишига алоқаси бўлиши мумкин бўлган одамнинг изига профессионал эмас, айнан ҳаваскор тушганини гапирмоқчи бўлди-ю, тилини тийди.

– Эртага ёрдамчим Дерли билан ўша жойда бўламиз, – давом этди инспектор. – Сиздан ўтиниб сўрайман, ўзингизча яна бир нималарни бошлаб юрманг!

Рейчел бирон нима қилмоқчи ҳам эмас эди. Тўғрисини айтганда, у жуда ҳам қўрқаётган эди.

У Эннинг квартирасига қайтгач, эшикни маҳкам қулфлади. Ҳаяжонини босиш учун Агата Кристининг китобини қўлига олди. Одатда, Кристининг асарлари унинг тинчланишига ёрдам берарди. Лекин ўқий олмади, диванга чўзилган онидаёқ кўзи илинди. Уйғон­ганида диван ёнидаги креслода ўтирган Тоулендга кўзи тушди.

– Қандай кирдингиз? – деярли қичқириб юборди Рейчел.

– Менда калит бор, – хотиржам оҳангда жавоб берди у.

– Уни кимдан олдингиз?!

– Синглингиздан.

– Унинг ўзи қаерда?

– Менинг чорбоғимда.

Рейчел хурсандчиликдан йиғлаб юборай деди. Энн соғ-омон экан!

– Агар менга бир чашка чой берсангиз, сизга ҳаммасини айтиб берардим.

Рейчел патнисда чой кўтариб хонага қайтиб кирганида Тоуленд ҳамон ўша ҳолатда, қўлларини чўнтагига тиққанча ўтирарди.

– Менимча, сиз қандни унутдингиз.

Рейчел ошхонага югурди, қанддонни келтириб қўйиб, Тоуленднинг оғзини пойлади.

– Сизга чой ичишни мас­лаҳат бераман, – деди Тоу­ленд, – одамни хотиржам қилишда ҳеч нарса унинг ўрнини босолмайди, тўғрими?­

Рейчел чойдан ҳўплади. Тоуленд ҳам чашкасини қўлига олди. У қўлларига аёлларнинг бежамали қўлқопини кийиб олганини кўрган Рейчел туйилиб қолди.

– Ҳа, буми? – деди Тоуленд жилмайиб, сўнг чўнтагидан эски русумдаги мугуз гардишли кўзойнак чиқариб, тақиб олди. Узун сочларини битта қилиб йиғиб олган эди, басавлатгина кампир қиёфасига кириб қолди.

Рейчел қўрқиб кетганидан гапиролмай қолди.

– Сиз менинг бир пайтлар яхшигина актёр бўлганимни унутган кўринасиз-а.­ Узун плаш, алмисоқдан қол­ган шляпа, оқ сочлар, қарабсизки, қаршингизда кекса хоним турибди. Бундай маф­тункор қиёфадан Эннинг ноутбугини олиб кетиш­ учун келганимда ҳам фойдаланганман. Ҳадемай, азизам, сиз қаттиқ уйқуга кета­сиз. Унгача эса зерикиб қолмаслигингиз учун бир воқеа­ни ҳикоя қилиб бераман. Тўғриси, уни кимгадир жу­даям айтгим келиб юрувди.­

Рейчел ўзи кутмаган ҳолда эснай бошлади.

– Чойингизга кўп миқдорда уйқудори аралаштириб­ қўйдим, – деди мулойим­ оҳангда Тоуленд. – Синглингизга ҳам шундай қилгандим, лекин миқдори бундан камроқ эди. Боя Энн менинг чорбоғимда деганимда алдамагандим. Аниқроғи, у чорбоғимдаги қайсидир ҳовуз тубида.

Рейчел беҳузур бўла бошлади ва жойидан турмоқчи бўлди. Аммо Тоуленд тўп­пон­ча чиқариб унга тўғрилагач, қимирламай туриб қолди.

– Сизга азоб беришга мени мажбур қилманг. Буни истамайман. Ухлайсиз, тамом. Қайтиб уйғонмайсиз. Ҳеч қандай оғриқ ҳис қилмайсиз. Нима бўлганда ҳам, уйқудо­ри­ ёки тўппонча биланми, мен шундай қиламанки, сиз­ни ўз жонига қасд қилган деб ҳисоблашади. Синглингизнинг йўқолганини кўтаролмай шундай қилгансиз гўё.­

Рейчел курсига қайтиб ўтирди ва қалтираганча қутулиш чорасини ўйлай бошлади.

– Инспектор Грейсон сиз ҳақингизда билади, – деди у зўрға.

– Хўш, нима бўпти? Олдингизга мен эмас, қандайдир қари кампир келган.­ Ўшани қидираверишсин. Мен бўлсам ҳозир мухлисларимдан бири билан учрашувдаман, буни у ҳам тасдиқлайди.

Тоуленднинг вазиятдан ҳузурланаётгани кўриниб турарди.

– Ишонсангиз, мен булар­ни кимгадир гапириб бераёт­ганимдан енгил тортаяпман. Сиз мен учун гўёки бир найсиз. Шоҳ Мидас ҳақидаги қиссани эслайсизми?

Тўғри, келтирган мисолим­ унча чиройли чиқмади. Хул­лас, ўша шоҳ Мидаснинг қулоқлари эшакникидай бўл­ган экан. Буни фақат сартароши биларкану, ҳеч кимга гапиролмас экан. Га­пириб бўладими? Шоҳ-а! Кунларнинг бирида ўша сартарош бу ҳақда қудуққа айтиб, ичини бўшатиб олади.­ Қудуқдан қамиш ўсиб чиқа­ди. Кимдир ундан най ясайди. Найни чалганида ҳамма шоҳ Мидаснинг қулоқлари ҳақида хабар топади.

Рейчел атрофига кўз югуртириб, вазиятдан чиқиш йўлини изларди. Эсига жинси шими чўнтагидаги мобил телефони тушди. Лекин уни олишнинг иложини қилолмади.

Бу вақтда Тоуленд ҳикоя­сини давом эттираётган эди.

– Синглингиз ҳали ўқиб юрган вақтидаёқ мен билан ҳамкорлик қилар эди. Фаросати ўткир қиз экан, менинг романларимни бошқа одам ёзаётганини дарров пайқаб қолди. Уларнинг муаллифи хотиним Милдред эди. Нега у романлари­ни менинг номим билан чоп этганини сўрамайсизми? Ўзим айтақолай, бу — оддий маркетинг усули. Милдреднинг ўзи менга муаллиф­ бўлишни таклиф қил­ди. У талантли эди, мен эса анча таниқли эдим. «Муқовада сенинг фотосуратинг бўлиши­ аёлларни жалб этиши тайин»­ деди у. Ўзингиз тушунасиз, бизнинг асосий ўқувчиларимиз калтафаҳм аёллар. Китобларнинг бозори чаққон бўлди. Биз бойиб кетдик. Аммо, – у хўрсиниб­ олди, – Милдред оламдан ўтди. Менинг эса айрилиқдан тушкунликка тушиб, ёзолмай қолган адиб ролини­ ўйнашдан бошқа чорам қолмаган эди. Ана шунда Энн пайдо бўлди ва ўзи менга ёрдамини таклиф қилди.

Рейчелнинг чуқур эснаши­дан унинг гапи бўлинди.

– Яна ўн дақиқа вақтингиз қолди, азизам, якунлашга улгураман, – деди Тоуленд майин овозда. – Қисқаси, Энн билан ҳамкорлигимиз сермаҳсул бўл­ди. У ёзар эди, мен эса са­хийлик билан ҳақ тўлардим. Бу узоқ давом этиши мумкин эди. Бироқ кутилмаганда синглингиз менга турмушга чиқмоқчилигини айтиб қолди. Бой ва машҳур­ одамнинг хотини бўлишни маъқул топган бўлса керак. Рад қилганимда эса у менинг китобларимнинг ҳақи­қий муаллифи кимлигини фош қилишини ва шу орқа­ли шуҳратга эришиши мумкинлигини айтиб таҳдид қила бошлади.  У ёқимтойгина қиз эди, жон деб уйланган бўлардим. Аммо унинг феъли… У мен ўлган куниёқ ўзининг муаллифлигини ҳамма ёққа жар солиши аниқ эди.

Рейчел унинг бу борада ҳақлигини ичида тасдиқлаб қўйди. Тоуленд сўзида давом этарди:

– Уни уйимга таклиф қилдим. Тафсилотларга тўх­талиб ўтирмай шуни айтишим мумкинки, ҳаммасини бекаму кўст бажардим. Би­ронта гувоҳ ҳам, из ҳам қолдирмадим. Кейин сиз ас­лида йўқ кундалик ҳақидаги чўпчакни кўтариб олдимга бордингиз. Энн кундалик тутадиган қизлардан эмас эди. Бунга ишончим комил. Лекин тушундимки, сиз ниманидир биласиз, – у Рейчелга ачингандай қараб қўйди, – начора, сизни ҳам ухлатишга мажбурман…

Рейчел элита бошлаган уйқуни енгиш чорасини қидира бошлади. Диққатини­ жамлаш учун ҳозиргина ўзи чой ичган чашкага тикилди.­ Чинни идишдаги билинар-билинмас дарз ва унинг атрофидаги доғ эътиборини тортди. Унинг кетма-кет эс­наши Тоулендга ҳам таъсир­ қилди чоғи, уни ҳам эсноқ тут­ди. Рейчел миясига ярқ этиб келган фикрдан жонланди.

– Мен эмас, сиз ухлайсиз, – деди Рейчел тили зўрға айланаётганига қарамай, секин, лекин дона-дона қилиб. – Мен ҳаммасини билиб олиш учун ўзимни шундай тутдим. Энди марҳамат қилиб мени эшитинг. – У яна эснаб юбормаслик учун тин олиб, ютиниб олди. – Мен идишларни алмаштириб қўйган эдим. Уйқу босаётганини сезмаяпсизми?

Тоуленд кўзларини катта-катта очиб эснаб қўйди.

Рейчел ирғиб туриб столни ағдариб юборди. Буни кутмаган Тоуленд йиқилиб тушди. У ўрнидан тураман дегунча Рейчел хонадан югуриб чиқиб ваннахонага қамалиб олди. Полга ўтириб­ олганида ухлаб қолаётганини тушунди ва қўл телефонидан бир амаллаб инспектор Грейсоннинг рақамлари­ни тера бошлади. Бу вақтда­ эшик кучли зарбдан қарсил­лаб, ўқ овози эшитилди. Ғазабдан эсини йўқотган Тоуленд эшик қулфини бузишга уринаётган эди.

– Алло, алло! Нима бўл­ди, мисс Макфейл? Гапиринг! – Рейчел инспекторнинг овозини эшитди.

– Мени қутқаринг, – шу­ни шивирлаб зўрға айта ол­ган Рейчел чуқур уйқуга кет­ди. Бу қанча давом этди, у билмади. Унга қандайдир­ укол­лар қилишди, қаергадир­ олиб боришди. Кўзини очга­нида тепасида пешонасини каттагина ғурра безаб турган­ инспектор Грейсонни кўрди.

– Ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз? – дардкаш оҳанг­да сўради у.

Рейчелнинг гапиришга ҳоли келмади.

– Ҳа, тушунаман, –  деди Грейсон, – ошқозонни ювиш ёқимсиз муолажа. Лекин боп­ладингиз! – у ғуррасини силаб қўйди. – Бу ярамас ёзувчини базўр эпладик! У Дерлини яралади, менинг бо­шимга стул билан туширди!­

Грейсоннинг завқи ичига сиғмаётгани кўриниб турарди.­

– У ҳеч қанақа ёзувчи эмас, – зўрға гапирди Рейчел.

– Буни биламан, – деди қўлини силтаб инспектор ва курсига ўтириб олиб Рейчелга хижолатомуз қараб қўйди. Уни безовта қилишга ҳали эрта эканини тушуниб турарди.

«Эй худо, наҳотки яна детективлар ҳақида гап бошласа?» – ўйлади Рейчел.

– Ҳозир бунинг мавридимас, тушунаман, – деди тек ўтиролмайдиган инспектор, – лекин мутахассис сифатида айтинг-чи, буларнинг бари айнан ўткир сюжетли, шиддатли детектив бўлмай нима?!

– Йўқ, бу одатдаги жанр­лар аралашмаси, холос, – пи­чирлади Рейчел ва суҳбат давомига тайёрлана бошлади.­

Русчадан Шавкат Ёдгоров таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>