• Бугунги сана: Seshanba, May 23, 2017

Жаноб Шрёдер, 2017 йил қандай йил бўлади?

«Wirtschaftswoche»:

— Жаноб Шрёдер, бу йил қандай йил бўлди-а — миграцион танглик, Брексит, Доналд Трамп, Берлинда, рождество ярмаркасида юз берган теракт? Дунёнинг ишлари шу экан-да.

Герҳард Шрёдер:

У янада мураккаблашди, аммо хавф-хатар илгари ҳам мавжуд эди. Берлиндаги мудҳиш ҳужум охирги ўн йилдан кўпроқ вақт мобайнида биз Европада — Париж, Лондон ёки Мадридда бошимиздан кечирган террористик актлар сирасига киради. Биз терроризмнинг ушбу кўринишини кучли давлат билан енгишимиз керак, лекин жамиятимизнинг либераллигидан воз кечолмаймиз. Ҳукумат тарози паллаларини тенг тутиши шарт.

— Доналд Трамп ИШИДга қарши ҳал қилувчи курашга чақирди.

— Доналд Трамп масаласига келсак, бу борада мен хотиржамман. Собиқ актёр Роналд Рейган президент этиб сайланганида ҳаммамиз қандай бақир-чақир қилган эдик? Ўшанда Рейган ҳақиқий неолиберализмни қўллаган бўлса ҳам Михаил Горбачёв билан бирга совуқ урушнинг тугашига имкон яратган эди. Унинг яхши маслаҳатчилардан иборат командаси бор эди. Президент Трампнинг ҳам яхши маслаҳатчилари бўлади деб умид қиламиз. Бундан ташқари АҚШдаги демократик институтлар президентга посанги бўлар даражада кучлидир.

Лекин ҳамма масалан яқинда Австрияда бўлиб ўтган президент сайловида ёки Италиядаги референдумда бўлгани каби популистлар олдида қалтираб қолади. Биз яна гражданлардан қўрқишимиз керакми?

— Асло. Аммо биз, демократлар, курашишимизга тўғри келади. Бўлар экан-ку, мана австрияликлар ўнг номзодга қарши овоз бериб буни бизга кўрсатиб қўйишди. Италиядаги референдум натижаси ачинарлидир — чунки ислоҳот ўтказгали ҳукуматга кўпроқ ҳуқуқ бериш учун конституцияга ўзгартиш киритиш керак. Чунки яна рақобатбардош бўлиши ва одамларга, аввало ёшларга иш бериши учун нафақат Италия институтларини, балки иқтисодиёти ва ижтимоий тизимини ҳам зудлик билан ислоҳ қилиш лозим. Маттео Ренцининг меҳнат бозорини ислоҳ қилиши ҳали ибтидо холос.

— Унда нега Ренци италянларни ишонтира олмади?

— Ҳамма ислоҳотлар самара бера бошлаши учун вақт керак. «Агенда 2010»дан сўнг шундай фикрга келдим (лотинча agenda — ҳаракат режаси — tafsilot.uz). Ренци Италияда ислоҳотларни амалга оширишни давом эттириш нақадар муҳимлигини кўрсата олди. Бунинг ўрнига унинг рақиблари, масалан, комик Беппе Грилло уни нодемократик сиёсатчи деб танқид қилди. Мен Ренци иккинчи имкониятни қўлга киритиши тарафдориман. Шундай бўлса Италия учун ҳам, Европа учун ҳам яхши бўлур эди.

Бироқ шундай бўлиб чиқаяптики, еврозонада ислоҳот ўтказмоқчи бўлсанг, сенга қарши овоз беришади.

— Ҳа, буни биламан (кулади). 2005 йили бошимдан ўтган. Мен ўз ислоҳотлар дастуримни тарғиб қилиб Ангела Меркел бошлиқ блокдан атиги бир фоиз кам, 34,2 фоиз овоз олганман.

ГСДП (Германия социал-демократик партияси —Sozialdemokratische Partei Deutschlands — tafsilot.uz) бугун бунга ҳавас қилса арзийди.

— Шунга аминманки, ГСДП агендани ҳақиқий дастурга айлантиришга қодир бўлганида бугунги кунда ўзининг иқтисодий компетенцияси тўғрисида қайғуриб ўтирмас эди. ГСДП сайловчилари берадиган асосий савол шу компетенция ҳақида бўлади. Чунки иқтисод яхши бўлсагина фаровонлик ва ижтимоий хавфсизлик ҳақида гапириш мумкин. Аҳвол ёмон бўлса буни меҳнатчилар ўз таналарида ҳис қилишади.

— Одамларнинг аҳволи ёмонлашса ёки улар ижтимоий тушкунликдан қўрқишса «Германия учун алтернативалар»Alternative für Deutschland») учун овоз бера бошлашади.

— Тўғри, ГСДП сайловчилари орасида уларнинг шиорига қўшилувчилар кам эмас. ГСПД уларни қайтадан ўзига оғдириб олиши лозим. Бунинг учун мавзу керак — бу фақат иш ўринлари билан боғлиқ мавзу бўлиши мумкин. Шу боис ГСДП энг аввало саноат соҳасидаги иш ўринлари билан шуғулланиши шарт.

— Трамп ҳам АҚШ саноатининг асосий соҳаларини жонлантиришни ваъда қилди. Бироқ Америка концернлари иш ҳақи кам бўлган мамлакатларда маҳсулот ишлаб чиқаришда давом этади.

— Трамп бу борада муваффақиятга эриша олади деёлмайман. Аммо яхши ният — ярим давлат дейдилар. Бу сиёсатнинг, айнан молларга бериладиган баҳонинг 22 фоизи саноат ҳиссасига тўғри келадиган Германия сингари мамлакатдаги сиёсатнинг вазифасидир. Яна шуни эсдан чиқармаслик керакки, саноатнинг ҳар бир тармоғи нафақат маҳсулот етказиб берувчиларга, балки хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи бир қатор корхоналарга ҳам иш беради.

— Унда немис саноатига ростан ҳам трансатлантик савдо ва инвестицион шериклик шартномаси (TTIP) керак эмасми?

— Йўқ. Мен TTIPга қаршиман, чунки бу ерда аввало ҳамкорлик ҳақида эмас, ҳукумат сиёсати ҳақида гап кетади. TTIPнинг ҳозирги кўринишида ҳамкорлик тенгликка асосланмаган.

Бу билан нима демоқчисиз?

— Қаранг ҳозир Америка ҳукумати немис компанияларига қандай босим ўтказмоқда. Бу ерда гап рақобатчиларни заифлаштириш ҳақида кетмоқда.

Қандай қилиб? Америка ҳукумати яқинда VW концерни атмосферага чиқариладиган газ кўрсаткичлари борасида қандай найрангдан фойдаланганини ёки «Deutsche Bank» қандай қингирликка қўл урганини аниқлади.

— Ким қингирликка қўл урган бўлса жазосини олиши керак, бу бўйича гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Аммо америкаликлар товон пули ва жарима тўлашни талаб қилаётганлиги ақлга сиғмайди, бу ҳатто ушбу йирик концернларни ҳам чарчатиб қўяди. Ва менга ҳеч ким VW билан боғлиқ машмашадан кўзланган мақсад Америка автомобил ишлаб чиқарувчиларининг рақобатчисини заифлаштириш эмаслигини исботлаб беролмайди. Америкаликлар экологиянинг бу қадар жонкуяр ҳимоячилари ҳисобланишмайди.

— Гапларингиздан АҚШда бизнес қилиш хавфли экан деган хаёлга боради киши.

— Мен Европа ва АҚШ ўртасидаги бир даражадаги муносабатлар ҳақида гапираяпман. Бу ҳамма соҳадаям кузатилмаяпти. Биз ҳозир буни Эрон билан иқтисодий муносабатлар мисолида ҳис қилаяпмиз. Санкцияларнинг юмшатилиши ядровий келишув билан боғлиқ эди. Европаликлар ҳам санкцияларни юмшатишди, аммо америкаликлар эмас, улар ҳозир ҳатто санкцияларни узайтиришни ўйлашаяпти. Яъни немис банклари Эрондаги немис компанияларининг инвестицияларини молиялаштиришга ҳам қўрқишмоқда. Буларнинг бари рақобатчиларни жиловлаш ва ўз иқтисодиётини ҳимоя қилишга қаратилган — «ой чиқса ҳам Америкага, кун туғса ҳам Америкага».

— Трамп очиқдан-очиқ шундай фикр билдирмоқда. У ҳатто Хитойга нисбатан жарима божлари жорий этишни кўзлаяпти.

— Билганини қилсин. Ростан ҳам шундай қиладиган бўлса биз европаликлар бундан фойдаланиб қолиб, Хитой билан бизнесимизни кучайтиришимиз мумкин. Айнан атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги технологиялар борасида улкан имконият мавжуд, чунки Хитойда бундай технологияларга эҳтиёж жуда катта. Аммо шу билан бирга биз Европада хитой инвесторларидан юз ўгирмаслигимиз ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Сиз худди бизнинг Ғарбдаги ҳамкоримиздан воз кечгандай гапираяпсиз. Бу Германияга янгича шарқий сиёсат кераклигини билдирадими?

— Хавотирланманг, ҳар қанча танқид қилсак ҳам трансатлантик иттифоқ бизнинг таянчимиздир. Шу билан бирга биз европаликлар Россия билан яхши муносабатда бщлишимиз керак. Америкаликлар учур Россия ҳозиргача геополитик муаммо бўлиб келди. Улар Хитойнинг ёнида яна бир қудратли давлат пайдо бўлишига йўл қўймаслик пайидан бўлишди. АҚШ раҳбарияти алмашганидан кейин бу позиция ўзгариши мумкин. Бу биз европаликлар учун бир имкониятдир, чунки Россия бизнинг ён қўшнимиз.

— ГСДП нега бу имкониятдан фойдаланмайди, тарихий жиҳатдан бу зўр имконият-ку?

— Ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер ва вице-канцлер Зигмар Габриэл бунинг учун асосни кучайтиришди. Бу борада менинг партиям тўғри йўлдан кетмоқда.

— Қирим, Украина, Сурия — Владимир Путин европаликларнинг турмушини мураккаблаштираяпти.

— Тўппа-тўғри. Аммо Ғарб ҳам Россиянинг турмушини қийинлаштираяпти. Кичик Жорж Буш 2001 йили АҚШ Ракетага қарши мудофаа системаларини чеклаш тўғрисидаги шартномадан чиқишини эълон қилди ва бу билан халқаро хавфсизлик борасида чиришни бузди. Шарқий Европада Эрон ва Россияга қарши қаратилган РҚМ тўсиғининг барпо этилиши навбатдаги хато бўлди. Кейинги хато Американинг Гуржистон ва Украинани НАТОга қўшиб олиш планидир. Руслар ўзларини қуршовга олингандек ҳис қилишмоқда ва шу боис Украинадаги воқеаларга нотўғри муносабатда бўлишди.

Бироқ руслар ҳамон вақтинчалик сулҳга амал қилишмаётир.

— Афсуски, тарафларнинг ҳеч бири Минск битимига тўлиқ амал қилмаяпти. Украиналиклар ҳам ҳали федераллаштириш бўйича кўп иш қилишлари керак. Бироқ айрим масалалар борасида силжиш бор. Шунинг учун мен ҳар доим шундай фикрда бўлганман: узлуксиз силжиш бўлганда санкцияларни ҳам узлуксиз равишда юмшатиб бориш лозим — қарши тараф учун бу унинг интилишлари эътиборсиз қолмаётганини билдирувчи сигнал бўлади. Барча шартларни бирдан бажаришни талаб қилиш ҳам тўғри эмас. Бу жараённи кучайтириш ўрнига тўхтатиб қўяди.

— Сизнинг русларни жуда яхши билишингизни биламиз. Бировлар ҳатто сизни русларнинг Сурияни шафқатсизларча бомбардимон қилишини ёқлайди ҳам дейишади.

— Йўқ, мен буни ёқламайман. Аммо биз ўзимизга Суриядаги вазият барқарорлашиши, у ерда тинчлик қарор топиши учун сиёсий жараённи қайта тиклаш бўйича нима қилишимиз мумкин деган саволни бериб кўрсак яхши бўларди. Ғарб диктатор Асад президентликдан кетиши кераклигини қайта-қайта таъкидлаб хато қилди. Албатта, у қачондир кетиши керак, лекин сиёсий жараённинг бошида эмас, охирида кетса ҳам бўлади.

— Қисқаси, ҳаммасига Ғарб айбдор, Путиннинг заррача айби йўқ, шундайми?

— Яна қайтараман: гап сиёсий ечим топиш ҳақида кетаяпти. Биргина ҳарбий воситалар билан бунга эришиб бўлмайди. Москвадагиларми, Вашингтондагиларми, фарқи йўқ, ким шундай деб ҳисобласа янглишади. Яна шу саволга жавоб топиш ҳам даркор: минтақадаги вазиятни қайси можаро чалкаштириб юборди ўзи? Бу Ироқдаги охирги урушдир. У туфайли Ироқ давлатчилигига путур етиб, этник ва конфессиялараро можаролар юзага келиб, гражданлар уруши бошланиб кетди. «Ислом давлати» айнан шу уруш мевасидир.

Сиз Путин билан Сурия ҳақида гаплаша оласизми?

— Биласизми, бировлар менга ишониб айтган гаплар ҳақида оламга жар соладиган бўлсам, кейин улар менга ишонмай қўйишади. Шунинг учун бундай саволларга мен умуман жавоб бермайман.

Ким хавфлироқ — Путинми ё Трамп?

— Бундай таққосдан фойда йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам биз европаликлар уларнинг иккаласи билан ҳам ишлашимизга тўғри келади.

Трампнинг Путинни ёқтириши сизга ёқса керак?

— Америка ва Россия Сурия можаросига биргаликда барҳам бериш ҳақида ўйлашса менга ёққан бўлур эди. Бу икки давлатсиз глобал хатарларни бартараф этиб бўлмайди. Шундай экан, икки президент ўртасидаги ишга оид муносабатлар икки мамлакат ўртасида бамаъни муносабатлар ўрнатилишига ёрдам берса бунга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак.

Сиз ўртада силагарчи бўлишингиз мумкинми?

— Киши ўзига ортиқча баҳо бериши керак эмас. Эҳтимол бу вазифани ГСДПдан сайланадиган бўлғуси канцлер ўз зиммасига олар.

— Шу мавзуда ўзингиз гап очдингизми, энди сўрамасам бўлмайди: ГСДПдан канцлерликка кимнинг номзоди кўрсатилишини биларсиз?

— Йўқ. Бу мавзуни суистеъмол қилишда қатнашмоқчи ҳам эмасман. Собиқ сиёсатчиларнинг ушбу масалага аралашиши илгари ҳар доим жаҳлимни чиқарарди. ГСДП ўз номзодини январнинг охирида аниқлаб олишга қарор қилди. Режа борми унга риоя қилиш ва журналистлар билан мулоқот қиламан деб ундан оғишмаслик лозим.

Сиз Габриэлни «демократик популист» деб атадингиз. Бу нимани билдиради?

— Нутқлар сиёсатда катта аҳмиятга эга, аммо сайловолди кураши жараёнида уларнинг мазмунини тўғри ифодалаб бера олиш ҳам керак. Сиёсий мулоҳазаларни мазмунини чалкаштирмасдан лўнда ифодалай олиш — кераклисини кераксизидан ажратиб, режаларингни аниқ-равшан баён қила олишинг шарт. Айнан шуни мен демократик популизм деб атайман, у бизга дангал ўнг шиорларга қарши маваффақиятли курашиш учун керак. Зигмар Габриэл шундай қила олади.

— Кўп немислар уни «шумтака» деб билади.

— Мен учун бу феъл эмас, сиёсий қобилият масаласидир. Туб шарт-шароитлар ўзгарса сиёсатчи ҳам ўз позициясини бироз ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлиши ва ўзгартира олиши лозим. Аслида «канцлерин» ҳам шундай қилаяпти. ХДИнинг (Германия Христиан-демократик иттифоқи — Christlich Demokratische Union Deutschlands, CDU — tafsilot.uz) охирги қурултойида қабул қилинган миграцион сиёсатни қатъийлаштириш тўғрисидаги қарорнинг 2015 йилги «очиқ эшиклар» сиёсати билан ҳеч бир умумий жиҳати йўқ.

Ўз сиёсатига ўзгартиш киритишнинг ёмон томони борми?

— Миграционная политика Германиянинг миграцион сиёсати жуда узоқ вақт бир тарафлама бўлиб, аниқ планга эга эмас эди. 2015 йилнинг сентябр ойида Австрия ҳукумати ёрдам сўраб мурожаат қилганида Меркелнинг чегарани очиш ҳақидаги қарори тўғри бўлган эди. Лекин бу вақтинчалик ҳолатнинг доимий ва «нормал» ҳолатга айланиши унинг хатоси бўлди. Меркел хоним энди, кўпчиликдан, шу жумладан партиядошларидан ҳам танқид эшитганидан сўнг илгариги нормал ҳолатга қайтишга ёки ҳеч бўлмаганда миграцион сиёсатни қатъийлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Сиёсатчилар ўз йўналишини кескин ўзгартиришса буни ошкора тан олишлари керак. Акс ҳолда ўз сайловчиларининг ҳафсаласини баттар пир қилади. Сайловчилар терроризм хавфини ҳис қилганда эса аниқлик ва ҳалоллик жуда зарур.

— Меркел сайловда нима учун яна қатнашмоқчи бўлаётганини тушунасизми?

— У жуда интизомли одам. Бундан ташқари партиядошлари ҳам ундан шуни кутмоқда. Албатта, бу осон эмас. Аммо жилов қўлдан кетган ҳаётга ҳам ўрганиб кетиш мумкин. Бугун мен ўзимни ҳечам бахтсизман деб ҳисобламайман.

Аммо сайловда ютқазганингиздан сўнг роса асабийлашган эдингиз, шундай эмасми?

— Инсон нима биландир банд бўлиши керак. Ўшанда олтмишдан эндигина ошган эдим. Мен учун бекор қолиш тубсиз жарликка қулашдай гап. «Шимолий оқим» лойиҳаси бошқаруви раиси лавозимини эгаллашга рози бўлганим учун мени роса танқид қилишди. Аммо бу менга ёрдам берди — янги иш топдим. Бундан ташқари, қанчалик ажабланарли бўлмасин, қаттиқ танқиднинг фойдаси шу бўлдики, яна курашишимга тўғри келди.

— Бир вақтлар, ёш депутат пайтингиз сиз федерал канцлер биносини ўраб олган деворга осилиб «Мен канцлер бўлишни хоҳлаймандеб бақиргансиз. Зигмар Габриэл эса ГСДПдан канцлерликка номзодини қўймоқчи эканлиги айтишга ҳам журъат қилгани йўқ.

— Бизни таққослашингиз ноўрин, чунки ГСДП вақтинчалик режа ишлаб чиққан ва унга риоя қилиш лозим. Аммо қарор қабул қилиндими, унда номзод ҳокимиятни қўлга олмоқчилигини, уни қўлда сақлаб қолмоқчилигини одамларга билдириши ва бунинг учун изчил ҳаракат қилиши даркор. Ахир немислар нима сабабдан бош сиёсий лавозимга ўзи нимани хоҳлашини ҳам билмайдиган одамни сайлашлари керак?

— Яъни яхши сиёсатчи дангал ва чўрткесар бўлиши керак, шу жумладан ўзига нисбатан ҳам, шундайми?

— Афу этинг, бу ўзига нисбатан чўрткесарлик эмас. Аммо сиз ҳақсиз, бундай қарорларни киши аввал ўз яқинлари билан батафсил муҳокама қилиб олиши керак — чунки бу лавозимни эгаллаган одам кўп сафар қилишига, уйда бўлмаслигина тўғри келади. Хуллас, сиёсатни чидаганга чиқарган дейиш мумкин.

Ўн бир йил канцлер бўлган Меркел хоним ўзгариши ва янги вазиятга мослашиши мумкинми?

— Вазият шуни тақозо қилса, у нафақат шундай қила олади, балки шундай қилиши шарт.

— Шундай вазият аллақачон юзага келди, шундай эмасми? Сиз яқинда Германия иқтисодий сиёсат нуқтаи назаридан ўз манфаатини кўзлайдиган худбинлар мамлакатига айланди деган эдингиз.

— Мен турмушимиз жуда қулайлашганини назарда тутган эдим. Биз ислоҳот ўтказиш борасида муваффақиятга эришиб, ўзимизни дунёнинг ишини қойиллатгандай тута бошладик. Аммо «қора нул»ни идеаллаштириш ўрнига давлат яна инфратузилмага эътиборини қаратса яхши бўлар эди. Бу гап таълим соҳасига ҳам тааллуқли. Бундан ташқари биз қочқинлар муайян малакага эга бўлиб, ишлай олишларига эришишимиз лозим. Шундагина интеграция муваффақиятли бўлади.

— Европага ҳам инвестицион дастур керак бўлиши мумкин.

— Албатта. Грециянинг муаммолари бутун Европа сиёсатини қатъий чоралар кўришга мажбур қилди. Бу Грециянинг, шу билан бирга бутун Европанинг тинкасини қуритди. Қоидалар керак, аммо гоҳида заруратга қараб улардан сал четга чиқишнинг ҳам зиёни йўқ. Мен раҳбарлик қилган ҳукуматни қачонлардир Маастрихт мезонларини бузганликда айблашган эди. Тўғри қилишган. Бироқ бу мезонларни бажариш учун ўша «Кун тартиби-2010»га қўшимча равишда яна бир неча миллиард еврони иқтисод қилишимизга тўғри келар эди. Ўшанда мен бундай қилмайман деган эдим. Шундай қилсам барча ислоҳотларим йўққа чиққан бўлур эди.

— 2017 йил Лютер йили деб эълон қилинди. Европада янги ислоҳотчи пайдо бўладими?

— Мен Францияга ишонч билан қараяпман. У ерда нафақат сўл демократлар, балки ўнг демократлар ҳам ислоҳотларга мойил номзодларни илгари суришмоқда, Аминман, иккинчи турда улардан бири —Марин Ле Пен (Marine Le Pen) ғолиб чиқади. Ким ғалаба қозонишидан қатъи назар — Франсуа Фийонми (Francois Fillon), Эммануэл Макронми (Emmanuel Macron) ёки социалистларнинг номзодими — ислоҳот ўтказишига тўғри келади ва Германияда 2003 — 2004-йилларда юзага келган вазиятга тушади. Биз барқарорлик учун зарур бўлган мезонларни озгина бузишга мажбур бўлганмиз. Аммо ким келажакни кўзлаб ислоҳотлар билан жиддий шуғулланаётган бўлса мезонлар бундай қисқа муддатли бузилишининг зарари йўқ. Агар Франция ислоҳотларни амалга оширса бу бутун Европа учун фойдали бўлур эди. Шу боис мен немис-француз муносабатлари яна жонланишидан умидворман.

Аммо тескариси, ислоҳот ўтказгани учун сиёсатчилардан ҳеч қачон миннатдор бўлишмайди.

— Сиёсий ислоҳотлар билан улар кундалик турмушга таъсир ўтказадиган давр ўртасида одатда жуда катта жарлик бўлади. Бу жарликда йўқ бўлиб кетиш ҳеч гап эмас — бошимдан ўтгани учун яхши биламан. Бизнинг «Кун тартиби-2010» дастуримизнинг роҳатини Меркел хоним кўрди. Бироқ мен учун муҳими бундан бутун мамлакатимиз фойда кўриши эди.

Меркел хоним «Кун тартиби-2010» учун сизга бирон марта раҳмат айтдими?

— Йўқ, у раҳмат айтиши шарт эмас.

— ГСДП 2017 йилда Меркелни мағлуб эта оладими?

— Бунинг учун у ҳар қандай сиёсий кучлар нисбатини, шу жумладан «қизил-қизил-яшил» вариантини ҳам ҳисобга олиши керак, агар уларни ҳаётга оқилона татбиқ эта олса. Аммо бунинг учун Сўл партия ўзининг баъзи бир ҳавойи талабларидан, шу жумладан иқтисодий ва ташқи сиёсат борасидаги талабларидан айрим талабларидан воз кечишига тўғри келади.

Яъни қизилқизиляшиллар қолган ҳаммага қарши бўлган вазият юзага келади, шундайми?

— Йўқ, «яшиллар» буни асло хоҳлашмайди. Лекин социал-демократлар нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйишлари керак, чунки аҳволимиз унчалик ёмон эмас. Албатта, тахминан 25 фоиз овоз ГСДП учун унчалик кўп эмас. Аммо ХДИ ҳам илгаригидек яққол пешқадамлик қилаётгани йўқ, шу боис «Германия учун алтернативалар»даги рақобатчилардан ГСДПдан кўра кўпроқ қўрқиши керак.

ГСДП канцлер Меркел бошлиқ коалицияга яна бир бор кириши мумкинми?

— Албатта, буни «ҳамманинг кўнглидаги коалиция» деб бўлмайди. ГСДП сайловга мамлакат раҳбариятига қарши эътирозлар билан бориши керак. Албатта, якунда ютқазиш ҳам мумкин, лекин ҳар доим курашиш шарт.

Мириам Мекел (Miriam Meckel),

Грегор Шмиц (Gregor Peter Schmitz),

«WirtschaftsWoche Heute»Германия

Манба: inosmi.ru

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>