• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Жанжал

Ричард Мэтт Эллис

Ўша куни эрталаб Дон Уитлининг қиёфаси дунё ташвиши елкасига тушгандай ғоят тунд эди. Шунинг учун ҳам бошлиқ Уитли ва унинг ёрдамчисини товламачилик билан боғлиқ иш бўйича текширишга жўнатганида почта полициясидаги инспекторлар енгил нафас олишди.

– Бўйдоқ юрганим дурустмиди деб ўйлаб қоламан баъзида, – тўнғиллади қовоғини уйиб кетаётган Уитли хизмат машинаси Федерал почта бошқармаси биноси олдидаги кўчадан транспорт оқимига қўшилиб кетган пайтда. – Нима деб ўйлайсан, Мак?

– Билмасам, – деди машинани эҳтиёт бўлиб бошқариб бораётган инспектор Макинтош.

– Менга ўхшаб қирқ ёшигача бўйдоқ яшаган одамнинг оилавий ҳаётга кўникиши жуда қийин. Балки бунинг иложи ҳам йўқдир. Бунда Каролинни айблаб бўлмайди.

– Ҳаммаси изга тушиб кетади, – унинг гапини бўлди Макинтош. – Каролин билан оила қурганингга бор-йўғи беш ой бўлди, шекилли?

Уитли маъқуллаб бош силкиб қўйди.

– Лекин кўп, жудаям кўп вақт ўтгандай.

Макинтош кулиб қўйди. У машинани икки четида идоралар ва кўп қаватли уйлар жойлашган катта кўчага бурди.

– Биласанми, Дон, – деди у, – менинг ажралишлар билан шуғулланадиган адвокат дўстим бор. Истасанг, унинг телефон рақамини бераман.

Уитлининг кўзлари мугуз гардишли кўзойнак остидан тез-тез пириллаб, аччиғи чиққани чўзинчоқ юзида зоҳир бўлди.

– Ажрашиш? Наҳотки мени қандайдир бемаъни жанжал учун ажрашишгача боради деб ўйласанг?

– Шунчаки ёрдам бермоқчийдим, – деди Макинтош пинак бузмай. – Биз қанақа топшириқ билан кетаяпмиз ўзи?

Уитли ёрдамчисига бир муддат тикилиб туриб, деди:

– «Хуббарт электроникc» компанияси. Компания соҳиби Жошуа Хуббарт эрталабки почтадан товамачилик мазмунидаги хат олган. Лекин сендан буни кутмовдим, Макинтош. Ажрашишлар бўйича адвокат эмиш, ё тавба!

– Узр, – деб қўйди бор эътиборини йўлга қаратаркан Макинтош.

«Хуббарт электроникc» шаҳарнинг шимолий қисмида, гуркираб бораётган янги саноат ҳудудидаги улкан, худди хром ва кўкиш шишадан қилинганга ўхшаш бинода жойлашган эди.

Машинани тўхташ жойида қолдирган инспекторлар бинога қараб юришди. Бир неча дақиқадан сўнг улар энг юқори қаватдаги кенг ва сокин хонага кириб боришди. Шиша қопламали, салобатли стол ортидан Жошуа Хуббарт бўй кўрсатди.

– Келганингиз учун раҳмат, – деди Хуббарт. Ўрта бўй, қотмадан келган, юзини чуқур ажин қоплаган бу одамнинг кўзларида хавотир зоҳир эди. У столга ишора қилди. – Мана, марҳамат, ўша хат ва у жўнатилган конверт.

Уитли портфелини очиб ундан пинцет олди ва хатни унга авайлаб қистириб олди. Бир варақ арзон машинка қоғозига босма ҳарфлар билан қўлда ёзилган хат.

– Буни ким жўнатган бўлиши мумкин, бирон тахминингиз борми? – сўради Макинтош Хуббартдан.

У бошини чайқади.

– Йўқ. Ҳеч қачон мен билан бунақа воқеа содир бўлмаган эди. Тўғри, душманларим кўп. Лекин улар бунақа аноним таҳдид ёки… шунга ўхшаш ишларга қўл урадиган одамлар эмас.

– Сизнингча шундай, – деди Макинтош.

– Менимча шундай.

Уитли хатни дераза олдига олиб бориб, хонани тўлдириб турган куз офтобининг нурларига тутиб кўра бошлади. Кейин жойига қайтиб, хатни конверт ёнига қўйди.

– Мак! – чақирди у.

Унинг ёрдамчиси энгашганча хатни ўқишга тутинди. Қаламда ёзилган матнда шундай дейилган эди: «Ж. X. Неваранг омон қолишини истасанг бизга юз минг доллар беришинг керак Бир хил қийматдаги йигирма долларлик ва ундан кичик банкнотдаги пул боғламларини катта қоғоз халтага тахлаб жойлаштир Кейин халтани бугун чоршанба куни кечаси соат ўн бирда Классен ва 56-шимолий кўчаси бурчагида жойлашган паркнинг кириш жойидаги чиқинди қутисида қолдир Огоҳлантираман полицияни аралаштирма Мен кузатиб тураман акс ҳолда Кичкина Ж.га ёмон бўлади. Сенга ва унинг ота-онасига ҳам Ҳеч қандай хитларсиз».

– Мистер Хуббарт, Кичкина Ж. ким? – сўради Макинтош.

– Неварам. Унинг исми Женнифер.

Хуббарт стол устидаги чарм гардишли фотосуратларга нигоҳи ила имо қилди. — Рафиқам, — тушунтириш берди у, фотосуратлардан бирида тасвирланган ўрта ёшли аёлни кўрсатиб. Бошқа фотосуратдаги ўзига бино қўйган йигит билан аёл Хуббартнинг ўғли ва келини экан. Кейингиси сепкил босган юзида беғубор кулгу акс этган ўн ёшлардаги қизчанинг фотосурати бўлиб, бу ўша Женифер эди.

– Ажойиб оила, – деди Уитли. – Тушунишимча, Дженнифер – ўғлингизнинг қизи, тўғрими? Ўғлингиз бу гаплардан хабардорми?..

– Ҳа, албатта. Манави лаънати хатни олишим билан унга қўнғироқ қилдим. Ҳозир у шу ерда, пастки қаватдаги хонасида. Женнифернинг мактабдамас, уйдалигига ишонч ҳосил қилиш учун хотинига қўнғироқ қилаётган бўлса керак. Орада мен у ёққа компания хафвсизлик хизматидаги икки нафар ходимни юбордим, улар қанча керак бўлса шунча вақт қўриқлаб туришади.

– Тушунарли. Яна бирон чора кўрдингизми? – сўради Уитли.

– Қон босимимни туширадиган бир-иккита ҳапдори ичдим, кейин полиция бошлиғи — оғайнимга қўнғироқ қилдим. У бўлса хат почта орқали келгани учун сизларга мурожаат қилишимни маслаҳат берди.

– Хатни ким жўнатган бўлиши мумкинлигини тахмин қилолмайсизми?

Хуббарт кескин бош чайқади.

–  Бунга жавоб топаманми деб хатни қайта-қайта ўқиб чиқдим. Фойдаси бўлмади. Эҳтимол, ходимларимдан кимдир, балки собиқ ходимларимдан биронтаси ёзгандир. Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ёқимсиз бўлсаям — бор тахминим шу.

– Нима асосланиб буни компания хизматчиларидан кимдир қилган деб ўйлаяпсиз?

– Бу ерда, агар бошқача аташга зарурат бўлмаса ҳамма мени негадир «Ж. X.» дейишади. — деди у елкасини қисиб. — Заводдан ташқарида эса мен мистер Хуббарт ёки Жошман. Бу ерда “Ж.Х.” эканман, демак…

– Тушунарли, сэр, – деди Уитли. – Эҳтимол, бўлимимиз лабораториясидаги мутахассислар хатдан нимадир аниқлашар. Ўйлашимча, сиз текшириш охирига етказилишини истаяпсиз, шундайми?

– Албатта-да, – деди Хуббарт. – Иш неварамга дахлдор бўлгани учун мен ўзимни қари аҳмоқдай тутишим мумкиндир. Лекин товламачилик умуман бошқа масала. Агар мана шу юз мингни тўлайдиган бўлсам, кейинги сафар бу миқдор икки юзга кўтарилади ва ҳоказо. Йўқ, раҳмат. Агар Кичкина Ж.ни қуролли қўриқчилар қанча вақт қўриқлашига зарурат бўлса, шунча қўриқлай қолишсин.

– Ўғлингиз ва рафиқангиз-чи, улар бунга рози бўлишармикан? – сўради Макинтош.

– Нима? – деди Хуббарт хаёлчан. – Ҳа, ҳа. Албатта, улар мен нима десам шуни маъқул кўришади.

Уитли ва Макинтош бир-бирига қараб олишди.

– Нима ҳам қилардик, – деди Уитли хушмуомалалик билан. – Унда биз хат ва конвертни ўзимиз билан олиб кетамиз. Кейин эса…

– Нима, менга айтадиган бор гапингиз шуми? — хитоб қилди Хуббарт. — Ҳарқалай, сизлар почта хизмати суриштирувчиларисиз, бунга ўхшаш ҳолатлар, турган гапки, сиз учун одатий иш бўлиши керак.

У норози қиёфада уларга бир-бир қараб олиб, жимиб қолди.

– Мистер Хуббарт, – деди Уитли, – кўриб турибсизки, ҳозир тўлиқ экспертиза ўтказиш ва хулоса чиқариш учун бизда ҳеч қандай асбоб-ускуна йўқ. Бунинг учун бўлимимиз ёки маҳаллий полиция кўмагига таянишимизга тўғри келади. Мен сизга баъзи мулоҳазаларимни айтишим мумкин. Лекин улар исботсиз тахминлар, холос.

Хуббарт кескин ҳаракат билан рўпарасидаги креслога ишора қилиб, ўзи баланд суянчиқли креслога оғир чўкди.

– Қулоғим сизда, – деди у.

Уитли Макинтошга қараб қўйди. У елка қисди.

– Нимаям дейиш мумкин, – деди Уитли стол устидаги иркит хат ва конвертга яна бир кўз югуртирар экан. – Почта муҳри бош почтамптда кеча кечаси тўққизда урилган. Манзил конвертга ўртача юмшоқликдаги қора қаламда ёзилган, хат ҳам шу қаламда ёзилгани кўриниб турибди. Арзон конверт ва қоғозни эса майда-чуйда сотиладиган ҳар қандай дўкондан сотиб олиш мумкин…

– Наҳотки? – деди киноя билан Хуббарт. – Бунга ўзимнинг ҳам ақлим етиб турибди. Бундан ташқари, чала-чулпа, хатолар билан ёзилганига қараб хат муаллифининг саводи чатоқроқ эканиниям айтишим мумкин.

– Аксинча, у жуда яхши таълим олган, – деди Уитли. – Албатта, у ўзини чаласавод одам сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган, бироқ бир нечта жойда буни атай қилгани билиниб қолган. Гап шундаки, у «separate»[1] сўзини тўғри ёзган. Ваҳолангки, ўртадаги «а» ҳарфи коллеж ёки ўрта мактабни тугатгани ҳақидаги шаҳодатномасидан қатъи назар, жуда кўпчиликка панд беради. Бундан ташқари, хат шаклан ва мантиқан тўғри тузилишга эга ва фикрлаш тарзига кўра уни ёзган одамнинг ўқимишлилигидан далолат беради. У ўзининг дастхатини яширишга астойдил уринган ва босма ҳарфларни чап томонга ётқизиб ёзган. Аслида эса у ўнг томонга қиялатиб ёзади, нима бўлгандаям у бадхат эмас. Хатни резин қўлқоп кийиб ёзган…

– Шунақами? – хитоб қилди Хуббарт. – Буни қандай аниқладингиз?..

– Мана бу ерда, варақнинг чап томонидаги қалам доғини кўраяпсизми? Кучли ёруғда унинг бармоқ изига ўхшаш нимадир эканини фарқлаш мумкин. Бу бармоқлари учига ушлашга қулай бўлсин учун спиралсимон нақш туширилган резина қўлқопнинг изи.

Уитли сигарет учун чўнтагига қўл тиқди. У лабига сигарет қистирган пайтда Жошуа Хуббарт залворлигина олтин зажагалкасини ёқиб, тутиб турарди.

Уитли паришон ҳолда миннатдорлик билдириб давом этди

– Манави майда нуқталарга қаранг, қоғознинг ҳамма жойида бор. Сув доғига ўхшайди. Менимча, улар ўша йигитнинг юзидан қуйилган тер томчилари бўлса керак. У ниҳоятда ҳаяжонлангани ва асабийлашганидан терга ботган. Бу ҳарфларнинг ёзилишидан ҳам билиниб турибди, бош ҳарфларнинг кўпи маст одамдай қийшайиб турибди.

– Бу ҳаммаси яхши. Яна-чи? – бетоқат сўради Хуббарт.

– Агар булар тер томчилари бўлса ва таҳлил учун етарли бўлса, у орқали субъектнинг қон гуруҳини аниқлаш мумкин.

– Бундан ташқари, – қўшилди Макинтош, – агар у конвертнинг елимлаш жойи ва маркасини тупуклаб ёпиштирган бўлса, сўлак қолдиғидан ҳам буни аниқласа бўлади. Одамнинг ташқи секрецияларидаги белгилар унинг қон гуруҳига мос келади.

– Шундай қилиб, – давом этди Уитли, – унинг асабийлашгани ва эҳтиёткорлик билан иш тутгани кўриниб турибди. Қаранг, дастлабки бир неча қатор чапдан ўнгга юқорилаб кетган. Кейин улар варақ бўйлаб тўғри кетган, хат охирига бориб эса яна пастлаган. Якунда тағин юқорига ўрлаган. Яна шуни кўриш мумкинки, ҳар бир қатор бошидаги ҳарф ва сўзлар орасидаги масофа анча катта. Саҳифанинг ўнг томонига борган сари улар тиғизлашган. Ҳа, у деталларга эътибор бермаяпти. Унинг тез-тез ғайрати жўшиб туради, лекин бу ҳол дарров депрессияга айланади. У янги ишга катта иштиёқ билан киришиб, охирига етказмай шашти қайтадиган одамлар тоифасиданга ўхшаяпти.

Уитли кўк кўзларини ўйчан қисганча бошини кўтариб, сигарет тутунини ичига тортди.

– Мак, сен яна бирон нимани пайқамадингми? – сўради ёрдамчисидан.

– Йўқ, – деди Макинтош кулимсираб. – Бу ерда сен бошсан, мен бир ҳайдовчи сифатида келган бўлсам.

– Бўпти, бўпти! – деди Уитли ва Жошуа Хуббартга юзланди. – Боя айтганимдай, сэр, бўлимда экспертлар етарлича маълумот олишлари мумкин. Мен шунчаки юзаки кўриниб турганларини айтдим. Бизга керакли одам ёш, агар ўттиздан ошган бўлсаям жисмонан кучли ва соғлом йигит. «Ж. X.» деб мурожаат қилгани, бунинг устига неварангизни “Кичкина Ж.” деб атаётганидан келиб чиқиб, у сизни яқиндан биладиган одам деган фикрдаман. Тушунишимча, «Кичкина Ж.” неварангизнинг қисқартирилган исми, шундайми?

– Нима дедингиз? – деди Хуббарт паришон хаёлларини жамлаб. – Ҳа, ҳа. Женнифер туғилгунга қадар оиламизда ўғлим Жеймсни “Кичкина Ж.” деб атардик. Кейин бу исм унга ўтди… Узр, жаноблар.

Хуббарт шундай деб селектор тугмасини босди ва котибасига:

– Сэлли, ўғлимга айтинг, буёққа келсин, – деди.

– Ҳозирча қўлимиздан келгани шу, – деди Уитли. – Шундай қилиб, биз яхши таълим олган, эҳтиёткор, шу билан бирга бироз пала-партиш, атрофидаги ҳамма нарсага қизиқиши бўлса-да, дамдуз ёш йигитни қидираяпмиз. Бош ҳарфларнинг кейинги ҳарфлардан икки баравар катта экани — унинг ўзига бино қўйганидан, эҳтимол, хўжакўрсинга мойиллигидан далолатдир.

Хуббарт ҳапдори солинган жимитдай шишачани очди. Оғзига икки дона ҳапдори ташлаб, ҳорғин алфозда деди:

– Бир нарсани унутдингиз. У ҳалол йўллар туриб, жудаям… жудаям тубан усулда юз минг долларни олишга тайёр.

Қарияга зимдан назар солган Макинтош унинг анчайин кексайиб қолганини, айни пайтда эса бир неча дақиқа олдингидан-да қариб қолганини тушунди.

– Кимдандир шубҳаланаяпсизми? – сўради у.

Хона эшиги шиддат билан очилиб, бир йигит оппоқ дастрўмоли билан юзидаги терини артганча шошилиб кириб келди.

Хуббарт хўрсиниб қўйди.

– Жаноблар, менинг ўғлим билан танишинг…

– Кўнгилсиз воқеа, – деди Макинтош Уитли билан компания биносидан узоқлашганларида. – Отаси буровга олган пайтда йигит ерга кириб кетса керак деб ўйловдим. У бўлса ёш боладай йиғлаб ўтирибди.

– Такасалтанг деганлари шунақа бўлади, – минғирлаб қўйди Уитли.

– Ёқимсиз нусха, – давом этди Макинтош. – Гарчи қизини ўлдириш нияти бўлмаса ҳам ўз фарзандининг ҳаётига таҳдид қилиб отасидан пул ундирмоқчи бўлган-а.

Уитли жавоб бермади. У ён ойнага кўз ташлаб қўйиб, ғамгин бир қиёфада ёрдамчисига қаради.

– Биласанми, Каролин билан ўртамиздаги бемаъни жанжал нимадан чиқди? У кеча кечқурун янги кўйлакда экан, мен эса буни пайқамай қолибман. – У оғир хўрсиниб қўйди. – Нимаям қила олардим, деталларга эътиборсизман-да шунақа.

Шавкат Ёдгоров таржимаси

[1] Ажратмоқ, тахламоқ (инглизча).

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>