• Бугунги сана: Shanba, Aprel 29, 2017

Ислом Каримовнинг ҳаёт йўлига бир назар

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти 2016 йилнинг 2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида 78 ёшида вафот этди.

Қуйидаги инфографика орқали ўз юрти ва халқи учун улкан ишларни амалга оширган, том маънодаги тарихий шахс бўлган Юртбошимизнинг ҳаёт йўлига бир қур назар ташлаш имконига эга бўласиз.

«Tafsilot.uz» маълумоти:

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Миллати — ўзбек. Олий маълумотли, Ўрта Осиё политехника (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.

1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.

1983 йилда Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.

1986 — 1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.

1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.

1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.

1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра Ислом Каримовнинг Президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000 йили муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ислом Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2007 йили муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

У оилали, икки фарзанди, беш нафар набираси бор. Рафиқаси Т. А. Каримова — мутахассислиги бўйича иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда — пенсияда.

Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан ҳам мукофотланган.

Ислом Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Айни вақтда у иқтисодиёт, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўплаб хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиги этиб сайланган.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>