• Бугунги сана: Tuesday, February 28, 2017

Анвар Намозов: Ишани (ҳажвий ҳикоя)

serial

Мана, уч ойки, Шарофиддин Гулноза билан учраша олмайди. Сабаби, учрашиш учун баҳоналар тугаб бўлган. Қолаверса, иккисининг севгисидан хабар топган Гулшода хола тўнғич қизини еру кўкка ишонмай қўйди. Гулнозани ёнидан бир қадам ҳам жилдирмайди.

Шарофиддин уларнинг кўчасида пайдо бўлиб, сал наридан мовийранг дарвозага нажот кўзлари билан тикилади. Қани эди, бу “сим-сим ғори” очилса-ю, Гулноза чиқиб келса! Узоқ туриш ҳам мумкин эмас. Қўни-қўшни чиқиб қолса, “ҳа, йигитча, бу ерда сенга пишириб қўйибдими?” дегандек қошини чимириб қарайди. Бошқа дарвозалар очилса очиладики, Гулнозаларники очилай демайди. Худдики, ичкаридагиларнинг ҳаммаси ҳозирдан қиш уйқусига кетгандек!

Хайриятки, телефон бор, аммо Гулноза қўнғироққа жавоб бера олмайди. Шарофиддин бечора СМС юборади ва кўзи тешилгудек бўлиб телефон экранига термилади. Жавоб СМС келади, бироқ… “МЧС”дан бўлади. Кечаси ярим тунда Гулноза амаллаб жавоб ёзиб юбориши мумкин. Ана шунда Шарофиддин яйраб кетади. Бир энлик жавоб хатини юз марталар ўқийди. Кейин эса телефон экранига лабини босганча тиржайиб ухлаб қолади. Туш кўради. Тушида Гулноза дарвозаларидан чиқиб, Шарофиддин томонга учи-и-и-б келади. Ошиқ йигитнинг юраги ҳаприқиб кетади. Қаноти чиқмаса-да, у ҳам учади. Гулноза томонга парвоз қилади. Бироқ севишганларнинг қўллари бир-бирига етар-етмас овоз эшитилади: “М-ў-ў-ў-ў-ў-ў-ў…” Шундан сўнг Камолиддин отанинг бақиргани қулоққа чалинади: “Шароф, молга ўхшаб ётмай туриб молга қара!..”

Эҳ, севишганларни ким тушунади? Ким улар учун теша тегмаган баҳоналар топиб, учрашишлари учун шароит яратиб беради? Ҳеч ким! Азалдан шундай бўлиб келган. Ҳамма ўзи билан ўзи овора! Биров: “Ҳой, ошиқ, қалайсан, мендан нима ёрдам керак?” демайди. “Севгилинг билан учраша қол, биз телевизор кўриб ўтирамиз”, демайди.

Шарофиддин шу ҳақда ўйлаб ўтириб, сакраб ўрнидан туриб кетди. Топди, ҳа, зўр йўлини топди! Гулноза билан телевизорда “Ишани” берилаётган вақтда учрашади. Бу ҳиндлар томонидан яратилган жуда катта имконият ахир! “Ойим “Ишани”ни кўраётиб дунёни унутадилар”, деган эди Гулноза. Гарчанд “Сенга ошиқман”ни жини суймаса-да, айни дамда хаёлига келган ғоя туфайли бу сериалнинг соат нечада бошланиши билан қизиқди. Яшасин ҳиндлар! Севги-муҳаббатни роса улуғлайди-да улар! Ҳаҳ, бурнингдаги холингдан, Ишани!..

Шарофиддин Гулнозага қайта-қайта қўнғироқ қилди, одатдагидек жавоб бўлмади. Кейин СМС ёзди: “Илтимос, “Ишани” берилаётган вақтда учрашайлик”. Жавоб узоқ куттирмади: “Майли. Эртага гужум тагида”. Шарофиддин индийчасига ўйинга тушиб кетди ўзиям! Ён-атроф шунақанги чиройли кўриндики кўзларига… Отаси айтмаса ҳам молга ем берди. Говмиш сигирни пешанасидан ўпиб ҳам қўйди. Шундай чиройли жониворни ўпмай бўладими?!. Сигир ҳам бу бўсадан ҳайрону лол!..

Вақтни ўтказиш учун Шарофиддиннинг қилмаган иши қолмади. Аммо қани кутилган фурсат келса қолса! Соат бирам имиллаб юради-ей!

— Намунча осмонга тикиласан? — ҳайрон бўлди отаси.

Шарофиддин кўкдан кўзини узмай жавоб берди:

— Ота, шу… қуёш тепада қотиб қолганми, дейман?

Камолиддин ота нос отмоқчи бўлиб турганди, аввал ўғлига, сўнг кампирига қаради:

— Нима дейди?

Ҳалима хола жавраб кетди:

— Бунингизга бир гап бўлган! Гоҳ тиржаяди, гоҳ йиғлагудек бўлади. Укаларига кун бермайди. Хаёл сурса, икки кунлаб ўтираверади. Гаплари алмойи-жалмойи… Қуёш қотиб қолганмиш! Қуёш ҳам қотадими? Дўхтир-пухтирга кўрсатиш керак буни, отаси.

Шарофиддин онасининг гапларига парво қилмади. У кечки учрашувни кўз олдига келтириб кулимсиради:

— Ҳаёт нақадар гўзал!

— Ана энди тиржайиб бошлади…

Қош қорайгач, Шарофиддин лабларини янада йиғиштиролмай қолди. Кўйлаги, шимини мазза қилиб дазмоллади. Кийиб олгач, кўзгу қаршисида бир соатча турди. Боши узра атирни фаввора қилиб қуйди. “Воҳ, Гулноза, — деди, — сен ҳам мендек учрашувга муштоқмисан?” Кейин эса жўраларининг олдига кетаётганини айтиб кўчага чиқди.

Гужумга етиб боргунча кўча жимжит ва кимсасиз бўлиб қолди. Демак, ҳадемай сериал бошланади. Бугун тўртта қисмини беришса зўр бўларди-да! Айтгандай, неча қисм дейишаётганди? Тўрт юзми? Йўқ, саккиз юз қисм дейишди. Демак, энди Гулноза билан ҳар куни учрашиш мумкин. Ҳақиқатан ҳаёт нақадар гўзал!

Гужум тагида ҳеч ким йўқ эди. Шарофиддин узоқдаги дарвозага қаради. Қоронғи бўлса-да, Гулнозаларнинг дарвозаси ял-ял ёниб тургандай туюлиб кетди.

— Чиқа қол энди, — деди ҳаяжонланган Шарофиддин.

Гулнозанинг шарпаси анчадан кейин кўринди. У етиб келгунича Шарофиддинни ҳаяжон босди, оёқларига титроқ кирди. Гулноза яқинлашганида қучоғини очиб турди. Бироқ қиз икки одим нарида тўхтади. Шарофиддин қучоғини янада кенг очганча унга сари қадам ташлади.

— Вой, жиннимисиз? — деди Гулноза теварак-атрофга қараб олиб. — Жойингизда туринг!

— Уч ой бўлди кўришмаганимизга, — тиржайди Шарофиддин.

— Гапингиз бўлса гапиринг, — тоқатсизланди Гулноза.

— Бу нима деганинг? Ё шошиляпсанми? Ҳали бир соатча вақтимиз бор. Соғинмадингми мени?

— Вой, ёш боламисиз, соғинсам?

— Ие, гапингни қара! Мен бу учрашувни қанчалик кутганимни биласанми, Гулноза?

— Кутасиз-да, керак бўлса!..

— Сенга керак эмасми?

— Билмасам… Бунча кўп гапирасиз?

— Қачон кўп гапирдим? Хафа қиляпсан. Сени соғиниб келсам-у…

— Бизни кўриб қолишади.

— Ҳеч ким кўрмайди, Гулноза. Ҳамма Ишанини кўриш билан овора.

Ой шуъласида Гулнозанинг тумтайгани яққол намоён бўлди. Шарофиддиннинг кайфияти бузилди:

— Бошқасини севиб қолмадингми ишқилиб?

— А?.. Гапингизни қаранг! Мени ким деб ўйлаяпсиз?

— Унда нега хўмраясан?

— Шу… шарт эдими ҳозир учрашиш?

Шарофиддиннинг жаҳли чиқди:

— Бошқа пайтда чиқармидинг, а? Онанг қўйнида олиб ўтирибди-ку! Сен ўзи муҳаббатнинг нималигини тушунасанми? Бу учрашувни қанчалик кутганимни билмайсан-да! Чунки сенга керак эмас, фақат менга керак.

— Э-э-й-й, “Ишани” ўтиб кетяпти.

— Қанақа “Ишани”? — бақириб юбораёзди Шарофиддин. — Нималар деяпсан? Сенга севги керакми ёки ўша “Ишани”ми?

— Севги керак.

Шарофиддин ўзига келди:

— Хайрият-ей, қўрқитиб юбординг.

— “Ишани” ҳам керак. Энг қизиқ жойида тугаган эди.

Шарофиддиннинг аввалига кулгиси қистади, кейин аччиқланди. Бундай гапни эшитган ҳар қандай ошиқнинг ҳам жаҳли чиқади-да! Куни билан кутиб, юраги ҳаприқиб Гулнозанинг дийдорига етишиш учун келса-ю, севгилиси бундай деб ўтирса!

— “Ишани” эмиш! — деди у тўнғиллаб. — Шуям сериалми?

— Сериал бўлмаса телевизорда кўрсатишармиди? Биз бутун оиламиз билан кўрамиз.

— Билиб қўй, энди ҳар куни “Ишани” кўрсатилаётган пайтда учрашамиз.

— Вой, бекорларни айтибсиз.

— Бошқа пайтда чиқа олмайсан-ку! — бўғриқди Шарофиддин.

— Ҳа, чиқолмайман. Ойим қўймайдилар.

— Шунинг учун “Ишани” берилаётган пайтда чиқ деяпман-да!

— Мен ҳам кўришим керак-ку!

— Сен… сен… — жиғибийрон бўлди Шарофиддин. — Билиб қўй, шундай қилаверсанг, сени ташлаб кетаман.

— Э, юз марта шундай дегансиз. Ташлаб қаёққа ҳам кетардингиз?

Шарофиддин ўзини босиб олиб, Гулнозага яқинлашди:

— Тўппа-тўғри! Чунки сени яхши кўраман-да! Гулноза, жоним, кел, ҳар куни учрашиб турайлик. Қўй “Ишани”ни! Афти қурсин!

— Ачинмайсизми ўша қизга? Ҳар куни қийналади бечора!

— Э, бўғиб ўлдиргим келади. Кўзи жиққа ёшга тўлиб туради, йиғлаши бирам хунук. Чироқнинг ўрнига шу қиз ўлиб кетса яхши эди.

— Вой, бировга ўлим тиламанг. Ишани ўлса, сериал тугайди-ку! Кейин сизни томоша қилиб ўтирамизми?

— Мени томоша қилсанг, жон дегин! Ёки арзимайманми?

— “Ишани” сиздан қизиқроқ!

— Оббо!.. Бир тутуриқсиз сериал биздан яхши бўлиб қолдими ҳали? Шу экан-да! Севгилингдан топ экан-да!

— Ўзингиз ҳам кўрасиз, шекилли?

— Уйдагилар томоша қилгани учун мажбур бўлиб кўраман. Охиригача чидай олмай, бошқа хонага ўтаман-у, сени ўйлаб ўтираман.

— Жуда ишонарли чиқди… Хўп, гапириб бўлдингизми? Мен кетдим.

— Шошма! Қаёққа?.. Кетмайсан! Мен… мен сени севаман.

Гулноза “пиқ” этиб кулди:

— Бошқа гапингиз йўқми?

— Ростдан ҳам нимасини кўрасан ўша сериалнинг? Бир-биридан туруқсиз қаҳрамонлар! Иягида учта холи бор момони кўрсам-ку, уйдан қочиб кетгим келади. Оти нимайди, Амбами, Тамбами… Қўй, шу сериални гапирмайлик. Ўзингдан гапир. Нега қўнғироқларимга жавоб бермайсан?

— Ўзингиздан бўлган. Ўшанда нима учун хатни онамдан бериб юборгансиз, бошқа хотин қуриб қолгандай?

— Танимасдим-да онангни. Кўчада кўриб, илтимос қилдим. Ўзинг аразлаб юрмаганингда шундай бўлмасди, — Шарофиддин шундай деб Гулнозага янада яқин келди. — Ҳеч бўлмаса қўлингдан битта ушлай.

Гулноза орқага тисарилди:

— Йўқ… Мен кетдим. Кейин гаплашамиз. Ҳозир реклама бошланса, ойим мени излаб қоладилар.

— Тўхта, ростдан ҳам кетяпсан-ку! “Кейин” деганинг яна уч ойдан кейинми? Сен учун ростдан ҳам севгимизнинг ҳурмати йўқми, а? “Ишани”ни шунчалик кўрмоқчи экансан, унда нега учрашувга чиқдинг?

— Айтдим-ку, энг қизиқ жойида тугаган деб.

— Тугаган бўлса, тугаб кетмайдими? Тўхта, дедим. Акс ҳолда уйларингга кириб бораман! Муносабатларимизни онанг билган бўлса, энди отанг ҳам билиб олади. Уйларингга кириб бораман дедим-а!

— Қўлингиздан келмайди, — Гулноза шундай деб югуриб кетди.

Шарофиддин анқайганича қолди, сўнг Гулнозани қувди, аммо ета олмади. Аламининг зўридан Ишанини бўралатиб сўкди. Кўчада бироз депсиниб турди-да, сўнг жаҳл билан Гулнозаларнинг дарвозасини бир силтаб очиб, ҳовлига кирди. Ҳовли кўчадагидан ҳам сокин, ичкари уйдан қуриб кеткур сериал қаҳрамонларининг овози эшитиларди. холос. Шарофиддин секин бориб деразадан мўралади. Ҳамма телевизор кўрар, улар гўё мум билан қотирилгандек қилт этмай ўтиришарди. Ҳозиргина кирган Гулноза оғзини очганча тик турибди. Шарофиддин унинг қўлидаги телефонга қўнғироқ қилди. Гулноза овоз етиб борар-бормас телефонни ўчирди. Шарофиддин яна ва яна боғланишга уринди, фойдаси бўлмади.

— Шу қилганингга кириб бормасамми! — деди Шарофиддин ва айвонга чиқди. Бироқ телевизорли хона эшиги олдида каловланиб қолди. Кириб нима дейди? “Сизлар билан танишиш учун келдим” дейдими? Ёки Гулнозанинг қўлидан маҳкам ушлаб, олиб чиқиб кетадими? Ҳа, шундай қилади.

Худди шу пайтда ичкаридалар “Э-э-э-э-э…” деб юборишди. Демак, “Ишани” тугабди. Шарофиддин ортига бурилиб қочди. Айвондан тушишда челакка қоқилиб кетди. Эшик очилиб, кимдир чиқди. Дарвоза томон юрса кўриб қолишлари мумкинлигини ўйлаган Шарофиддин оғил эшигини оча солиб, ўзини ичкарига урди.

— Кимдир юрибдими? — овози келди Садир отанинг.

— Кучук бўлса керак, ота.

— Ия, оғил нега очиқ?

Бу гапни эшитган Шарофиддин бир чеккада уйиб қўйилган бедалар орасига кириб кетди. Нимқоронғида жон ҳовучлаб ётди. Садир ота ҳам кириб, моллардан хабар олиб чиққач, оғил эшиги ташқаридан қулфланди.

“Энди нима қиламан?” — қўрқиб кетди Шарофиддин. Ўйлаб-ўйлаб Гулнозага СМС ёзди, жавоб келмагач, қўнғироқ қилди. “Телефон аппарати ўчирилган” — бу овоздан Шарофиддин йиғлаб юборди.

Шундан сўнг у анчагача индамай ётди, кейин ўрнидан туриб оғил эшигини итариб кўрди. Роса ҳаракат қилди. Ташқаридан бульдозер билан тамбалаб қўйишган, шекилли, эшик қилт этмади.

Наҳотки мана шу молхонада, тезаклар ҳидини искаб ётса? Эрталаб нима қилади? Садир ота оғилга киради-ку, ахир! Яхшиси, тонг чоғи сўфитўрғай турмай уйғониб, эшикнинг олдида шай туриш керак. Садир ота очган заҳоти мингга қўйиб чопиб чиқади. Акс ҳолда ушлаб олишса тамом!

Гулноза билан энди муносабатларга нуқта қўяди. Ҳа, бошқа қизни топади. “Ишани”ни кўрмайдиган гўзаллар учраб қолар?

Шарофиддин қанча эзилиб ётди, билмайди. Орада укаси қўнғироқ қилиб, онаси хавотирланаётганини айтди. Шарофиддин ушланиб қолгани, эрталаб боришини айтди.

Қачон ухлаб қолди, билмайди. Туш кўрдими, йўқ, эсида ҳам эмас. Эрталаб иягига совуқ нимадир қадалаётгани учун уйғонди. Кўзларини очди-ю, қўрқиб кетди: оғилхона ёришиб кетган, бир ўсмир бола унинг бўйнига нақ шохани тираб турарди.

— Қимирлама, ўғри!

Шарофиддиннинг ҳуши бошидан учди:

— Мен… ўғри эмасман. Мен… поччангман.

— Алдама, ўғри! Менинг поччам йўқ!

— Мен… мен бўлажак поччангман, укажон! Ишонмасанг, опангдан сўрагин.

— Валдирама! Қайси опамни айтяпсан?

Одам қўрққанида исмлар ҳам ёдидан чиқиб кетаркан. Шарофиддин Гулнозани эслай олмай:

— Ишани, — деб юборди.

Ўсмир шохани Шарофиддиннинг бўйнига баттарроқ нуқиди:

— Ҳозир Ишанини кўрсатиб қўяман сенга! — шундай деб очиқ эшикка ўгирилиб бақирди: — Саидкомил, отамни чақир!

— Жим бўл, укажон, — хириллади Шарофиддин. — Поччангман, деяпман-ку! Шарманда қилмагин, жон ука…

Хайриятки оғилхонага Садир ота эмас, Гулноза кирди. Бу манзарага кўзи тушаркан, карахт бўлди-қолди.

— Мана шу опанг, — деди Шарофиддин унга кўзи билан имо қилиб.

Гулноза бутун вужуди титраб, эшикни тезгина ичкаридан ёпди, сўнг шохага ёпишди. Укаси ўла қолса берай демасди. Боз устига шум болага ўхшаб овозининг борича бақирмоқчи бўлди. Гулноза бир қўли билан унинг оғзини ёпиб, иккинчи қўли ёрдамида шохани олишга уринарди.

— Секинроқ, мени ўлдириб қўясизлар, — деди Шарофиддин тиғдан қутулолмай.

Севгилиси учун жон-жаҳди билан курашган Гулноза ғолиб чиқди. У шохани тортиб олиб, укасини бедалар устига итариб юборди.

— Агар овозингни чиқарсанг, укам эмассан! — деди пўписа қилиб.

Шарофиддин сакраб турди, аммо қочаман деб тўппа-тўғри буқага бориб урилди. Чалқанчасига йиқилиб, “свежий” таппилар устига тушди! Шунақанги чиройли йиқилдики, Гулнозанинг укаси хахолаб кулиб юборди. Инқиллаб турар экан, уст-боши десантчилар кийимининг рангига кирган эди.

— Шу пайтда ҳам йиқиладими? — йиғлагудек бўлди Гулноза, сўнг тезда эшикни очиб, бошини чиқариб қаради-да, деди: — Югуринг! Ҳовлида ҳеч ким йўқ!..

Ҳовли ва кўча бўйлаб бадбўй изларини қолдирган Шарофиддин уйларигача тўхтамай югуриб борди.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>