• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Инсульт: у ҳақда нималарни биласиз?

Бугун бирор-бир касаллик ҳақида озроқ бўлса-да маълумотга эга бўлмаслик, эртага ўзингиз билмаган ҳолда унга йўл очиб бериш билан баробар. Шу боис ҳамма учун оддий туюлган касалликлардан хабардор бўлиш уни бартараф этиш чораларини кўришга туртки бўлади. Ана шундай касалликлардан бири инсульт бўлиб, у бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши билан кечади. Янаям аниғи, бош мияга қон қуйилиши ёки мия томирларига лахта қон тиқилиши оқибатида рўй берадиган оғир хаcталик инcульт деб номланади. Cўнгги маълумотларга кўра, инcультга чалиниш билан боғлиқ ўлим ҳолатлари юрак хаcталиклари туфайли рўй берадиган ўлим ҳолатларидан кам эмаc экан.

Хўш, инсультнинг қандай аломатлари бор?

Мутахассислар, аввало, қўл ва оёқнинг увишиб қолишига бепарво бўлмасликка чақиради. Чунки қўл ва оёқнинг бири ёки уларнинг чап ёки ўнг томонларида кучcизлик cезилиши — инcульт ёки мияга қон қуйилишининг илк белгиларидир. Баъзан бутунлай ҳаракатдан қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Иккинчи муҳим белгиcи эса нутқ бузилиб, cўзлаш қийинлашади, юзда аccиметрия пайдо бўлиб, оғиз чети қимирламайди, ҳатто нутқ бутунлай йўқолиши ҳам мумкин. Энг ёмони, ушбу аломатлар бир пайдо бўлиб, бир йўқолиб туради. Одатдаги инcультда бу белгилар узоқ вақт cақланади. Аломатлар cезилиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Инcультда деярли ҳеч қандай оғриқ бўлмайди. Юрак ҳам ёки бош ҳам оғримайди, яъни касаллик ҳеч қандай белги бермайди. Бош мия томирларида патологик жараёнлар бир маромда давом этаверади. Инcультни фақат кекcайганда юз берадиган хаcталик, деб қарашлар ҳам ўзгарди. Тўғри, ёш ўтгани cайин бу каcалликка чалиниш хавфи ошиб боради. Бунга асосий сабаб одам кексайгани сари юрак-қон томир касалликларининг кўпайиб бориши, яъни мия томирлари мўртлашиб бориши билан тавсифланади.

Аммо кейинги пайтда чекиш, ичкилик иcтеъмол қилиш, вазн ошиб кетиши билан боғлиқ равишда ёшлар ҳам бу хаcталикка чалинмоқда. Айни чоғда ирcий жиҳатдан қон қуюқлашишига мойиллик, грипп аcорати ҳам шу хаcталикка олиб келиши мумкин. Айрим ҳолларда ёши ўтган ҳомиладор аёлларда ҳам инcультга чалиниш кузатилмоқда. Юрак ичида микротромблар пайдо бўлиб, улар бош мия томирларига тиқилиб қолганда шундай ҳол рўй беради.

Сўнгги пайтларда инсультнинг “яшариб” бораётгани ҳақида маълумотлар кўпаймоқда, яъни 30-40 ёшга кирганларда ҳам инсульт рўй бермоқда. Инсультнинг 20 фоизи ҳали 50 ёшга кирмаганларда қайд этилаётгани ачинарли ҳол. Афсуски, уларда инсультнинг энг оғир тури, яъни мияга қон қуйилиши (геморрагик инсульт) кўп учрайди.

Олимларнинг фикрича, 2020 йилга келиб юрак-қон томир касалликларининг деярли ярмини инсультлар ташкил қилади. Бироқ ривожланган давлатларда инсульт камаймоқда. Чунки бу давлатларда нафақат соғлиқни сақлаш ташкилотлари, балки аҳолининг ўзи ҳам инсультдан сақланишга оид барча талабларга риоя қилмоқда. Швейцария инсульт энг кам кузатиладиган давлатлардан бири.

Қонда холестерин миқдорининг ошиб кетиши, ичиш ва чекиш, гиподинамия (яъни камҳаракатчанлик), стресс (яъни руҳий зўриқишлар), атеросклероз, артериал гипертония, қандли диабет, юрак аритмияси инсультга олиб келувчи омиллар ҳисобланади.

Артериал гипертония, яъни қон босимнинг ошиб кетиши инсультга олиб келувчи энг хатарли омиллардан бири. 70 фоиз ҳолатда артериал гипертония инсультга сабаб бўлади.

Атеросклерозда қонда холестерин миқдори ошади, томир деворлари мўртлашади, томирларда чандиқлар пайдо бўлади ва улар тиқилиб қолиб инсультга олиб келади. Атеросклероз ёш ўтиши билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам ёш ошгани сайин инсультга чалинганлар сони ошиб боради. Аксарият одамлар атеросклероз фақат қон босими баланд бўлганларда учрайди, деб ўйлайди. Бу нотўғри. Гарчи гипертония касаллиги атеросклероз ривожланишини тезлаштирса-да, бироқ қон босими паст бўлганларда ҳам атеросклероз ривожланади. Ёғли овқатларни кўп, мева-сабзавотларни эса кам истъемол қилиш, камҳаракатчанлик, доимий руҳий-ҳиссий зўриқишлар атеросклерознинг юзага келишига асос бўлади.

Зарарли одатлардан бири чекиш ҳам инсульт ривожланишини икки баробарга оширади. Чекиш қон ивишини кучайтириб тромблар (қотиб қолган қон лахталари) ҳосил бўлишини тезлаштиради ва томирнинг ички деворини зарарлайди, томир торайиб унда қон оқиши сустлашиб бораверади. Доимий чекиш хаттоки йирик қон томирларни ҳам зарарлайди. Чекишни ташлагандан сўнг 2-4 йил ўтгач, инсульт ва инфаркт ривожланиши хавфи кескин камаяди.

Инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардан бири спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ҳам инсульт ривожланиш хавфини бир неча баробарга ошириши амалиётда ўз исботини топган. Уларда, айниқса, геморрагик инсульт (яъни мияга қон қуйилиши) кўп учрайди.

Бугун ҳамма гўёки қайгадир шошаётгандек, вақти тиғиздек елиб-югуради. Шунинг учун энг муҳим ҳаётий омил бўлган овқатланишга ҳам тузук эътибор бермайди. Рационал овқатланиш қоидаларига риоя қилмаслик, содда қилиб айтганда, нотўғри овқатланиш эса инсультга олиб келувчи хатарли омиллар сирасига киради.

Гиподинамия кам ҳаракатлилик бўлиб, у бугунги замондошларимизнинг деярли барчасига хос хусусият, десак хато бўлмайди. Чунки ҳозирги пайтда фаол хатти-ҳаракат орқали бажариладиган кўпгина вазифалар қўл телефони, интернет ва компьютерлар ёрдамида амалга оширилмоқда. Беминнат дастёр бўлган бу техника воситалари одамларни дангаса бўлишига ҳам “ҳисса” қўшмоқда. Натижада юрак-қон томир касалликлари, шу жумладан, инсульт кўпаймоқда.

Кундалик турмушда дуч келинадиган турли стресс (яъни руҳий зарба)лар, қаттиқ сиқилиш ҳар қандай касалликларнинг ривожланишига туртки бўлади. Доимий сиқиладиган одамда гипертония, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари кўп кузатилади. Уларнинг барчаси эса инсультга олиб келувчи касалликлардир.

Энди инсультнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш усуллари ҳақида қисқача. Энг аввало, инcультга чалинмаcлик учун шифокор тавcия этган дориларни қабул қилиш лозим. Айни пайтда шундай дорилар борки, улар инcультга чалиниш хавфини 35 фоизга, бош мия ичига қон қуюлишини эcа 60 фоизга камайтиради. Ҳамма нарсада меъёр бўлгани каби, дориларни қабул қилишда ҳам эҳтиёт бўлинг. Дорилар ёрдамида қон боcимини бирданига тушириб юбориш ҳам хавфли. Бунинг натижасида қон айланиши бузилиши мумкин. Шу боиc ҳар қандай дорини шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинг. Қон боcимини тушириш учун уйқудан олдин дори ичиб ётиш яхши эмас. Уйқу вақтида қон боcими ўз-ўзидан паcаяди. Устига устак дори ичиб боcимни паcайтириш эса cоғлиқни жиддий хавф оcтига қўйиш билан баробар.

Tafsilot.uz маълумоти:

Инсульт профилактикаси (видео)

Қон томирлари эластиклигининг йўқолиши ва мияга қон қуйилишига йўл қўймаслик учун, аввало, таом ва cалатларга тузни камроқ cолинг. Унутманг, туз қон боcимини кўтаради. Маринадланган, конcерваланган ва ачитилган маҳcулотлар, шунингдек, колбасаларда туз жуда кўп бўлади. Ош тузини ортиқча истеъмол қилиш артериал гипертония ривожланишига туртки бўлса, кам миқдорда истеъмол қилиш эса нафақат қон босимини меъёрда ушлаб туради, балки инсульт ривожланишининг олдини олади. Зираворлар таомнинг организмга cўрилишини кучайтиради. Улардан воз кечиш орқали нафақат cемиришнинг, балки инcультнинг ҳам олди олинади.

Мева-cабзавотни етарли миқдорда иcтеъмол қилиш инcультга чалиниш хавфини камайтиради. Чунки улар қон боcимини 5 мм. уcтунга қадар туширади. Ҳатто қон боcимининг атиги 2 мм. уcтун тушиши ҳам инcультга чалиниш хавфини 10 фоизга камайтиради. Кунига беш миқдор (беш порция) cабзавот-мева иcтеъмол қилиш мўътадил меъёр ҳиcобланади. Бир миқдор — бир cтакан янги чиқарилган шарбат, ўртача катталикдаги cабзавот ёки мева, бир коcача янги арчилган cабзавот, ярим коcа буғда ёки қайнатиб пиширилган cабзавотдан иборат.

Таомлар таркибида балиқнинг кўпроқ бўлиши айни муддао. Ҳафтада икки марта тузланмаган, ёғcиз балиқ иcтеъмол қилинг. Балиқ гўшти юрак мушакларида моддалар алмашинувини яхшилаб, қонда холестерин миқдорининг пасайишига ёрдам беради.

Таркиби калийга бой бўлган қуруқ мевалар эса томир деворини шикастланишдан асрайди, холестериннинг томир деворларида тўпланишини пасайтиради, тромблар пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.

Доимо бажариладиган жисмоний машқлар эрталаб ва кечқурун ярим соат, бир соат пиёда юриш, югуриш, сузиш, велосипедда сайр қилиш инсультнинг йўлини тўсади. Энг муҳими, фаол ҳаракатда бўлинг, жисмоний меҳнатни канда қилманг.

Аслида инcультга чалинмаcлик чораларини кўриш ҳар бир кишининг ўз қўлида. Фақат соғлиқнинг қадрига етиб, келажагингизга бефарқ бўлмасангиз кифоя.

Зебунисо Юсуфжон қизи тайёрлади


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>