• Бугунги сана: Tuesday, February 28, 2017

Иллатлар илдизи ўзимизда эмасми?

illatlar-ildizi

“Камчиликлар ҳақида фақат Президент гапиради”, деган фикр онгимизга тузуккина сингиб қолгандай… Аслида-ку, бундай гапларда мантиқ учқунлари ҳам йўқ эмас. Дейлик, олис қишлоқдан бир фуқаро тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими устидан республика миқёсидаги ташкилотга ариза ёзди. Кўп ҳолларда шикоят “ўрганиб ариза муаллифига жавоб ёзиш сўралиб” ўша идораинг юқори турувчи бўғинига юборилади. Юқори турувчи бўғин эса вилоятга жўнатади, вилоят айни шу мазмунда туманга, қарабсизки, арзнома айланиб-айланиб… шикоят қилинган шахс қўлига тушади. Натижаси эса маълум…

Ёхуд бор-йўқ журъатини йиғиб, минг ўю хавотир ила бир журналист танқидий мақола узди, у юз чиғириқдан ўтиб, матбуот юзини кўрди ҳам дейлик, таассуфки, мақола чиққач, аксарият ҳолларда тегишли ташкилотлар “қаҳрамон”га нари борса ҳайфсан беради ёки… унга муносабат билдиришни-да эп кўришмайди. Эҳтимолки, шундай ҳолатлар сабаб фуқаролар Президент чиқишларини интиқлик билан кутишади, матбуотчилар жса нутқ баҳона “гап айтиб қолишга” шошилади.

Айни шунга ўхшаш ҳолатлар ҳам одамларда бепарволик, лоқайдлик ҳисси уйғонишига сабаб бўлаётганга ўхшайди. Ҳолбуки бор камчиликларни давлат раҳбари фош қилгунга қадар ҳам халқ билади, айрим амалдорларнинг қилган, қилаётган номаъқулчиликларига кўпчилиги тирик гувоҳ. Аммо…

Бизнинг табиатимизда ҳақиқат кушандаси бўлмиш бир одат борки, у ҳам бўлса фазилатга айланаёзган АНДИША! “Андишанинг оти — қўрқоқ” деймиз-у, ўша қўрқоқ андишани кўксимизга нишон қилиб тақиб олганмиз. Бу эса шундоқ ҳам одатий ҳолга айланиб бораётган “лоқайдлик”, “бепарволик”, “масъулиятсизлик” ва ҳоказо иллатларга доялик қилмоқдаки, нарёғи йўқ…

Худди шу иллатга ўтган ҳафта бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ўтириб гувоҳ бўлдим. Сессияда Президентимиз сермазмун нутқ сўзлади, вилоятда қўлга киритилган ютуқларни эътироф этгани ҳолда деярли барча жабҳаларни танқидий қараш билан таҳлил қилиб бердилар. Нутқ ниҳоясида янги ҳоким сайланади. Анъанага кўра янги ҳоким тасдиқлангач, йиғилиш иштирокчиларига сўз берилди. Гапнинг дангали, дастлаб минбарга чиққан икки раҳбар (бири ҳоким, бири жамғарманинг туман бўлими раиси) узуқ-юлуқ гаплар айтишди. Кўтарилган масалалар юзасидан мулоҳазалар билдиришга ҳаракат қилишди. Муаммолардан, камчиликлардан гапиринг, деди Президент. Аммо “соҳиби минбарлар” бу ҳақда сўзласа қани… Шундан сўнг Президент уч соҳа вакилига — хусусий тадбиркор, ўқитувчи ва шифокорга шахсан ўзлари сўз бердилар: “Қандай камчилик ва муаммоларингиз бор, янада фаол ишлашингиз учун қандай шароит зарур?”

Тадбиркор айтдики, “ҳаммаси яхши, муаммолар йўқ ҳисоб…”

“Муаммолар йўқми?”

“Йў-ўқ…”

Президент сўради: “Кредит масаласи қандай?”

Тадбиркор: “Шу са-ал фоизи кўпроқ…”

“Кредит олиш учун пора талаб қилинадими?”

“Шу… Ислом ака, мени практикамда бунақаси бўлмади…”

Савол: “Бирор иш қилиш учун баъзиларни “мойлаб” туриш ҳоллари бўляптими?”

Жавоб (ҳазил аралаш): “Мен техника фанлари номзодиман, техника мойланмаса, яхши ишламайди…”

Савол туғилади: банкдан кредит олишда пора талаб қилиниши учрамайдими? Фаолиятини ора кунда олти марта текшираётган “текширувчилар” томоғи мойланмаса, қайси тадбиркор эркин иш юрита олади? Ҳатто ўзимиздан чиқаётган машиналарни ўз пулингга “автосалон”дан “шапкасиз” олиш мушкул-у, бозорқўмнинг “раъйига” қарамай бозорда савдо-сотиқ қилиш осонми? Нега шу ва шу каби иллатдан сўзламадингиз, тадбиркор?

Сўзга чиққан ўқитувчи аёл мактаблар шароитини янаям яхшилашда, керакли жиҳоз ва ўқув қуролларини олишда ҳокимлар ёрдам берса яхши бўларди деб юрак ютиб айтди. Аммо бунга жавобан юртбошимизнинг бу борада ҳокимлардан ёрдам сўраш эмас, уларга талаб қўйиш шартлиги, негаки, таълим давлат сиёсати даражасига кўтарилгани боис ўқитувчилар учун керакли шарт-шароит яратиб бериш ҳар бир ҳокимнинг бурчи экани каби мулоҳаза ва кўрсатмаларидан сўнг ўқитувчи аёл шоша-пиша айтган гапларини қайтариб олаёзди: “Йў-ўқ, бизда ҳамма нарса етарли, мен барча мактабларда шундай бўлса девдим…”

Наҳот, барча ўрта мактабларда танқис бўлган дарсликлар Сизда етарли бўлса? Мактабингизда қишки шароит қандай? Ўқувчиларнинг билимга бўлган иштиёқи-чи? Ёзда, таътил пайтида мактабни қандай таъмирлайсизлар? РайОНО керакли маблағ билан таъминлаяптими ёки ўқувчилардан пул йиғилаяптими? Наҳотки, ҳокимингиз ҳар ҳафтада бир марта мактабингизга ташриф буюришига бизни ишонди деб ўйлайсиз?

Шифокор сўзга чиқиб, “маблағ камлигидан” андак ёзғирди. Ажаб, Тошкент вилоятига жорий йилда соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилган маблағ тўла ўзлаштирилмаганини қандай тушуниш мумкин? Қизиғи шундаки, юртбошимиз томонидан айтилган шифохоналарда оддий шприцни ҳам беморлар сотиб олаётгани, давлат томонидан ажратилган катта миқдордаги дори-дармонлар эса қандайдир йўл билан бозорга чиқиб кетаётгани-ю, аҳоли уларни қиммат нархда сотиб олишга мажбур бўлаётгани, устига-устак, беморлар даволаниш асносида шифокорга ҳам унча-мунча “чўзиб туриши”, йўқса тузукроқ шифо топа олмаслиги… каби ҳолатларни Бош врач ўзи раҳбарлик қилаётган шифохона мисолида рад этди. Қизиқ, агар Сиз раҳбарлик қилаётган шифохонада бундай ҳолатлар йўқ бўлса, демак, ишлар “беш”, маблағ ҳам бор экан-да? Агар “маблағ кам” бўлса, сиз рад этган муаммолар ниманинг эвазига ечилмоқда. Мантиқ қани?

…Аслида-ку, юқоридаги уч соҳа вакили ўзларининг фаолият жараёнида қалашиб ётган камчиликлар, муаммоларни билмайди дейсизми? Билади! Билганда ҳам биздан юз чандон яхши билади. Аммо юқорида айтганимиз каби андиша қурғур шунчалар кучлики, рост сўзини айтиш учун лаб жуфтлашга қийналади…

Дарвоқе, гап андиша ҳақида бораётган эди. андиша нақадар гўзал туйғу, аммо-лекин умумишга зарар келтирган жойда энг гўзла туйғу ҳам ўз гўзаллигини йўқотади. Мамлакат раҳбари “Айтинглар” деб шахсан ўзи далда бериб турганда ҳам мавжуд нуқсонларни очиқ-ойдин баён этишдан тийилиш, ким билсин, менинг назаримда, ортиқча ва эҳтимолки, зарарли андишадек туюлди.

Демак, иллат илдизини ўзгалардан эмас, ўзимиздан излашимиз лозимдай…

Турсунали Акбаров,

Ҳуррият” гезетаси,

1998 йил 2 декабрь

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>