• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Ҳам чиройли, ҳам хатарли кўл

18 феврал куни сайёрамиздаги энг чиройли кўллардан бири бўлмиш Сарез кўли пайдо бўлганига 105 йил тўлди. Унга қараган киши ҳам ҳайратланади, ҳам хавотирланади. Чунки у ҳаммани этади мафтун, аммо замирида улкан хатар яширин. Нега бундай деётганимизни ҳадемай билиб оласиз.

Кўл тарихи

Кўл тарихи фожеадан бошланган. 1911 йили қиш кечаларидан бирида Помир тоғининг ғарбий қисмида кучли зилзила содир бўлди. Дарани кўчки босиб Мурғоб дарёсини бўғиб қўйди, у ердаги Усой қишлоғи ҳам кўчки тагида қолиб кетди. Ернинг ўпирилиши натижасида пайдо бўлган табиий тўғоннинг баландлиги 567 метр, узунлиги 5 километрга тенг. У ҳалок бўлган қишлоқ номи билан аталади. Дарада сув тўпланиши туфайли ҳосил бўлган кўлнинг номи эса олти ойдан сўнг сув тагида қолиб кетган қишлоқ номидан олинган.

Сарез-Помир зилзиласи, 1911 йил 18 февраль

Ҳозир Сарезнинг узунлиги деярли 70 километрга, чуқурлиги 505 метрга тенг, унда 17 млрд куб-метр сув мавжуд. Айнан сувнинг мўллиги туфайли бу чиройли кўл бир лаҳзада енгиб бўлмас офатга айланиши мумкин.

Сарез кўлидан уч йилгача сув оқиб чиқмай турди. 1914 йилда Усой тўғонида булоқлар пайдо бўлди. Табиий филтрланиш натижасида кўлга оқиб келаётган ва оқиб чиқаётган сув миқдори тенглашди, бироқ табиий тўғоннинг мустаҳкамлигига путур етди. Шу боис кўл ва унга туташ ерлар ёпиқ ҳудуд деб эълон қилинди. Ҳозир ҳам Сарезга бориш осон эмас. Кўлнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишни хоҳлаган сайёҳлар махсус рухсатнома олишларига тўғри келади.

“Уйқудаги аждарҳо” (Сарез кўли)нинг сунъий йўлдошдан олинган сурати

Ҳозир тўғондан 57 та булоқ сизиб чиқаяпти. Навбатдаги зилзила пайти ичидан емирилаётган дамбани сув ювиб кетмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Бу кутилаётган хатарнинг биттаси холос. 1967 йилда ундан ҳам катта хатар мавжудлиги маълум бўлди. Кўлнинг ўнг қирғоғида геологлар икки километрга чўзилган ёриқларни аниқлашди. Тадқиқотлар уларнинг замирида исталган пайтда кўлга ёпирилиши мумкин бўлган улкан кўчки яширинганини кўрсатди. Уни Ўнгқирғоқ кўчкиси деб аташди. Турли маълумотларга қараганда унинг ҳажми 0,5 куб-километрдан 2 куб-километргача етади.

Ўт балосидан, сув балосидан ўзи асрасин

Булоқлар суви тўғонни ичдан емириши туфайли ёки кўчки туфайли кўл тошиб тўғонни ювиб кетиши мумкин. Иккала ҳолат ҳам фожеалидир. Москва давлат университети механика институти олимларининг ҳисоб-китобларига кўра Усой тўғони бузилса уч километрдан зиёдроқ баландликдан улкан сел оқими Амударё, Бартанг, Панж дарёлари водийсига, Қорақум каналига ёпирилиб, йўлида нимаики учраса оқизиб кетади. Тоғларда вайронкор тўлқиннинг баландлиги 150 метр бўлади. Текисликда унинг баландлиги 15 метргача пасайса-да, кенглиги 25 километрга, тезлиги 100 км-соатга етади. Ҳалокат зонаси Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг айрим ҳудудларини қамраб олади. Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитасининг маълум қилишича, айни пайтда ушбу ҳудудларда 6 миллионга яқин киши истиқомат қилмоқда.

Юзага келиши мумкин бўлган офатнинг эҳтимолий кўриниши

Россиялик геофизик Леонид Папирин фалокат юз берса 600 мингга яқин инсон ҳалок бўлади деб ҳисоблайди. Унинг тахминича сел Душанба — Хоруғ автомобил йўлини, Панж ва Амударёдаги барча кўприкларни ювиб кетади, Ўзбекистон ва Туркманистондаги гидромелиорация иншоотларини, шу жумладан Қорақум канали ва унинг бўйида жойлашган аҳоли пунктларини вайрон қилади. Уч давлат ўртасидаги поездлар қатнови узилиб қолади

Сарез фалокати оқибатларини математик моделлаштириш ишларига раҳбарлик қилган инженер-гидротехник Андрей Захватов фалокат оқибати янада фожеалироқ бўлади деб ҳисоблайди. 1987 йилда олинган натижалар махфийлаштирилган бўлиб, 14 йилдан сўнггина эълон қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра ҳалокат зонаси юқорида айтилган тўрт мамлакатдан ташқари Қозоғистоннинг айрим ҳудудларини ҳам қамраб олади. Бошқа жойлар қатори қабристонлар, чорва кўмилган жойлар, Афғонистон ва Тожикистондаги урушдан қолган миналаштирилган майдонлар сув остида қолади. Юз минглаб одамлар ҳалок бўлади. Миллионлаб қочоқлар Қозоғистон, Россия ва Европа мамлакатларига ёпирилади. Бу кўп давлатларда криминоген вазият ёмонлашишига олиб келади.

Олимлар Сарез булоқлар туфайли намиқиб кетган тўғонни юқиб кетиши ёки қирғоқлари ўпирилиши натижасида тошиб кетишидан огоҳлантиради.  Фото: Сергей Жуков / ТАСС

Хатар ва хабар

Бугунги кунда кўлдан кутилаётган хатарнинг олдини олишга қаратилган методларнинг ҳаммаси совет давридаги илмий ишланмаларга асосланади. Мутахассисларнинг барчаси сув сатҳини пасайтириш керак деган фикрда. Бунинг энг осон ва арзон усули Усой тўғонидаги табиий филтрланишни кучайтиришдир. Тўғонда гидроэлектростанция қурилса бу усул жуда кўп фойда келтириши ҳам мумкин.

Тўғон бузилса, сув Орол денгизигача бўлган ҳудудни юқиб кетиши мумкин

Совет иттифоқи тарқалиб кетгандан сўнг тожик ҳукумати минтақадаги қўшнилари билан биргаликда Сарез муаммоси юзасидан ёрдам сўраб жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилди. Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон и Тожикистон ҳукуматлари ҳам интеллектуал, ҳам молиявий ёрдам олишдан умидвор эдилар. Ниҳоят 2000 йилга келиб Жаҳон банки бошчилигида кўлга оид халқаро лойиҳани амалга ошириш бошланди. Хорижлик олимлар ҳам муаммони сувнинг табиий сизиб чиқишини кучайтириш йўли билан кўл сатҳини пасайтириш орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлашди. Аммо уларнинг олти йиллик меҳнатининг кўзга кўринарли самараси Сарезда хавфдан огоҳ қилиш ва мониторинг тизими пайдо бўлиши бўлди. Энди тўғоннинг ўртасида кузатув пункти кеча-кундуз ишлаб турибди. Душанбе шаҳри, Барчадив қишлоғи ва Рўшан қўрғони билан ишончли радиоалоқа йўлга қўйилган.

Тўғоннинг ўзига датчиклар ўрнатилган. Кузатув нуқталарида узлуксиз навбатчилик қилувчи операторлар сув сатҳини ва бошқа кўрсаткичларни назорат қилишади. Сув сатҳи кескин кўтарилганда улар зудлик билан тревога эълон қилишлари керак. Атрофдаги қишлоқлар аҳолисига кўрсатма берилган — хатар хабари берилган заҳоти улар аввалдан тайёрлаб қўйилган хавфсиз жойларга кўчишлари лозим. У ерларда улар учун дори-дармон, озиқ-овқат, адёл, чодир, тўшаклар ғамлаб қўйилган. Эксперт гуруҳи билан бирга кузатув станциясида бўлган Леонид Папириннинг айтишича, станциядан туриб кўл сатҳини кузатиш жуда қулай. Аммо фалокат юз берганда тўлқин кузатувчилар уйчасини бир зумда ювиб кетади, улар ҳеч қандай сигнал беришга улгуришмайди. «Хабар бериш тизими ҳар қандай ҳолатда ҳам ишлаши учун яна бир станция керак. Уни иложи борича юқорига, тўлқин етолмайдиган нуқтага жойлаштириш лозим», — дейди россиялик мутахассис.

Расмий Душанбе вазият назоратда эканини таъкидлаб келади ва кўлнинг чучук сувини экспорт қилиш ниятида. Фото: Шерстенников / РИА Новости

«Бағдодда ҳаммаёқ тинч»

Ҳозирча вазият осойишталигига амин бўлган тожиклар кўлдан қандай фойда кўриш ҳақида ҳам ўйлашмоқда. Сарез сувини сотиш фикри илк бор 2011 йили ўртага ташланган. Агар бу таклиф амалга ошса Тожикистон ғазнасига йилига 100 млн долларгача фойда келтирар эмиш.

Ундан сўнг Сарез сувини Эрон бензинига бирга бир нисбатда алмашиш таклифи билдирилди. Кейин кўл суви учун пул тўлашга тайёр Ўзбекистонгача қувур ётқизиш ҳақида гапирилди. Ҳатто кўлда сувни қадоқлайдиган завод қуришни таклиф қилганлар ҳам бўлди. Тожикистон фанлар академиясининг геоэкология ва сейсмик хатарни баҳолаш лабораторияси бошлиғи Анатолий Ишукнинг фикрича кўл ресурслари фойда келтириши керак. «Сарез минтақадаги сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш имконини беради. Қувур ётқизиш ёки сув қадоқлаш заводини қуриш — технологик масала. Муҳими — обиҳаёт захирасини сақлаб қолиш, хатарга ортиқча баҳо бериб уни шунчаки оқизиб юбормаслик», — дейди Анатолий Ишук.

Тожик академиги Собит Неъматуллаев ҳам уйдирма деб ҳисоблайди. «Бизнинг геологларимиз швейцариялик мутахассислар билан бирга ўтказган тадқиқотларнинг кўрсатишича, кўлга ҳеч қандай ҳалокатли тоғ кўчкиси хавф солаётгани йўқ. Кўчки ҳақидаги гапларнинг бари уйдирма», — деди олим «Вечерний Душанбе» нашрига берган интервюсида.

Ўтган йилнинг 7 декабрида Мурғоб районида етти-саккиз баллик зилзила юз берди. Зилзила маркази Сарез кўлидан бор-йўғи йигирма километрча узоқликда эди. Аҳоли уйлари, автомобил йўллари, кўприклар, ГЭС ва каналлар шикастланди. Усой тўғонига эса зарар етмади. Кузатув пунктлари озгина тош кўчишини қайд этди холос. Бу тожикларни буткул хотиржам қилди. «Усой тўғони тўлиқ бузилиб кетиши ва Бартанг — Панж — Амударё водийларига улкан сел ёпирилиши ҳақидаги гап-сўзлар муаммонинг моҳиятини тушунмайдиган «мутахассислар» ва журналистларнинг асоссиз хулосаларидир. Усой тўғони муаммоси Сарез кўли пайдо бўлганидан бери жуда кўп баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган. Ҳозир бир нарса аниқ: тўғон мустаҳкам ва бир лаҳзада бузилиб кетиши мумкин эмас», — дейилади «Авесто» нашри тарқатган хабарда.

Хавфли кўлга энг яқин аҳоли пункти ундан уч километр олисда жойлашган Барчадив қишлоғидир. Барчадивлик етмиш олти яшар Мавлодод Маскаевнинг кузатишларига қараганда охирги ярим аср мобайнида кўл сатҳи 20 метр кўтарилган. Айтгандай, унинг катта бобоси Сарезнинг биринчи нозири бўлган — 1912 йилдан 1922 йилгача кузатувчи вазифасида ишлаган. Бугунги кунда Мавлодод бобонинг ўғли полковник Қадам Маскаев Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси ҳузуридаги Усой тизимидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи вазифасида хизмат қилади. У ҳар ҳафта қадрдон Сарезига келади. «Декабр ойининг бошларида мен Қадам Маскаев билан телефонлашдим. Усой тўғонининг ҳолатини мониторинг қилиш унинг бўлинмасининг вазифасига киради. У Сарез кўлида фалокат содир бўлиш эҳтимоли сақланиб тургани ва борган сари кучаяётганини яна бир бор тасдиқлади», — дейди гидротехник Андрей Захватов.

Татяна Кирсанова

Манба: lenta.ru

Ҳасан Карвонли таржимаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Bek Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ҳукуматлари ҳам интеллектуал, ҳам молиявий ёрдам олишдан умидвор эдилар….

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>