• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Грипп шунчаки шамоллаш эмас. + Инфографика

Кунлар совий бошлаши билан аҳоли ўртасида шамоллаш билан боғлиқ турли касалликлар, жумладан, нафас йўллари шамоллаши кўпая боради. Буни халқ тилида тумов деймиз. Кўпинча эса биз тумов деб жиддий эътибор бермаганимиз оғир вирусли инфекция – грипп бўлиб чиқади. Умуман олганда, тумов ва грипп орасидаги фарқ катта эмас.Аммо уларни бир нарса деб тушуниш ҳам тўғри эмас.

Грипп ўзи нима? У қандай касаллик? Бу ҳақда бугунги кун кишисига янги гап айтиш қийин албатта. Чунки ҳар биримиз бу касаллик ҳақида ўзимизга яраша маълумотга эгамиз. Шундай бўлса-да, қиш-қировли кунлар олдидан мазкур касалликнинг келиб чиқиши, унинг олдини олиш ва ундан даъво топиш ҳақида яна бир бор эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмайди.

Грипп – ўткир вирусли инфекция бўлиб, ёшидан қатъий назар эркагу аёлни ҳам, болаларни ҳам аяб ўтирмайди. Баъзан ўзига ўлимни ҳам ҳамроҳ қилиб келувчи бу эпидемия одатда йилнинг совуқ фаслларида кенг тарқалади ва Ер юзи аҳолисининг 15 фоизи бу касалликни бошдан кечиради. Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача умр кўрувчи инсоннинг бир йиллик ҳаёти у билан бирга кечар экан.

Таассуф билан шуни айтиш мумкинки, илм-фан, хусусан медицина қанчалик ривожланган бўлмасин бу касаллик вирусини бутунлай йўқотиш имконияти ҳозирча топилгани йўқ.

Грипп касаллигининг тарихи жуда узоққа бориб тақалади, ҳатто Гиппократ битикларида ҳам келтириб ўтилган («грипп» номи билан юритилмаган бўлса-да). Тарихдан маълумки, бу касаллик эпидемияси бутун дунёни ларзага солган кунлар ҳам бўлган. Масалан, 1918-1919 йилларда тарқалган, “испанка” дея номланган грипп эпидемияси дунё бўйича 90 млн. (баъзи манбаларда 100 млн.) инсоннинг ёстиғини қуритиб кетган.

Грипни қўзғовчи вирус Richard Shope томонидан 1931 йилда аниқланган. Грипп ёки «инфлюэнца» ( грипнинг эскирган номи) айнан грипп вируси (Mexovirus influenzae) юқиши билан бошланади. Унинг одамдан одамга юқиши жуда осон, ҳаво томчилари орқали юқаверади. Шунингдек, бошқа йўллар билан ҳам юқиши мумкин.

Одатда ўртача одам бир йилда кўпи билан икки марта бу касалликка чалиниши мумкин. Бу грипп эпидемияси тарқалиш мавсуми (икки марта) билан боғлиқ бўлиб, биринчи «оқим»да А, иккинчисида В грипи кузатилади (Бахтга қарши С грипи ҳам бор). Агар сизда бу вирусга чалиниш ҳолати икки ёки ундан ошиб кетса, бу иммунитет сусайганидан далолатдир.

Медицина тилида қандай номланишидан қатий назар (ОРЗ, ОРВИ), нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар грипп каби ўзидан оғир асорат қолдириши кам кузатилган.

Грипга чалинган одам ҳолсизланиб, қалтироқ тутади, боши оғриб аъзойи бадани қақшайди. Иш фаолияти пасайиб кетади. Оғир кечган ҳолатларда юрак-қон томир ва асаб тизими, нафас олиш аъзолари шикастланиб, оқибатда пневмония, трахеобронхит, менингоэнцефалит каби касалликларга олиб келиши мумкин.

Касални даволашдан кўра олдини олган маъқул, деган гап бор. Унинг учун грипп эпидемияси кезиб юрган кезларда эҳтиёт шарт. Куз келиши билан грипга қарши вакцина олишга ҳаракат қилинг. Бу ҳозир муаммо эмас, якинрок поликлиникага бориб эмлатишингиз мумкин. Аммо бу ҳам шу мавсум грипга чалинмаслигингиз учун тўлиқ кафолат бўла олмайди:

Шуни унутманг-ки ўзингиз, оила аъзоларингизнинг грипга чалинмаслиги, чалинганда ҳам енгил кечиши сизга боғлиқ.

Хўш, бунинг учун уйингиздаги дорихонангизда нималар бўлиши керак?

Ниқоб (маска), градусник, иссиқни туширувчи дори, аскорбин кислотаси, аскорутин, поливитаминлар, йўталга қарши дорилар, бурун томизғиси ва албатта исириқ. Уни грип эпидемияси кезиб юрган пайтда тез-тез тутатиб туриш фойдадан холи эмас. Энг муҳими, битта бўлса-да вирусга қарши аралашма. Булар: ремантин (эслатма: бу восита фақат А грипида наф беради), тамифлю (грипнинг барча кўринишида наф берувчи бу восита Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия қилинган).

Худо кўрсатмасин, фарзандингиз гриппга чалинди дейлик. Нима қиласиз? Яқин орадаги поликлиникага чопасиз. Бу нотўғри. Имкони бўлса врачни уйга чақиринг. Муолажани у белгилайди.

Яна бир маслахат: Сиз яшаб турган жойда грипп таркалгани маълум бўлса меҳмондорчиликлару гап-гаштакларни кейинрокка қолдириб турганингиз маъкул. Эпидемия таркалган пайтда ёш болаларингизнинг еб-ичиши, ётиш туришига эътиборни кучайтиринг. Уларда шамоллаш аломатлари сезилса мактаб ёки боғчасига юборманг.

Бу билан Сиз ҳам ўзингизнинг болангизни ҳам бошкаларнинг жигарбандларини эҳтиётлаган бўласиз

Агар сиз грипдан антибиотиклар кўмагида осонгина қутилмоқчи бўлсангиз, овора бўлганингиз, вактни бой берганингиз қолади. Чунки грипп вирусли инфекция, антибиотиклар вирусни ўлдирмайди. Ягона ва энг оқилона чора — ётиб даволаниш. Жисмоний ҳолатингиз грипни «оёқда ўтказиш»га имкон бериши мумкин, аммо у ўзидан нохуш асорат колдирмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Қолаверса, бу билан сиз грипп тарқатувчи манба бўлиб қолишингиз мумкин.

Грипп + Инфографика

Хонани шамоллатиб туринг, лекин елвизакка асло йўл қўйманг.

Тез-тез исириқ тутатиб туринг.

Суюқлик кўп истеъмол қилинг.

Мева шарбатлари, компотлар, лимонли ёки асалли чой, ёғсиз шўрва ичинг. Бу танани токсинлардан тозаланишига ёрдам беради.

Иссиқни туширувчи дорилар (парацетамол туркуми) бошдаги ва мушаклардаги оғриқни кетказади. Кўпчилик аспирин истеъмол қилади. Бу жиддий хато (айниқса ёш болалар учун хавфли).

Тез-тез томоқни фурацилин ёки гиёҳлар қайнатмаси билан ғарғара қилиб туринг. Бурунга томизғи (нафтизин,тизин, назифин) томизиб туринг. Лекин эҳтиёт бўлинг бу муолажалар сизга сохта соғайиш аломатларини бериши мумкин. Муолажани охирига етказмай одатий фаолияга қайтишингиз касалликнинг қайталанишига олиб келиши ҳеч гапмас. Буни ўзингиз ҳам танингизда кўп синаб кўргандирсиз. Муолажадан мақсад фақат енгил тортиш ва оёққа туриш эмас, танадаги вирусни йўқ қилиш.

Бугунги кун медицинаси айнан грип вирусига қарши бир қанча бошқа махсус дори воситаларини ҳам тавсия этмоқда.

Шуни ҳам айтиш ўринлики, замонавий медицина тавсия қилаётган грипга қарши воситаларнинг самарадорлиги барибир маълум маънода чекланган. Шу боис бу касалликни бутунлай енгиб кетиш ўзингизга боғлиқ.

Шу ўринда халқ табобати ҳақида ҳам эслаб ўтиш жоиз. Ҳар биримиз бу касалликка қарши ўзбек халқи табобатидан озми-кўпми бохабармиз. Шунинг учун унга тўхталиб ўтирмай, Хитой табобатидан бир мисол келтирамиз

Грипп эпидемияси тарқалган паллада хонани уксус билан дезинфекция қилиш яхши самара беради. Бунинг учун кичикроқ идишга ярим литр ошхона уксусини ёки бир чой қошиқда уксус эссенцини солиб оловга қўйинг. Идишдаги уксус қайнагач, оловни пасайтиринг. Уксус йигирма минут давомида парланиши ва хонага тарқалиши керак. Бу ишни эпидемия мавсуми ўтиб кетгунга қадар ҳафтада 3-4 марта такрорлаб туринг.

Аммо келажакда грипп ҳам чечак ёки бошқа шунга ўхшаш касалликлар каби инсониятни безовта қилмас, эҳтимол. Сизни билмадиму менинг бунга жуда ишонгим келаяпти…

Абу Заҳро тайёрлади

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>