• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

«Голландиялик»

Валентин Машкин, Россия

Жамоа хўжалиги аъзоларининг мажлиси бўлаётганди. Кутилмаганда бир нотаниш одам кириб келди. У негадир эгнига пахталик нимча кийиб, бошига парик ва папоқ қўндириб олганди. Чақирилмаган меҳмон тўғри раиснинг олдига борди-да, ўзини таништирди.

— Ижозатингиз билан… Питер ван Броклен, Голландиядан, фермер.

Раисни гўё пружина кўтариб ташлагандай бўлди.

— Жуда хурсандман. Колосков, раис.

— Ерингизга Голландия тажрибасини татбиқ этмоқчиман.

Раис мамнун ҳолда меҳмонни мажлис аҳлига таништирди:

— Ўртоқ хўжалик аъзолари, бизга Голландиядан одам келди! Бизда ишламоқчи!

— Нима? Оддий ишчи бўлибми? — дея залдагилар ишонишмади.

— Меники… Фермер бўлиб, — тўғрилади меҳмон.

— Фермер эмиш, уни қаранг, — дея пичир-шувир қилишди залдагилар.

— Менга фифти… э, эллик гектар ер керак… — голландиялик бармоқларини бука бошлади.

— Э, юз гектар бўлмайдими! — хитоб қилди тўлқинланиб кетган раис. Истаганча ер бор бизда. Сизга энг яхши жойдан берамиз.

— Раҳмат, — голландиялик бош ирғади, — сизларда трактор масаласи қандай?

— Хоҳлаганингизни олинг.

— Менга… жудда гуд…я… яхшиси керак.

— Энг зўрини берамиз… ҳалиги, бизда борининг.

— Уруғ-чи?

— Уруғ топамиз. Қўшнилардан сўраймиз.

— Нимага қўшнилардан? Ўзлари­нгизда йўқми?

— Биздагиси унмайди-да, нақ чиқинди — ахлат дейсиз. Чиқиндини экамиз, шунинг учун ҳосилимиз ҳам чиқинди-да.

— Бу ишларингизга қойилман деёлмайман. Яхши ҳосил олиш керак. Менда чиқинди, ахлат деган гаплар бўлмайди. — Меҳмон шундай деб раиснинг олдига бир қоғозни қўйди. — Мана бу ерга имзо чекиш керак.

— Оббо азамат-эй! Ишчанлигини қаранг! — хитоб қилди раис ва қоғозни ўқимай шартта имзо чекворди.

— Сенкю…Раҳмат, — деди голландиялик  ва залдан чиқиб кетди.

Ҳамма жимиб қолганди.

— Сен, ўртоқ раис, Семения, — дея Вася Пухов ўрнидан турди, — ўзингникиларга ер бермайсан, бегоналарга қўшқўллабми?..

— Бунақа одамга қандай йўқ дейман? — раис қўлларини ёйди. — Чет эллик-ку, ахир!?

Бу пайтда ҳамма деразага ёпишиб, катта қадамлар билан ер ўлчаётган голландияликни томоша қилаётганди.

Дарё бўйида бир хотин термос ушлаганча ўтирар ва асабий ҳолда кимнидир кутарди.

— Петь, хўш, қалай? — сўради у ёнига келган голландияликдан.

— Ҳаммаси жойида, Клав, — голландиялик қоғозни кўрсатди. — Ер берди.

— Билиб қолгандан кейин нима бўлади?

— Бошқа нима қилиш мумкин, Клав? — «Питер ван Броклен» паригини ечиб пешанасидаги терни артди. — Сен тушун, бошқа йўл билан яхши ер олиб бўлмайди.

Рус тилидан Ориф Фармон таржимаси


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>