• Бугунги сана: Seshanba, Sentabr 19, 2017

Германия терма жамоаси ўрнак олиш учун яхши намуна

Кеча Германия терма жамоаси Конфедерациялар кубогида зафар қучди. Ҳа энди немислардан кутса бўлади, дейишингиз мумкин. Ҳайратланарли томони, немислар Россияга деярли иккинчи таркиб футболчилари билан келганди.

2014 йилги мундиалнинг кубок кўтарган фақатгина уч футболчи таркибга киритилганди. Иоахим Лёв қолган юлдузларни Конфедерациялар кубоги учун овора қилиб ўтирмади. Чунки Евро—2016 ярим финалига қадар етиб борган тажрибали мутахассисни ЖЧ—2018 кўпроқ қизиқтиради.

Бу билан унинг учун Конфедерациялар кубоги аҳамиятли эмас демоқчи эмасман. Шунчаки, Лёв Россияга олиб келган ёш футболчилари ҳам ўзини кўрсата олишига ишона олади, гарчи ярим финалга етиб келганиёқ уни хурсанд қилганини айтган бўлса-да. Иккинчи томондан, захира футболчиларини катта ғалабаларга ўргатиш учун бундан ҳам яхшироқ турнирни у топа олмасди. Орадаги катта танаффуслари билан ўтадиган ЖЧ саралаш босқичлари умуман бошқа олам, қандайдир икки ҳафта ичида ўтадиган Конфедерациялар кубоги эса бутунлай бошқа.

«Немис машинаси»даги стабиллик

Германия термаси ўзи иштирок этадиган ҳар қандай футбол мусобақасига фаворит сифатида ташриф буюради. Бироқ уларнинг ҳаммасида совриндор ҳам бўлишнинг уддасидан чиқа олмаган. Наҳотки бу иложсиз иш бўлса?

Йўқ, деб жавоб бера олади бугун немислар. Чунки улар катта муваффақиятларни одатга айлантириш формуласини аллақачон топиб бўлди. 2006 йилдан буён ўтказиладиган катта мусобақаларга эътибор беринг, уларнинг ҳаммасида Германия камида учликка киришнинг уддасидан чиқа олган:

Германия сўнгги 10 йилликда

ЖЧ—2006 — бронза
Евро—2008 — кумуш
ЖЧ—2010 — бронза
Евро—2012 — бронза
ЖЧ—2014 — олтин
Евро—2016 — бронза

Буни энди тасодиф деб бўлмайди. Бу ўша 2000 йилларда қўйилган пойдевор меваси эканини бугун ҳамма яхши билади.

1998 йилги Жаҳон чемпионатида немислар чорак финалга қадар етиб бориб, Хорватиядан йирик мағлубият қабул қилиб олганди — 0:3. Ўша йили хорватлар ЖЧни бронза билан якунлаб, катта шов-шув кўтаргани рост. Аммо яқин-яқингача Югославия таркибида бўлган Хорватиянинг қудратли Германия дарвозасига 3 та гол уриб ташлаши немисларни жиддий ўйлантириб қўйганди.

Орадан икки йил ўтиб Германия Евро—2000 да шармандали натижа қайд этди. Португалия, Руминия ва Англия билан бир гуруҳга тушган немислар уни 1 очко билан охирги ўринда тугатди. Илк турда руминлар билан аранг 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган Германия, кетидан инглизлардан 0:1, португаллардан 0:3 ҳисобида енгилди.

Евро—2004 Германия учун сўнгги шармандали турнир бўлиб қолди. Гуруҳда Голландия ва Латвияни таслим қила олмаган немислар, чехларга имкониятни бой бериб қўйди.

Тўғри, 2002 йил Германия ЖЧ финалига қадар етиб борди. Бу юқорида айтилгани каби гап — немислар ўзлари фаворит бўлган турнирларда олдинроқ ҳам ора-чора муваффақиятли ўйнаб туришган. Лекин бу ўзини ҳурмат қиладиган мамлакат учун кам эди. Улар юқори натижалар доимий бўлишини истарди. Футболни ислоҳ қилиш орқали бунга эришилди. Келтириб ўтилган муваффақиятсизликлар бунда катта туртки бўлди.

Конфедерациялар кубоги

Россиянинг «Sports.ru» нашри Конфедерациялар кубогида зафар қучган Германия термасига оид қизиқарли фактларни санаб ўтди. Евро—2016 да барчани ўзига қаратган Криштиану Роналду жамоадошлари эмас, Аргентинани кетма-кет икки бор Copa America ғолиблигидан мосуво қилган Чили ҳам эмас, айнан немисларнинг кубокка эга чиқиши бу юрт футболига бўлган ҳурматни оширади. Мана шу жамоанинг ўртача ёши 24 га 244 кунни ташкил қилгани эса ўша ҳурматни икки карра кўпайтиради ва Германия футболи тўғри йўлда деган хулосага сабаб бўлади.

Россияга келган 11 футболчи 25 ёшдан кичик эди. 10 футболчи эса турнирга қадар бош жамоа сафида 5 та ҳам учрашув ўтказмаганди. Чилига қарши финалда Иоахим Лёв 11 клубнинг 11 футболчисини майдонга туширди. Ҳатто захира таркибида ҳам у бир ёки икки клубга боғланиб қолмаганини ҳаммага кўрсатди.

Конфедерациялар кубогига қадар Ларс Штиндль Германия термаси либосида битта ҳам ўйин ўтказмаганди. У ўзининг дебют мусобақасида 3 та гол уришга эришди. Финалда айнан Штиндлнинг зарбаси ҳал қилувчи ролни ўйнади. Бу вақтда у 29 ёшда эди. Мана шундай пайтда футбол журналисти Хайрулла Ҳамидов ўз саҳифасига қўйган жумлани келтириш ўринли: «Ўзбекистонда терма жамоага футболчи етишмаётган бир пайтда, Германияда футболчиларга терма жамоа етишмаяпти».

Қўшалоқ байрам

Германия футболи уч кун ичида икки катта натижага эришди. Конфедерациялар кубогидан ташқари, мамлакатнинг U21 терма жамоаси Европа чемпионатининг финалида Испанияни таслим қилди ва бош совринни қўлга киритди. Ваҳоланки, унда ҳам немислар оптимал таркиб билан жам бўлмаган, бир қатор етакчи футболчиларни Лёв Россияга олиб кетганди.

Бу қизиқ. Ўша U21 ва Конфедерациялар кубогида зафар қучган Германия термасининг ўртача ёшида бор-йўғи икки йилга фарқ қилади. Биринчисида кўрсаткич 22 ёш-у 275 кунлик бўлса, миллий термада бу 24 ёш-у 244 кунлик.

Иоахим Лёв

Футбол мухлисларига уни ортиқча таништириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Шунчаки статистика келтириш билан чеклансак, етарли. Расмий мусобақаларда Лёв Германия термасини 94 та ўйинда майдонга бошлаб тушди ва шуларнинг 74 тасида зафар қучишга эришди (11 та дуранг ва 9 та мағлубият). Бу 78,7 фоизлик кўрсаткич ҳисобланади. Ҳавас қилса арзигулик натижа.

Лёв мураббийлигида Германия миллий терма жамоаси футболчилари учун алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Унинг ёрдамида термага чақирилган футболчилар телефонидан узоқлашмай туриб ҳам бўлажак рақибларни ўрганиб бориш имкониятига эга. Алоҳида мутахассислар таҳлилларга асосланган фактларни, футболчилар ҳақида алоҳида, жамоа ҳақида алоҳида «шпаргалка»ларни дастурга жойлаб чиқади. Бунда рақибнинг тўпни қандай қабул қилишидан тортиб, дриблинги қандай эканигача, қайси оёғида зарбаси кучлироқ эканигача эътибордан четда қолмайди. Рақибнинг тайёргарлик режаси графикалар асосида кўрсатилади.

Дастур ичида алоҳида чат ҳам мавжуд. Унинг ёрдамида барча мураббийлар билан онлайн алоқа ўрнатиш мумкин. Ҳаммаси замонавий.

Немислар терма жамоа бош мураббийини олиб ташлашни сўраб, порталга ёки канцлерга мурожаат қилмайди. Бунда мураббийлар айни бир шахс томонидан тайинланмайди, футбол шу соҳанинг илмли кишилари томонидан бошқарилади, майда деталларга қадар жиддий эътибор берилади. Айтмоқчи бўлганим, Германия футболи ўрганса ва ўрнак олса арзийдиган жиҳатларга тўла. Улар бугунги муваффақиятларни ўша 2000 йиллардан бошлаб сабр билан кутди ва ҳаммасига босқичма-босқич эришди. Немислар бор-йўғи икки ўйин билан тарихни ўзгартириб юборишга ва мамлакат футболида инқилоб қилишга интилмади. Чунки улар тасодифий натижаларни кутишдан чарчаганди ва доим максимум учун курашиш кераклигини тушунганди.

Яқин ўтмишда ҳам Германия термасида доим яхши номлар бўлган Клозе, Подолски, Швайнштайгер, Лам, Баллак, Кан… Рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо бу замонавий футболдаги ката ғалабалар учун кам. Ҳозир немис футбол мактаби ҳар йили янги номларни етиштириб бермоқда. Ўсмирлар термасидан то миллий термага қадар бўлган йўл бир-бирига шу қадар чиройли боғланганки, айтайлик, Конфедерациялар кубогига дабдурустдан чақириб қолинган футболчи ўзини йўқотиб қўймайди. Лёв ҳам, бошқалар ҳам буни яхши билади.

Диёр Имомхужаев

daryo.uz

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>