• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Гагаринни ўғирлаб кетишганмиди?

Инсониятнинг фазога илк қадамини қўйган машҳур шахс – Юрий Гагариннинг кейинги ҳаёти шон-шуҳрат ва янги тажрибалар орасида кечгани маълум. Бироқ бу умрнинг якуни (агар шундай дейиш жоиз бўлса) фожиали бўлган. Яъни, у 1968 йилнинг 27 мартида, шериги билан бирга янги қирувчи самолёт синовида иштирок этаётиб, ҳалокатга учраган.

 Лекин ҳамма гап шундаки, фожиа жойида шеригининг жасади қолдиқлари топилган, Гагарин эса ном-нишонсиз йўқ бўлган. Бу ҳолат кишилар орасида турли тахминлар пайдо бўлишига, миш-мишлар тарқалишига асос яратган. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган, «Ufolog.ru» сайтидан олинган мақолада шу ҳақда сўз боради.

Гагаринни ўғирлаб кетишганмиди?

Юрий Гагариннинг ўлими борасида турли миш-миш ва афсоналар мавжуд. Лекин, фазогир Павел Поповичнинг таъкидлашича, унинг нимадан ҳалок бўлганлиги аниқ эмас.

Бу ҳалокатнинг сабаблари тўғрисидаги версиялардан бири расмий доираларда қатъиян рад этиб келинади. Унга кўра, қирувчи самолёт номаълум учувчи жисм (НУЖ) билан тўқнашган ва ўша «келгинди»лар Ернинг илк фазогирини олиб кетишган.

Ҳалок бўлган ким эди?

Юрий Гагарин ўшанда инс¬труктор, тажрибали синовчи-учувчи Владимир Серёгин раҳбарлиги остида «МИГ-15» қирувчи самолёти штурвалини бошқариб бораётиб ҳалокатга учраганди. Махсус ҳукумат комиссияси томонидан мазкур ҳодисанинг тадқиқига бағишлаб тайёрланган барча маълумотлар махфийлаштирилган ва ҳозиргача ошкор этилмаётир. Фожиа Владимир области Киржак райони ҳудудида, Новоселово қишлоғидан тахминан уч чақирим узоқликда рўй берганди. Қишлоқнинг кўпчилик кишилари ўша кунни ҳозиргача яхши эслашади.

Кундузи соат ўн бирларга яқин ўрмончи Владимир Морозов ўз уйида хотиржам ўтириб чой ичарди. Фақат яқинлашаётган баҳорни ҳис этган қушларнинг аҳён-аҳёнда сайраган товушигина сукунатни бузарди. Тўсатдан бу ажойиб ҳолатга раҳна солиб, қўрқинч¬ли портлаш овози келди. Товуш қабристон томондан келганди.

– Менга гўё ер қимирлагандай туюлди, – дейди Владимир Васильевич. Машъум воқеани у барча тафсилотларигача эслаб қолган. – Дераза ойналари жаранглаб кетди. Менинг «ИЖ» мотоциклим бор эди, дарҳол уни миндим-у, қабристон тарафга йўл олдим.

Морозов фожиа жойига биринчи бўлиб етиб келганди. У ўша дарага қулаган самолётда ким бўлганлигини ҳатто хаёлигаям келтирмаганди, бу ҳақда новоселоволиклар кечга борибгина хабар топишди.

– Атрофдаги қорлар қора¬йиб кетганди, – дея ҳаяжон ила давом эттиради Владимир Васильевич. – Қайинлар синган, шохларида ипга ўхшаш бир нималар осилиб ётарди. Билишимча, булар ҳалок бўлган учувчининг ички аъзолари экан… Сал ўзимга келиб олгач, атрофга разм солдим. Аллақандай ғалати нарсага кўзим тушди – бу одамнинг жағи эди. Кейинроқ унинг Серёгинга тегишли эканлиги аниқланди – ясама тишларидан танишибди. Гагариндан бирон нишона қолганми-йўқми – буниси номаълум.

Кўзи олдидаги манзарадан довдираб қолган Морозов бир нарсани дастлаб пайқамаган: ўша дамда фожиа жойи¬да худди ўшандай яна бир «МИГ-15» учиб юрганди. Бунинг устига, унинг учиш баландлиги – бир километр ҳам бу турдаги аппаратлар учун ўта пастлик қилади. Владимир Васильевичнинг кейинроқ эслашича, бу қирувчи самолёт арвоҳга ўхшаб, мутлақо товушсиз учарди. Ўрмончи дарага чиққанида, самолёт ортига қайрилиб, бир зумда кўздан йўқолган.

«Суриштирув» операцияси

Тушга бориб қўрқинчли янгилик бутун қишлоққа тарқалди. Қишлоқликлар барча ишларини унутиб, ўша ҳодисани ўзаро муҳокама қилишарди.

– Эсимда, кундузги соат иккилар эди, – дейди посёлка маъмурияти ходимаси Маргарита Шустова. – Ҳаво булутлироқ эди. Магазинга борсам, кишилар йиғилиб олишган. Ҳамма қабристон яқинига қулаб тушган қандайдир самолёт ҳақида гапирарди. Тунда эса ҳарбийлар келишди, техникалари билан бирга қабристон томон йўл олишди. Нима гаплигини улардан сўрасак, «Сизларга тегишли нарса эмас», дегандай жавоб қайтаришди.

Эртасига эрталаб Маргарита Григорьевна қишлоқдошлари билан бирга ўша ёққа бориб кўрди. Дарани аллақачон ҳарбийлар ўраб олишганди. Улар ортида эса, худди роботлардек жим ҳолда погонли кишилар юришарди. Маҳаллий аҳоли эса пичирлаганча бошқа бир янгиликнинг ғийбатини қилишарди: фожиа рўй бериши арафасида шу қишлоқлик Людмила Ярцева осмонда учар тарелкага ўхшаган, жуда нурафшон бир нарсани кўрганмиш. Унинг ўта ёрқин нурларини ҳатто булутлар ҳам тўса олмаганмиш. Ярцеванинг қасам ичиб айтишича, самолёт унинг кўзи олдида ана шу нарсага урилиб кетганмиш. Аёл қўрққанидан ўрмон оралаб қоча бошлабди, аммо тезда кучли товушни эшитиб, ерга йиқилибди.

– Мен самодан келувчи ҳар қандай келгиндилар ва номаълум учар жисмларга ишонмасдим, – дейди Маргарита Григорьевна. – Лекин ўшанда бир ёш аскарнинг олдига бордим. Улар бир-биридан икки қадам масофада юриб, бутун дарани текшириб чиқишаётганди. Нима излаётганларини ўша аскардан сўрадим. У эҳтиёт қисмлар ва «қора қути»ни қидиришаётганини айтди. Бироқ ҳеч қандай қутини топиша олмаганди.

Ҳукумат комиссиясининг таъкидлашича, самолётда ҳеч қандай «қора қути» бўлмаганмиш. Расмий кишилар ҳозиргача мана шу гапни ушлаб олишган.

– Бу бизнинг ишимизни жуда қийинлаштирди, – дея ҳикоя қилади профессор Сергей Белоцерковский. У ўша пайтда Жуковский номидаги авиация Академиясида дарс берарди ва Гагариннинг диплом лойиҳасига илмий раҳбарлик қилганди. Ҳатто фожиа билан алоқадор расмий хулосалар чиқарилиб бўлгандан кейин ҳам С.Белоцерковский ўз шогирдининг ҳалокати сабабларини излаган. – Ўшанда самолётнинг бирор қуш ёки метеорологик зонд билан тўқнашиб кетганлиги ҳақидаги фаразнигина ишончли ҳисоблашганди. Аммо биз қидирувни давом эттириб, бу фаразнинг нотўғри эканлигини аниқладик. Яна кимдир бош¬қа тахминни илгари сурди: гўёки учувчилар ҳавода шунчаки бир шўхлик қилиб кўришган ва уларнинг бу интизомсизлиги фожиага олиб келганмиш. Бироқ бу – ўтакетган бемаъни фикр. Серёгин энг тажрибали ҳарбий учувчи бўлиб, жами тўрт минг соатдан ортиқ муддат парвоз қилган. Гагариннинг қирувчи самолётларни бошқаришда тажрибаси сал камроқ бўлса-да, ҳар қандай шароитдаям у командирнинг буйруғини сўзсиз бажарарди. Бундан таш¬қари, шундай қоида мавжуд: агар ўқув-синов парвозларида фавқулодда вазият рўй бергудек бўлса, самолётни бошқаришни инструктор ўз қўлига олади. Лекин бу ерда аллақандай ғайриоддий бир ҳодиса рўй берганга ўхшайди. Тўғри, биз бу фалокатнинг айнан қандай содир бўлганлигини ҳозиргача ҳам билмаймиз.

Аммо башоратчи уни топди!

1979 йилда афсонавий болгар башоратчиси Вангелия Пандева (Ванга)нинг сўзлари бутун дунёни ларзага солди. Ўзининг таъкидлашича, у Вамфим сайёрасининг вакиллари билан сўзлашармиш. Улар эса Вангага «Гагариннинг ўлмаганлигини, балки олиб кетилганлигини» айтишганмиш.

Бундан кейин Гагарин тақдири тўғрисида 80-йилларнинг охирларида «НУЖ: эълон қилинмаган ташриф» («НЛО: необъявленный визит») телекўрсатуви қаҳрамони, инженер Евгений Емельянов хабар берди. Ўзининг таъкидлашича, 1989 йилнинг 17 октябридан 18 га ўтар кечаси у «бошқа олам вакиллари» томонидан ўғирлаб кетилганмиш. Улар Е.Емельяновни ўзларининг юлдузкезар кемалари ичига олиб киришибди. «Мен кемада дарҳол уч нафар ерликни кўрдим, – дейди у. – Улардан бири Юрий Алексеевич Гагарин эди! Мен уни танимаслигим мумкин эмасди!»

Балки бу кишининг гапларига ишонмаслик ва Ванганинг сўзларини жиддий қабул қилмаслик мумкиндир. Лекин бундай эҳтимолни парапсихология (кишиларнинг ғайриоддий қобилиятлари)га ва ғайритабиий ҳодисаларга ишонмайдиган кишилар ҳам рад этишмаётир. Масалан, 1959 йилдан то 1992 йилгача турли фазовий дастурларда иштирок этган киши, фалсафа ва иқтисодиёт фанлари доктори Александр Субетто шундай дейди:

– Балки шундай бўлиши ҳам мумкин. Мен Гагариннинг ўлими ҳақидаги барча тахминлар билан танишиб чиққанман, эс-ҳуши жойида бўлган кўплаб кишиларнинг гувоҳликларини эшитганман. Бир қанча киши шундай таъкидлашаётир: самолёт аллақандай нурли шар ичига кириб кетганини кўришган. Агар чиндан шундай бўлса, эҳтимол, Гагаринни ўзга сайёраликлар ўзлари билан олиб кетишгандир. Балки у – фазога чиққан илк ерлик – қандайдир олий билимлар ташувчисига айланиб қолгандир.

Александр Ивановичнинг сўзлари кишини бир нарсани эслашга ундайди: инсоннинг илк фазовий парвози тўғрисидаги кўп тафсилотлар эълон қилинмаган. Аммо ўта махфий папкаларда сақланаётган маълумотлардан айрим парчалар барибир турли йўллар билан ташқарига чиққан. Шу маълумотларга асослансак, ўша дақиқаларда Гагарин ўзининг келажак тақдири тўғрисидаги алланималарни кўрган.

Воқеа қандай бўлганди?

Ҳалокат содир бўлишидан олдин, соат 10.19 да «МИГ-15» ўқув топшириғини бажариш учун учиб кетади. Парвоз кутилмаган ҳодисалардан холи тарзда, яхши ўтади. Соат 10.30 да Гагарин топшириқ бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот беради ва ортига – базага қайтишга рухсат олади. Айрим манбаларга кўра, кейинги дақиқа давомида «МИГ-15» экипажи «диск шаклидаги ёрқин объект»ни кўрганлиги ҳақида аэродромга хабар беради. Экипаж билан алоқа узилмасидан бир лаҳзагина олдин улар «ҳеч нима кўрмаётганликлари»ни айтишган. Ўшанда буни ҳавонинг булутлилигига йўйишганди. Лекин Гагарин ва Серёгинни ана шу ёрқин нур кўр қилиб қўйган бўлиши ҳам мумкин-ку. Тажрибали учувчи Серёгин ҳам, ўзи беш бармоғидай биладиган машинани бирданига бошқара олмай қолган…

Соат 14.15 да қирувчи самолётнинг бўлаклари топилган. Балки, гувоҳлар айтаётганидек, самолёт НУЖнинг ичига кириб кетмагандир, балки аксинча – порлоқ шар ўз мўлжалини топгандир. Худди шу онда алоқа узилган – одатда НУЖ фаолияти ҳудудида радиоаппаратуралар ишламай қолади. Шу тариқа, сўнгги сафарга бирга чиққан Гагарин ва Серёгиннинг йўллари шу ерда айрилди: бири ерга қулади, иккинчиси эса бизга номаълум оламга равона бўлди.

Русчадан Ҳамидбек Юсупов таржимаси

(Муаллифнинг блогидан олинди)

Tafsilot.uz маълумоти:

Космонавтика соҳасида рўй берган энг муҳим ҳодисалар

1957 йил – буюк конструктор Сергей Павлович Королёв раҳбарлигида Р-7 русумли биринчи қитъалараро баллистик ракета яратилди;

1957 йил 4 октябрь – космос даврининг илк санасидир. Зеро, шу куни ССРИ томонидан Ернинг энг биринчи сунъий йўлдоши Спутник-1 космосга учирилди;

1957 йил 3 ноябрь – космосга илк бор тирик жонзод – Лайка лақабли итни олиб чиққан Ернинг иккинчи йўлдоши Спутник-2 учирилди;

1959 йил 4 январь – Луна-1 космик станцияси Ой юзидан 6000 км га узоқлашиб, гелиоцентрик орбитага чиқди ва бу билан Қуёшнинг биринчи сунъий йўлдошига айланди;

1959 йил 14 сентябрь – Луна-2 космик станцияси Аристит, Архимед ва Автолик кратерлари яқинидаги Ойдинлик Денгизи ҳудудида Ой юзига етиб, ССРИ герби тасвирланган вимпелни туширди;

1959 йил 4 октябрь – Ойнинг Ердан кўринмайдиган томонини суратга олган Луна-3 планеталараро автоматик станция учирилди, шунингдек, парвоз давомида илк бор гравитацион манёвр амалга оширилди;

1960 йил 19 август – тарихда илк бор Ерга тирик қайтган жонзодлар иштирокидаги орбитал парвоз амалга оширилди. Спутник-5 космик кемасида Белка ва Стрелка лақабли итлар парвоз қилишди;

1961 йил 12 апрель – инсоннинг космосга илк парвози амалга оширилди. Совет космонавти Юрий Алексеевич Гагарин Байконур космодромидан «Восток» русумли элтувчи ракета воситасида космосга учиб, «Восток-1» русумли космик кемада Ер яқинидаги орбита бўйлаб 1 соат-у, 48 дақиқа давомида парвоз қилганча, Ер атрофини бир маротаба айланиб чиққач, Саратов вилоятининг Энгельс шаҳри яқинида соғ-саломат қўнишга муваффақ бўлди. Башарият тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар-ла битилган бўлиб, Космонавтика куни, деб эълон қилинган ушбу буюк ҳодиса – учиш аппарати бошқариладиган космонавтиканинг амалда рўёбга чиқиши ва келгусида кенг кўламда тараққий топишининг таянч нуқтасига айланди;

1962 йил 12 август – илк бор Восток-3 ва Восток-4 кемаларида гуруҳ таркибидаги космик парвоз амалга оширилди. Ушбу космик кемалар бир-бирига 6,5 км га яқинлашди;

1963 йил 16 июнь – Восток-6 космик кемасида биринчи космонавт аёл Валентина Владимировна Терешкова ёлғиз ўзи космосга учди (АҚШнинг биринчи астронавт аёли Салли Райд космосга эркаклардан иборат экипаж таркибида 1983 йили учган);

1964 йил 12 октябрь – биринчи маротаба кўп ўринли Восход-1 космик кемаси учирилди;

1965 йил 18 март – инсон космонавтика тарихида илк бор очиқ космосга чиқди. 11- совет космонавти Алексей Архипович Леонов ўзининг Восход-2 космик кемасидан 12 дақиқа-ю, 9 сония давомида очиқ космосда бўлди. Ушбу вақт давомида, айниқса, кўзда тутилмаган ҳолат юзага келганда, яъни эгнидаги шишиб кетган скафандр космик кемага қайтиб киришга тўсқинлик қилганда мазкур космонавт мисли кўрилмаган қаҳрамонлик намунасини намоён этди. А. Леонов кема шлюзига скафандр ичидаги ортиқча ҳаво босимини чиқариб юборгандан сўнггина, шунда ҳам, кема люки орқали оёқ билан эмас йўриқномада ман этилган ҳолатда – бош билан ўтиб киришга муваффақ бўлди;
1966 йил 3 февраль – Луна-9 планеталараро автоматик станцияси илк бор Ой юзига енгил қўниб, унинг кенг манзарали суратлари олинди;
1966 йил 1 март – Венера-3 планеталараро автоматик станцияси илк бор Зуҳра юзасига етиб бориб, ССРИ вимпелини туширди. Бу билан космик аппаратнинг Ердан бошқа планетага биринчи космик парвози амалга оширилди;
1966 йил 3 апрель – Луна-10 космик станцияси Ойнинг биринчи сунъий йўлдош бўлди;
1967 йил 30 октябрь – ССРИ нинг иккита космик Космос-186 ва Космос-188 учувчисиз аппаратларининг туташтирилуви илк бор амалга оширилди;
1968 йил 15 сентябрь – бортида жонли мавжудотлар, хусусан: тошбақа, мева пашшаси, қурт, ўсимлик, уруғ ва бактериялар бўлиб, Ой атрофини айланиб чиққан Зонд-5 космик аппаратининг Ерга илк бор қайтиши рўй берди;
1969 йил 16 январь – Союз-4 ва Союз-5 бошқарилган космик кемалар илк бор ўзаро туташтирилди;
1969 йил 21 июль – инсон оёғи Ойга етган кун. АҚШ астронавтлари Н. Армстронг ва Э. Олдринг 1961 йил 16-24 июль кунлари амалга оширилган ой экспедицияси давомида илк бор Ойга тушишди. Космик кемадан Ернинг табиий йўлдошига тушар экан, Нил Армстронг: «Ёлғиз инсон учун бу кичик бир қадам, албатта, аҳли жаҳон учун эса янги милод томон кескин сакрашдир» -деган эди. Аполлон-11 космик кемасида ўтказилган ушбу экспедицияда Ой тупроғининг илк намунаси Ерга келтирилди;
1970 йил 24 сентябрь – Луна-16 космик станцияси Ой тупроғининг навбатдаги намунасини келтирди. Аниқроқ айтиладиган бўлса, ушбу ҳодиса бошқа осмон жисмидан (хусусан, Ойдан) Ерга намуна келтирган биринчи учувчисиз бошқариладиган космик аппарат парвози бўлди;
1970 йил 17 ноябрь – Ердан бошқариладиган Лунаход-1 Ойга эркин қўндирилди. Энг биринчи масофадан бошқариладиган ўзиюрар яримавтоматик космик аппарат Ой юзида иш бошлади;
1970 йил 15 декабрь – Венера-7 космик аппарати биринчи бўлиб Зуҳра юзига эркин қўнди;
1971 йил 19 апрель – космосга биринчи Солют-1 орбитал станцияси учирилди;
1971 йил 13 ноябрь – Маринер-9 космик станцияси Миррихнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1971 йил 27 ноябрь – Марс-2 космик станцияси биринчи бўлиб Миррих юзига етиб борди;
1971 йил 2 декабрь – Марс-3 планеталараро автоматик станцияси Миррих юзига биринчи бўлиб эркин қўнди;
1972 йил 3 март – космосга учирилган Пионер-10 космик аппарати биринчи бўлиб Қуёш тизимининг сарҳадларини тарк этди;
1975 йил 20 октябрь – Венера-9 космик станцияси Зуҳранинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1975 йил октябрь ойи – Венера-9 ва Венера-10 космик аппаратлари биринчи бўлиб Зуҳра юзига эркин қўнган тарзда, юзасининг фотосуратларини Ерга узатди;
1981 йил 12 апрель – кўп маротаба фойдаланиладиган «Колумбия» космик юк ташиш кемаси илк бор космосга учирилди;
1986 йил 20 февраль – Мир орбитал станциясининг асосий модули орбитага чиқарилди;
1988 йил 15 ноябрь – «Энергия-Буран» дастури доирасида яратилган «Буран» кўп маротаба фойдаланиладиган космик ташиш тизимига мансуб орбитал космолан кемасининг «Энергия» русумли элтувчи ракета воситасида биринчи ва сўнгги бор космик парвози амалга оширилди;
1995 йил 7 декабрь – «Галилео» космик станцияси Муштарийнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
1998 йил 20 ноябрь – Заря Халқаро космик станциясининг биринчи блоки космосга учирилди;
2000 24 июнь – «NEAR Shoemaker» космик станцияси 433 Эрос астероидининг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
2004 йил 30 июнь – «Кассини» космик станцияси Сатурннинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди;
2006 йил 15 январь – «Стардаст» космик станцияси Ерга Вильда-2 кометасидан намуналар келтирди;
2011 йил 17 март – «MESSENGER» космик станцияси Меркурийнинг биринчи сунъий йўлдоши бўлди.
Космонавтиканинг бугунги даври космик фазони ўзлаштириш борасидаги янгидан-янги лойиҳа ва режалар билан тавсифланади. Космик саёҳат тобора кенг ривож топмоқда. Космик кемалар бошқариладиган космонавтика боз Ойга қайтишни ният қилиб, ўз нигоҳини Қуёш тизимига мансуб бошқа сайёралар, биринчи навбатда, Миррихга қаратмоқда.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>