• Бугунги сана: Yakshanba, Mart 26, 2017

Фуқаролик процессида экспертиза тайинлаш ва ўтказиш тартиби

Тарафларнинг важларини тинглаш, иш билан боғлиқ барча ҳолатларни синчиклаб, холисона ва тўлиқ текшириш, тўпланган далиллар ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини исботлаш фуқаролик процессининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Баъзида иш бўйича асосли ва адолатли қарор чиқариш учун экспертиза тайинлаш талаб этилади.

Фуқаролик ишлари бўйича экспертизани тайинлаш, ўтказиш, шунингдек, эксперт хулосасига баҳо бериш бўйича суд амалиёти “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонун (2010 йил 1 июнь), Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК), Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги (2007 йил 2 октябрь), “Фуқаролик ишлари бўйича экспертиза тайинлаш, ўтказиш ва эксперт хулосасига баҳо беришда суд амалиётида келиб чиқадиган айрим масалалар ҳақида”ги (2008 йил 12 декабрь) қарорлари, Адлия вазирлиги ҳайъатининг 1997 йил 19 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қарашли экспертиза муассасаларида суд экспертизаси ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги низом  ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Исботлаш мажбурияти

Фуқаролик процессида исботлаш ва далиллар масаласининг долзарблигини Олий суд Пленуми томонидан “Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги, “Фуқаролик ишлари бўйича экспертиза тайинлаш, ўтказиш ва эксперт хулосасига баҳо беришда суд амалиётида келиб чиқадиган айрим масалалар ҳақида”ги қарорлар қабул қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Табиийки, судда тарафларнинг ҳар бири ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Қонун талабига кўра суднинг у ёки бу низо бўйича қабул қилинган қарори аниқ далилларга асосланган ва қонуний бўлиши лозим. Шу боис суд тарафлардан ўзларининг даъволарини далиллар билан исботлашни талаб этади. Зеро, шу йўл билангина ҳақиқий ҳолатни аниқлаш мумкин.

“Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида нормаланганидек, суд экспертизаси деганда фуқаролик, хўжалик, жиноят ва маъмурий суд ишларини юритишда иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган ҳамда суд эксперти томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимлар асосида суд-эксперт текширишларини ўтказиш ва хулоса беришдан иборат бўлган процессуал ҳаракат тушунилади. Хулоса бериш учун фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган, белгиланган тартибда суд эксперти сифатида тайинланган жисмоний шахс эса суд экспертидир. Давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс ишда эксперт сифатида иштирок этиши мумкин.

ФПКнинг 56-моддасига мувофиқ тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далил ҳисобланади. Бу маълумотлар қуйидаги воситалар, яъни: тарафлар ва учинчи шахслар ҳамда уларнинг қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосаси билан аниқланади. Шу ўринда муаллифи кўрсатилмаган хатлар ва манбаси номаълум бўлган ёки ғайриқонуний тарзда олинган бошқа маълумотлар далил бўла олмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Эксперт хулосаси исботлаш воситаси ҳисобланади. Эксперт хулосаси исботлаш воситаларининг бошқа турларидан бирмунча устундир. Масалан, ФПКнинг юқорида келтирилган моддасига асосан тарафлар ва учинчи шахслар ҳамда уларнинг қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари ҳам исботлаш воситаси сифатида эътироф этилса-да, айнан эксперт хулосаси ўзининг объективлиги, холислиги ва аниқлиги билан алоҳида ажралиб туради. Зеро, суд эксперти ўз хулосаларини илмий текширишлар натижасида асослаб беради. Бундан ташқари, ҳақиқатни аниқлаш зарурати билан боғлиқ айрим ҳолатлар мавжудки, улар фақат махсус билимга эга бўлган эксперт хулосаси билангина тасдиқланиши мумкин. Шунинг учун ҳам эксперт хулосаси кўрилаётган иш бўйича асосий далиллар қаторига киради.

Исботлаш мажбурияти ФПКнинг 57-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт. Суд қандай ҳолатлар иш учун аҳамиятга эга эканлигини, уларни тарафлардан қайси бири исботлаши кераклигини аниқлайди, ҳатто тарафлар бу ҳолатларни далил қилиб келтирмаган бўлсалар ҳам уларни муҳокамага қўяди.

Далиллар тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан тақдим этилади. Суд уларга қўшимча далиллар тақдим қилишни таклиф этиши мумкин. Агар қўшимча далиллар тақдим этиш тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар учун қийинчилик туғдирса, суд уларнинг илтимосномасига кўра далиллар тўплашда уларга ёрдам кўрсатади.

Суд фақат иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларнигина кўришга қабул қилади. Тақдим этилган далилларга тўғри баҳо бериш, зарурларини талаб қилиб олиш ва улар асосида низони ҳал этиш бевосита суд қарорларининг барқарорлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Шу боис ФПКнинг 84-моддасида ишни кўриш вақтида келиб чиққан, махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан экспертиза тайинлаши мумкинлиги белгиланган.

Суд экспертизасини тайинлаш ва ўтказиш

Таъкидлаш керакки, суд экспертизаси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими асосида ўтказилади. “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига мувофиқ суд экспертизаси тегишли қарор ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан тайинланган ҳисобланади.

Экспертиза тайинлаш ҳақидаги суд ажрими асослантирилган бўлиши, хусусан, унда экспертиза тайинлаш учун асос бўлган ҳолатлар, тарафнинг айнан қайси важи ёки ишнинг айнан қайси ҳолати текширилиши ва ушбу ҳолатни текшириш учун қайси соҳадаги мутахассис фикри талаб қилиниши аниқ ва батафсил қайд этилмоғи лозим. Экспертиза тайинланганда суд томонидан экспертга қуйидагилар тақдим қилиниши керак:

— тегишли экспертизани тайинлаш ҳақида ажрим;

— эксперт текшируви объекти бўлган предметлар ва ҳужжатлар, зарур ҳолларда эса таққослаш текширувини ўтказиш учун намуналар ҳамда ўзида экспертиза предметига тааллуқли маълумотларни мужассамлаштирган бошқа ҳужжатлар (кўздан кечириш, сўроқ қилиш ва бошқа процессуал ҳаракатлар баённомалари, маълумотномалар, кўчирмалар, фотосуратлар ва бошқалар).

Экспертиза тайинлаш ҳақидаги суд ажримида иш тўғрисида маълумотлар, экспертиза тайинлаш асослари, эксперт олдига қўйилган саволлар, тақдим этилган объектлар ва материаллар, зарур ҳолларда эса эксперт текшируви объекти билан муомала қилишнинг алоҳида шартлари кўрсатилиши керак.

Баъзан қўшимча ва қайта суд экспертизаси ўтказишга ҳам тўғри келади. Қўшимча суд экспертизаси хулосадаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) томонидан ўтказилади. Хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда эса қайта суд экспертизаси тайинланади.

Қайта суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим. Қайта суд экспертизасини ўтказиш бошқа суд экспертига (суд экспертлари комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) суд экспертизасини ўтказган суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) қайта суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.

Кўриб чиқилаётган иш ҳажми ва бошқа сабабларга кўра суд экспертизаси бир хил (комиссиявий суд экспертизаси) ёки турли хил (комплекс суд экспертизаси) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча суд эксперти томонидан ўтказилиши мумкин. Суд экспертизасининг суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилиши суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси ёхуд бошқа ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд экспертлари комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқиб, ўтказиладиган текширишларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади. Суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд экспертлари комиссияси таркибидаги ҳар бир эксперт текширишларни мустақил ва алоҳида олиб боради, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди.

Комиссиявий ва турли хил (комплекс) суд экспертизаларини ўтказиш тартиби “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуннинг 20-, 21-моддалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган.

Экспертизада тарафларнинг иштироки

Суд экспертизаси ўтказилаётганда процессуал қонунда процесснинг қайси иштирокчиларига суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиш ҳуқуқи берилган бўлса, ўша иштирокчилар ҳозир бўлиши мумкин. Суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган процесс иштирокчилари текширишлар жараёнига аралашишга ҳақли эмас, лекин суд экспертидан у қўллаган текшириш усулларининг ва олинган натижаларнинг моҳиятини тушунтириб беришни талаб қилиши, суд экспертига тушунтиришлар бериши мумкин.

Суд эксперти томонидан хулоса тузилаётганда, шунингдек, агар суд экспертизаси суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилаётган бўлса, суд экспертларининг маслаҳатлашуви ва фикрларни шакллантириш босқичида процесс иштирокчиларининг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди. Агар суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлган процесс иштирокчиси суд экспертига халақит берса, у текширишни тўхтатишга ва мазкур процесс иштирокчисининг суд экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлишига доир рухсатини бекор қилишни суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) илтимос қилишга ҳақли.

Далилларни жойида кўздан кечириш

ФПКнинг 84-моддасида экспертиза судда, текшириладиган буюмни судга келтиришнинг имкони бўлмаган ёки келтириш қийин бўлган ҳолатларда эса суддан ташқарида ўтказилиши, 192-моддасида эса судга келтириш мумкин бўлмаган ёзма ва ашёвий далиллар ҳам жо­йида кўздан кечирилиши ва текширилиши белгиланган. Бу ишлар суд томонидан чиқарилган ажрим асосида амалга оширилади.

Процессда раислик қилаётган судья ФПКнинг ушбу талабларидан, объект­ларни кўздан кечиришни ташкил қилиш ва уни бориб кўришдан бош тортишга ҳақли эмас. Эксперт ихтиёрига юбориш мумкин бўлмаган объектларни (масалан, уй, катта ҳажмдаги предметлар ва бошқалар) жойида кўздан кечириш ва текширишни ташкил этиш судьялар зиммасига юклатилган.

Далилларни жойида кўздан кечириш суднинг бутун таркиби томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган, зарур ҳолларда эса экспертлар, мутахассислар ва гувоҳларни чақирган ҳолда ўтказилади. Кўздан кечириш жойига борганда судда раислик қилувчи ишни кўришни давом эттириши тўғрисида эълон қилади, иш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрилади. Кўздан кечириш натижалари суд мажлисининг баённомасига киритилади. Баённомага кўздан кечириш пайтида тузилган ёки текширилган барча режалар, чизмалар, суратлар илова қилиниши мумкин.

Эксперт хулосаси

Суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча суд эксперти ёхуд суд экспертлари комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади. Хулоса ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборилади.

Агар суд эксперти қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиб бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборади.

ФПКнинг 88-моддасига кўра эксперт хулосаси етарлича тушунарли бўлмаганда суд экспертни чақириб йўли билан хулосасини оғзаки тушунтириб беришни таклиф қилиш ҳуқуқига эга ва бу суд мажлиси баённомасига киритилиб, ўқиб берилади ҳамда эксперт томонидан имзоланади.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, фуқаролик процессуал қонун талабларига риоя қилинмаган, процесс доирасидан ташқарида олинган ҳар қандай хулоса эксперт хулосаси мақомига эга бўлмайди ва судда ундан исботлаш воситаси сифатида фойдаланилиши мумкин эмас (бошқа фуқаролик, хўжалик, жиноят ва маъмурий иш бўйича қонуний тартибда олинган экспертиза хулосалари бундан мустасно).

Эксперт хулосаси суд учун олдиндан белгиланган кучга эга эмас. Суд экспертиза хулосасига қўшилмаслиги ҳам мумкин, аммо бу суд қарорида асослантирилиши шарт. Эксперт хулосаларини баҳолашда унинг малакасини, тарафларнинг манфаатларига риоя қилинганини, шунинг­дек, экспертларга етарли материаллар ва тегишли текширув объектлари тақдим этилганини ҳисобга олиш жоиз.

ФПКнинг 86-моддасига кўра била туриб ёлғон хулоса берганлик, суд узрсиз деб топган сабабга кўра хулоса беришни рад этганлик ёки бу ишдан бўйин товлаганлик учун эксперт Жиноят кодексининг 238 ва 240-моддалари бўйича жавобгар бўлади.

Экспертизанинг қандай турлари бор?

Бугун мамлакатимизда 50 дан зиёд соҳа бўйича экспертиза ўтказилмоқда. Фуқаролик процессида одил судловни амалга оширишда хатшунослик, биологик, изшунослик, бухгалтерия, қурилиш-техникавий, ер, автотехника, транспорт-изшунослик, йўл-транспорт, товаршунослик, фонография, видеоҳужжатлар экспертизаси имкониятларидан унумли фойдаланиб келинмоқда.

Масалан, оталикни белгилаш, алимент ундириш билан боғлиқ ишларни олайлик. Дейлик, фуқаро боланинг отаси эканига шубҳа қилаяпти. Бундай вазиятда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги қарори (2011 йил 25 ноябрь)га таяниб иш юритилади.

Мазкур ҳужжатда зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигини ва ҳ.к.) аниқлаш мақсадида суд Оила кодексининг 62-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинлаши мумкинлиги, бундай экспертизалар тайинлашда судлар Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишлари бўйича экспертиза тайинлаш, ўтказиш ва эксперт хулосасига баҳо беришда суд амалиётида келиб чиқадиган айрим масалалар ҳақида”ги қарорида берилган тушунтиришларга асосланишлари лозимлиги белгиланган.

Экспертиза харажатлари

Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишлари бўйича экспертиза тайинлаш, ўтказиш ва эксперт хулосасига баҳо беришда суд амалиётида келиб чиқадиган айрим масалалар ҳақида”ги қарорида экспертиза ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш масаласи ҳам ўз ифодасини топган.

ФПКнинг 109-моддасида экспертларга тўланиши лозим бўлган суммалар ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлар сирасига киритилган. Кодекснинг 113-моддасига биноан экспертларга тўланадиган пул ёки жойга бориб кўздан кечиришга кетадиган харажатларни экспертиза тайинлашни сўраб мурожаат қилган тараф олдиндан тўлайди. Ҳар икки тараф ана шундай илтимос билан мурожаат қилганда ёки экспертиза суднинг ташаббуси билан тайинланганда харажатлар тарафлар ўртасида баравар тақсимланади. Қолган ҳолларда, суд ажримига мувофиқ, харажатларни қоплаш экспертиза ўтказишни илтимос қилган тарафга юклатилади. Суд томонидан харажатларни тўлашдан озод қилинган тарафнинг зиммасида бундай мажбурият бўлмайди.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>